Писсуардан банангача

ёки рассом ижодини беш ёшли бола қораламаларидан қандай ажратиш мумкин

Нега кимлардир кунни тунга улаб ишлайди, бошқалар эса, матога икки бор бўёқ суртиб, бойиб кетадилар?

Болангиз ҳам бир ўтиришдан ундан чиройлироқ чизиши мумкин бўлганда, асарнинг юксак санъат эканлигини қандай билса бўлади?


Бу саволларга жавоб олиш учун олдин замонавий санъат нима ва уни қандай тушуниш кераклигини аниқлаб олиш лозим.

«Замонавий санъат» (инглизча contemporary art; 19990- йилларда “долзарб санъат” деб таржима қилинарди) бизнинг замонамизда яратиладиган санъатни англатибгина қолмайди. Аниқроқ айтилса, ҳозирги замонавий санъат замонавийликнинг ўз моҳиятини тақдим этиш услубини намойиш қилади – у воқеликнинг намойишидир.  

Санъатга нисбатан contemporary / “замонавий” иборасини биринчи бор Розалинда Краусс (эҳтимол, ҳозирда ҳаёт бўлган замонавий санъат таҳлилчиларининг энг обрўлиси, Клемент Гринбергнинг шогирди) ўзининг Дэвид Смит фаолияти ҳақидаги диссертациясида қўллаган, бу орқали санъат тарихига оид бир қанча даъволарга қарши чиққанди.

Санъат қачондан бундай тушунарсиз бўлиб қолди?

Дастлаб бу классик анъана, классик эталонлардан четланиш бўлиб, XIX асрнинг 60- йилларида, импрессионизмдан бошланганди. Фотосуратлар ривожлангани сари, рассомлар академик услубдан тобора четлана бордилар ва воқеликни акс эттиришнинг янги усулларини изладилар.

Замонавий санъат, биз уни танийдиган ҳозирги ҳолатида, тахминан XX аср иккинчи ярмида шаклланди.

Биринчи жаҳон уруши жумладан тасвирий санъатда рўй берган ўзгаришлар нуқтаси ва эврилишлар чархпалаги бўлди. Бунчалик қисқа муддатда шунчалик кўплаб янги бадиий концептлар юзага келадиган ҳолатлар анчайин ноёб саналади. Рассомларнинг урушга муносабати икки хил бўлди. Кўпчилик дастлаб урушни маъқуллади, бошқалар кейинроқ ўз фикрларини ўзгартириб, урушдан нафратлана бошладилар. Нима бўлганда ҳам, уруш барчага бевосита таъсир кўрсатди. 

Ўша давр замонавий концептуал санъатнинг ёрқин вакилларидан бири Марсель Дюшан (1887–1968йй.) бўлди, у жаҳон санъатига ready-made жанрини, яъни “кўргазмаларда оммавий ишлаб чиқаришнинг ўзгариш киритилмаган объектларини тақдим этиш” имкониятини ҳадя этди.

Марсель Дюшаннинг юз йилдан кўпроқ вақт олдин дунёга келган «Фаввора» асари санъат оламидаги ўйин қоидаларини ўзгартирди.

Бу чинни писсуар бўлиб, уни Дюшан ҳазиллашиб тўнтариб қўйган, сирли тахаллус билан имзолаган ва «Фаввора» деб атаганди.

Бамисоли гроссмейстер шахмат донасини аста суриб доҳиёна юриш қилгандек, Дюшан ўзининг «Фаввора»си билан санъатни тушунишни шоҳ ва мот қилди. Унинг юзага келиши бир ўйиннинг ниҳояси ва бошқасининг ибтидосини англатди.

Лекин энг таниқли рассом  рус авангард-рассоми Казимир Малевич (1879–1935 йй.) саналади.

1910–1914 йилларда Малевичнинг неопримитив ижодининг эътироф саҳифалари бошланди. У Москвада ўтган кўплаб кўргазмаларда (масалан, «Ғиштин саллот»да) қатнашди, Мюнхен галереясида тақдим этилди. Айнан ўша пайтда у М. Матюшин, В. Хлебников, А. Моргунов ва бошқа авангард-рассомлар билан танишди.

1915 йилда у энг машҳур асар – «Қора квадрат»ни чизди.

Замонавий санъатнинг энг бой ва машҳур рассомлари

Дэмьен Хёрст – инглиз рассоми, тадбиркор, санъат асарлари коллекционери, шунингдек, 1990- йиллардан буён санъат саҳнасида етакчилик қилаётган Young British Artists гуруҳининг энг таниқли вакили.

Хёрстнинг формальдегиддаги акуласи биология дарсида кўрсатиладиган формальдегиддаги жонзотдан нимаси билан фарқ қилади? Нега биринчиси – санъат, иккинчиси – йўқ?

«Чунки биринчиси галереядан жой олган, иккинчиси – йўқ» (с) Хёрст

Замонавий санъатни танқид қилаётганлар ҳар қандай санъат қачонлардир замонавий бўлганлигини унутиб қўядилар.

Дэмьен Хёрст

 

Дэмьен Хёрст, «Lullaby Spring», 19,2 миллион доллар

Жефф Кунс – америкалик рассом. Ўзининг китч, айниқса ҳайкалтарошликка майли билан машҳур. Унинг асарлари замонавий рассомларнинг энг қиммат асарлари сирасига киради.

Жефф Кунс, «Rabbit», 91,1 миллион доллар

Маурицио Каттелан – замонавий итальян рассоми, Нью-Йоркда яшайди, асосан инсталляция жанрида ижод қилади.

Маурицио Каттелан, «Him», 17,2 миллион доллар

Маурицио Каттелан. Комедиант. 2019.

Нега бунчалик қиммат?

Замонавий санъат бозоридаги вазият ўта мураккаб. Тан олиш керакки, қадимий фонд – олдинги юз йилликлар рассомларининг ижод намуналари анчайин ишончли инвестиция объекти саналади. Ва кўпинча, суратнинг ўзи катта қийматга эга бўлмаса ҳам, қизиқ бир тарих унинг нархини осмонга кўтариб юбориши мумкин. Долзарб санъат мураккаброқ. XXII асрда бизнинг змондошларимиздан кимни доҳий деб биладилару, кимни истеъдодсиз маҳмадона деб ҳисоблайдилар, кимни эса умуман унутиб юборадилар – биз билмаймиз. Шу сабабли, иқтисодий инқироз пайтида коллекционерлар аввалги мўйқалам усталарининг асарларини сотиб оладилар, бозор қизий бошлаганда эса, замонавий асарларга пул тикишдан чўчимайдилар.

Демак, ҳаммасини коллекционерлар ҳал қиларкан-да?

Ҳа. Ҳафсалангизни пир қилиш ниятим йўқ, лекин, биз донгдор кўргазмаларга киришга навбатда туришимизга ўша ердаги асарларни олдинроқ кимлардир баҳолаганлиги сабаб бўлади. У асарлар салоҳияти пулда ўлчанганлиги бизга туртки бўлади. Бугунги кунда санъат танқидчисининг сўзлари деярли ҳеч нарсани англатмайди. Билгич ҳақ эмас, харидор ҳақ.

Замонавий санъат модага ўхшайди. Бугун бир нарса модадами – шу тренд учун (иш бажарилиши техникаси учун) катта пул тўлайдилар, эртага бутунлай бошқаси модага киради. Асар нархи танқидчилар баҳоси, рассомнинг обрўли кўргазмаларда қатнашиши, асар ёши, ўлчами ва кўплаб бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Шу кунларда машҳур бирор рассомнинг қандайдир олабўжиси учун харидор яхшигина пул тўлайди. Бу ўзига хос келажакка пул тикишдир: вақти келиб, бу сурат яна модага кирганда, омад келиб, уни янада қимматроққа сотиш мумкин бўлади, Малевичнинг «Қора квадрат»и бунга яққол мисол.

 

authorQVANT таҳририяти таҳлил гуруҳи

Комментарии

Ҳамкорлар