Инвестициялашни бошлаш учун пулнинг ўзи етарли эмаслиги очиқ-ойдин фактдир. Аллақачон барқарор даромад олаётганларнинг аксарияти махсус курслар, ўқишларни тамомлаганлар ёки, ҳеч бўлмаса, профессионал маслаҳат олганлар. Бироқ, бошловчилар учун узоқ муддатли таълим олишга қарор қилишнинг ўзи бўлмайди, боз устига улар бепул ҳам эмас. Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу ишга бош қўшган яхшими-йўқлигини аниқлаб олиш зарур.

Бу мақолада биз инвестициялашнинг бошқа жойда эшитишингиз маҳол бўлган нозик жиҳатлари ҳақида сўз юритамиз, шунингдек инвестор луғати – бозорга киришдан олдин билиб олиш лозим бўлган асосий атамаларни келтирамиз.

 

Нозик жиҳатлар

 

  1. Чиқинди облигациялар

Бу мижозларни демпинг (нархларни сунъий тушириш) ёрдамида жалб қилувчи, шунингдек жозибадор шартлар таклиф этувчи компанияларнинг қимматли қоғозларидир. Бундай компаниялардан тушумлар кўп ҳолларда хатарларни қопламайди, уларнинг кредит рейтинглари эса, ВВ даражасидан паст бўлади.

  1. Forex — валюта бозори

Асосий фарқи – у дунё бўйича ягона бозорга боғланмаган. Яъни, турли одамлар учун бир вақтнинг ўзида валюталар курслари турлича бўлиши мумкин. Шунингдек, Форексда савдо бошлаш учун камида $500 керак, бундан кам капитал билан амалда барча трейдерлар сармояни бой берадилар.

  1. Брокерлар ички биржаси

Айрим брокерлар ўз мижозлари битимларини фонд ва валюта биржасига олиб чиқмайдилар, балки ўз платформалари ичида айлантирадилар. Шу тариқа, агар мижоз бор-будини бой берадиган бўлса, депозит брокерга фойда кўринишида қолади. Агар мижоз пул топа бошласа, платформа, зарарга кирмаслик учун, битимни ҳақиқий биржага чиқаради.

Бундай компаниялар асосан мақсадли аудитория (молия ва инвестициялар билан қизиқувчи инсонлар)га эмас, балки енгилгина пул топиш йўлини изловчиларга ўзларини реклама қиладилар. Улар балансни тўлдирадилар, ўзлаштирадилар ва платформани тарк этадилар.

Агар мижоз росмана трейдер бўлиб чиқса, компания унга менежерни “бириктириб” қўйиши мумкин, у зарарли стратегияларни маслаҳат қилади ва балансни трейдер билан бирга тўлдиргандек бўлади, фақат рақамлар бир неча марта катталаштириб кўрсатилади: токи менежер ундан ҳам кўпроқ пул йўқотгандек тасаввур уйғонсин. Бундай қопқонга тушиш осон, тикилган пулни қайтариб олиш эса жуда мураккаб.

  1. Кредит кооперативлари ва ММТ

Уларнинг барчалари 20%дан ошадиган катта фоизларни таклиф этадилар, бироқ бундай ташкилотлар давлат томонидан суғурталанмаган ва пулларингизни олиб, ўзларини осонгина банкрот деб эълон қилишлари мумкин. Бу компанияларга инвестиция киритиш молиявий пирамидаларни инвестициялашга тенглаштирилади – тақиқланмаган, лекин қандай ишга қўл ураётганлигини тушунганларгагина тавсия этилади.

 

  1. Молиявий пирамидалар

Бу “бир кунлик” фирмалар номига рўйхатга олинган лойиҳалар бўлиб, аслида мавжуд бўлмаган юқори даромадли активлар ҳақида ҳикоя қилувчи афсонларга эга бўладилар. Лойиҳалар катта фоизлар таклиф қилади, аммо инвесторлар бошқа инвесторларнинг инвестициялари туфайли даромад оладилар. Лойиҳага янги маблағ тушаркан, ҳаммаси давом этади. Кейин ёпилади. Агар инвестор пулини қайтариб олишга улгурмаган бўлса, уларни унутса ҳам бўлаверади.

Албатта, сизни пулнинг ўзи қизиқтирадиган бўлса, биз бундай лойиҳаларга инвестиция киритишни тавсия қилмаймиз. Шундай бўлса-да, пирамидалар молиявий авантюристлар учун қизиқарли активлигича қолаверади – агар сиз нима қилиш кераклигини билсангиз ва катта тажрибага эга бўлсангиз, маслаҳатга ҳожат йўқ. Қолганлар эса, бошқа, ишончлироқ активларга эътибор беришлари мақсадга мувофиқ.

 

Инвестор луғати

Эътиборингизга биржада дуч келинадиган асосий атамаларни ҳавола этамиз.

Кредит елкаси – битим суммасини қарзга ошириш. Қарз биржадан олинади ва битим муваффақиятли амалга оширилганда фойда бир неча баробарга ортади, муваффақиятсиз чиқса – зарар ортади;

Спред — акциялар ёки валюта жуфтликлари олди-сотди максимал нархлари ўртасидаги фарқ;

Қисқа позиция (short, феъл – шортлаш) — активни, унинг курси тушишини мўлжаллаб сотиш;

Узоқ позиция (long) — активни, курс ошишини мўлжаллаб сотиб олиш;

Своп (SWAP) — позицияни кейинги кун (сутка)га ўтказиш;

Тик — нархни ўлчашнинг минимал бирлиги;

Консолидация — воситанинг қиймати минимал даражада ўзгарувчи ёнлама ҳаракати;

Кросс-жуфтликлар – долларсиз ёки умуман, фиат пулларсиз валюта жуфтликлари.

 

Феруз Алиев, халқаро инвестициялар бỹйича консультант, Швейцария бирлашган Савдо-саноат палатаси аъзоси, “Uranus Invest” компанияси асосчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *