Бизнес-фаришталар – бу кўпчилиги кейинчалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиши мумкин бўлган истиқболли инновацион лойиҳалар, технологиялар ва ғояларнинг рўёбга чиқишига ёрдам берувчи норасмий инвесторлардир.
Ушбу тоифа ҳомийларни бундай романтик ном билан аталиши Америкада, 20- аср бошларидан урф бўлди. Бродвейдаги саҳна асарларига сахийлик билан пул тикувчи бадавлат бизнесменларни шундай атардилар. Ҳозир ҳам маъно ўша-ўшалигича қолган: фаришта деганда саховатпеша бизнесменлар ёки, ҳеч бўлмаганда, жуда садоқатли шериклар назарда тутилади.
Бугунги кунда бизнес-фаришталар кимлар? Булар – ўз бизнесини муваффақиятли ривожлантираётган тажрибали тадбиркорлар, энг йирик компаниялар топ-менежерлари, муваффақиятли карьера қурган одамлардир. Бизнесмен тажрибаси ва сезгирлиги – булар бизнес-фариштанинг муҳим сифатларидир, зеро уларда аввал-бошдан муваффақият учун ҳеч қандай кафолат йўқ, боз устига, ҳар қайси стартап ҳам фойда келтиравермайди.
Бизнес-фаришталарнинг вазифаси – шунчаки профессионал равишда потенциал фойдали ғояларга инвестициялар киритиш эмас, балки у устозликни, маслаҳатгўйликни, йўл-йўриқ кўрсатишни, эҳтимол бошқарувда кўмаклашишни ҳам ўз ичига олади.
Мақсад – қанотлари остига олган лойиҳаларини ривожлантириш, қийматини ошириш, бозорга пухта ишланган юқори технологик маҳсулотни киритиш.
Кўпчиликнинг хабари ҳам йўқ, лекин дунёга донғи кетган ўнлаб компаниялар ривожланиш бошида айнан бизнес-фаришталар томонидан инвестицияланган. Уларга  Amazon, Google, Yahoo, Intel мисол бўлади.
Биз бизнес-фаришталарни QVANT саҳифаларида ўзларини намоён этишга, стартапларга устозлик қилишга чорлаймиз – ажабмаски, айнан сиз ғаройиб, лекин реал ғояларга эга зўр компаниялар ҳамсоҳибига айлансангиз.

Qvant таҳририяти тахлил гуруҳи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *