АЁЛ МАЪНАВИЯТИ - ЖАМИЯТ РАВНАҚИ ЙЎЛИДА

Ҳаp қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки, инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характери, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар – яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир. Шунингдек, ижтимоий ҳаётда аёл илмий салоҳиятининг юксак бўлиши – жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам бўлиш омилларидан биридир.

Оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлоднинг камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир. Асосий қонунимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, — дея белгилаб қўйилган. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи янада мустаҳкамланди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар йили 8 март байрами муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган табрикларида инсон том маънода эркин, озод ва фаровон яшайдиган фуқаролик жамияти қуриш йўлида жонкуяр ва фидойи хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлар экан, жумладан шундай деган эди: “...олдимизда янги-янги муаммо ва синовлар пайдо бўлаётган ҳозирги ғоят мураккаб даврда сиз, муҳтарама опа-сингилларимиз ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида – бу давлат ва жамият қурилиши, саноат ёки қишлоқ хўжалиги бўладими, таълим-тарбия ёки соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт бўладими – буларнинг барчасида биз билан ёнма-ён туриб, фидокорона меҳнат қилиб келаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг илм-тараққиётидаги ўрнини кенгайтириш, уларнинг иқтидорларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жамиятимизда хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий ваколатларини кенгайтириш, фаолият самарадорлигини янада оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Ҳозирда хотин-қизларнинг салмоқли қисми таълим муассасаларида, нодавлат нотижорат ташкилотларининг таълим, аёллар ҳуқуқлари, репродуктив саломатлик, касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни ҳимоялаш каби соҳаларда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ҳар қандай тузум ва ҳар қандай ижтимоий муҳитда аёллар ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш орқали оила фаровонлигига эришилади. Оила фаровон бўлса, бу ўз навбатида, жамиятнинг равнақига олиб келади. Шунинг учун хотин-қизлар масаласини олиб чиқиш орқали жамият миқёсида таҳсинга лойиқ жуда кўп вазифаларни бажариш мумкин. Аёлга хос бўлган маънавий фазилатлар унинг табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, дунёнинг тенгсиз неъмат ва гўзалликларидан баҳраманд бўлишида намоён бўлади. Аёл маънавияти ижтимоий ҳаётнинг ёрқин кўзгусидир. Чунки аёлда ҳам оилавий турмуш, ҳам иқтисодий ва сиёсий ҳаёт ўз аксини кўрсатади. Аёл маънавиятининг ҳар бир қирраси жамият ижтимоий сиёсий ҳаёти билан узвийлашади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида: “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак,” — деган эди.

Албатта, бизнинг давлатимиз мустақилликка эришган кунидан бошлаб, юртимизда аёлларнинг  ижтимоий муаммоларини ҳал этиш учун уларга иш ўринларини яратиш, хотин-қизларнинг иқтисодий соҳада, тадбиркорликда, фан ва техника тараққиётида ҳамда  давлат қурилишидаги  нуфузини кўтариш, ўрнини кенгайтириш каби масалалар давлат сиёсати даражасида улуғланди. Аёлни улуғлаш ва уни ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар аёлларнинг барча қатори меҳнат ва ижод қилиши, ижтимоий ҳаётда ва давлат қурилишида иштирок этиши лозимлигини исботлаб берди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, ҳукуматимиз муҳим ҳужжатларининг моҳиятида жамиятдаги ижтимоий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёш авлодни ўтмишимизга муносиб ворислар қилиб тарбиялаш, халқимизнинг қадриятларини қадрлаш, ёшларимизни турли оқимлардан ҳимоя қилиш, хотин-қизларимизнинг ижтимоий, ҳуқуқий  манфаатларини муҳофаза қилиш каби  масалалар ўрин эгаллаган.

Ўзбекистоннинг буюк келажагини бунёд этиш асосан бугунги ёш авлоднинг зиммасида экан, уларни билимли, маданиятли, меҳнатсевар, ташаббускор, изланувчан этиб шакллантириш ҳаёт тажрибасига эга, қийинчиликларда тобланган ёши улуғларимиз, фахрийларимизнинг, шу билан бирга мазкур ишга даъват этилган тарбиячилар, муаллимлар, олимларнинг ва умуман барчанинг асосий вазифаси бўлиб қолади. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам фикримизнинг далилидир. Бу борада ёшлар тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ёшларни маънавий ва жисмоний шакллантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, рағбатлантириш борасида давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг намунасидир. Шу боисдан ҳам келажак борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурида ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш, уларни жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий тараққиётида фаол иштирок этишларини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг бурч ва вазифалари ҳисобланади. Мазкур ҳолатда энг аввало,  ёшларимиз онгида маънавият ва ахлоқийлик каби юксак фазилатларни тарбиялашимиз зарур бўлади, яъни ёшлар тарбияси соҳасидаги сиёсатни кенг жабҳада олиб борилиши, жумладан, оиладаги  тарбия пойдеворини таълим масканларида ҳам уйғун равишда мустаҳкам қўйилишига эътибор қаратилиши зарур.

Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”.

Ҳозирги кунда ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш — барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади. Бунда ҳам оила ва оналаримиз ўз тарбиялари орқали мақсадга етаклайди.

Тарихдан маълумки, бутун дунёда илғор фикрли инсонлар ҳамиша, асрлар оша хотин-қизлар масалаларига жуда катта аҳамият қаратиб келганлар. Бунинг сабаби, аёлнинг табиатан гўзаллиги, донологи, оқилалиги, бунёдкорлиги, яратувчанлиги, меҳнатсеварлиги, юртпарварлиги, адолатлилиги, меҳр-шафқатлилиги, энг муҳими, унинг нозик жисмига ҳаттоки жуда кучли эркакнинг ҳам қўлидан келмайдиган оғир, ўта масъулиятли, шу билан бирга, шарафли, муқаддас вазифанинг — оналик вазифасининг юклатилганлигида бўлса, ажаб эмас. Чунки аёл кишигагина оналик ва оиладаги бош тарбиячилик ролини бирваракайига олиб бориш, амалга ошириш табиатан инъом этилгандир.

Бугунги кун ўзбек аёли маърифатли, маънавияти юқори, тафаккури теран, шу билан бирга замонамизга ҳос барча ижобий хислатларни ўзида мужассамлаштирган оқила ва доно бўлиши ҳамда аёл жамиятнинг негизи ҳисобланган оилада фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб қолмасдан, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлмоғи лозим.

Ҳозирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини, ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш тақозо этилмоқда ва хотин-қизлар фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қатор масалаларга алоҳида эътибор бериб келинмоқда, жумладан:

  • хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини, ижтимоий-сиёсий фаолликларини ошириш, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлаш;
  • хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва ўзларидаги салоҳиятни турли жабҳаларда намоён этишлари учун янада кенг ва реал имкониятларни яратиб бериш;
  • аёлларнинг уй-рўзғор, болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган юмушларидан, ўз оилаларидан узоқлашмаган ҳолда оила даромадини кўпайтиришига ўз улушини қўшишини, уйда туриб меҳнат фаолияти билан банд бўлишларини таъминлаш;
  • оилаларда юзага келган муаммоларни ҳал этиш, оналарнинг фарзандлар тарбияси ва парвариши борасидаги ташвишларини камайтириш;
  • хотин-қизларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кичик ва оилавий бизнес билан шуғулланишлари учун қулай шароитларни яратиш  ва тадбиркор аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • мамлакатда соғлом онани шакллантириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш;
  • оилалар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва бошқалар.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган аёлларга жаҳон давлатларининг ҳеч бирида кузатилмаган эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилади. Мустақилликка эришганимиздан буён, аёл зотини улуғлаш учун  унинг номига йиллар аталди, аёл номида мукофотлар жорий этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатда аёллар сонини кўпайтириш ҳақида квоталар жорий қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралаётган юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар, шарт-шароитлар мавжуд. Жумладан, вакиллик органларига оид сайлов қонунчилигида аёлларга имтиёзлар белгиланган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунда хотин-қизларнинг сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозимлиги қайд этилгани ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларида иштирок этишлари учун Ўзбекистонда яратилган ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир. Аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза этиш муаммоларини ҳал этишга хотин-қизларни тобора кўпроқ жалб этишга; аёлларнинг молиявий кредитлардан фойдаланишини таъминлашга, аёллар ва болалар жиноятига қарши курашга, экологик хавфсизликка, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда, қонун лойиҳалари муҳокамасида, сайлов жараёнида хотин-қизларнинг қатнашишига катта аҳамият берилмоқда.

Элимизда ардоқли бўлиб яшаб ўтган, юртимиз шаънини улуғлаб, дунёларга танитган, илм-фанимиз довруғини сарҳадлар оша шарафланишига эришган фидойи аёлларимизнинг ҳаёти, ижоди биз учун, айниқса ёш қизларимиз учун бир умр ибрат мактабидир.

Бизнинг юртимизда аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш учун уларга иш ўринларини яратиш, хотин-қизларнинг иқтисодий соҳада, тадбиркорликда, фан ва техника тараққиётида ҳамда давлат қурилишидаги  нуфузини кўтариш, ўрнини кенгайтириш каби масалалар давлат сиёсати даражасида кўтарилди. Ўзбекистонда биринчи навбатда, аёлларни, оилани, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий базаси яратилди, иккинчидан, аёллар ва оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, жойларда уларга аниқ ёрдам кўрсатишга алоҳида аҳамият берилди ва бу ишлар бугунги кунда амалга ошириб келаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Аёлни улуғлаш ва уни ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар аёлларнинг барча қатори меҳнат ва ижод қилиши, ижтимоий ҳаётда ва давлат қурилишида иштирок этиши лозимлигини исботлаб берди. Президентимизнинг «Аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролини кўтариш давлатчилигимизнинг устувор ва асосий йўналишларидан биридир» деган сўзларининг ўзи ҳам юртимизда аёллар ижтимоий хуқуқларининг нақадар кафотланганлигидан далолат беради.

Оила ҳар биримиз камолга етадиган, фарзандларимиз ўсиб-улғаядиган муқаддас даргоҳдир. Унда инсон камолоти учун зарур бўлган барча омиллар мавжуд. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизда оилаларни ҳар томонлама равнақ топтириш масаласига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Аёл зоти жамиятнинг сифат белгисини қўйиб берувчи, ижтимоий ҳаёт муаммоларини бартараф этувчи, ўзининг ақли ва салоҳияти билан  фарзандларини камолга етказувчи, тарбия ва маърифатнинг эгасидир. Шундай экан, Ўзбекистон аёллари келажак эгалари бўлган фарзандларини нафақат дунёга келтириш, балки бу фарзандни баркамол этиб тарбиялашда ўз ўрни мавжуд эканлигини кўрсатмоқда.

Жамиятда юзага келадиган маънавий  баркамоллик, аввало, унинг энг кичик ячейкаси бўлмиш – оиланинг мустаҳкам ва баркамол бўлишига бевосита боғлиқдир. Оиладаги маънавий вазият – аввало аёлнинг ақлий салоҳияти, онги, дунёқараши даражасига чамбарчас боғланган. Бу эса аёлдан билим даражаси кенг ва чуқур  бўлишини талаб қилади.

Жумладан, оила маданий ҳодиса сифатида халқимизнинг бой ва қадимий тарихини, моддий ва маънавий меросини, қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни авлоддан-авлодга асл ҳолида етказадиган, миллий фахр сифатида авайлаб асрайдиган ва жаҳон миқёсида умуминсоний қадрият тарзида намойиш этадиган уюшмадир. Шунингдек, жамиятимизнинг фаровонлиги, жаҳонда тараққий этган давлатлар сафидан ўрин олиш учун тўла имконият яратмоқ ниятида меҳнат қиладиган жисмоний соғлом, маънавий бой, ахлоқий пок, комил фарзандларни ҳам оила тарбиялаб вояга етказади. Олимларнинг таъкидлашларича, ота-оналар фарзанд тарбиясида асрлар давомида шаклланган анъаналарга, бу борадаги умуминсоний қадриятларга таянганида, давр руҳи ва эҳтиёжларини эътиборга олганида яхши натижаларга эришадилар. Бу ишнинг самараси кўпроқ тарбиянинг мақсади ва усулларига боғлиқ бўлади.

Умуман олганда, мамлакатимизда янгиланиш жараёни кечаётган ҳозирги даврда жамият қурувчилари бўлмиш ёшларни маънавий бой, ахлоқий етук, юқори билимли, жисмонан бақувват, ҳар томонлама камол топган шахс этиб шакллантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Юксак инсоний хислатларга эга баркамол шахс, аввало, оилада шаклланади ва ўзи тарбия топган оила анъаналари унинг жамият фаолиятида ўз ўрнига эга бўлишида катта аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 5325-сон Фармони www.lex. Uz.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 2020 йил 29 декабрь
  2. Мусурмонова О. Оила маънавияти – миллий ғурур. – Т.: Ўқитувчи, 1999. – 2000 б.
  3. Шарипова Д. Маънавий баркамол шахсни шакллантириш –жамият тараққиётининг асоси.–Т.: Фан ва технология, –21 б.
  4. Каримова В.М. Оила психологияси: Дарслик. Педагогика олийгоҳлари талабалари учун. – Т.: Fan va texnologiya, 2015. – 252 б.
  5. Қуронов М. Оила ва баркамол авлод тарбияси.–Т.: Маънавият, 2012. –134 б.
  6. Нажмидинова К.У. Оила тарбиясида миллий ва умуминсоний ахлоқий маданиятнинг ўрни. (монография).-Т.: Адолат, 2016.-224 бет.

 

Фото: UNDP Uzbekistan  

 

 

 

 

 

 

authorХакимова М.Ф. Ташкентский Государственный Экономический Университет, заведующая кафедрой «Инновационное образование», кандидат наук, профессор

Комментарии

Ҳамкорлар