2020 йилги Глобал инновацион индекс (Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан Корнель университети ва INSEAD ҳамкорлигида чоп этиладиган ҳар йилги ҳисобот)га кўра[1], Ўзбекистон умумжаҳон рейтингида 93- ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 4- ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз олдига Global Innovation Index рейтинги бўйича етакчи 50 та мамлакат сафига киришдек дадил мақсадни қўйган. Бу мақсадга аёлларни илм-фан ва тадқиқотларга фаол жалб қилмай эришиб бўладими? Албатта, йўқ.

Барчамиз Галилей (телескоп) ва Карл Бенц (автомобиль), Александр Грэм Белл (телефон) ва Бенжамин Франклин (бифокал кўзойнаклар) каби машҳур кашфиётчилар ҳақида эшитганмиз, аммо Грейс Хоппер ва Стефани Кволек ҳақидачи?

Бу аёллардан бири компьютерда дастурлаш учун технологияни буткул ўзгартириб юборган илк компиляторни кашф этган бўлса, боқшаси пўлатдан беш баробар мустаҳкам кевлар[2]материалини ихтиро этган. Бу ихтиролар дунёни буткул ўзгартириб юборди, аммо тарихдан кўринадики, аёллар эришган ютуқлар ва инновациялар кўп ҳолда беэътибор қолдирилади.

Шуни ёдда тутиш керакки, аёллар етарлича эътибор ва эътирофга эга бўлсалар, уларнинг ўзлари тақлид учун намуна бўлишлари, кейинги авлод қизалоқларини руҳлантиришлари мумкин. Бутун дунё ва инсониятнинг бутун тарихи давомида ихтирочи аёллар ўз кашфиётларини ўйлаб топган, ишлаб чиққан, синовдан ўтказган ва такомиллаштирган бўлишса-да, кўпчилигимиз битта бўлсин, аёл ихтирочининг исмини зўрға эслаймиз.

Амалда, кундалик фойдаланишда бўлган кўплаб маҳсулотлар ва технологиялар ортида ихтирочи аёллар туради: қутқарувчи солдан бир марталик тагликлар ва ракета ёқилғиларигача. Шу билан бирга, ҳар куни ишлатадиганимиз нарсалар ҳам аёллар томонидан яратилган ва ўйлаб топилганлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Агар мобил телефонингизда GPSдан фойдалансангиз, ёмғир остида машинада кетаётганингизда ойна артгични ишлатсангиз, оила даврасида “Монополия” ўйнасангиз ёки шоколад ушоғили печенье есангиз, улар ортида турган аёлга миннатдорчилик билдиришингиз мумкин!

Афсуски, тарихан, патентланган кашфиётчилар рўйхатида аёллар ҳеч қачон етарлича тақдим этилмаган. Йигирманчи асргача аёллар, айниқса турмуш қурган аёлларга шартнома тузиш, маош олиш, ўз кўчмас мулкига (жумладан, патентларга) эга бўлиш ва муваффақиятли кашфиётларга олиб келиши мумкин бўлган техник кўникмалар, билимлар ўзлаштириш ҳуқуқи рад этиларди. Бу чекловлар аёлларни бирор кашфиёт қилиш имконидан маҳрум этарди, агар кашфиёт қилсалар ҳам, ўз ихтиролари учун эътирофга эга бўлмасдилар. 1965 йилга қадар ихтирочи аёллар 2%дан 3%гачани ташкил қилган.

 

ОЛАМШУМУЛ: БУГУНГИ КУНДАГИ АЁЛЛАР ВА КАШФИЁТЛАР

Британия интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бюроси (IPO) ўтказган тадқиқотга кўра, бутун дунёда патент аризаларининг 13 фоизидан камроғигина аёллардан келиб тушаркан[3]. Бу ҳар еттита ихтирочи эркакка битта аёл тўғри келишини англатади.

Тадқиқот тасдиқлашича, кейинги 20 йил ичида патентларга ариза топширган аёллар сони орта бошлади. Буюк Британия ва АҚШда 1998 йилдан 2017 йилгача патентга ариза топширган кашфиётчи аёллар сони 9,44% ва 10,04%ни ташкил қилган.

Ўсишга қарамай, сайёрамизда кашфиётчи аёллар сони ҳали ҳам кейинги беш йил ичида математика, инженерия, технология ва табиатшунослик бўйича диплом олган аёллар сонидан ортда қолмоқда. Патентга ариза топширган даъвогарлар орасида аёллар улуши ортаётган бўлса-да, ҳозирги суръатларда, бу соҳада гендер тенглиги фақат 2070 йилга бориб эришилади.

Қизиқ жиҳати шундаки, Йель университетининг шу соҳада аввалроқ ўтказган тадқиқотига кўра, аёллар патентга ариза топширсалар ҳам, камроқ қўлга киритишлари тенденцияси мавжуддир. Очиқ-ойдин аёллар исми бўлган ариза тасдиқдан ўтиши имконияти кам. Юқоридагиларнинг барини ҳисобга олсак, олималар ўз тадқиқотлари учун патент олишда 50%га камроқ имкониятга эга бўладилар. Аввалроқ Бутунжаҳон интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бюроси тадқиқоти белгилаганидек, эркакларга қараганда аёллар ўз кашфиётларининг тижорат фойдаси ҳам камроқ ўйлайдилар.

ЭНГ КЎП ИХТИРОЧИ АЁЛЛАР УЛУШИГА ЭГА МАМЛАКАТЛАР

Кашфиётчи аёллар сони бўйича дунёнинг етакчи 10 мамлакати

 

Рейтинг Мамлакат 1998 йилдан 2017 йилгача патент аризаларидаги кашфиётчи аёллар улуши
1 Того 57,14%
2 Уганда 44,55%
3 Латвия 39,05%
4 Либерия 38,89%
5 Руанда 37,50%
6 Куба 36,73%
7 Ботсвана 35,71%
8 Шри-Ланка 34,22%
9 Папуа-Янги Гвинея 29,63%
10 Грузия 29,56%

Қизиғи шундаки, айрим мамлакатларда, айниқса Африкада, патентга эга ихтирочи аёллар кўпроқ. Топ-10 таликда 5 та мамлакат айнан Африкадан. Тогода бутун сайёрадаги энг кўп ихтирочи аёллар улуши кузатилган (57,14%), унинг кетидан Уганда келади (44,55%). Энг кўп ихтирочи аёлларга эга бошқа Африка мамлакатлар қаторида – Либерия (38,89 фоиз), Руанда (37,5 фоиз) ва Ботсвана (35,71 фоиз). АҚШ ва Буюк Британия ихтирочи аёллар кўплиги бўйича 100 таликка кирмаган.

Россияда эса, кейинги 20 йил ичида патент олиш учун тақдим этилган аризаларнинг 17 фоизида муаллифлар сафида бир нафар бўлса ҳам аёл қатнашади. Шу тариқа, патентлар берилиши бўйича етакчи ўнта мамлакат ичида Россия ихтирочи аёллар бўйича биринчи ўринни эгаллайди.

 

2014 йил 9 ноябрда Ҳолливуд юлдузи Хеди Ламарр таваллудининг юз йиллиги нишонланди. Бироқ, айнан актриса таваллуд куни – 9 ноябрь Германия, Австрия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатларида Кашфиётчилар куни деб эълон қилинган.

Келинг, ғаройиб бир фактни англашга уриниб кўрамиз: кўз ўнгимиздаги хоним нафақат гўзал аёл ва актриса, балки у – кашфиётларидан ҳар куни фойдаланаётганимиз инсон.

  • Унинг кашфиётлари ҳозирги GSM, GPS, Bluetooth ва Wi-Fi 802.11 тизимлари асосида ётади.
  • У доимий ёпиқ бўлмаган алоқа каналлари учун ахборотни шифрлаш принципларини ўйлаб топган.
  • У туфайли ҳозирда сиз Wi-Fiдан, биров каналингизга “ўтириб” олишидан қўрқмай фойдаланасиз.

Хеди Ламарр кашфиётисиз ҳозирда ҳарбий йўлдошлар учмаган, уяли телефонлар ишламаган бўларди, навигация тизимлари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

 

ЎЗБЕКИСТОН: ИНТИЛГАНИ ЧЎҚҚИЛАР БИСЁР

Очиқ маълумотлар порталида тақдим этилган ахборотга кўра[4], 2020 йилнинг 9 ойи давомида Интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш учун 3055 та ариза келиб тушган, бунда ихтиролар умумий аризаларнинг 8 фоизинигина ташкил қилади. Бундан ташқари, ихтироларни патентлашга берилган аризалар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисабатан 29,5%га камайган, бу COVID-19 пандемияси натижасидаги глобал тенденция акси бўлиши ҳам мумкин. Аризаларнинг ярмидан кўпи савдо белгилари (54%) ва 32 фоизи IT-дастурлар бўлди.

ИМО рўйхатга олиш маълумотлари
2019 йил 9 ойи 2020 йил 9 ойи
1 Ихтиролар 265 187 -29,4%
2 Фойдали моделлар 71 82 +15,5%
3 Саноат намуналари 142 90 -36,6%
4 Товар белгилари 1790 1043 -41,7%
5 ЭҲМ учун дастурлар 1044 1628 +55,9%
6 Маълумотлар базаси 12 16 +33,3%
7 Селекция ютуқлари 5 9 80%
8 Жами 3329 3055 -8,2%

 

2020 йил 9 ойида ИМО рўйхатга олиниши бўйича маълумотлар

Ихтиролар саноат Саноат намуналари ЭҲМ учун дастурлар Селекция ютуқлари Фойдали моделлар Товар белгилари Маълумотлар базаси 

 

2020 йил биринчи ярим йиллигида ихтирочиларнинг жинс ва институционализацияси кесимида тақдим қилинганлиги қуйидагича кўриниш олади: ихтироларнинг ярмидан кўпроғи (53%) хусусий сектор (асосан тиббиёт ва фармацевтика) томонидан рўйхатдан ўтказилган, 28% ихтиро ОТМ ёки тадқиқот институтлари лабораториялари доирасида яратилган, 15% – эркаклар ва фақат 4% – аёллар.

 

 

2020 йилнинг биринчи ярмида 156 та ихтиродан фақат 6 таси аёллар номига рўйхатга олинган. Бунда, агар ихтиролар соҳалари ҳақида айтадиган бўлсак, бу асосан тиббиёт соҳаси бўлган: 50% – гинекология, қолганлари – стоматология, гепатология ва фармакология. Соғлиқни сақлаш соҳасида аёллар 70 фоизни ташкил қилади, бу инновацион ва илмий фаолиятга қизиқиш пастлиги натижасидир.

 

ИЛМ-ФАН ВА ИХТИРО: УЛАР АЁЛЛАР ИШИ ЭМАСМИ?

Агар технологиялар ва инновациялар аёллар иши эмас, деб ҳисоблайсизми? “Гендер мияси. Замонавий нейрбиология аёллар мияси ҳақидаги афсонани пучга чиқаради” китобининг муаллифи Жина Риппон айтишича эса, “эркаклар” ва “аёллар” мияси деган тушунча – бор-йўғи хато тасаввурдир. Боз устига, Риппон ўз китобида ҳавола берадиган қатор тадқиқотлар, масалан, Саймон Барон Коэннинг илмий иши миянинг “эркакларга хос” тури аёлларда ҳам бўлиши ва аксинча ҳам кузатилиши мумкинлигини исботлайди.

Бугун биз «нейроқайишувчанлик» нималагини биламиз: у миянинг ўзгаришга, янги нейрон алоқаларини шакллантириш ва, атроф-муҳитдаги ўзгаришларга жавобан, ўз ишини коррекциялашга қобиллигини англатади. Демак, миямиз мослаша оларкан. Риппон ўғил ва қиз болаларга болаликда турлича ёндашишлари сабабли, уларнинг миялари турлича ривожланишини тушунтиради. Масалан, ўғлингизга Minecraft конструкторини, қизингизга малика қўғирчоғини сотиб олишингизнинг ўзи уларга таъсир кўрсатишингиздир. Бу ҳолат ҳисобга олинса, эркак ва аёл миясидаги фарқ ҳақидаги ҳар қандай далилларни шубҳа остига олса бўлади. Ҳа, икки жинсда мия фарқли, лекин бу организмнинг тузилмвий хусусиятими ёки шунчаки, турлича ёндашув ва тарбия натижами – айтиш қийин. Афтидан, ёш ўтгани сайин мияни айнан нейроқайишувчанлик турлича қилади.

ИХТИРОЧИ АЁЛЛАР КЕЛАЖАГИ

Қандай жинс вакилиники бўлмасин, янги технологиялар ишлаб чиқишни илгарилатувчи барча ихтиролар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ва аксинча, аёллар бу соҳада кейинги бир неча юз йилликларда етарлича тақдим этилмаганлар.

Социологлар тахмин қилишича, ушбу номувофиқликлар илм-фан, технологиялар, муҳандислик иши ва математика соҳасида фаолият юритадиган аёлларнинг кам сонли эканлиги туфайли юзага келган. Интеллектуал ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи  Powell&Gilbert фирмаси ҳамкори Пенни Гилберт тахминига кўра, ҳамма гап кадрлар таркибида: “Агар янада кўпроқ аёллар патентларга ариза топширишини истасак, кўпроқ аёллар университетларда аниқ фанларни танлашлари, кейин тадқиқот лабораторияларида ишлашлари керак бўлади”,- дейди у.

Аммо замонавий дунёда, технологиялар доимий ўзгариб бориши туфайли, патентлар олиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.

Аёлларга дадиллик сингдирилса ва ўзларининг ғояларига ишонишлари маслаҳат берилса, ихтирочи аёллар сонини ўсишда давом этиши мумкин. STEMга йўналган таълим олувчи талаба қизлар сони ортиши билан аксарият аёллар патентга қобил ихтиролар бор соҳалар билан танишади, уларга бу келажакда фойда келтириши мумкин. Шу тариқа, ихтирочи аёллар сони ортаверади.

Дунё ихтирочи аёллар қадрига етмаган ўтмишдан фарқли ўлароқ, замонавий ихтирочилар тан олинмоқдалар. Ҳозирда ихтирочи аёлларга ўз ихтиролари учун патент олишлари, шунингдек маҳсулотларини сотишлари ёки инвестор топишлари осонроқ. Технологиялар туфайли ихтирочилар бутун дунёда эътирофга сазовор бўлдилар.

Ҳуқуқшунос Пенни Гилберт айтганидек, таълим ва аёллар келгусида танлайдиган карьера борасида шаклланган хато стереотипларни синдириш ва, ҳам махсус утсозлик дастурлари ёрдамида, ҳам олималар орасидаги ижобий намуналарни тарғиб қилиш орқали уларни аниқ фанларга йўналтириш керак.

 

[1] https://www.wipo.int/global_innovation_index/en/2020/

[2] Кевлар – иссиққа чидамли ва мустаҳкам синтетик тола бўлиб, Nomex ва Technora каби бошқа арамидларга яқин туради. бу мустаҳкамлиги юқори материал Стефани Кволек томонидан DuPontда 1965 йилда ишлаб чиқилган, тижорат мақсадларида биринчи бор 1970- йиллар бошларида, пойга шиналарида пўлат ўрнини босувчи сифатида ишлатилган.

[3] https://www.gov.uk/government/publications/gender-profiles-in-worldwide-patenting-an-analysis-of-female-inventorship-2019-edition

[4] https://data.gov.uz/

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *