Таҳририятимизда – ёш олим, профессор, Lotus Engineering технологик стартапининг асосчиси Амир Обидов. Нанотехнологиялар, гаражлар, нилуфар ва булар бари бир-бирига қандай боғлиқлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
Гараж фалсафаси
Google, Apple, Mattel, Disneyни нима бирлаштириб туради? Булар бари миллиардлаб активга эга эканлиги ва барчаси дунёни ўзгартириб юборган компаниялар эканлигидан ташқари?
Стив Жобс ота-онасининг гаражида иш бошлаган, Билл Гейтс ва Пол Аллен Microsoftга гаражда асос солишган, Уильям Харли бўлажак мотоцикл двигателининг лойиҳасини дўстининг гаражида яратган, Рут ва Эллиот Хэндлер, Барби қўғирчоғини яратишдан олдин, гаражда фотосуратлар учун ромлар ёпиштирардилар, Уолт ва Рой Дисней амакиларининг гаражида кинокамера учун подиум қуришган.
Айрим мусиқа гуруҳлари ҳам илк қадамларини гаражда бошлашган. Масалан, The Beatles.
Бу айнан гараж муваффақиятнинг зарурий омили эканлигини англатмайди, аммо унинг доҳиёна, инновацион ғоялар ўчоғи эканлигини ҳам рад этиб бўлмайди. Бизнинг давримизда гараж фақат автомобиль яшайдиган ва таъмирланадиган, эски ашқол-дашқолларга кон бўлган маскангина эмас, балки бошланишнинг, стартапнинг тимсолига айланди.
Дарвоқе, Lotus Engineering ҳам гаражда дунёга келган. Албатта, муввафақиятга эришиш, миллиардлаб айланмаларга эга бўлиш, дунёни ўзгартириб юборган компанияга айланиш учун бунинг ўзи етарли эмас, лекин яна бошқа омиллар ҳам унда мавжуд. Масалан, ажойиб ғоя, қобилият, қатъият ва бироз омад.
Ҳаммаси гаражда бошланади
Lotus Engineering – бу ёш олим, профессор, илмий лойиҳалар муаллифи Амир Обидовнинг стартапи. Амир 10 йил Жанубий Кореяда яшади ва Кумо миллий технология институтида, Гумидаги Электроника ва ахборот технологиялари илмий-тадқиқот институтида ўқиди, Хитойнинг Нанкин шаҳридаги Техника университетида ишлади. Бу касбни танлашига муҳандис отаси сабабчи бўлди, шунингдек Амир бобосини ҳам ёдга олади – Чорсуда, бошида – салла, эгнида – чопон, ўзи пичоқ чархлаш билан шуғулланувчи бу истараси иссиқ инсонни суратга олишга сайёҳлар атай келишар, қолаверса Санъат музейидаги тикувчи ҳайкали образи айнан ундан олинганди.
Lotus Engineeringга уч йил олдин асос солинган ва ўтган давр ичида у миллий ва маҳаллий стартап танловиларида ғалаба қозонишга улгурди. Амирнинг қопламалар, фильтрлар ва матолар учун наноматериаллар ишлаб чиқиш бўйича ўз лабораторияси бор (табиийки, гаражда). Бурноғи йили Lotus Engineering лойиҳалари InnoWeek 2018 инновациялар ҳафталигида тақдим этилганди, ўшанда компания энг яхши стартап совринини қўлга киритган. Ишланмалардан бири – CleanBox стерилизация қурилмаси Start Haifa 2018 танловида энг яхши деб топилган.
Нанотехнологиялар тўғрисида
“Нанотехнологиялар” ибораси “стартап” сўзи билан баробар такрорланади ва унга барча ўрганиб ҳам қолди. Тўғри, бу нима ва унинг нима кераги борлигини ҳамма ҳам яхши тушунавермайди.
Билгичларнинг айтишларича, нанотехнологиялар – бу наноўлчамдаги (1 нм.дан 100 нм.гача) объектларни яратиш имконини берувчи ишлаб чиқариш услубидир. “Нано” қўшимчаси миллиарддан бир улуш деган маънони англатади. Бир нанометр – бу метрнинг миллиарддан бир улушидир. Бу молекулалар ва атомлар ўлчамидир. Нанотехнологияларда яратиладиган объектлар алоҳида хусусиятларга эга.
Нанотехнологиялар – бу замонавий илм-фаннинг барқарор тренди, лекин ўтмишнинг айрим артефактлари аждодларимиз ҳам материалларга ишлов беришда уларнинг молекуляр тузилмасини ўзгартира оладиган усуллардан фойдаланганликларига ишора қилади.
Амир Ликург қадаҳи ҳақида сўзлайди – у қадаҳ шаклидаги қадимий буюм бўлиб, икки қават шишадан ясалган, ўйма нақшлар билан безатилган. Уни Британия музейида кўриш мумкин. Қадаҳнинг машҳурлигига сабаб – унинг ғайриоддий хусусиятга эгалигидир: ёруғлик олд томондан тушса, у яшил рангда кўринади, орқа томондан ёритилса – қизил тусга киради. Шунингдек, қандай суюқлик қуйилганига қараб ҳам қадаҳнинг ранги ўзгаради. Сув унга мовий ранг берса, ёғдан у алвон ранг олади. Бу ғаройиб хусусиятларга қадаҳ ясалган шишанинг алоҳида таркибга эгалиги сабаб бўлади. Шишада тахминан 70 нанометр ўлчамдаги кумуш ва олтин зарралари мавжуд бўлиб, бундай таркиб қадаҳга ёруғликка қараб товланиш имконини беради.
Бунга қандай эришилгани илм-фанга номаълум – бундай иш қадимда бўлмаган махсус жиҳозлар ва технологияларни талаб қилади.
Замонамизга қайтамиз.
Lotus Engineering лабораториясида ноёб хусусиятли нанокристаллар ва нанотолалар ўстирилади ва улар асосида компания ўз маҳсулотларини яратади.
Нанотузилмаларнинг хусусиятларидан бири – атрофни зарарсизлантириш. Lotus Engineering ультрабинафша нурлар таъсири остида микроб ҳужайраларини парчаловчи фильтрлар яратди. Ушбу фильтрлар асосида Clean Box наностерилизатори ишлаб чиқилди. Уни маиший ашёлар, болалар ўйинчоқлари, кийимлар ва пойабзал, майда ускуналарни зарарсизлантириш учун қўллаш мумкин.
Стерилизатор хона ҳароратида ишлайди. У нафақат шифокорлар ва ёш оналар, гўзаллик салони ва умумий овқатланиш нуқталари ходимлари учун, балки ўз саломатлиги ва шахсий гигиенаси ҳақида қайғурувчи барча инсонлар учун фойдалидир. Стерилизатор ифлослантирувчиларни хавфсиз карбонат ангидрит гази ва сувга парчалайди, бактериялар, вируслар, замбуруғларни йўқ қилади, шунингдек ҳаводаги формальдегид, спирт, углеводородларни кетказади, нохуш ҳидларни йўқотади. Қолаверса, Clean Box инсон ва ҳайвонлар учун бехавфдир.
Яна Lotus фильтрлари сувни мой ва нефть маҳсулотларидан тозалай олади, шу сабабли уларни сув ҳавзалари юзасидан мой қатламини кетказишда қўллаш, газ ва ҳаво компрессорларига ўрнатиш мумкин.
Нанотолалар хусусиятларидан бири – уларнинг гидрофоблиги, яъни “сувни қувиши”дир. Буни “нилуфар эффекти” деб атайдилар – ушбу ўсимлик барглари гидрофоб моддаларнинг кўзга кўринмас бўртмалари билан қопланган бўлиб, шу сабабли сув томчилари баргни ивитмайди, балки ундан оқиб, ўзи билан кирни ҳам ювиб кетади. Нанокристаллар билан қопланган мато ҳам худди шундай сувни қувиш хусусиятига эга ва намга чидамли тентлар, палаткалар, бинтлар яратишда қўлланилиши мумкин. Бундай эффектли бинтлар беморлар жароҳатини намдан, кир ва микроблардан ҳимоялаш имконини беради. Бундай боғлам билан ҳатто душ қабул қилса бўлади.
Lotus-фильтрлар ишлатиладиган яна бир, ўта муҳим соҳа – улар шаҳар миқёсида, катта кўламдаги ҳавони чиқинди газлар, аллергенлар, вируслар ва бактериялардан тозалаш учун қўлланилиши мумкин. Бундай фильтрларни саноат зоналарида, маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларида ишлатса бўлади, уларнинг ишлаши учун эса, қуёш нури етарли.
Lotus Engineeringнинг ушбу лойиҳаларининг барчаси тижоратлаштириш босқичида турибди. Амирнинг айтишича, унинг режаларида Чирчиқда лаборатория очиш, ходимлар штатини кенгайтириш ва серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
… Амир таҳририятимизда ўтириб, кўзлари порлаган ҳолда ўз иши, лойиҳалари ҳақида сўзлаб бераркан, бизга дунёни яхши томонга ўзгартириб юборадиган ихтирочилар, олимлардан бири қаршимизда ўтиргандек туюлиб кетди. Ўша, ишни гаражда бошлаганлардан бири.
Биз инвестициялар жалб қилиш, таълим ислоҳотлари, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўп ёзамиз, хўб гапирамиз. Муваффақият соҳиблари ҳақида роса ўқиймиз, муваффақият рецептларини ёзиб оламиз. Катта ишлар кичигидан бошланади – ким билади, яхши ғоя, қатъият, ўзига ишонч, атрофдагилар қўллаб-қувватлашидан ташқари, муваффақият учун гараж ҳам керакдир?
Амир Абидов