Ўзбекистон учун “комплаенс” сўзи қулоққа нотаниш ва янги тушунча. Лекин ҳозирданоқ ушбу тизим ислоҳотлар жараёнида муҳим ўрин эгаллаши ва мамлакатимизда бизнес ҳамда корпоратив маданият ривожланишига ўз таъсирини кўрсатиши аниқ.
Комплаенс нега зарур? Ўзбекистон шароитида бизнес учун комплаенс қандай афзалликларни таъминлайди?
Мамлакат миқёсида маҳаллий компанияларнинг халқаро бозорга чиқиши ва чет эллик ҳамкорлар билан тўлиқ ҳуқуқли ўзаро ҳамкорлик қилиши масаласи доимо муҳим бўлиб келган. Шунингдек, инвестицион муҳитни яхшилаш, инвестицияларни жалб қилиш, янги тармоқларни ишлаб чиқиш ва янги технологияларни жорий этиш кўриб чиқилмоқда. Бу вазифаларни ҳал қилиш учун коррупцияга қарши меъёрларга риоя этилиши кафолати, хатарларни баҳолаш ва камайтириш тизими, шунингдек бизнесдаги ички назоратнинг адекват тизимларини татбиқ этиш керак бўлади. Буларнинг ҳеч бирига, ҳам давлат миқёсида, ҳам алоҳида олинган корхоналар даражасида, самарали комплаенс тизими ва хизматини барпо этмай эришиб бўлмайди.
Бу нега муҳим
Комплаенс ривожланиши қарийб асрга тенг тарихга эга, унинг асосий бошланғич нуқтаси Уотергейт воқеасидан бошланган йирик коррупция можаролари бўлди. Уларнинг натижаси ўлароқ, 1977 йилда Хориждаги коррупция тўғрисида акт қабул қилинди (FCPA — Foreign Corrupt Practices Act). Акт молиявий ҳисоботлар назорати ва уларга талабларни, шунингдек давлат амалдорлари билан ўзаро муносабатлар регламентацияси қоидаларини янада қатъийлаштирди.
Тизимнинг келгуси ривожланиши нафақат ҳудудлараро норматив ҳужжатлар қўллашни, балки бизнес юритишнинг ахлоқий қоидаларини жорий этишни ҳам ўз ичига оларди. Масалан, 90- йилларда АҚШда Federal Sentencing Guidelines (ташкилотлар учун жиноий жазо қўллаш тартиби тўғрисида шарҳ) қабул қилинди. Унда комплаенс соҳасида самарали дастур яратиш бўйича, жумладан ахлоқий бошқаруви қоидаларига оид аниқ йўриқномалар акс этганди. 2004 йилда ушбу Қўлланма менежментнинг комплаенс-дастурлар асосий шартларини билиши зарурлиги ҳақидаги қоидалар билан бойитилди.
Комплаенс ривожланиши тарихидаги эътиборли воқеа 2001 йилда ENRON компанияси (АҚШдаги йирик энергетик компания)нинг банкрот бўлиши бўлди. Банкротликка сабаб фаолиятнинг жиддий ички бузилиши, активлар жойлаштиришнинг офшор схемаларини қўллаш ва зарарлар борасида ҳисобдорликнинг қалбакилаштирилиши бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, ENRON банкротлиги ҳужжатларни қалбакилаштиришда қатнашган Arthur Andersen аудиторлик компаниясига нисбатан жиноий иш қўзғатилишига ва WorldCom, Qwest Communications каби унинг бошқа мижозлари банкротлигига олиб келди.
ENRON можароси Сарбейнз-Оксли Қонуни (Sarbanes-Oxley Act, SOX) қабул қилинишига сабаб бўлди, у ташкилотлар молиявий ҳисобдорлигига талабларни қатъийлаштирди, шунингдек корхоналар зиммасига ҳисобдорликни Америка тартибга солиш идораларига тақдим этиш мажбуриятини юклади. ENRON можаросидан кейин кўпгина компаниялар ўз бизнес-стратегияларини тўғриладилар ва назорат ҳамда ахлоқ меъёрларини жорий этишнинг ички тизимларини яратдилар.
Айрим мамлакатларда комплаенс дастлаб банк соҳасида ривожланди ва асосан жиноий даромадларни ҳалоллашга қарши кураш дастурлари доирасида банк амалиётлари устидан назорат воситаси ўлароқ ривожланди. Кейинчалик комплаенс хизмати кенгая борди ва ҳозирда тўлиқ шаклланган ички назорат тизими сифатида намоён бўлмоқда.
“Комплаенс” (ингл. Compliance) талабларга риоя этиш, бирор-бир қоида ва меъёрларга мувофиқ келишни англатади. Бизнес соҳасига қўлланилганда бу атама остида корхонанинг бизнес юритишнинг халқаро ахлоқий стандартларига мувофиқ келиши ва у томонидан қонунчилик ва ахлоқ меъёрларига риоя этилиши тушунилади.
Шу тариқа, ишонч билан айтиш мумкинки, комплаенснинг ривжланиши коррупцияга қарши меъёрларни амалга ошириш ва ноқонуний даромадларнинг легаллаштириш учун жавобгарлик механизмини яратишга интилишни тақозо қилади. Бунда, жавобгарлик жуда катта бўлиши мумкин: обрў йўқотилиши ва муайян тармоқларда бизнес юритиш имконияти чекланишидан тортиб то аниқ жарималар тўлаш ва корхонанинг бутунлай ёпилишигача.
Татбиқ этиш йўли
Ўзбекистондаги жаҳон бозорига чиқишни режалаштираётган бизнес-тузилмалар ва умуман, бозорлар глобализацияси шароитида мамлакатнинг ўзидан ҳам, ички назорат тизимлари самарали ишлашини таъминлаш талаб этилади.
Тизим ҳақиқатан самарали бўлиши учун, ҳар бир корхона, ҳар бир тузилма ўз фаолиятини таҳлил қилиши ва потенциал юқори хатарга эга йўналишлар ва жиҳатларни белгилаши лозим.
Учта асосий комплаенс-хатар:
обрўга путур етиши хатари, у корхона ёки унинг ишчилари, акциядорлари, муассислари, раҳбарияти ёки аффилланган шахслари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кенг омма учун салбий ахборот тарқатилишини ўз ичига олади;
ҳуқуқий хатар: тегишли идоралар томонидан таъқибга сабаб бўлувчи қонунчилик (маҳаллий ёки фавқолҳудудий) бузилиши; коррупцион ҳаракатлар; фаолият юритишдаги ҳуқуқий хатолар; субъект жойлашган мамлакат ҳуқуқ тизимининг номукаммаллиги; шартнома мажбуриятларига риоя этилмаслик; қаллоблик ҳолатлари ва ш.к.
амалиётга доир хатар: зарар кўришга сабаб бўлган корхона ички қоидаларининг бузилиши; тармоқ меъёрлари ёки кодексларининг бузилиши, бизнес-жараёнларда назорат йўқлиги ёки хатолар мавжудлиги; ҳисобдорлик қоидалари бузилиши; аффилланган шахслар ва/ёки акциядорлар томонидан қонунчилик, таъсис ва ички ҳужжатларга риоя этилмаслиги.
Комплаенс дастур нафақат юқорида келтирилганларни, балки корхона самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ёндош хатарларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Комплаенс юрист, иқтисодчи ёки аналитик функцияларининг ўрнини босади, дейиш хато бўлади. Йирик халқаро ташкилотларда қабул қилинган комплаенс тизими корхона фаолиятининг барча соҳаларида қўллана олади ва ушбу бизнес юритиш ахлоқи доирасида барча маъмурий ҳамда ишлаб чиқариш функцияларининг биргаликда ишлашини назарда тутади.
Моҳиятан, корхонада комплаенс татбиқ этилишидан мақсад – бу фаолиятнинг потенциал коррупцион соҳаларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўйича самарали механизмларни яратиш, ҳуқуқий ва молиявий хатарларни баҳолаш ва бошқариш, корхонани турли ҳуқуқий, солиқ, иқтисодий, обрўга оид, санкциявий хатарлардан комплекс ҳимоясини таъминлаш, ички корпоратив маданият ва бизнес юритишнинг ахлоқий стандартларига садоқатни ривожлантиришдан иборат.
Хатарларни бошланғич баҳолаш комплаенс тизимини ва асосий ички ҳужжатларни ишлаб чиқишга замин бўлиб хизмат қилади. Кейинги босқичда эса, ишлаб чиқилган ҳужжатларни татбиқ этиш ва улар ижросини кузатиб бориш амалга оширилади.
Назорат тизими одатда қуйидаги йўналишлар бўйича мониторингни кўзда тутади:
корхона фаолиятининг тармоқ ва ҳамда бизнеснинг ушбу сегментидаги ахлоқ меъёрларига мувофиқ келиши;
потенциал манфаатлар тўқнашувини, яъни шахсий манфаат (бевосита ёки билвосита) шахс томонидан лавозим ёки хизмат мажбуриятларини талаб даражасида бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсири кўрсатиш эҳтимолига эга бўладиган вазиятларни, шахсий манфаатдорлик ва корхона ёки давлат манфаатлари ўртасида зиддият юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб бориш;
монополияга қарши қонунчиликка риоя этиш;
шериклар, етказиб берувчилар ва воситачилар билан биргаликда ишлаш, ишончлиликни текшириш;
махфий маълумотлар, жумладан шериклар ва компания ходимлари шахсий маълумотларини ҳимоялаш бўйича чораларга риоя этиш;
корхонанинг ички маҳаллий ҳужжатларининг амалдаги қонунчликка мувофиқлиги;
ходимлар ҳууқларига риоя этиш, фаолиятнинг меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқлиги, ички интизом текширувлари;
коррупцияга қарши қонунчилик ҳамда жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш қонунчилиги ва ҳ.к. талабларининг ижроси.
Комплаенс-назорат тизимидан фойдаланиш бизнес ривожланишига тўғаноқ бўлади, деган фикр ҳам мавжуд. Агар тизимнинг ўзи тўғри қурилган бўлса, асло бундай бўлмайди. Янги ички ҳужжатлар ва таомилларни жорий этиш, бизнес-жараёнларни қайта кўриб чиқиш, оптимизация, тегишли назорат ва мониторинг талаб этилади, лекин, умуман олганда, тизим бизнеснинг барқарорлигини ва потенциал ҳамда реал хатарлардан ҳимоялашга қаратилгандир.
Натижа қандай бўлади
Компания корпоратив комплаенс-тизими самарали ишлашининг натижалари қуйидагича бўлади:
реал ва потенциал қаллоблик, коррупция ва бизнесга таҳдиднинг бошқа турларини аниқлаш ва олдини олишнинг самарали ва амалий тизими;
хатарни камайтириш ва молиявий йўқотишлар, банкротлик ва компанияга нисбатан маҳаллий ҳамда фавқолҳудудий тартибга солиш идоралари томонидан санкциялар эҳтимолини минималлаштириш;
хатарларнинг умумий мониторинги;
корхонада ички корпоратив маданият ривожи;
корхона рақобатбардошлиги ва қийматининг ортиши;
ишчанлик обрўсининг сақланиши ва ривожлантирилиши.
Ўзбекистон комплаенс-тизимларни татбиқ этиш ва ишлаб чиқишнинг бошланғич босқичида турибди. Тегишлича, маҳаллий комплаенс-тизимнинг ишлаб чиқилиши ва амал қилиниши амалга ошириш жараёнида муайян мураккабликларга дуч келади ва шу сабабли, ҳам ходимлар, ҳам комплаенс бўйича мутахассисларнинг ўзларини ўқитиш ва ўзаро ишлашларининг мониторингини яратиш зарурати юзага келади. Бу жараёнда халқаро тажрибадан фойдаланиш ва энг самарали комплаенс-амалиётларни Ўзбекистоннинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда маҳаллийлаштириш муҳим саналади. Шунда комплаенс Ўзбекистон бизнесининг жаҳон бозорига муваффақиятли интеграциясига хизмат қилувчи афзаликклардан бирига айланади.
Умида Аллабердиева