Биз Asaxiy.uz. интернет-дўкони ва Asaxiybooks лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев билан суҳбатлашдик ва интернет-дўконнинг оёққа туриши, Ўзбекистон бозорида кенгайиши ва китоблар долзарблиги ҳақида маълумотларга эга бўлдик.
Интернетдаги материалларга кўра, сиз бир нечта йўналишда фаолият юритасиз: сотувлар сайти ва профессионал таржимали китобларни чоп этиш. Йўлингиз қандай бошланган?
Мен Францияда ўқиганман ва 2013 йилда Ўзбекистонга қайтганимда, Европада одат тусига кирган ушбу фаолият бу ерда мутлақо ривожланмаганлигини кўрдим. Ўйлаб қолдим: Европада бундай савдо тури талабга эга экан, Ўзбекистонда ҳам, маълум вақтдан кейин, бу тенденция долзарблашади. Мана шу тарзда интернет-дўкон очиш ғояси туғилди. 2014 йилда очилган интернет-дўконимиз мамлакатимизда биринчилардан бўлди. Биз сайтимизни бирор инвестицияларсиз, ўз кучимиз ва билимимиз билан ривожлантирдик. Бу лойиҳани икки кишигина бошлагандик, ҳозир штатимизда 100 дан зиёд ходим бор. 2018 йилда, Ўзбекистон китоб бозорини ривожлантириш мақсадида, Asaxiybooks лойиҳасини очдик. Бу ғоя бизда ижтимоий тармоқларни узоқ вақт кузатиш асосида туғилди. Китоблар сотиладиган постлар остида кўпчилик муайян китоб ўзбек тилида борми ёки йўқлигини сўрашарди. Бошида биз етакчи 3 та китобни топиб, одамлар жаҳон бестселлерлари билан ўзбек тилида ҳам танишишлари учун таржима қилишни истагандик. Кейин, бу китоблар фаол сотила бошлангач, жаҳон бестселлерларини таржима қилишда давом этиш ғояси юзага келди. Китоб таржимасини кенг йўлга қўйиш учун бу ишни ўргана бошладим. Бунинг учун яна Францияга бордим, у ерда бу масалани чуқур ўргандим. Қайтгач, ниятларимни рўёбга чиқара бошладим. Бугунги кунгача биз 50 дан зиёд китобни таржима қилдик. Бизда, шунингдек, китобларнинг онлайн- ва аудио-таржималари ҳам бор, улардан фойдаланувчилар сони 80 минг кишига етди.
Китобларнинг қайси бирини энг аҳамиятли деб санайсиз?
Биз таржима қилган ва чоп этган китоблар ичида шахсан мен учун Стив Жобс китоблари катта роль ўйнайди. Ушбу лойиҳани яратишда биз айнан унинг китобларидан руҳландик. Ва, умуман, менга бизнес, мотивация ва молиявий саводхонлик билан боғлиқ барча китоблар ёқади.
Яқин келажакда қандай китобларни таржима қилишни режалаштиргансиз?
Биз молиявий саводхонлик, шахсий ўсиш ва мотивацияга қаратилган китобларга янада кўпроқ эътибор беришни истаймиз. Яқин орада Теодор Драйзернинг трилогиясини, фактология ва тиббиёт мавзуидаги китобларни чоп этамиз. Биз, умуман, инсонлар ҳаёти сифатини яхшилашга қаратилган китобларни чоп этишни кенгайтириш ниятидамиз.
Ҳар бир компаниянинг ўз ишлаш тамойили бор. Сизларда қандай тамойиллар бор?
Биринчидан, биз IT-технологиялар воситасида ривожланишимиз керак. Иккинчиси – мослашувчанлик. Биз меҳнат тузилмасига тезда мослашадиган одамларни саралаб оламиз, булар асосан 23-28 ёшлилардир. Ёш мутахассисларни танлашимиз бежиз эмас. Улар IT-соҳани жуда яхши тушунадилар ва компаниямизга улкан фойда келтирадилар.
Ўқувчиларингиз кимлар?
Яқинда статистикани ўргандик ва ўқувчиларимизнинг асосий контингенти 33 ёшгача бўлган инсонлар эканлигини аниқладик. Улар асосан 22-27 ёшлардаги йигит-қизлардир. Дастлаб, ҳозирги авлод китоб ўқишга унчалик ҳам берилмаган деб ҳисоблаб, биз катта ёшлиларни назарда тутгандик. Аммо мавжуд кўрсаткичлар бизни ҳайратга солди.
Маърузалар ўқийсизми?
Бўлиб туради. Мени университетларга таклиф этадилар. Аммо у ерда мен асосан китоб эмас, бизнес-муҳит ҳақида сўзлайман. Шунингдек, онлайн-тренинглар ўтказаман.
Нима деб ўйлайсиз, ҳозирда қандай китоблар кўпроқ талабгир: қоғоздагими ёки электрон?
Мен доимо қоғоз китоблар тарафдори бўлганман. Улар ўқиётганда кўпроқ завқ беради. Электрон китоблар кўпинча ўқувчиларни китобнинг ўзидан чалғитади, деб ҳисоблайман, чунки қурилмаларда Интернет мавжуд бўлиб, одамлар ижтимоий тармоқлардан келадиган хабарларга чалғиб қоладилар.
Менимча, вақт ўтиб, ҳамма қоғоз китобни ўқишга қайтади, чунки бундай ўқишда китобнинг ўзига анча кучли эътибор қаратилади. Қоғоз китоблар яна долзарб бўлади, деб ўйлайман.
Қоғоз китоблар аудиокитоблар билан солиштирилсачи?
Биринчидан, ўқийдиган инсон тингловчига қараганда анча кам орфографик хатога йўл қўяди. Чунки интенсив ўқишда сўзларнинг тўғри ёзилиши хотирамизга муҳрланиб боради. Китобни тинглаётганда бундай имконият йўқ, чунки биз уни йўлда ёки бирор иш устида тинглаймиз ва аудиофайлни тузатиш учун ҳар гал чалғишимизга тўғри келади. Қолаверса, ўзимдан қиёс, тинглашда инсоннинг фикрлари тез чалғийди ва эътибор сусаяди.
Китобларнинг келажаги қандай ва у ўзи борми?
Бутун дунёда китоб ўқишга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Кўплаб янги муаллифлар ва асарлар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам ўқишга қизиқиш тенденцияси кузатилмоқда. Бугунги кунда китоблар анча ҳамёнбоп бўлди ва ҳар ким кўнглига ўтирадиган китобни топиши мумкин, бу қувонтирмай қўймайди.
Ҳар бир иш бир қанча босқичдан иборат бўлади. Сизга қайси босқич кўпроқ ёқади?
Менга ҳаммасидан ҳам таржима учун китоб саралаш босқичи ёқади. Менга чоп этиш учун бестселлер тавсия қилсалар ҳам, то ўзим ўқиб чиқмагунимча уни чоп этмайман. Ушбу китоб инсон ривожланишига қандай ҳисса қўшишини тушуниш менинг ўзим учун қизиқарлидир.
Asaxiybooks миссияси?
Одамлар ҳаётини IT-технологиялар ёрдамида соддалаштириш. Инсонлар ўзларига керакли барча нарсани онлайн осонгина сотиб олишсин ва шу билан қимматли вақтларини тежасинлар. Биз Ўзбекистонда китобхонлар аудиториясини кенгайтирамиз, бу ҳам аҳамиятлидир.
Ва ниҳоят, сўнгги савол: бахтли инсон сизнинг наздингизда қандай? Ўзингизни шундай ҳисоблайсизми?
Вақт ўтгани сайин бахт оилавий фаровонликка боғлиқ бўлишини тушундим. Агар оилангизда ҳамма соғ-саломат бўлса, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз. Иккинчиси – бу севимли иш билан шуғулланиш. Инсон ўзига ёқадиган нарсани ўрганса, ўзи ёқтирадиган иш билан шуғулланса, у, шубҳасиз, ўзини бахтли одам деб ҳисоблаши мумкин. Учинчиси – нимадир янгиликни мунтазам излашдир. Ўзи учун ниманидир кашф этиш, шахс сифатида ўсиш керак. Ҳаётимда шуларнинг бари мавжуд ва шу сабабли мен ўзимни жуда бахтли инсон деб ҳисоблайман.
суратда: Ф.Аллаев
Камола Махмудходжаева