Ўтган аср бошларида Генри Форд ишлаб чиқаришга конвейерни татбиқ этган ва илк ҳамёнбоп автомобилни чиқарган эди. Натижада, кўплаб одамлар иссиққина иш ўринларидан айрилишга мажбур бўлгандилар ёки даромадларига путур етганди. Бутун дунё учун неъмат бўлган технология тараққиёти маҳаллий муаммоларни туғдирганди.

Инсоннинг автоматизацияланган тизимлар билан алмаштирилиши масаласи ҳар ерда ўз ечимини топмоқда. Бу ҳам молиявий жиҳатдан фойдали, ҳам сифатга таъсир кўрсатади: автоматлар камроқ хато қилади, куну-тун ишлайди ва шахсий муаммоларга эга бўлмайди. Шу тариқа, замонавий дунёда кўплаб касблар қирилиш ёқасига келиб қолди.

Автоматизация асрида ҳуқуқшуносларни нима кутмоқда?

2016 йилда Baker & Hostetler юридик компанияси янги ходимни ишга олди. Бу ROSS деб номланган илк робот-адвокат эди. У IBM томонидан яратилган Watson когнитив тизими асосида ишлайди. Робот инсон нутқини тушунади, ахборотни излай олади, гипотезалар билан жавоб беради ва профессионал адабиётга ҳаволаларга таяниб аргументлар келтиради. Шу тариқа, рақамли адвокат бир дақиқада ишни ўрганиб чиқиши, норматив ҳужжатларда мувофиқликни топиши ва холисона хулоса бериши мумкин.

Мисол сифатида пойтахтимиздаги ўртача статистик компанияни олайлик: қоидага кўра, у самарали электрон ҳужжат алмашинуви ва жараёнлар автоматизациясига эга эмас. Иш жараёнлари пала-партиш, тартибга солинмаган, ходимлар ўз билгича, топшириққа мувофиқ, одатга кўра иш юритадилар. Иш жараёнларининг чигаллиги, ҳисобдорлик таҳлилининг мураккаблиги, умумий иш тизими ва билимлар базаси мавжуд эмаслиги, ишни тезда бошқа ҳуқуқшуносга топширишнинг имконсиз эканлиги — бу компаниялар вақт ва маблағ йўқотадиган муаммоларнинг айримлари, холос.

Дейлик, мана шундай компаниялардан бири робот сотиб олди. Бу инновация компания муаммоларини ҳал қиладими ёки робот ишсиз қолиб кетадими?

Рақамли ходим ҳуқуқшунос сифатида сифатли ишлаши учун, компанияда бизнес-жараёнларнинг автоматизацияси жорий этилиши керак.  То компаниянинг ўзи тўлиқ компьютерлаштирилмас экан, барча жараёнлар электрон ҳужжат алмашинуви воситасида юритилмас экан, ишлар автоматизацияланмас экан, робот ўзини оқламайди. Ҳатто шу ҳолатда ҳам роботнинг ҳуқуқий кучга эгалиги (айниқса, мижоз манфаатларини судда ҳимоя қилишда)  масаласи очиқ қолади.

Нега энди инсон-адвокат касби буткул йўқоладиган кунга яқин қолгани ҳақидаги гаплар тез-тез такрорланмоқда?

Биринчи навбатда, ишларнинг аксарияти бир маромда, зерикарли ва алоҳида ақлий изланишлар талаб этмайдиган жойда одамлар ўрнига роботлар келади. Замонавий бозорда ҳуқуқшуносларнинг бир хилдаги ишларини соддалаштирадиган ҳужжат алмашинувининг самарали тизимини жорий этиш бўйича кўплаб таклифлар мавжуд.

Масалан, майда дебиторлик қарзлари ва мижозлар қўнимсизлиги одатий ҳол бўлган мобил хизматларни тақдим этиш компаниясининг олайлик. Ҳар бир компания ўзининг ички ҳисоб сиёссатини тасдиқлайди, унда қарздорликни ундириш фақат компания зарарига бўладиган ва сарфланган вақт, меҳнат ҳамда молиявий ресурсларни қопламайдиган минимал сумма белгиланади. Саводли тузилган атвоматизация тизимга дебиторлик қарздорлигига эга мижозларни муддат ва сумма бўйича шакллантириш, даъвони расмийлаштириш ва мижознинг корпоратив рақами ёки электрон почтасига юбориш имконини беради. Суд ишлари бўйича ҳам шундай таомил амалга оширилади, ҳуқуқшуносга давлат божини ўз вақтида тўлашни ташкил этиш, ҳужжатларни судга йўллаш ва иштирок этиш қолади. Яна ҳам тараққий этган дастурлар бор, улар, алоҳида алгоритмлар ўрнатилганда, муайян суммагача бўлган давлат божини мустақил тўлайди, даъвони шакллантиради ва уни электрон шаклда судга, белгиланган реквизитлар бўйича йўллайди.

Буюк Британия ёки АҚШда ҳуқуқшуноснинг фаолиятини замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улкан ҳажмдаги ҳуқуқий ахборот, уюм-уюм қоғозлар ва шартномалар, иш ва судларнинг узлуксиз оқими, юқори тоифали мутахассисларнинг фаолиятини бесамар ҳаракатларга айлантирмаслик учун, тизимлаш ва автоматизацияни талаб қилади. Ўзбекистонда йирик юридик фирмалар ўз мутахассисларининг ишини замонавий дастурий таъминот ёрдамида автоматизациялашга интиладилар, бироқ аксарият компаниялар юридик департаментлари ходимлари эскича иш кўрадилар, вақтларини стандарт амалиётларга сарфлайдилар.

 

Автоматизация қачон ўзини оқлайди

 

Агар адвокатлик идораси ёки юридик департамент беш нафардан ортиқ ходимга эга бўлса, муқаррар равишда битта суд иши устида ишлаётган ҳуқуқшунослар ўртасидаги алоқаларда мураккабликлар юзага келади, улар вазифалар тақсимотида ва ижронинг раҳбар томонидан назорат қилинишида кўринади.

Агар компанияда бир вақтда бир неча суд жараёнлари кечаётган бўлса, ҳуқуқшунослар ҳужжатлар ва аргументацияларни тайёрлаш бўйича ишларга кўмилган бўладилар — улар суд мажлисларида буюртмачининг манфаатларини ҳимоя қилишлари лозим бўлади, шу билан бир вақтда улардан мижозни иш боришидан мунтазам хабардор қилиб туришлари, бажарилган иш ҳақида ҳисобот тайёрлашлари талаб қилинади.

Ўз вақтида хабардор қилиш юристга навбатдаги ҳужжатларни вақтида тайёрлашни унутмаслик ёки суд мажлиси кейинга қолдирилганидан бохабар бўлиш имконини беради. Ҳисоботлар эса, берилган ўлчамлар бўйича автоматик равишда тайёрланиши ва ҳуқуқшуносни зерикарли ишдан халос қилиши мумкин

Автоматизация ҳуқуқшунос учун барча ишни қилиб бермайди, балки унинг фаолиятини бир тизимга солади ва юридик департамент раҳбари учун шаффофлигини оширади, бу эса ходимлар фаолияти самарадорлигини ва назоратини яхшилайди.

Юридик хизматни автоматизациялаш нима беради:

  • ишни кўриш учун зарур ҳужжатларни тизимлаштириш ва улардан тезда фойдаланиш;
  • бир хилдаги ишларни соддалаштириш ҳисобига, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш; билвосита бу ходимлар мотивациясининг ўсишига таъсир кўрсатади;
  • суд харажатларининг қисқариши ва иш юритиш бўйича иш вақти сарфининг камайиши;
  • қарорлар қабул қилинишининг тезкорлиги;
  • иш бўйича ҳужжатлардан фойдаланиш даражасининг аниқ чегараланиши;
  • инсон омилининг истисно этилиши — бирорта ҳужжат ёки суд мажлиси санаси ходимнинг беэътиборлиги сабабли қолиб кетмайди ёки унутиб қолдирилмайди;
  • стандарт ҳужжатларнинг тезкор тайёрланиши ва суд ишлари бўйича ҳисоботларнинг бир зумда олиниши;
  • турли суд ишлари бўйича вазифалар муддатларининг назорат қилиниши.

 

Суд ва лойиҳалаштириш фаолиятининг автоматизацияси ҳуқуқшуноснинг вақтинча мавжуд эмаслиги ёки янги ходим келиб, олдин нима бўлгани, иш қандай юритилгани, ҳужжатларни қаердан, қандай излаш ва тўплаш кераклигини билмай тургандаги қийинчиликларни ҳал қилади. Жараёнлар автоматизацияси тизими исталган давр учун керакли ҳисоботни тақдим этади, электрон омборда архивда сақланадиган ҳужжатларни ўрганиш учун чиқариб беради, юзлаб ҳужжатлар ва вазифаларни ҳал қилишга тўғри келганда ахборот ичида адашиб, муҳим маълумотни беэътибор қодириш эҳтимолини йўққа чиқаради. Бундай тизим фақат суд ишларини юритибгина қолмай, бошқа турдаги лойиҳаларни ҳам бошқаради: шартнома ва даъво фаолияти, ундириш, шунингдек ҳар бир дақиқани режалаштириш ва ҳисобга олиш имконини беради.

Ўрнатма конструктор аризалар, шартномалар, даъволар, ҳисоблар ва боқша ҳужжатлар намуналарини шакллантириш имконини беради. Стандарт ҳужжатларни намуналардан фойдаланиб шакллантириш бир неча дақиқа ичида амалга ошади ва ҳуқуқшуносларнинг 60 фоизгача вақтини тежайди. Бундай тизим, шунингдек, кадрлар маъмури, архивариус, раҳбар ёрдамчилари ва ҳ.к. нинг ишини ҳам сезиларли енгиллаштиради.

Бизнес-жараёнларни автоматизациялаб бўлган компанияларда ҳуқуқшунослар стандарт вазифаларга қарийб 12 баробар кам вақт сарфлайдилар. Бир хилдаги ишларда тежамкорлик мураккаб, “робот”ларнинг қўлидан келмайдиган профессионал вазифалар учун вақт ажратиш имконини беради.

Шу тариқа, ахборот тизимлари ва дастурий таъминотнинг тўғри қўлланилишида бир хилдаги ишлар ҳажми кескин қисқаради, бу инсоннинг ижодий фаолияти сифати ва ишончлилигини сезиларли оширади. Профессионаллар замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан ўз имкониятлари ва қобилиятларини намоён қилишнинг самарали воситаси сифатида фойдаланишлари, зерикарли ишлардан халос бўлишлари мумкин.
Юристлар ишининг атоматизацияси — бу мутахассисларни роботларга алмаштириш эмас, балки бир хилдаги ишларни қисқартириш ва ижодий вазифалар сонини оширишдир. Ақлли технологиялар ҳуқуқшунослар ўрнига иш бажара олмайдилар аммо кўплаб стандарт вазифаларни ҳозирнинг ўзида 10 баробарга тезлаштириш мумкин. Масалан, агар автоматизация тизимисиз стандарт даъво тайёрлашга ҳуқуқшунос 15 дақиқадан 30 дақиқагача вақт сарфласа, автоматизацияланган тизимда бунга бор-йўғи 3 дақиқа кетади.

Робототехниканинг ривожланиши, табиийки, иш ўрниларининг қисқаришига олиб келади аммо бу одамларни сифат жиҳатидан янги лойиҳаларни ривожлантиришга ундайди, юксак технологияларнинг ўзлари эса, яқин келажакда янги мутахассисларни яратадилар.
Бундан ташқари, роботлардан яхши терговчилар чиқиши эҳтимолдан йироқ, ҳар қалай, сунъий интеллектнинг жиноят мотивларини тушуниши қийин бўлади. Механизацияланган ёрдамчилар ахборотни қайта ишлаши, далиллар билаш шуғулланиши, эҳтимол, талқинларнинг энг ҳақиқатга яқини ва статистик жиҳатдан кўпроқ учрайдиганини аниқлаши мумкин. Ҳуқуқшунослар, адвокатлар, айбловчилар ва судьялар инсонийликлари сабабли, инсонлардан бўлиб қолаверадилар.

Ҳуқуқшунослик касби яна узоқ йиллар долзарб бўлади. Ҳозирда ҳуқуқшунослар “тиқилиб ётибди” дейишади ва ҳақиқатан, дипломида юрист деб ёзилганлар етарли, лекин ҳақиқатан тайинли мутахассисни, айниқса ҳуқуқий муносабатларнинг тор соҳаларида топиш — катта омад.  Биз ҳар куни тобора кўпроқ ҳуқуқий муносабатларга киришамиз, шу сабабли инсонлар ҳуқуқий ёрдамга ҳар доим эҳтиёж сезадилар.

 

Умида Усманова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *