2020 йил бутун дунё учун синов йили бўлди. Ҳаёт гўёки тўхтади ва инсоният COVID-19 пандемиясидан бошқа бирор нарса ҳақида ўйлай олмайдигандек кўринди. Аммо илм-фан ва муҳандислик борасидаги йил якунлари бундай мураккаб даврларда инсоният ўз ихтирочилик қобилиятини сақлабгина қолмай, балки вазиятларнинг ўзгаришига қараб уни ривожлантиришини ҳам кўрсатди.  Time журнали жорий йилнинг энг яхши кашфиётлари рейтингини тузди. Биз улардан энг қизиқарлиларини аниқлаб, у ёки бу ихтиро мамлакатимизда қандай қўлланилиши мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилдик.

Қишлоқ хўжалиги

Қишлоқ хўжалигида яхши янгиликлар бор ва улар биринчи навбатда асаларичиларга тегишлидир. Ўртача ҳар йили асал ташувчи асалариларнинг 40%и ҳароратнинг кескин ўзгариши, касалликлар сабабли ёки уяга зарарли пестицидлар кириши оқибатида [ҳалок бўлади]. Энди эса сунъий интеллект қўлланилган ари уяси – Beewise ишга киришади. Робототехника, компьютер нигоҳи соҳасидаги сўнгги ютуқлардан ва бевосита сунъий интеллект тизимидан фойдаланиб, Beehome ҳашаротларни 24/7 режимида назорат қилади. У ойига 15 доллар туради ва 2 миллион асаларини кузатиш имконига эга. Уяга паразитлар тушса ёки ҳарорат кескин ўзгарадиган бўлса, унинг ички тизимлари дарҳол муносабат билдиради, масалан асалари учун хавфсиз кимёвий моддалар ва ҳароратни мувофиқлаштиргичлар ишга тушади. Ушбу технология асаларилар унумдорлигини қарийб икки баробарга ошириш имконини беради, шунинг баробарида колония ичида ўлим даражасини қисқартиради. Ўзбекистон азалдан кенг кўламда асал етиштириш билан машҳур аммо ишлаб чиқариш жараёнининг технологик таъминланганлиги примитив даражада қолган. Бундай кашфиётлар маҳаллий асал ишлаб чиқарувчиларга нафақат ўз ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтиришга, балки маҳсулотни ташқи бозор учун янада жозибалироқ қилишга ҳам ёрдам беради.[1]

Кимёвий моддалар қўллашдан тўлиқ воз кечиш, биринчи қараганда, қишлоқ хўжалиги учун мутлақо ҳалокатли кўриниши мумкин, зеро бунда фермерлар катта майдондаги экинларга зиён келтирувчи зараркунандалар ва ёввойи ўтлар билан кураша олмай қоладилар. Аммо сунъий интеллектга эга уч тоннали гигантнинг бу борадаги фикри ўзгача. Titan FT-35 автоном робот-трактор бўлиб, ёввойи ўтларга қарши курашда гербицидлар ўрнига машина таълими ва компьютер нигоҳидан фойдаланади. Оддий трактор ёки комбайн изидан бориб, машина ҳам маданий экинларни, ҳам уларнинг ўсишига тўсқинлик қиладиган ёввойи ўсимликларни аниқлайди. Ёввойи ўтларни аниқлашдаги хато бир сантиметрдан ошмайди. Ёввойи ўтни аниқлагач, робот уни эҳтиёткорлик билан, маданий экинларга зарар етказмай ердан суғуриб олади. Бугунги кунда бу роботлар Аризона ва Калифорния далаларида муваффақиятли ишлатилмоқда ва яқин келажакда оммавий ишлаб чиқаришга жорий этилади. Ўзбекистон учун, унинг қишлоқ хўжалиги кўлами ва етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари турли-туманлигини ҳисобга олсак, бундай қурилмалар жуда фойдали бўлади. Боз устига, ушбу товарлар учун экспорт стандартлари йилдан-йилга қатъийлашаётгани ва импортчилар кимёвий моддалардан фойдаланишни маъқул кўрмасликлари бу янгилик аҳамиятни янада оширади.[2]

Бундан ташқари, 2020 йилда атроф-муҳитга зарари аллақачон исботланган азотли ўғитларнинг муносиб муқобили яратилди. Калифорнияда жойлашган Pivot Bio дунёда биринчи бўлиб донли экинлар, жумладан буғдой, жавдар, гуруч ва арпа учун микробли биоўғитларни яратди. PROVEN номини олган маҳсулот синтетик эритмаларни азотушлагич миркоблар билан алмаштиради. Улар ҳавода мавжуд азотни ушлаб қолиб, уни ўсимлик фойдаланиши мумкин бўлган шаклга айлантиради. Ўғит нархи ҳозирда мавжуд аналогларидан қарийб 5 баробар паст, атмосферага ташланадиган зарарли ташламалар миқдори эса тахминан 1 гигатонн углерод иккиланган оксидини ташкил қилади. Ўзбекистон ҳудудида тупроқни бойитиш қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири саналади. Аммо тупроқни бойитишнинг анъанавий услубларидан фойдаланиш атроф-муҳитга сезиларли зарар келтириши мумкин. Ўғитлар ишлаб чиқариш соҳасидаги бундай инновациялар маҳаллий фермерлар учун жуда қизиқарли бўлиши мумкин.[3]

Тиббиёт

Илмий фантастикага бағишланган фильмларда бир-бирларининг ичларини ҳам кўра оладиган, олинган маълумотни худди компьютер каби таҳлил қиладиган қаҳрамонлар бисёр. Бу сюжетлар Augmendics бош директори Ниссан Элимелехни тиббиёт ходимлари учун суперқаҳрамон нигоҳини имитацияловчи қурилма яратишга ундади. Тиббий диагностика учун воситалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Augmendics компанияси жарроҳлар учун қўшимча воқелик аппаратини ярата олди. Кашфиёт бемор компьютер томографиясини уч ўлчамли визуализацияга айлантиради ва шу орқали, дейлик, умуртқада жарроҳлик амалиёти ўтказувчи жарроҳга кўмак беради. Гарнитура бемор умуртқасининг уч ўлчамли тасвирини унинг танаси устига туширади, бу билан жарроҳларга тери остида нималар борлигини кўриш имконини беради. Қурилма аллақачон АҚШнинг етакчи шифохоналарида, жумладан Жон Хопкинс университети Тиббиёт марказида ишлатилмоқда.[4]

Тиббиёт ходимлари ўз ҳамкасблари билан боғланишга кўп вақт сарфлайдилар, ҳолбуки бу вақтда улар бошқа беморларни кўришлари мумкин бўларди. Бахтимизга, энди бу ишни ўз зиммасига олувчи ёрдамчи мавжуд. Vocera Smartbadge – 2000- йиллар ўрталаридаги мобил телефон ўлчамидаги қурилмани бўйинга стетоскоп билан бирга осиб юриш мумкин. У шифокорларга овозли буйруқлар орқали ўзаро боғланиш имконини беради. Энди шифокорлар қўлқопни ечиб, мобил телефонни олиб, рақам териш ва у томоннинг жавоб беришини кутишларига ҳожат қолмайди. Алоқа жараёни энди тиббий муолажалар ўтказишга асло ҳалақит бермайди. Бу қурилманинг самарадорлиги COVID-19 коронавирус инфекцияси пандемияси даврида, шифокорлар ҳимоя либосларини тезда ечиш имконига эга бўлмаган пайтларида ўз исботини топди.[5]

Техника

Сунъий интеллект асосидаги мухтор бошқарув тизимига эга автомобиллар аллақачон янгилик бўлмай қолди, ақлли бинолар эса росмана қизиқиш уйғотади. Гап BrainBox AI компаниясининг янги кашфиёти ҳақида бормоқда, у ташқи муҳит ҳарорати, атмосфера босими ва бошқа маълумотлардан бинонинг ички иқлимини тартибга солиш ва кондиционерлаш тизимларини бошқаришда фойдаланади. Бундан ташқари, ихтиро бино атмосферасидаги углерод бирикмалари миқдорини 20–40%га қисқартиришга ёрдам беради. Бугунги кунда бу қурилма жами 40 млн. кв. фут майдонда фойдаланилмоқда.[6]

Мобил телефонлар – кун бўйи инсон қўлидан тушмайдиган матоҳ. Шундай экан, гажетлар юзасида миллионлаб бактериялар ин қуриши ҳайратланарли эмас. Тадқиқотларга кўра, ўртача статистик смартфон юзасида 17 000дан ортиқ бактериал ген мавжуд бўлиши мумкин, бу унитаз ўриндиғида учраши мумкин бўлган бактериялар ўртача миқдорида 10 баробарга кўпдир. Балки аввалги пайтлар бунга кўпчилик эътибор бермагандир аммо пандемия ҳаммани сергак қилиб қўйди. Аксарият фойдаланувчилар эндиликда ўз қурилмалари устини, айниқса жамоат жойларида бўлган бўлсалар, кунига бир неча марта дезиинфекциялайдилар. Oblio деб аталган қурилма бу муаммони ҳал эта олади. Ушбу кашфиёт ташқи кўриниши ажойиб гулдонни эсга солувчи симсиз зарядлаш қурилмаси бўлиб, бир вақтнинг ўзида мобил телефонни ультрабинафша нурлар ёрдамида дезинфекциялайди. У атиги 29 дақиқа ичида 99% фоизгача бактерияни йўқ қила олади. Қурилма тақрибан 80 доллар туради ва яқин орада COVID-19 инфекциясига синаб кўрилади. [7]

COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган масофадан ишлаш режими виртуал мажлислар ва конференциялар технологияларига талабни мутлақо янги даражага олиб чиқди. Бу каби тадбирлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар жадал суръатларда ходимлар мулоқоти учун мавжуд воситаларни модернизациялаш ва янгиларини яратишга киришдилар. Шунингдек, улар конференция жараёнининг реал чиқишига эътибор бердилар. Муаммонинг мана шундай ечимларидан бири 2020 йилда кашф этилган Meeting Owl Pro бўлди. Қурилма 360 даражали манзарага эга столусти камераси бўлиб, у хонадаги гапираётган одамга автоматик равишда эътиборни қаратиб, унга объектив ва микрофонни йўналтиради. Шунда, конференциями бўладими ёки ўқув машғулотими – онлайн йиғилиш иштирокчилари нима рўй бераётганлигини яхшироқ англайдилар ва жараён реал воқелик режимига максимал даражада яқинлашади.[8]

Соф ишлаб чиқариш

Қуёш энергиясидан фойдаланиш йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, ушбу энергиядан озиқланувчи турар жойлар эса, ҳайратга солмай қўйди. Қуёш нурлари энергиясини тўпловчи баҳайбат Қуёш станциялари ҳам одатий ҳолга айланди. Янада жиддийроқ босқичга ўтиш вақти келмадимикан? Айни пайти! Heliogen компанияси қурилиш материаллари, биринчи навбатда пўлат ва бетон ишлаб чиқариш учун Қуёш энергиясидан фойдалана бошлади. 100 000 та моторлашган кўзгули майдон компьютерда бошқарилиб, Қуёш нурини 40 метрли, баҳайбат кучайтирувчи ойна ролини ўйновчи минорага йўналтиради. Минора ичидаги ҳарорат Цельсий бўйича 1000 даражага етади. Бу ҳарорат пўлат, цемент ёки электр ишлаб чиқариш учун етарлидир. Бундан ташқари, компания режаларида ушбу технологиялар асосида иссиқхона газларини чиқариш ноль даражада бўлган автомобиллар учун водород ишлаб чиқаришнинг янги услубларини ишлаб чиқиш ҳам мавжуд.[9]

Иқлимнинг глобал ўзгариши шароитида ичимлик суви энг қимматли ресурслардан бирига айланади. WEDEW номли янги мобил генератор ичимлик суви ишлаб чиқариш учун ҳаво ҳамда ҳайвон ва ўсимликлар маҳсулотлари қолдиқлари, жумладан дарахт қипиғи, пўст ва ш.к.лардан фойдаланади. Ёқилғи сифатида фойдаланиладиган бу материаллар қизийди, бунда ажралиб чиқадиган буғ генератор ёрдамида конденсацияланади ва ичимлик сувига айланади. Ўз ичига аккумулятор бўлмаси ва совитувчи модулни ҳам олган бутун тизим 40 футли транспорт контейнерига жойлашади. Жаҳон озиқ-овқат дастури ёрдамида генераторлар Уганда ва Танзанияга фойдаланиш учун юборилган. Ишлаб чиқарувчилар тез орада ўз агрегатларини қўллаш ҳудудини кенгайтиришни кўзда тутганлар.[10]

Кўрганимиздек, ўтаётган 2020 йил нафақат пандемия ва ўзини ўзи иҳоталаш билан, балки турли соҳалардаги илғор ихтиролар билан ҳам ёдда қолади. Табиийки, булар жорий йилдаги илмий ва инновацион изланишларнинг ҳаммаси эмас аммо мақолада келтирилган кашфиётлар бутун дунёда кенг қўлланилишга жорий этилиши шубҳасиздир.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *