БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб жаҳон аҳли сони 9,7 миллиард кишига етади, 2100 йилда эса, 11 миллиардлик чўққи забт этилиши кутилмоқда. Аҳолининг ўсиши, ресурслар чекланганлиги ва иқлим ўзгаришлари инсоният ўзини ўзи боқа олиш-олмаслиги масаласини кун тартибига қўяди.

Қишлоқ хўжалигини юритишнинг замонавий услублари ва инновациялар, жумладан ўсимликларни ҳимоялаш, селекция ва сунъий ўғитлар жорий талабни қондиришда ёрдам беради аммо, юқоридаги прогнозларга асосланилса, инсоният катта миқдорда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва сайёрани соф сақлаш ўртасида тўғри мувозанатни таъминлаш учун навбатдаги инновациялар тўлқинига эҳтиёж сезади.

Бугунги кунда бутун дунёда иссиқхонада экин парвариши кенгайиб бораётган воқелик саналади. 2019 йил январь ойида сабзавотлар етиштириш учун иссиқхоналар эгаллаб турган майдон 498 минг гектарни ташкил қилган. Қиёслаш учун: 1980 йилда эълон қилинган глобал иссиқхоналар майдони 150 минг га.ни ташкил қилган.

Иссиқхоналар, дала шароитларига қараганда, ҳар гектардан ўртача 15 баробар кўп ҳосил бера олади. Бундан ташқари, даладаги деҳқончиликдан 40-60 фоизлик товар ҳосилига таққослаганда, ҳосилнинг 90 фоизи иссиқхонада етиштирилган мева-сабзавотлар саналади.

Бундан ташқари, иссиқхоналар аллақачон экстремал иқлим ўзгаришлари ва кутилмаган об-ҳаво шароитларини енгиб ўтишда ёрдам бермоқда ва бу ҳолат глобал иқлим ўзгариши жараёнида уларни алоҳида жозибали қилмоқда. Улар салқин иқлимда мева ва сабзавотлар етиштириш учун кенг ишлатилади. Масалан, Нидерландия ўзининг иссиқхона мажмуалари билан шуҳрат қозонган – уларнинг майдони 70 гектаргача етади.

Ашёлар интернети технологияси иссиқхона деҳқончилигида бир қанча муҳим афзалликларга эга. Биринчидан, кўплаб мамлакатлар ва минтақаларда сув етишмаслиги катта муаммо саналади. Бундан ташқари, чучук сув захираси тобора камайиб бормоқда ва жаҳон ҳамжамияти сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари устида кўпроқ бош қотирмоқда. Ашёлар интернети иловаси орқали бошқариладиган интеллектуал датчиклар ўрнатиш орқали, иссиқхоналарда сувдан фойдаланишни минималлаштириш мумкин. Бу суғоришни датчик кўрсаткичларига қараб, автоматик амалга оширишни кўзда тутувчи суғориш тизимини созлаш имконини беради.

 

Бундан ташқари, Ашёлар интернети тизими камералар ва датчиклар ёрдамида ўсимликлар учун идеал шароит яратади – улар ўсимликлар ҳолатини мунтазам кузатиб боради ва фермерни потенциал муаммо ҳақида автоматик хабардор қилади. Булутли дастурий таъминотда талаб қилинадиган атмосфера шароитларини белгилаб, Ашёлар интернети тизими иссиқхонани қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўсимликлар учун идеал яшаш муҳитига айлантиради. Интеллектуал қурилмалар бир-бири билан ахборот алмашиб, қарор қабул қила олади ва бу орқали ҳарорат, ҳаво алмашинуви, кислород ҳамда карбонат ангридрит газининг қатъий чегарада ушлаб туриш имконини беради.

Касалланган ва зарарланган экинлар фотосуратларининг катта маълумотлар базасидан фойдаланиб, сунъий интеллектга асосланган ақлли дастурий таъминот ўсимликлардаги доғлар ва ҳашаротларга қараб қонуниятларни ўрганади. Смартфон учун илова ёрдамида фермерлар ўз иссиқхонасидаги касалланган экинни суратга олишлари ва муаммонинг ташхисига, шунингдек тавсия этиладиган даволаш стратегиясига эга бўлишлари мумкин.

Қолаверса, СИ иссиқхонадаги иситиш, ёритиш, намлик даражаси ва экин ҳамда ўсимликларга таъсир қилувчи бошқа омиллар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб, иссиқхонанинг бўлажак ҳосилдорлигининг нисбатан аниқ прогнозини чиқаришга ҳам қодир. Таҳлил натижаларига кўра, фермер жуда содда шаклда хабар олади: “Бу ҳафтада сиз Х миқдорда помидор оласиз” ёки “Сизнинг каланхоэингиз сотувга Y куни тайёр бўлади”.

Аниқки, иссиқхона деҳқончилиги келгусида ишлаб чиқаришни янада жонлантиришда давом этади, бироқ улар шунчаки ойнаванд иншоотгина бўлиб қолмайдилар. Ашёлар интернети ва сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлар туфайли, иссиқхоналар деҳқончиликнинг аниқ назорат қилинувчи муҳитига айланишлари мумкин ва фермерлар янада юқорироқ ҳосилдорлик ва даромадга эга бўлиш учун унга бемалол таяна оладилар.

QVANT таҳририяти тахлил гуруҳи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *