Ернинг ҳали-ҳануз одамларга бойлиги ва инсоният мавжудлиги учун қулай шароитга эгалиги, аслида, катта омад саналади. Саутгемптон университети Ер тўғрисидаги фан профессори Тоби Тиррелл The Conversation учун ёзган мақоласида шундай хулосага келади.
Ибтидоий одам Homo sapiensга қадар шаклланиши учун 3-4 миллиард йил керак бўлди. Иқлим шароитларидаги ҳар қандай ўзгариш эволюцияни йўққа чиқариши ва биз мутлақо бўлмаслигимиз ҳам мумкин эди. Ер юзида ҳаёт қандай пайдо бўлганлигини тушуниш учун Ер миллиардлаб йиллар давомида қандай қилиб яшашга яроқли бўлиб қола олганини тушуниб олиш керак. Ҳозирда биз иқлимни бир неча юз йилда ўзгартириб ташлаш осонлигини кўряпмиз. Ҳисоб-китоблар Ер иқлими атиги бир неча миллион йил ичида нолдан паст ёки қайнаш ҳароратидан юқори даражага етиши мумкинлигини кўрсатади. Шунингдек, биз Қуёш ҳаёт пайдо бўлган вақтга қараганда 30 фоизга ёрқинроқ бўлганлигини, бунинг оқибатида, назарий жиҳатдан, океанлар қайнай бошлаши керак эканлигини ҳам биламиз. Бироқ бу жумбоқ бизнинг фойдамизга ечим топган.
Олимларнинг фикрига кўра, Ер термостатга ўхшаш, иқлимни ҳалокатли ҳароратгача боришининг олдини олувчи қайта алоқа механизми (механизмлари)га эга. Бундан ташқари, олимлар тасодифийлик ёки омад унсурларини ҳам истисно қилмайдилар. Кўп сонли сайёралардан, эҳтимол саноқлисининг омади чопган ва Ер – уларнинг бири. Узоқда жойлашган юлдузларни кузатиш уларнинг кўпчилиги атрофида сайёралар айланишини ва уларнинг айримлари назарий жиҳатдан инсон яшаши учун яроқли ўлчам, зичлик ва орбитал масофага эга эканлигини кўрсатади. Ҳисоблаб чиқилишича, фақат бизнинг галактикамизнинг ўзида камида икки миллиард мана шундай номзод-сайёралар мавжуд. Бироқ буни текшириш имконсиз – ахир Проксима Центавра юлдузи атрофида аланаётган энг яқин экзосайёрагача ҳам тўрт ёруғлик йилидан узоқроқ масофа бор.
Профессор Тоби Тиррелл бу масалани моделлаштириш ёрдамида ўрганди – бунда сайёралардаги иқлим эволюциясини моделлаштиришга мўлжалланган компьютер дастуридан фойдаланди. Ўз тажрибасида олим ҳар бири тасодифий иқлимий қайта алоқа тўпламига эга 100 000 та сайёрани жамлади. Ҳар бир сайёра унда одам яшаши учун қулай қоладиган эҳтимолини ҳисоблаб чиқиш учун 100 мартадан моделлаштирилди. Ҳар бир сайёра бўйича тажриба турли бошланғич ҳароратдан бошланди ва тасодифий иқлимий ҳодисаларнинг турфа тўпламларига дучор қилинди. 100 та уринишнинг ҳар бири давомида сайёранинг ҳарорати ҳаддан ташқари иссиқ ёки ҳаддан ташқари совуқ бўлмагунча ёки уч миллиард йил ўтмагунига қадар кузатиб борилди.
Моделлаштириш натижалари кўрсатишича, сайёранинг одамлар яшаши учун яроқлилигининг давомийлиги – бу қайта алоқа натижасидан кўра кўпроқ тасодиф экан. Шу билан бирга биргина омаднинг ўзи етарли эмас. Атайин қайта алоқасиз лойиҳалаштирилган сайёралар асло одам яшашига яроқли бўлмади.
Бундан Ер қандайдир термостат ёки қайта алоқа механизмига эга бўлиши керак, деган хулоса қилиш мумкин лекин, шу билан бирга, у яшашга қулай бўлиб қолиши учун омад элементи ҳам муҳим. Агар, масалан, астероид ёки Қуёш чақнаши бироз катта бўлган бўлса ёки биз учун нобоп бўлган вақтда рўй берганда, биз, эҳтимол, Ер юзида ҳозир яшамаган бўлардик.