Виктор Абрамович ДУХОВНИЙ

 

(фото Алберт Палванов)

Яқинда атоқли раҳбар, устоз, олим Виктор Абрамович Духовний оламдан ўтди. У барчамиз учун улкан мерос ва ўгитлар қолдирди, у ҳам бўлса – ҳаётий тамойилларга қатъий риоя этиш ва Марказий Осиё халқлари фаровонлигига эришиш йўлида меҳнат қилиш.

В. А.Духовний – Марказий Осиёдаги мелиоратив ва сув хўжалиги қурилиши соҳасидаги атоқли олим ва ташкилотчи, Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси фахрий вице-президенти, ШЕКМО сув хўжалиги ташкилотлари тармоғининг ижрочи котиби, Россия Федерацияси сув хўжалиги фанлари муаммолари академиясининг академиги, техника фанлари доктори, профессор, Марказий Осиё СХКДМ ИАМ директори.

Унинг меҳнат фаолияти Мирзачўлни кенг кўламда ўзлаштириш бошланиши ҳақида хабар берган ҳуумат қарори чоп этилган кундан бошланди.

Мирзачўл қурувчилари ва чўлқуварлари қўшинига қўшилган юзлаб ёш мутахассислар орасида у энг фаол ва ташаббускорлардан бўлди. У А.А.Саркисов, И.Я.Каминский, Е.И.Озерский каби қобилиятли ташкилотчилар билан, шунингдек қўриқнинг илмий асосланишида қатнашган В.В.Пославский, В.А.Ковда, Н.М.Решеткин билан ҳамкорлик қилиш шарафига муяссар бўлди.

В.А.Духовнийнинг бутун кўп йиллик ишлаб чиқариш фаолияти мана шу “сув даҳолари” билан бирга 1960-1970 йилларда “йирик мавзеларда ерларни суғориш ва ўзлаштиришнинг комплекс услуби”ни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ бўлган. Олдин бу Мирзачўл бўлган, кейин Қорақум канали, Жиззах ва Қарши даштлари, Тожикистондаги Ашт ва Қизил мавзелари, Қирғизистондаги Лайлак, Қорақалпоғистондаги шоликорлик ҳудудларини қамраб олган.

“Мирзачўлдаштқурилиш”, кейин “Ўрта Осиё бошшўрохўжалигиқурилиш” бош муҳандиси сифатида, у қурувчилар ва чўлқуварларнинг минглаб кишилардан иборат жамоаларини бошқаришда катта ташкилотчилик ишини амалга оширди, уларни индустриал ва илғор техник усуллар асосида бирлаштирди, ерларни комплекс суғориш ва ўзлаштиришнинг принципиал илмий асосларини ишлаб чиқди. У ўз тажрибалари билан учта монографиясида ўртоқлашади. Мирзачўл, кейин Қорақум ва Қарши канали ҳудудлари В.А.Духовний раҳбарлигида ва иштирокида вертикал, ёпиқ горизонтал ва комбинацияланган дренаж, ёпиқ қувурлар, лотокли каналлар, қопламалар, жумладан унинг раҳбарлигида яратилган “комбинацияланган қоплама”нинг илғор усуллари, шунингдек ушбу мураккаб муҳандислик тизимларидан фойдаланиш технологиялари ҳаётга йўлланма олди. Мирзачўлда ўтказилган пахта хом ашёсини машинада теришни ташкил этиш тажрибаси мутлақо ноёб саналади, унинг натижасида 1970-1973 йилларда бу ерда жами ҳосилнинг 95 фоизигача машина ёрдамида терилди.

Буларнинг бари унга 1972 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва 1973 йилда мамлакатдаги энг йирик В.Д.Журин номидаги Ўрта Осиё Ирригация илмий-тадқиқот институти (ЎОИИТИ)га директор бўлиш имконини берди.

ЎОИИТИга раҳбарлик қилиб, у институт фаолиятини ишлаб чиқариш эҳтиёжларига жавоб берувчи илмий тадқиқотларга, уларни янги ерларни ўзлаштиришда ва сув хўжалиги тизимларини реконструкция қилишга, ерларнинг мелиорациясига, янгича суғориш техникасини жорий қилишга йўналтиради.

Унинг таклифи билан ЎОИИТИ йирик кўп профилли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига айлантирилади, унинг таркибига БИКБ, Муҳандислик маркази, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари киради, у ерда қатъий илмий-ишлаб чиқариш цикли шаклланади: “тадқиқот – конструкциялаш, ишлаб чиқариш, татбиқ этиш”. Бу қисқа муддат ичида янги технологияларни, янги техникалар намуналарини, ускуналар, янги қурилиш материаллари, конструктив элементлар ва бошқаларни жорий этиш имконини берди.

ЎОИИТИ ва шахсан унинг директори Орол денгизи муаммоси бўйича кўплаб ҳукумат комиссиялари ишида, “ССРИда ерлар мелиорацияси” дастурида, Сибирь дарёлари сувларининг бир қисмини Ўрта Осиёга йўллаш лойиҳасида фаол қатнашади.

Бевосита В.А.Духовний томонидан Оролбўйи дастури ва минтақада сувдан фойдаланишни такомиллаштириш дастури бўйича қатор принципиал қоидалар жорий этилган. Унинг ташаббуси билан ССРИ Сув хўжалиги вазирлиги ЎОИИТИга “Сирдарё” ББАТ ва “Амударё” ББАТ базасини ташкил этишни топширади, улар ушбу дарёлар байссейнларидан бўлғуси сув хўжалиги бирлашмалари (БСХБ)га асос бўлди.

1969 йилдан Виктор Абрамович Духовний халқаро ташкилотлар ишида фаол қатнашади. У 1966 йилда Ирригация ва дренаж шўро қўмитаси аъзоси бўлган. 1969 йилда Мексикада ўтказилган Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК) саккизинчи конгрессида маърузачи сифатида қатнашди ва у ерда Мирзачўлни комплекс ўзлаштириш бўйича маъруза қилди. Шунингдек, ушбу комиссиянинг 1975 йилдаги Москвадаги, 1978 йилдаги Афинадаги ва бошқа конгрессларида ҳам қатнашди. У Тошкентда биринчи бор 1976 йилда ўтган ХИДК Африка-Осиё конференцияси илмий қўмитасининг раиси бўлган. Унинг мақолалари 1978 ва 1982 йилдаги ХИДК илмий мақолалар тўпламининг 1- ва 2- жилдларидан жой олган. У ХИДК жамоаси орасида ушбу ташкилотга бешта Марказий Осиё мамлакатларини жалб қилганлиги учун катта ҳурматга эга бўлди. Унинг Маслаҳатлашув қўмитасида иштирок этиши ирригация ва Ирригация ва дренаж соҳасида халқаро технологик тадқиқотлар дастури (ИПТРИД) тармоғи ривожланишига олиб келди. ДСХКМ ИАМ ҳам ИПТРИДнинг марказларидан бири саналади.

В.А.Духовний ХИКДнинг Орол бассейни бўйича ишчи гуруҳи вице-раиси ва дренаж бўйича ишчи гуруҳ аъзоси саналади. Канадада ўтган ХИКД конгрессида унга “Мукаммаллик мукофоти” тақдим этилди.

1990 йилда В.А.Духовний докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоялайди. Ўша йили унга профессор унвони берилади.

Минтақадаги беш мамлакат мустақилликка эришгандан бошлаб, В.А.Духовний бошчилигидаги ЎОИИТИ дарёлар бўйлаб давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришда фаол қатнашади, бу 1992 йилда Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси – ДСХМК ИАМ юзага келишига хизмат қилади.

ДСХМК қошида ижроия орган сифатида Илмий-ахборот маркази (ИАМ) ташкил этилади, у дастлаб ЎОИИТИ қошида фаолият юритиб, 1996 йилда, ДСХМК қарори билан мустақил ташкилотга айлантирилади ва унинг директори этиб В.А.Духовний тайинланади.

ДСХМК ИАМ унинг раҳбарлиги остида ўз фаолиятини йўлга қўяди ва ДСХМКнинг Марказий Осиёда сув хўжалигини истиқболли ривожлантириш тамойиллари ва йўлларини ишлаб чиқиш, трансчегаравий сув ресурсларида минтақа мамлакатларининг давлатлараро ҳамкорлиги асоси бўлмиш бассейндаги экологик вазиятни бошқариш ва яхшилашни такомиллаштириш борасида таҳлилий ва ахборот органи саналади.

В.А.Духовний раҳбарлиги остида Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш, Марказий Осиё минтақасини сув билан барқарор таъминлаш ва экологик тангликни юмшатиш бўйича ишлар йўлга қўйилади. У трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, сув ва ер ресурслари ҳамда сувни тежаш тўғрисидаги ривожланган ахборот тизимини яратиш соҳасидаги қатор қўшма халқаро лойиҳаларнинг раҳбари саналади.

Духовний 400 дан ортиқ илмий мақолалар, 17 та монография муаллифи, 37 та муаллифлик гувоҳномасига эга, у халқаро конференциялар ва симпозиумларда 150 дан зиёд маъруза қилган, 11 нафар фан номзодини тайёрлаган.

2003 йилда Россия Федерацияси Сув хўжалиги фанлари муаммолари академияси академиги этиб сайланган.

Виктор Абрамович Духовнийнинг меҳнати иккита Меҳнат Қизил байроқ ордени, Халқлар Дўстлиги ордени ва қатор медаллар билан тақдирланган. У Беруний номидаги давлат мукофоти (1973 й.), ССРИ Вазирлар Кенгаши мукофоти (1978 й.) лауреати, ССРИ Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Олий Кенгаши Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

authorДСХМК ИАМ жамоаси

Комментарии

Ҳамкорлар