Ўзбекистонда ҳар йили 13-15 млн тоннадан зиёд қаттиқ маиший чиқиндилар (ҚМЧ) ҳосил бўлади, уларнинг 90%дан ортиғи полигонларга жўнатилади ва фақат 8% чиқинди иккиламчи қайта ишлаб чиқарилади. Ҳар бир миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди (ҚМЧ)да 360 минг тонна озиқ-овқат чиқиндиси, 160 минг тонна қоғоз ва картон, 55 минг тоннагача мато, 45 минг тоннагача пластмасса ва кўплаб бошқа қимматли компонентлар йўқ бўлиб кетади.
ҚМЧни бошқариш тизими тўғрисида
Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тушунчаси кенг кўламдаги, жумладан ҚМЧ тўплаш, ташиш, утилизациялаш ва қайта ишлаш масалаларини қамраб олади. 1990 йилга қадар Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқаришнинг қатъий маъмурий-режали тизими ишлаган. Ўшанда республикадаги бутун техник ва институционал сиёсатни Коммунал хўжалик вазирлиги амалга оширарди, у йил ва беш йилликдаги устувор ҳаракатларни аниқ белгиларди, боз устига, ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларининг иккиламчи қайта ишланишига салмоқли урғу бериларди.
2002 йилда “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун (lex.uz)ни тайёрлаш ва қабул қилиш учун нақ ўн йил керак бўлди, унга кўра: “Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги махсус ваколатга эга давлат органлари қуйидагилардир:
- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги
- Ўзбекистон “Ўзкоммунхизмат” агентлиги
- Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси
- “Саноатконтехназорат” агентлиги
- “Ўзкимёсаноат”
- Ички ишлар вазирлиги
- Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар)
- Ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла қўмиталари, ТЖЭШ)
Идоралар сони ортиши ҳар доим ҳам иш сифатининг ортишига олиб келмаслиги маълум, зеро бу тузилмаларнинг ҳар бири ўзининг тор идоравий вазифалари ва мақсадларига эга. ҚМЧ йиғиш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш муаммолари эса, бу муассасалар учун қўшимча “бош оғриқ” бўлади, боз устига, бу функцияни амалга ошириш кўп ҳам давлат бюджетидан молияланавермайди.
Шусиз ҳам кам бўлган бюджет маблағларининг янада бўлиб ташланиши республикадаги шаҳарлар ва туман марказлари ҳудудларини санитар тозалашни амалга ошираётган “Ўзкоммунхизмат” ва унинг бўлинмаларининг моддий-техник базасининг мустаҳкамланишини қийинлаштиради.
Бундан ташқари, идоралар ўртасида керакли ахборот алмашинуви амалиёти етарлича ривожланмаганлигини қайд этиш керак. Қабул қилинадиган ҳужжатлар кўп қисми такрорланади ва, аслида аҳоли учун қабул қилинган бўлса-да, аҳолигача етиб бормайди.
ҚМЧни иккиламчи қайта ишлаш соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш
ҚМЧни иккиламчи қайта ишлаш соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси ҚОНУНЛАРИ | ||
1 | “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун | 1992 й |
2 | “Давлат санитар назорати тўғрисида”ги Қонун | 1992 й |
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси | 1998 й | |
3 | “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун | 2002 й |
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва фармойишлари | ||
4 | “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” | 21.04.2017 й.
N ПҚ-2916 |
5 |
” Франциянинг Тараққиёт агентлиги иштирокида «Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида “ | 19.07.2017 й.
N ПҚ-3139 |
6 | Республика шаҳарларида маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича кластерларни ташкил этиш доирасида олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуна ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этиш рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармойиш | 15.09.2017 й.
N Ф-5057 |
7 | “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” | 18.05.2018 й.
N ПҚ-3730 |
8 | “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” | 17.04.2019 й.
N ПҚ-4291 |
9 | Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида | 15.12.2020 й.,
№ ПҚ-4925 |
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари | ||
10 | “Таркибида симоб моддаси бўлган лампалар ва приборлардан фойдаланиш ва уларни фойдали равишда ишлатиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида” | 23.10.2000 г.
N 405 |
11 | “Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини тўплаш ва уларни утилизация қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” | 21.09.2011 г.
N 266 |
12 | “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” | 27.10.2014 г.
N 295
|
13 | “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорига илова | |
14 | “Тошкент вилоятидаги “ОҲАНГАРОН” ва “МАЙДОНТОЛ” маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган сассиқ газларни қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси шлаб чиқариш” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида | 1.11,2018 г.,
№ 895
|
Санитар қоидалар ва меъёрлар | ||
15 | Ўзбекистон шароитида махсус полигонларда қаттиқ маиший чиқиндиларни сақлаш ва зарарсизлантиришга санитар талаблар | ЎзР СанҚваМ N 0157-04 12.07.2004 й |
16 | Ўзбекистон шароитида саноат чиқиндиларини йиғиш, инвентаризациялаш, таснифлаш, зарарсизлантириш, сақлаш ва утилизациялашни ташкил қилиш санитар қоидалари ва меъёрлари | ЎзР СанҚваМ
N 0300-11 16.11.2011 й. |
Президентнинг 15.12.2020 й.даги ПҚ-4925- сон қарори алоҳида эътиборга молик, у ҚМЧни иккиламчи қайта ишлаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ўрнатади.
Осиё Тараққиёт Банки томонидан, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати остида 55 млн долларлик “Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш” кредит лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндиларини йиғиш, саралаш, олиб чиқиб кетиш ва қайта ишлашнинг замонавий услублари ва технологияларини жорий этиш мақсадларида ҚМЧларни ажратиб йиғиш, Тошкентда хусусий шерик томонидан замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ташкил топадиган қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизациялаш ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш шарт-шароитлари белгиланди. Лойиҳа доирасида ҚМЧни қайта ишлаш даражасини 8%дан 30%га ошириш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва олиб чиқиб кетиш соҳасида хусусий тармоқ улушини 100%га етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4291-сон Қарорига мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб республика шаҳарларининг кўпхонадонли турар жой секторида бешта белгиланган контейнерларни ўрнатишга асосланган қаттиқ маиший чиқиндиларни “қайта ишланувчи” ва “қайта ишланмайдиган” турларга (уларнинг рўйхати Тошкент шаҳар ҳокими томонидан белгиланади) ажратиб йиғиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. ОТБнинг “Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш” лойиҳасини амалга оширишнинг биринчи босқичида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Махсустранс” ДУК томонидан чиқиндиларни “қайта ишланувчи” ва “қайта ишланмайдиган” турларга ажратиб йиғиш учун истеъмолчиларни бепул рангли контейнерлар, пакетлар билан таъминлаш, шунингдек чиқиндиларни ажратиб йиққанлиги учун истеъмолчиларни моддий рағбатлантириш тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Лойиҳа олдига қўйилган мақсадлар ва вазифалар амалиётда қандай бажарилишини вақт кўрсатади, аммо лойиҳанинг молиявий жиҳатлари кўплаб саволлар уйғотмоқда. Жумладан, “йўл харитаси”да кўрсатилишича, “Махсустранс” ДУКда махсус техника маршрутини оптимизацияловчи электрон дастурларни (GIS), шунингдек Ягона электрон дастурни (ERP) ўрнатиш ОТБ лойиҳаси доирасида тежаб қолинган кредит маблағлари эвазига амалга оширилади. Савол туғилади: лойиҳанинг бутун бюджети ОТБ томонидан тасдиқланган бўлса, қайси позициялар эвазига ва қандай қилиб бу маблағлар тежаб қолиниши мумкин? |
ҚМЧларни иккиламчи қайта ишлаш бўйича давлат органлари ваколатлари
“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар чиқиндиларни қайта ишлашни, “уларни қайта ишлатиш, омборлаш, тарқатиш, кўмиш орқали ишлаб чиқариш ва коммунал-маиший соҳадан” чиқиндиларни йўқотиш шарт-шароитларини таъминлашга мажбурдирлар. (22-модда)
“Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунда қаттиқ чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ҳар бир ваколатли давлат органининг функцияси белгилаб берилган:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси чиқиндилар билан ишлаш давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди, чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди, чиқиндиларни кўмиш ва утилизациялаш жойлари давлат кадастрини юритиш тартибини белгилайди, чиқиндилар билан ишлаш соҳасида нормативларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди, чиқиндиларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш тартибини белгилайди, чиқиндилар паспортизацияси тартибини белгилайди, хавфли чиқиндилар ва трансчегаравий ташилиши давлат томонидан тартибга солиниши зарур бўлган чиқиндилар рўйхатини тасдиқлайди, хавфли чиқиндиларни кўмиш учун ер участкаларини тақдим этиш масалаларини ҳал қилади, нодепозит сиғимлар ва тара муомаласи тартибини белгилайди, чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари миқдорини белгилайди; (30.08.2003 й.даги таҳрирдаги N 535-II ЎзР Қонунидан абзац)
- Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси – чиқиндилар билан ишлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ихтисослашган давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, чиқиндиларни кўмиш ва утилизациялаш жойларининг давлат кадастрини тузади, чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва технологик ишланмалар ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экологик экспертизасини ўтказади, чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини тасдиқлайди; ЎзР давлат қўмитаси бевосита республика парламентига ҳисобдордир. Бундай бўйсуниш мантиғи тушунарли, чунки Давэкоқўм қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг табиатдан фойдаланиш соҳасида қабул қилаётган давлат сиёсатининг бажарилиши устидан назорат қилиши керак.
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги – чиқиндилар билан ишлашда санитар меъёрлар ва қоидаларга риоя этилиши устидан давлат санитар-эпидемиологик назоратни амалга оширади, чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини сақлаш чора-тадбирларини белгилайди, чиқиндилар билан ишлаш объектлари бўйича давлат санитар-гигиеник экспертиза хулосасини беради, чиқиндилардан тайёрланаётган товарлар (маҳсулот)га санитар-гигиеник талаблар белгилайди ва уларга гигиеник сертификат беради, чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига хавфи даражасини белгилашда услубий таъминотни амалга оширади;
- “Ўзкоммунхизмат” агентлиги ваколатларига маиший чиқиндилар билан ишлаш дастурини ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда ЎзР Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, қайта ишлаш ва утилизациялаш устидан мониторинг амалга ошириш киради.
- “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ваколатларига тоғ-кон қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ишлаб чиқаришларининг чиқиндиларини ҳисобга олиш, сақлаш ва утилизациялаш устидан давлат кузатуви ва назоратини, радиоактив чиқиндиларни сақлаш, ташиш, утилизациялаш ва кўмишда радиацион хавфсизлик устидан давлат назоратини амалга ошириш киради.
- Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари – чиқиндилар билан ишлаш дастурларини тасдиқлайдилар, чиқиндилар билан ишлаш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароитлар яратадилар, тегишли ҳудудларда чиқиндилар билан ишлаш объектларини жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар, чиқиндилар билан ишлаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадилар, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш корхоналарини очишга кўмаклашадилар.
- Ички ишлар вазирлиги – санитар милиция, амалда ўзига юклатилган функцияларни бажармаяпти. Мораторий эълон қилинганига қарамай, амалда бутун мамлакат бўйлаб, жумладан республика пойтахтида дарахтлар кесилмоқда.
- Ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатига тегишли ҳудудларда чиқиндилар билан ишлаш объектларини жойлаштириш, аҳоли яшаш пунктларини санитар тозалашга ва маиший чиқиндиларни йиғиш учун тўловларнинг ўз вақтида тўланишига кўмаклашиш, чиқиндилар билан ишлаш объектларининг санитар ва экологик ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш (12- модда).
Амалда ўзини ўзи бошқариш органлари ҚМЧни иккиламчи қайта ишлаш бўйича салмоқли қарорлар қабул қилишга қодир эмас ва асосан аҳоли пунктларини санитар тозалашга жалб қилинади.
ҚМЧ манбалари
Жўшқин урбанизация, шаҳарда яшовчи аҳоли сонининг ўсиши, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг ғайриоқилона модели – буларнинг ҳаммаси кўп миқдорда чиқиндилар юзага келишига олиб келади.
Жиззах шаҳри микротуманидаги ахлатхона аҳволи.
Турар жой мавзелари, болалар боғчалари ёнида бетартиб юзага келган ахлатхоналардаги чиқиндилар уюмлари кундалик ҳаётимизнинг одати манзарасига айланди. Ахлатхоналар тупроқ, ҳаво, ерости ва ерусти сувларини ифлослантиради, ўз вақтида олинмаган маиший чиқиндилар атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун юқори экологик хавф уйғотади.
Маиший чиқиндиларнинг асосий ҳажми уч сектордан чиқади – турар жой-коммунал, саноат ва давлат-хусусий сектор.
Асосий ифлослантирувчи секторлар
Суғориладиган деҳқончилик
Саноат
Коммунал хўжалик
ЎзР Давстатқўм маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида бир йилда ўртача 950 минг тоннадан зиёд чиқинди ҳосил бўлади. Агар у ўз вақтида йиғиштириб олинмаса, шаҳар экологик ва санитар аҳволининг ёмонлашувигагина эмас, ахлатхоналарда йўқ бўлиб кетадиган катта ҳажмдаги қимматли хом ашёнинг бой берилишига ҳам олиб келади. Биз нафақат ўзимизга, балки келгуси авлодга ҳам тегишли бўлган табиат ресурсларини ҳайратланарли беэътиборлик билан исроф қиламиз.
Чиқиндиларнинг кўплаб компонентлари турли маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё вазифасини ўташи мумкин. Ахир бугун чиқариб ташланаётган чиқинди кеча ер қаъридан қазиб олинган, қайта ишланган, тайёрланган, фойдали буюм бўлган ва кейин, кераксиз бўлгани учун, ахлатхонага ташланган.
Тарих такрорланади
Тарихда Ўрта асрларда Европа ва Осиёда даҳшатли вабо тарқалганлиги айтилади, ундан миллионлаб киши ҳалок бўлган. Вабо жадал тарқалган, бутун бошли шаҳар ва қишлоқлар ҳувиллаб қолган. Одамлар нимадан вафот этаётгани номаълум бўлгани сабабли, аҳоли оммавий жазавага тушган. Узоқ вақт давомида бу гуноҳлар учун илоҳий жазо деган фикр ҳукм сурган. Қайсидир маънода бу тўғри бўлган – кейинчалик аниқланишича, бу даҳшатли касалликнинг асосий манбаси яшаш жойларининг ифлос ва санитарияга зид ҳолда сақланиши бўлган. Ахир Ўрта асрлар шаҳри ялпи чиқиндихонага ўхшарди, шаҳарда ахлатлар ёйилиб ётар, шаҳар кўчаларини от тезаклари қоплаганди.
Каламушлар, сичқонлар, пашшалар шу даражада кўп эдики, масалан, Германиядаги Мюнхень магистрати ҳар бир ўлдирилган каламуш учун 1 пфенниг тўлар эди. Архив ҳужжатларида келишича, шаҳар магистратураси каламушларни йўқотиш учун ҳар йили катта-катта маблағ сарфлаган. Кейинчалик айнан каламушлар ва сичқонлар вабонинг асосий тарқатувчилари бўлганликлари, инфекцияни катта мосфаларга ташиганликлари аниқланди.
Асрлар ўтди, аммо қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш муаммоси аввалгидан ҳам кўра долзарброқ аҳамият касб этди. Замонавий кўп миллионли шаҳарларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва утилизациялаш – энг мураккаб масалалардан. Замонавий ахлатхонанинг ассортименти – бу озиқ-овқат чиқиндилари, пластик, металл, суяк, тери, ойна, қоғоз каби уй хўжалиги ашёларининг узундан-узоқ рўйхатидир.
Чиқиндининг морфологик таркиби
Озиқ–овқат чиқиндилари 31-43%
Қоғоз ва картон 20-30%
Ойна 5-7%
Мато 5-7%
Пластмасса 2-16%
Резина 2-4%
Ушбу аралашмада инсон саломатлиги учун хавфли бўлган маиший кимё буюмлари, масалан симобли лампалар, батарейкалар, маиший эритувчилардан, бўёқлар, сақлагичлар, аккумулятордан заҳарли кимёвий моддалар ва ҳ.к. лар ҳам кўп учрайди.
Чиқиндилар даромад келтиради
Швейцарияда хизмат сафарида юрганимда ишлаб чиқариш чиқиндилари ва маиший чиқиндилардан тайёрланган арзон товарлар дўкони эътиборимни жалб қилди. Товарлар ассортименти жуда кенг эди – турли диаметрдаги қувурлар, турфа ўлчам ва рангдаги контейнерлар, шифер, қадоқлаш материалларидан тортиб, то мебель ва офис интерьерларигача бор эди. Мебелнинг устки қисми пахта толаси чиқиндиларидан тайёрланганди.
Иккиламчи қайта ишлаш Европанинг амалда барча мамлакатларида ривожланган. Масалан, Англияда консервалар алюмин идишларининг 45%дан кўпи қайта ишланади, кейин янги халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилади, бу уни эритишда ишлатиладиган энергияни 90%га тежайди.
Россияда пластикни иккиламчи қайта ишлаш мисоли қизиқарли – у ерда қайта ишланган пластик гранулаларини қўшиш орқали ўта мустаҳкам черепица ишлаб чиқариш усулини ишлаб чиқдилар.
Йирик шаҳарлар учун эски автомашиналар утилизацияси жуда долзарб масала. Шу сабабли ишлатилган автопокришкаларни қайта ишлаб, асфальт тайёрлашда, метрополитен жиҳозлари учун эластик плиталар, аварияда нефть плёнкаларини йиғишда ишлатиладиган майда дисперс резина увоқларини тайёрлаш бўйича кўплаб кичик фирмалар ва компаниялар пайдо бўлди.
Германия, Англия, АҚШ, Норвегияда балиқ ва гўштли консервалар, ичимлик ва ичкиликлар банкаларини қайта ишлаш бўйича катта тажриба тўпланган. Зеро консерва банкалари оқ тунукадан қилинган, бу эса қалай – саноатнинг амалда барча соҳалари учун зарур бўлган танқис металлни ишлаб чиқаришдаги ўта қимматли стратегик хом ашё саналади.
Бизда, Ўзбекистонда ойна синиқларини йиғиш ва утилизациялаш муаммоси муваффақиятли ҳал қилинмоқда, бир нечта қудратли печь ишга туширилган. Ойна майдаланиб, эритилади кейин янги идиш ясалади ёки бетон ва асфальт ишлаб чиқаришда қум ёки гравий ўрнида ишлатилади.
Пластик идишларни йиғиш ва иккиламчи қайта ишлашнинг илк тажрибаси Ўзбекистонда 2010 йилда, “Армон” аёллар маркази ННТ томонидан Тошкент ва Ангренда, “Чиқиндилар – даромадга” лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш давомида Тошкент ва Ангренда ҚМЧни саралаб йиғиш учун иккита ихтисослаштирилган майдон қурилди. У пайтларда ажратиб йиғиш амалиёти мутлақо бўлмагани боис, кир ювиш воситалари тўплами (совун, кир ювиш кукунлари, тозалаш воситалари) кўринишида аҳолини рағбатлантириш бонусли тизими ишлаб чиқилди. Пластик бутилкалар топширилганда бонус бериш тизими идеал даражада иш берди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида ўта муҳим вазифалар бажарилди. Биринчидан, аҳоли ҚМЧни иккиламчи қайта ишлашда яхшигина пул топиш мумкинлиги ҳақида хабардор бўлди ва энг муҳими, маҳаллий ҳамжамиятлар вакиллари ўз муаммоларини ўз кучлари билан ҳал қилишга ўргатилди.
Нима қилинди ва нима қилиш керак
ҚМЧни иккиламчи қайта ишлаш республиканинг экологик ва санитар ҳолатини яхшилашга хизмат қилибгина қолмай, аҳоли ҳаёти сифатини ҳам яхшилайди. Қуйида Ўзбекистон Республикаси вилоятларида ҚМЧ йиғиш полигонлари сони кўрсатилган диаграмма келтирилган.
Зайнутдинова Д.Б. доцент, г-м.ф.н.