Статистик маълумотлар шаффофлиги – барқарор ривожланиш гарови

Мамлакатимизда сўнгги тўрт йилда бошқа соҳалар қатори миллий статистика соҳасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Амалиётга халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш, статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилиги ва очиқлигини таъминлаш – соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Статистика тизими қанчалик ҳаққоний ва очиқ бўлса, ислоҳотлар шунчалик тўғри ва натижадор бўлади”.

Мазкур сиёсат доирасида қисқа давр ичида статистика соҳасида авваллари тасаввур этиш хам қийин бўлган ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлиги тан олиниши мазкур масалани давлат томонидан тизимли ечишга замин яратди. Хусусан, барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддат ичида бу тизим орқали 500 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Соҳадаги олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижаси ўлароқ бугун мамлакатимизнинг ҳалқаро молия бозоридаги мавқеи ҳам сезиларли ортди. Яқин-яқингача Ўзбекистон дунёда суверен рейтингга эга бўлмаган кам сонли мамлакатлар қаторига кирар эди. Бу эса мамлакатимиз тижорат банклари, суғурта компаниялари, бошқа хўжалик ташкилотларининг юқорироқ молиявий рейтингга даъво қилишини қийинлаштирар эди. Мамлакатимиз 2018 йилда илк бор халқаро кредит рейтингини қўлга киритгани, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, давлатимиз иқтисодий тарихида янги даврни бошлаб берди. Суверен кредит рейтинги қўлга киритилишининг биринчи йилиёқ мамлакатимиз жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.

Бугун қолган соҳаларда ҳам статистик маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ҳамда халқаро меъёр талабларига мослигини таъминлаш борасида ишлар давом этмоқда. Хусусан, ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан аниқ ишлар амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари бўйича халқаро ҳисоб механизми жорий этилмоқда. Бу эса келажакда тиббий суғуртани амалиётга киритиш имконини беради.

Миллий статистика тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги бугун ҳалқаро ташкилотлар томонидан ҳам тан олинмоқда ва юқори баҳоланмоқда. Хусусан, мамлакатларнинг миллий статистика тизимини ривожланганлик даражасини баҳолаб борадиган Жаҳон банки томонидан охирги чоп этилган “Статистика салоҳияти индекси”да Ўзбекистон 67,8 балл билан 154 та давлат орасидан 67 – ўринни эгаллади. Ваҳоланки 2016 йилда Ўзбекистон мазкур индексда  48,9 балл билан 133-ўринни эгаллаган эди.

Мамлактимизнинг “Статистика салоҳияти индекси”да ўз ўрнини муттасил равишда яхшилаб келишининг асосий омиллари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • авваламбор сўнгги йилларда Давлат статистика қўмитаси веб-сайтида 20 та бўлимда 279 та жадвал кўринишида 2 млн дан зиёд статистик кўрсаткичлар тўплами ва метамаълумотлар эълон қилинмоқда;
  • Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизимида 24 та йўналиш бўйича 422 турдаги Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий, молиявий ва ижтимоий статистик кўрсаткичлар тўпламларини эълон қилиб борилиши йўлга қўйилди;
  • Давлат статистика қўмитаси томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Миллий Барқарор Ривожланиш мақсадларига эришишни мониторинг қилиш бўйича веб-сайт (nsdg.stat.uz) ишлаб чиқилиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишга туширилган.

Мамлакатимиз эришилган ютуқлар билан албатта чекланиб қолмоқчи эмас ва 2020–2025 йилларда статистикани ривожлантиришининг миллий стратегияси доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали, 2025 келиб Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси”да биринчи 10 таликка киришни кўзда тутган.

Табиийки бу муваффақиятлар ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ. Унинг замирида давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев ташаббускорлиги ва раҳнамолигида олиб борилаётган пухта ўйланган сиёсат ётганлигини эътироф этиш лозим. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, 2017 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, шунингдек, уларнинг ижроси юзасидан қабул қилинган ҳукуматнинг 30 дан зиёд қарорлари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, яқин йилларгача миллий статистика тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган ягона ҳужжат йўқ эди. Шу билан бирга, 2002 йилда қабул қилинган “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонун ҳам  янгиланишни тақозо этарди.

Айнан шу мақсадларда, халқаро тажрибаларни ўрганиб, миллий статистика тизимининг мавжуд ҳолати таҳлил қилинди, муаммо ва камчиликлар аниқланди, ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди ва статистика идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда бутун миллий статистика тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 августдаги  “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4796-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши билан миллий статистика тизимини ривожлантиришнинг, ҳеч муболағасиз, янги босқичига қадам қўйилди деса бўлади.  Чунки, қарорда миллий статистика тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим нормалар ўз аксини топди.

Биринчидан, давлат статистика органлари мустақиллигини янада мустаҳкамлаш юзасидан Давлат статистика қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг маҳаллий ҳокимият органларидан мустақиллиги белгилаб қўйилди ҳамда мазкур бўлинмалар раҳбарларининг бундан буён бевосита Давлат статистика қўмитаси раҳбари томонидан лавозимга тайинланиши тартиби жорий қилинди.

Иккинчидан, Давлат статистика қўмитасининг миллий статистика тизимидаги мувофиқлаштирувчи роли мустаҳкамланди. Хусусан қўмитага статистика маълумотларини шакллантирувчи барча вазирлик ва ташкилотлар статистик методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ваколати берилди.

Учинчидан, статистик маълумотларни шакллантирувчи барча вазирлик ва ташкилотларда алоҳида статистика бўлинмаларининг ташкил этилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Тўртинчидан, статистика тизимини ривожлантиришда фаол иштирок этиши учун Статистика кенгаши ва Жамоатчилик кенгашининг фаолияти қайта тикланди.

Бешинчидан, статистика соҳасига илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, расмий статистика маълумотларини шакллантиришни оптималлаштириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, қарор билан мамлакатимиз тарихида илк бор, статистика тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар учун дастурий амал бўлиб хизмат қилувчи – 2020-2025 йилларда статистикани ривожлантиришининг миллий стратегияси тасдиқланди.[1]

Стратегияда 6 та йўналиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, уни амалиётга жорий этиш мақсадида 200 дан зиёд тадбирни ўз ичига олувчи “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўлароқ, фойдаланувчиларга тақдим этиладиган статистика маълумотлари сифат ва ҳажм жиҳатидан тубдан такомиллаштирилди. Статистик нашрлар ва тўпламлар халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди. Авваллари олиш имконияти бўлмаган асосий макроиқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар очиқлиги таъминланди.

Статистика соҳасида маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга долзарб бўлган статистика маълумотларини эркин олиш имконияти яратилганлиги нафақат мамлакат ичидаги фойдаланувчилар, балки хорижий фойдаланувчилар ва энг асосийси халқаро статистика ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида бугун халқаро молия ташкилотлари билан статистикани шакллантириш ва ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугунги кунда, 20 га яқин халқаро молия ташкилотлари билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, жумладан, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизимида 24 та йўналиш бўйича 422 турдаги макроиқтисодий, молиявий ва ижтимоий статистик кўрсаткичлар тўпламлари эълон қилиб борилмоқда.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатимизни яна бир муҳим халқаро статистик тадбир – Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) “Халқаро таққослаш дастури – 2021” (ХТД-2021) да муносиб қатнашишини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг муҳим аҳамияти шундаки, бунда мамлакатимиз БМТнинг статистика соҳаси бўйича энг кенг қамровли ва муҳим глобал дастурида илк бор расман иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро таққослаш дастури – 2021” глобал тадбиридаги иштироки расман 2021 йил январь ойидан бошланиб, жумладан, Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар чоракда 2211 турдаги товарлар ва хизматлар, шу жумладан 710 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 1039 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 462 турдаги хизматлар нархларини ўрганиш юзасидан кузатувлар ўтказиб келинмоқда. Тўпланган нарх маълумотлари МДҲ Статистика қўмитасига харид қилиш қобилияти паритетини ҳисоблаш учун тақдим қилиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда сўнгги 4 йил давомида амалга оширилган ишлар пировардида, шак-шубҳасиз, мамлакатимизда замонавий талаблар ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, тараққий этган илғор миллий статистика тизимини шакллантиришга ва ўз навбатида мамлакатимизнинг барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланишига замин яратади деб ҳисоблаймиз.

 

[1] Маълумот учун: Стратегия Жаҳон банки экспертлари техник кўмаги асосида ишлаб чиқилган ва уни ҳаётга тадбиқ этиш жараёнида давлат бюджети маблағларидан ташқари Жаҳон банкининг 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб этиш кўзда тутилган.