Блокчейн технологияси бизнес ва умуман жамият учун янги имкониятлар очиш борасида катта салоҳиятга эга эканлиги ҳақида кўплаб баҳс-мунозаралар мавжуд. Бу инновация ривожланаётган бозорларга, масалан, МДҲ мамлакатларига қандай фойда келтириши мумкин?

Блокчейнни хусусий ёки оммавий тармоқдаги бир неча компьютерларда сақланган, шифрланган рақамли китобга ўхшатса бўлади. У одатда «блоклар» деб аталувчи маълумотлар ёзувларидан иборат бўлади. Қачон бу блоклар ягона занжирга бирлашса, бу ахборотни ҳеч ким ўзгатира ёки ўчира олмайди; балки бу блоклар умумий бошқарув протоколлари ва автоматизация таомилларидан фойдаланган ҳолда бошқарилади.

Блокчейн технологиясининг афзаллиги транзакцияларнинг шаффофлиги ва ҳимояланганлигини таъминлай олишда, транзакцияларни барқарор, марказлашмаган регистрда қайд этилишининг кафолатлашда кўринади. Бу, умумий олганда, қўшимча харажатлар, инсонга хос хатолар ва вақт йўқотишини бартараф этади.

Иқтисодий ва ижтимоий тармоқларнинг кўпчилигида маълумотларни қўлда тўплаш сифати жуда паст ва узуқ-юлуқ бўлган, ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатлар учун бу муҳим; ушбу камчиликлар бир мамлакат доирасида тўпланган маълумотларни ўзаро қиёслашни қийинлаштиради.

Блокчейн салоҳиятини молия тармоғи мисолида кўриб чиқамиз.

МДҲ мамлакатларининг молиявий тизимлари миллионлаб одамларга хизмат кўрсатишга масъул бўлса ва ҳар куни миллиардлаб долларлик транзакцияларни таъминласа-да, ҳали ҳам ривожланмаган ҳолда турибди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, МДҲ минтақасининг молиявий ривожланиши тараққиётда илгарилаб кетган мамлакатларникидан анча орқада. Масалан, Жанубий Корея фонд бозорининг кўлами жами ЯИМ ҳажмининг 113 фоизига тенг бўлган бир пайтда, Украина фонд бозори мамлакат ЯИМнинг 16 фоизидан камроғини ташкил қилади. МДҲ мамлакатлари тизимлари айрим камчиликларга эга: кечикиш ва қўшимча йиғимлар – бу қўшимча самарасизлик ҳосил қилади, у эса, пировардида, жиноий фаолият учун имкониятлар очади. Маъмурий харажатлар ўсиши ҳам банк ходимлари учун хавотир манбаига айланган, чунки бу қўшимча харажатлар мижозлар зиммасига тушади ва улар учун оғир юк бўлади.

Тадқиқотларга кўра, айрим МДҲ мамлакатларида «норасмий» тармоқ кўлами ЯИМнинг 40 фоизидан ортиқни ташкил қилиши мумкин (Россияда – 33,7%, Украинада 42,9% ва Молдовада – 40%). Қолаверса, афтидан, МДҲ мамлакатлари аҳолиси молиявий институтларга нисбатан жуда паст ишончга эга: мисол учун, Россия аҳолисининг 65 фоизигина банкларга ишонади.

Аввал-бошда блокчейн криптовалюталарни қўллаб-қувватлаш учун яратилганди. Шунга қарамай, ушбу технологиянинг салоҳияти кенгроқ хизматлар кўламини тақдим этишга қодир; моҳиятан, бу миллионлаб қурилмалар учун қимматли ашёлар ҳисобини юритувчи улкан оммавий бухгалтерия китобидир. Масалан, акциялар, облигациялар, битимлар, контрактлар ва пуллар каби турли элементлар блокчейн технологиялари ёрдамида суғурталаниши мумкин.

Агар биз ижтимоий ва институционал ишончни анъанавий молия тармоғидаги транзакцияларнинг муҳим қурилиш блоки деб ҳисобласак, блокчейн технологияси бу турдаги ишончга эҳтиёж сезмайди, аксинча, уни тенг мақомдаги ҳамкорликка, криптографияга, интеллектуал код ва тармоқдаги консенсусга алмаштиради. Блокчейн технологиясини ишлаб чиқиш услуби транзакцияларда қатнашувчи томонларга транзакция ўтказишдан олдин бир-бири билан учрашмаслик имконини беради. Бу эса, одатий тизимда бўлганидек шахсни тасдиқлаш ва текшириш учун ҳукумат муассасаларини ва банкларни жалб қилмай, қимматликлар яратиш имконини беради.

Блокчейн тақдим этадиган имкониятлар ва афзалликлар туфайли, молиявий тармоқдаги аксарият компаниялар, жумладан аудиторлик фирмалари, суғурта компаниялари ва банклар технологияларга салмоқли инвестициялар киритадилар.

Бу компанияларнинг аксарияти блокчейн технологиясини саъй-ҳаракатлар ва сарф-харажатларни камайтириш имконияти ўлароқ кўрадилар, чунки аксарият молиявий фирмалар ишнинг узлуксизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун воситачилар ўртасида мураккаб ва қимматга тушувчи келишувга эришишга боғлиқдирлар. Santander банки маълумотларига кўра, глобал йиллик жамғармаларнинг потенциал ҳажми 20 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкин. Шу билан бирга, Capgemini консалтинг фирмаси баёнот беришича, блокчейн технологияси ҳар йили банк ва суғурта харажатларида 16 миллиард АҚШ долларини тежаш имконини бера олади. Бу ҳолат транзакция харажатларининг қисқариши, масалан транзакциялар тезлиги ва ҳажми ортиши ва маблағларнинг бир иқтисодий агентдан бошқасига кўчишига кўмаклашув ҳисобига, МДҲ минтақасида хусусий секторга сезиларли ижобий таъсир крсатиши мумкинлигини англатади.

Блокчейн фойда берувчи бошқа соҳалар

  1. Ишлаб чиқариш-сотиш фаолияти ва соғлиқни сақлашда маълумотларни бошқариш ва бошқарув хавфсизлиги муаммолари – булар блокчейн технологияларининг қўлланилиши муқаррар бўлган муҳим соҳалардир. Агар турли тиббий хизматлар тақдим этувчилар ўртасидаги маълумот алмашинуви яхшиланса, бу аниқроқ диагностикалаш ва даволашнинг самарали режаларига сабаб бўлади, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотларига рақобатбардош нархларда хизматлар таклиф этиш имконини беради. Блокчейн технологияларини жорий этиш соғлиқни сақлаш тармоғидаги бир қанча манфаатдор томонларга ўз тармоқлари ўртасида маълумотлар хафсизлиги ва бутлигига хавфсиз равишда алоқа ўрнатиш имконини яратади, чунки бу уларга маълумотлар ўтишини ва уларнинг модификацияланишини кузатиб боришга йўл очади.
  2. Ҳукуматнинг муҳим ролларидан бири активлар, фаолият, алоҳида шахслар ва ташкилотлар тўғрисидаги ишончли ахборотни таъминлашда акс этади. Маҳаллий, минтақавий ва миллий агентликлар туғилиш ва вафот этиш саналари, мулкни бошқага топшириш ҳужжатларини, бизнесни лицензиялаш кабиларни рўйхатга олиши ҳамда жиноий фаолият ҳисобини юритиши керак. Ушбу маълумотларни бошқариш ҳар қандай агентлик учун ҳам осон бўлмайди. МДҲ мамлакатларида технологик ечимларнинг мавжуд эмаслиги ушбу маълумотларнинг айримлари қоғоз шаклда сақланишини ва ўзгартиришлар киритиш керак бўлганда фуқаролар шахсан қатнашиши лозимлигини англатади. Мустақил агентликларнинг кўпчилиги маълумотлар ва ахборотни бошқариш учун ўз таомилларини ишлаб чиқадилар, бу баъзида бошқа давлат идораларининг маълумотлардан фойдаланишига тўсқинлик қилади. Маълумотлар рухсат берилмаган фойдаланишдан ва қалбакилаштиришдан, заррача хатога йўл қўймаган ҳолда ҳимояланиши шарт.

Блокчейн технологияларини жорий этиш махфий ахборотни қайта ишлашни соддалаштиради, бу давлат секторида муҳим маълумотларни очиш ва улардан фойдаланиш жараёнини енгиллаштиради ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

  1. Блокчейн технологияси ривожланаётган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш учун самарали восита бўлиши мумкин. Ҳозирда МДҲ мамлакатларида ўтказилаётган антикорруция сиёсати ривожланган мамлакатлар стандартларига мос келмайди. Ушбу янги технология интеллектуал шартномалар ва блокчейннинг очиқ бухгалтерия китоблари технологиялари билан бирга қўлланилиши мумкин, бу ҳар бир пулли транзакцияни кузатиш имконини беради. Блокчейн давлат харажатларини шаффоф кузатишни таъминлашнинг энг яхши воситаларидан бирига айланмоқда. Бундан ташқари, очиқ бухгалтерия китоблари технологияси тараққиёт агентликлари ва бошқа донор агентликлар томонидан тақдим этиладиган бевосита чет эл инвестициялари маблағларининг растрата қилиниши муаммосини ҳал этишда ҳам жуда самарали бўлиши мумкин. Мазкур минтақада бу ниҳоятда катта аҳамиятга эга, чунки МДҲ давлатлари бевосита чет эл инвестицияларига жуда боғлиқдирлар.
  2. Блокчейннинг «ақлли» шартномалари қўлланилиши билан фуқаролар ерга мулкчилик ҳуқуқи (масалан, ерни рўйхатдан ўтказиш) ҳамда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш каби имтиёзларга эга бўлишлари мумкинки, ҳозирда қишлоқ жойларда яшовчи, паст даромадга эга одамлар учун бу имконсиздир. МДҲ мамлакатлари аҳолисининг умумий сонида қишлоқ аҳолиси ҳали ҳам катта улушни ташкил қилишини инобатга олсак, бу катта аҳамиятга эга бўлади.

Блокчейн овозларни ёзиб бориш орқали сайловларни қалбакилаштиришнинг олдини олиш, шунингдек эркин ва адолатли сайлов жараёнларини таъминлаш учун ҳам ишлатилиши мумкин, чунки ҳар бир овоз омма учун очиқ китобда рўйхатдан ўтиб боради. Шу тариқа, блокчейн технологияси МДҲ мамлакатларида демократиянинг ривожланишига хизмат қилади.

Пировардида, блокчейн МДҲ бозорларининг барқарор ривожланишида яна бир қурилиш блоки бўлиши мумкин. Бозордаги нуқсонларни бартараф этиб ва «кўринмас қўл» вазифасини бажарувчи блокчейн қадимдан давом этиб келаётган маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш муаммосини ҳал этиш, шу орқали сиёсат шаклланишини ва фуқаролар ҳаёти сифатини сезиларли яхшилаш салоҳиятига эга.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *