Сурат марказидаги одам ким узи? Аёлми ёки эркак? Менми ёки сен? Кун сари биз ўзимизга хослигимиз, хилма хиллигимиз ва бошқалардан тубдан фарқ қилишимизни эсдан чиқариб, қолипдан чиққандек бир хил бўлиб қолмаяпмизми?

Биз ўзига хос, ўзгаларга ўхшамас ва турфа хил бўлиш имкониятини кун сайин қўлдан бой бермоқдамиз… биз табиатнинг исёнини жиддий қабул қилмаймиз, биз
вируслар билан ўйнаймиз, табиатни йўқ қиламиз, бу билан ўзимизни йўқ қилаётганимизни ўйламаймиз…

 

Мақолани барча ҳамкасбларимиз, тиббиёт ходимлари ва пандемия билан биринчи линияда туриб, ўз саломатлиги ва, эҳтимол, ҳаётини таҳликага қўйиб курашаётган, фуқаролар саломатлиги ва фаровонлиги ҳимоясида турган барча инсонларга ташаккур ва миннатдорчилик сўзлари билан бошламоқчиман. Ҳозирда Геномга қарши Доҳийлар жанги кетмоқда. Ғалаба қозониш учун биз вирус хусусиятларини ҳам, уни қабул қилишга мойил организмнинг ўзига хосликларини ҳам ўрганишимизга тўғри келади. Пандемия ҳали ниҳоясига етмади ва бутун дунё ҳамжамияти унинг тарихи билан танишиб чиқишига тўғри келади – зеро, афтидан, ҳаммаси ҳали олдинда…

Муаллифдан

 

ШАРҲ

Вирус ҳақида кўп нарса билиб олдик, аммо яна анча-мунча нарсаларни билишимизга тўғри келади. Вируснинг тарқалиши, касалликнинг оғирлиги, касалликни даволtаш услублари ва профилактика йўллари ҳақида катта миқдорда илмий ва амалий материаллар тўпланди. Улардаги биз аниқ биладиган энг муҳим жиҳатлардан бири: барча касаллик ҳолатларини қанчалик тез аниқласак ва уларни иҳоталасак, бу орқали вируснинг яшаб қолиши ва тарқалиши учун оғирроқ шароит яратган бўламиз. Бугунги кунга келиб шундай асосий фактлар маълум:

дастлаб вирус 2019 йил ноябрь ойида Хитойнинг Хубей провинцияси, Ухань шаҳрида пайдо бўлди. Унинг янги эканлигидан дунё 2019 йил декабрда хабар топди – пневмония сабабли мурожаат қилган беморлар текширилганда, касаллик сабабчиси бета-коронавируслар оиласига мансуб инфекцион агент эканлиги аниқланди. Кейинроқ у SARS-SoM-2 деб аталди;

2020 йил январда ЖСТ касалликка «COVID-19» деб ном берди (инглизча COronaVIrus Disease 2019 иборасидан). Бунгача уни 2019-nCoV (ёки  2019 novel CoronaVirus) деб аташарди [Coronaviridae Study Group. 2020];

COVID-19 – бу оғир кечувчи респиратор касаллиги бўлиб, енгил, оғир ва ўлим билан якунланувчи кўринишларга эга, асосан ҳаво-томчи ва контакт йўли орқали, респиратор томчилари билан ўтади.

 

САБАБЛАР ВА ХАТАР ОМИЛЛАРИ

Вирус ҳақида

Хўш, шу янги вирус билан биргаликдаги ҳаётнинг 180 куни ичида нималарни ўргандик? Аввало, бу ҳақиқатан янги штамм эканлиги ва бу муайян қийинчиликлар туғдиришини – зеро ундан нимани кутиш кераклиги ҳақида тасаввурга эга эмаслигимизни билиб олдик. Шу сабабли фактларни қадам-бақадам тасвирлай бошлайман. Бу фактлар кўп сонли илмий тадқиқотлар туфайли маълум бўлди, улар росмана мақолалар «бўрони»ни юзага келтирди лекин уларни саралаш ва таҳлил қилиш керак бўладики, бу тажриба, билим ва ҳатто, таъбир жоиз бўлса, доноликни тақозо қилади.

Бу оилага «коронавирус» («тожли вирус») номини беришларига сабаб – электрон микроскоп остида кўрилганда у ўзига хос тож билан ўралган эканлигидир. Вирусларнинг тўрт штамми эндемик хусусиятга эга бўлиб, одамлар орасида эркин айланиб юради (HCoV-229E, HCoV-OC43, HCoV-NL63 ва HKU1), яна бошқа кўплаб штаммлар эса,  юқорида айтилгандек, жониворлар орасида тарқалган (Coronaviridae Study Group. 2020; Chen Y. et al. 2020). Коронавирусларнинг яна иккита штамми ҳайвондан одамга ўтишга қобилликни намоён этган ва аввалги иккита касаллик тарқалишига сабаб бўлган:

SARS-CoV (Severe Acute Respiratory Syndrome Coronavirus) – Оғир Ўткир Респиратор Синдроми (ОЎРС) – 2002 йилда;

MERS-CoV (Middle East Respiratory Syndrome Coronavirus) – Яқин Шарқ Респиратор Синдроми (ЯШРС) – 2012 йилда.

Вирус – янги, лекин у 85 фоизга 2002 йилдаги ОЎРС (SARS) сабабчиси бўлган вирус (SARS CoV) тузилмасига ўхшаб кетади. Шу сабабли ҳам SARS CoV-2 номини олди. (Zhu N. et al. 2020). (https://www.nejm.org/doi/10.1056/NEJMoa2001017 ).

SARS-CoV-2 – бу инсонни зарарлаши мумкин бўлган еттинчи штамм (Coronaviridae Study Group. 2020; Chen Y. et al. 2020).

Биз коронавируснинг 40 тача турларини биламиз, улар, асосан, ҳайвонлар орасида айланиб юради. Асосий резервуарлар ва эгалар деб кўршапалаклар, илонлар, ёввойи ҳайвонларнинг айрим турлари (масалан, циетта, панголина ва ҳ.к.), шунингдек хонакилашган туялар саналади.

Шу сабабли, SARS CoV-2нинг ҳайвонлардан тарқаганлиги эҳтимоли юқори.

SARS-CoV-2 кўршапалаклардан ажратиб олинган вируслар штаммларига 96 фоиз ўхшайди (Zhou P. et al. 2020) аммо аниқ манбаи ҳали аниқланмаган.

Айрим уй ҳайвонлари, жумладан итларга янги коронавирус юқиши мумкин, лекин бу инсонга юқилишида қандай роль ўйнайди – ҳали номаълум (Sit et al, 2020).

Юқиш йўллари

Вирус ҳайвондан инсонга ва инсондан ҳайвонга ўтишга қодир. Патогенлар халқаро таснифида бундай микроорганизмлар зоонозалар деб аталади. МДҲ мамлакатларида антропозооноза ёки зооантропоноза дейилади.

Вируслар ўтиши қуйидаги йўллар орқали рўй бериши мумкин:

Ҳаво-томчи – бу вирус юқишининг асосий йўли – худди MERS ва SARS коронавирусларидаги каби (Otter J. et al. 2015, Lai C. et al. 2020):

турли илмий тадқиқотларда аниқланишича, коронавируслар, респиратор томчилари ўлчамига қараб, қанчадир вақт давомида ҳавода сақланиб туриши мумкин. Чунончи, масалан, йирикроқ томчилар (>5 µm) қисқа муддат – 17 дақиқагача сақланиб туради ва узоғи билан 1 метргача тарқалиши мумкин (Kutter et al, 2018). Кичикроқ томчилар 1 метрдан узоқроқ масофага тарқалишга қодир (Fernstrom  A, et al, 2013);

айрим тадқиқотларда кондиционерлардан чиқувчи ҳаво оқимида (Lu et al, 2020) ёки акса урганда (Bourouiba, 2016) респиратор томчилари аэрозоль булутини ҳосил қилиб, 1 метрдан узоқ масофага тарқалиши эҳтимоли тахмин қилинди. Бироқ бу тадқиқотлар айнан аэрозоллар орқали беморларга инфекция юққанлигини исботламайди, чунки тегишли технологияларни қўллаш орқали махсус тадқиқотлар ўтказилмаган;

бошқа илмий иш юқори нафас йўлларидан SARS-CoV-2 ажралиши даражаси, ҳатто симптомсиз ёки симптомолди кечишида ҳам, SARS-CoV-1дагига қараганда юқорироқ эканлигини кўрсатди, бу ўта қатъий профилактика чораларига қарамай, вируснинг бундай кенг тарқалишини изоҳлайди (Gandhi, M. et al 2020).

 

Контактли – юқишнинг яна бир йўли:

вирус ашёлар юзасида бир неча соатдан бир неча кунгача сақланиб туриши мумкин. тадқиқотларга кўра, COVID-19 вируси пластмассада ва зангламайдиган пўлатда 72 соатгача, мисда 4 соатдан кам ва картонда 24 соатдан камроқ вақт тирик туради. тадқиқотлар фақат in vitro ўтказилган (van Doremalen N. et al. 2020);

бинобарин, вирус касалланган одамнинг ҳаво йўлларидан чиққан томчи билан ифлосланган кундалик ашёлар орқали юқиши ҳам мумкин.

Аэрозол юқиш йўллари:

юқишнинг бундай йўли аниқлангани йўқ, лекин уни эҳтимолдан йироқ деб бўлмайди (Morawska, 2020);

in vitro ўтказилган синов кўрсатишича, SARS-CoV-2 вируси парчаланган ҳолатда 3 соатгача яшай олади (van Doremalen N. et al. 2020);

вируснинг аэрозол юқишини тўсишга қаратилган профилактик чораларнинг самарадорлиги, ҳаво-томчи йўлига нисбатан олганда, ўта шубҳалидир (Shiu et al, 2019).

Ахлатда вирус РНКсининг ажралиши мумкинлигини кўрсатувчи тадқиқотлар ўтказилган. Ахлат орқали зарарланишнинг исботи топилмаган бўлса-да, бу эҳтимолий йўлни ҳам назардан қолдириб бўлмайди (Yeo C. et al. 2020).

КАСАЛЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Коронавирус, ўзига хос гликопротеин юза оқсили ёрдамида (уни яна S-оқсил («spike» proteins) деб ҳам атайдилар), эгасининг муайян ҳужайралари (нишон-ҳужайралар)га ёпишиб, сингиб олишга қодир. S-оқсилларнинг тузилиши ва функцияси SARS-CoV-1даги шундай оқсилларники билан кўпгина умумий жиҳатларга эга.

 

Инфекцияланиш қандай рўй беради: нишон-ҳужайралар юзасига яқинлашиб, S-оқсил ACE2 (Angiotensin Converting Enzyme 2) махсус рецепторлари билан боғланади ва ҳужайрага кириб боради (Walls A. et al. 2020; Zhang C. et al. 2020).

ACE2 рецепторлари II турдаги пневмоцитларда, шунингдек юқори нафас йўлларининг эпителиал ҳужайраларида ва ингичка ичак энтероцитларида намоён бўлади (Hamming I. et al. 2004). Мана шулар нишон-ҳужайралардир;

SARS-CoV-2 S-оқсили SARS-CoV-1дагига қараганда, ACE2 рецепторлари билан кучлироқ боғланган бўлади (юқорироқ афинлик), бу эса унинг тарқалишга кўпроқ қобиллигини изоҳлайди (Wrapp D.et al. 2020);

вирусларнинг ҳужайра ичига кириши учун зарур бошқа омиллар ҳам топилди. Улардан бири – TMPRSS2 (Hoffman M. et al. 2020).

Вирус РНКнинг эгасининг нишон-ҳужайрасида репликацияси (кўпайиши) РНКга боғланган махсус фермент – РНК-полимераза (RdRp) ҳисобига рўй беради  (Lung J. et al. 2020).

Инкубацион давр

Ўртача инкубацион давр (касаллик организмга тушган, лекин ҳали ўзини кўрсатмаган давр) 4-6 кун атрофида бўлади.

Симптомлар қуйидагича ривожланади:

2 дан 7 кунгача – 75% ҳолатларда (Guan W. et al. 2020);

14 кундан кейин 1% дан кам
ҳолатларда (Lauer S. et al. 2020).

 

Касалланиш  

Билганимиз шуки:

инфекцияга чалинганларнинг тахминан 80 фоизи енгил
ёки ўрта шаклда касалланиб
ўтади;

15 фоизи касалликнинг оғир шакли билан оғриши мумкин;

тахминан 5 фоизида ўта оғир ҳолат ривожланиши мумкин.
(Wu Z. & McGoogan J. 2020; Bouadama L. et al. 2020)

Ўлим ҳолати

Ўлим ҳолати даражаси –  ўртача 0,25-3% (Wilson N. et al. 2020);

14,8% –  ≥80 ёшли беморлар орасида;

8,0% – 70-79 ёшли беморлар орасида;

49,0% – ўта оғир ҳолатлар ривожланганида;

Ўзбекистонда ўлим ҳолатлари даражаси – 0,35% (19 / 5293, 2020 й. 16 июнь ҳолатига).

Тиббиёт ходимлари орасида юқтириш даражаси – 3,8%

Ухань ш.даги тиббий хизматчиларнинг 63%и;

Оғир ва ўта оғир ҳолатларнинг 14,8%и;

5 та ўлим (Wu Z. & McGoogan J. 2020).

Алоҳида гуруҳлар

Болалар (Ludvigsson J. 2020):

болаларда вирус касалликнинг кўпроқ (90%) енгил ва ўртача кечишини юзага келтириши ва COVID-19дан ўлим ҳолати хатари жуда паст эканлиги кўринди;

2020 йил апрель ҳолатига, болалар ўртасида SARS-CoV-2 инфекцияси билан боғлиқ саноқли ўлим ҳолатлари қайд этилди (14 ёшли 1 нафар бола ва 1 нафар 10 ойлик чақалоқ – у ичак инвагинацияси ҳамда мультиаъзоли етишмовчилик билан туғилган);

болалар ва ўсмирлар орасида Кавасаки синдроми тури бўйича ўткир яллиғланиш жараёнининг кескин ортиши. Кавасаки синдроми асосан чақалоқларда ва беш ёшгача бўлган болаларда ташхисланади. Янги хавфли синдром катта ёшли болаларда ҳам учрайди (Lucio Verdoni, 2020). Бунда каттароқ болалар орасида юрак фаолияти томонидан бузилишлар ҳамда «цитокин бўрони»га ўхшаш марофаглар фаоллашуви синдроми кузатилди. Ушбу маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, болаларда иммуномодуляторлар қўллаш ҳам хавфлидир.

Ҳомиладорлар:

SARS-CoV-1 да бўлгани каби, вируснинг вертикал (онадан ҳомилага) ўтиши даражаси паст (Zhu H. et al. 2020; Chen H. et al. 2020);

ҳомилага нохуш таъсир даражаси юқори бўлган SARS (SARS-CoV)дан фарқли ўлароқ, SARS-CoV-2да бундай таъсир жуда паст (Qiao J. 2020; Rasmussen S. et al. 2020);

тадқиқотлар кўрсатдики, SARS-CoV-2 инфекцияси онада нохуш якунлар ортишига олиб келмади, бу ҳомиладорларнинг зарарланиши улар ўртасида ўлим ҳолатлари ниҳоятда юқорилиги билан боғлиқ бўлган H1N1 гриппи пандемиясидаги шундай ҳолатдан фарқ қилади. (Rasmussen S. et al. 2020).

Иммунотанқис (иммунокомпромис) шахслар – масалан, гематологик, онкологик беморлар (Weinkove R. et. al. 2020):

иммунотанқис беморларда SARS-CoV-2 инфекциясининг ҳалокатли таъсирининг тўғридан-тўғри исботлари етарли эмас;

COVID-19 да касалликнинг оғир кечишининг юқори хатари тахминий характерга эга ва асосан бошқа респиратор вируслари билан тажрибага асосланган;

дифференциал ташхис, ўпка инфильтрацияси ва асосий касаллик базавий терапияси (кимёвий терапия, жарроҳлик аралашуви ва ш.к.)дан бактериал инфекциянинг қўшилиши учун юқори салоҳият борлиги кўринишидаги кўп учрайдиган асоратлар туфайли, қийинлашиши мумкин.

 

КЛИНИК ХАРАКТЕРИС­ТИКАЛАР

Бошқа патогенларда бўлгани каби, клиник белгилар ривожланиши, касаллик якуни ва оқибатлари қўзғатувчининг инфекцияловчи дозаси, касалга чалинган организмнинг хусусиятлари (host-омиллар)дан тортиб то ташқи шарт-шароитларгача бўлган кўплаб омилларга боғлиқ ва қуйидаги ҳолатларга олиб келиши мумкин:

Енгил ёки ўртача кечишда – COVID-19га чалинган аксарият (~80%) беморлар дастлабки 7 кунда енгил ёки ўртача ЎРВИ симптомлари (юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари)га эга бўлиши ва кейин тўлиқ тузалиб кетиши мумкин (Bouadama L. et al. 2020, Wu Z. & McGoogan J. 2020).

Асосий симптомлар (Bouadama L. et al. 2020, Young B. et al. 2020):

ҳарорат;

йўтал;

ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши.

Камроқ учрайдиган симптомлар:

томоқда оғриқ;

бурун оқиши;

ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши (масалан, диарея);

миалгиялар (мушаклардаги оғриқ).

Айрим тадқиқотларда, ўта оғир ҳолатлардаги беморларда менингит/энцефалитлар, Гийен-Баре синдроми, онгнинг хиралашуви, кома ва ш.к.нинг кам ҳолатлари ҳам келтирилган (Moriguchi, 2020; Poyiadji, 2020; Toscana, 2020; Helms, 2020)

Асимптоматик (симптомларсиз, яъни касаллик белгилари кузатилмаган ҳолатлар) вирусга чалиниш ёки вирус ташувчиси бўлиш ҳолатлари инфекцияланганлар орасида анча кўп учраса-да, бу масала юзасидан мунозаралар ҳануз давом этмоқда:

инфекция юқиши хатари юқори бўлган шароитлар (масалан, круиз лайнерлари, қариялар уйлари ва ш.к.) да тахминан 50% ҳолатларда, юқори нафас йўлларидан олинган намуналарда вирус РНКси аниқланганда симптомсиз давр кузатилган (Mizumoto K. et al. 2020, Nishiura H. et al. 2020, Arons M. et al. 2020);

симптомсиз шахсларнинг ҳақиқий кўрсаткичи ҳали ҳам номаълум. Иккита круиз лайнери йўловчилари текширувдан ўтказилганда, бу кўрсаткичлар тегишлича, 17% ва 30% бўлган ( Mizumoto K. et al. 2020, Nishiura H. et al. 2020);

симптомсиз ташувчиларнинг бошқаларга юқтиришга қобиллиги ҳам исботланмаган, бироқ SARS-CoV-1дагига қараганда SARS-CoV-2да улар кўпроқ ҳисса қўшишлари эҳтимоли бор (Gandhi, M. et al 2020);

айрим симптомсиз ҳолатлар радиологик тадқиқотларда (рентген ёки ўпка МСКТ), шунингдек юқори нафас йўлларида вирус аниқланишида ўзгаришларни намоён этди  (Hu Z. et al. 2020).

Оғир кечиши – беморларнинг ~15%ида нафас олиш бузилиши белгилари ривожланади ва, қоидага кўра, 6-8 суткага шифохонага ётқизишни тақозо қилади (нафас олишнинг бузилиши, нафас олишнинг тезлашуви (≥30), кислород билан сатурация пасайиши (≤93%), артериал қон газлари текширилганда PaO2/FiO2 <300, ва/ёки инфильтрация ва ўпка шиши).

Ўта оғир кечиши – SARS-CoV-2 га чалинган беморларнинг оз қисмида (5% атрофида) ҳаётга хавф солувчи ва оғир пневмонитлар ривожланиши билан характерланувчи оғир ўпка касалликлари ривожланиши мумкин, қулар қуйидаги ҳолатларгача авж олиши эҳтимоли бор:

ўткир респиратор дистресс синдроми (ЎРДС);

бактериал инфекция белгилари;

ўпка шиши;

септик шок;

мультиаъзоли етишмовчилик (Wu Z. & McGoogan J. 2020; Australian guidelines for the clinical care of people with COVID-19).

Касаллик оғир кечаётган айрим беморларда «Цитокин бўрони» – гемофагоцитик лимфогистиоцитоз (ГЛГ)га ўхшаш оғир реакция ҳам ривожланиши мумкин, (Ruan Q. et al. 2020). Шу сабабли, ушбу касалликка чалинган беморларга бирор-бир иммуностимуляция воситаларини қўллаш тавсия қилинмайди.

 

ТАШХИС ҚЎЙИШ

Вирусга чалиниш ҳолатларини эрта аниқлаш ва диганоз қўйиш вируснинг янада кенг тарқалишининг олдини олиш чораларининг самарадорлигида бирламчи роль ўйнайди.

КОВИД диганозини қўйиш учун қуйидагилар зарур: жисмоний текширув, воситали текширув ва ташхиснинг лаборатория тасдиғи. Эпидемиологик назорат қоидаларига кўра, COVID-19 ҳолатларини белгилаш бир неча бор янгиланган ЖСТ стандартларига кўра ўтказилади (1-жадвалга қаранг).

 

УСКУНАЛИ ТАДҚИҚОТЛАР

Асосий (Guan, WJ et. al. 2020 Wong, HYF, et al. 2020, Salehi S et al. 2020, Rodriguez JCL. et al 2020):

кўкрак қафаси рентгени;

МСКТ ;

пульсоксиметрия;

спирометрия.

Заруратга кўра:

эхокардиография;

бош мия МРТ ва/ёки МСКТ;

бронхоскопия (инфекция тарқалиши хатари юқорилиги боис тавсия этилмайди);

асаб толалари ўтказувчанлиги текшируви ва ЭМГ (Гийен-Баре синдромига шубҳа бўлганда).

 

ЛАБОРАТОРИЯ ТАДҚИ­ҚОТЛАРИ

Ташхис тестлари

Ҳар қандай касалликда бўлгани каби, ўз вақтида ва тўғри қўйилган ташхис – касаллик устидан ғалаба қозонишнинг гаровидир. Ушбу ҳолатда, лаборатория ташхиси, унинг сифати ва инфекцияни аниқлаш тезлиги COVID-19 тарқалишининг олдини олишда асосий ўринлардан бирини эгаллайди.

Полимераза занжирли реакцияси (ПЗР) услуби ташхисни тасдиқлаш учун лаборатория тадқиқотларининг асосий тури саналади. Ўрганиш учун энг осон олинадиган ва, шу билан бирга, ишончли намуналар назофарингеал ва орофарингеал суртмалар бўлиб, улар ПЗР услубида қайта транскрипция билан тестдан ўтказилади (CDC, 2020)(CDNA, 2020). Намуналарни лабораторияга вақтида ва тўғри етказиш ҳам муҳим (бир сутка ичида, 2-8 °С ҳароратда).

Турли тестларнинг сезувчанлиги ушбу намуналарда 60-85%ни ташкил қилади. Тестларнинг спефициклиги, аксар ҳолларда, юқори бўлиб, праймерлар ва синовлар тўғри танланишига қараб, 100%га етиши мумкин (Chan, JFW et al 2020).

Сезувчанлик олинган намуна турига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин (Wang et al. 2020):

Тест энг кучли сезувчанликни бронхоальвеолар лаваж (ювма)ларда кўрсатди (93%), бироқ бронхоскопия ўтказишда биологик хавф (аэрозоллар юзага келиши)ни ёдда тутиш ва ушбу услубга имкон қадар камроқ мурожаат қилиш керак.

Бошқа намуналарда вирус аниқланиши даражаси қуйидагича бўлиши мумкин: сўлак – 72%, бурундан суртма – 63%, томоқдан суртма – 32%, ахлат – 29% ва пешоб – 0%.

Вирус ажралиши ва ижобийлик даражаси ушбу ҳолатларнинг ҳар бирида ҳамда касаллик кечиши давомида ўзгариши мумкин (Farkas J et al 2020), бинобарин, ПЗРнинг битта салбий натижаси ҳар доим ҳам организмда инфект мавжудлигини истисно қилавермайди, деган хулосага келиш мумкин.

Тест ўтказишга талаблар муайян минтақа ёки мамлакатдаги вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Ўзбекистонда скрининг дастури йўлга қўйилган, яъни ҳатто симптомлари бўлмаса ҳам, эпидемиологик анамнезга эга барча тестдан ўтказилади. Лаборатория тестидан ўтиши керак бўлган шахсларни саралашга бундай ёндашув ҳақида бошқа мамлакатларда хабар берилмади, илмий мақсадлардаги айрим тадқиқотлар бундан мустасно (Gandhi, M. et al 2020). Бундан ташқари, шифохонага ётадиган, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қиладиган, сафарга отланган барчадан COVID-19 мавжуд/мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома талаб қилинмоқда.

Касаллик кечишининг оғирлигини аниқлаш, даволаш тактикасини прогнозлаш ва танлаш учун қуйидаги лаборатория тадқиқотлари зарур:

умумий қон таҳлили;

АЛТ, АСТ, ЛДГ;

Д-димер – тромблар парчаланиши маҳсуллари;

ферритин миқдори;

IL-1, -6 даражаси.

Ҳолатдан келиб чиқиб ва у ёки бу симптомлар қўшилиши давомида, шифокор бошқа лаборатория текширувларини ҳам тайинлаши мумкин.

Илмий амалиётда қуйидаги текширув услублари қўлланилади:

Секвенлаш (геномдаги нуклеотидлар кетма-кетлигини аниқлаш) ҳам вирус, ҳам инсон геноми тузилмасини ўрганишда муҳим роль ўйнайди. Геном расшифровкаси қуйидагиларни белгилашда ёрдам беради:

турли штаммдаги вирусларнинг ўзидан аввалгилар билан алоқаси;

ҳар бир алоҳида вируснинг манбаи ва юзага келиш тарихини аниқлаш;

микроорганизм ва макроорганизм ўртасидаги ўзаро алоқани ўрганиш (вирус- host-омил).

Ҳужайралар муҳитида вирусни ажратиш – бу ҳам вируснинг функционал хусусиятларини ўрганишда, шунингдек дори воситалари, вакциналар, in vitro ўтказиладиган турли тестлар самарадорлигини белгилашда муҳим.

Олтингугурт тестлари – бемор қонида ўткир даврда ва соғайиш даврида SARS-CoV-2га хос IgM ва IgG тоифасидаги антижисмларни аниқлашга қаратилган. Жуда муҳим, айниқса аҳолини тестдан ўтказиб, коронавирус билан касалланишнинг тўлиқ манзарасини ҳосил қилиш имконини берувчи ретроспектив таҳлил ва эпидемиологик назорат учун аҳамиятли текширув.

 

Олтингугурт тестини ўтказишда ёдда тутиш керакки, ушбу услуб:

қонда вирус бор-йўқлигини аниқламайди, балки вирус ушбу организмда бўлганлигини кўрсатади, холос;

тест, бошқа вируслар билан кесишув реакцияси кўп учраши сабабли, чекловларга эга;

тест гумораль жавоб, яъни антижисмлар ишлаб чиқилгунига (2 ҳафтагача Zhao J. et al. 2020) қадар салбий бўлиши мумкин:

гумораль иммунитет қон плазмасида IgM ва IgG антижисмлари мавжудлигида, келгусида уларни аниқлаш имконияти билан намоён бўлади;

айрим тадқиқотларга кўра, 173 нафар беморда антижисмлар ишлаб чиқилишининг ўртача давомийлиги 11-12 кун бўлган. (Касаллик белгилари кузатилган беморларнинг 94%ида IgM мавжудлиги ижобий бўлган ва 80%и IgG тоифасидаги антижисмларга эга бўлган (Zhao J. et al. 2020));

гумораль иммунитет давомийлиги ҳали аниқ маълум эмас, бироқ SARS-CoV-1 бўйича фактлар маълум: илмий тадқиқотларда инфекцияга чалинишнинг 90- кунида беморларнинг 100%и IgG мавжудлигига 16 ойгача ижобий бўлган ва 2 йил ўтгандан кейин уларнинг титри тахминан 90% даражасида турган, фақат 4 йилдан кейин 50%га четланиш кузатилган. (Lin Q. et al. 2020).

Дунёда қон антижисм мавжудлигига нима учун текширилади:

эпидемиологик назорат учун;

касални бошидан ўтказганларни, айниқса симптомсиз ўтказганларни, контакт шахслар доирасини аниқлаш ва уларни назоратга олиш учун (Ўзбекистонда уларни карантин ҳудудларига жўнатдилар);

статистика, эпидпрогноз ва ш.к. тузиш учун;

КОВИД-19ли оғир беморларни даволашда реконвалесцентлари плазмасидан фойдаланиш учун;

ушбу антижисмларнинг вирусга қарши функционал қобилиятларини, яъни вирусни нейтрализациясига қобиллигини ўрганиш учун. Бу вирус (ҳар қандайи)га қарши вакциналар ишлаб чиқиш учун муҳим;

Келгусида бу вакцинациянинг самарадорлигини аниқлаш учун аҳамиятли бўлади.

 

ДАВОЛАШ – АСОСИЙ ЖИҲАТЛАР

Бу пандемиянинг ноёблиги шундаки, янги қўзғатувчини таниш, уни ўрганиш, тестдан ўтказиш ва даволашнинг, шунингдек протоколларнинг турли услубларини текшириш, уларни қўллаш бир вақтда, реал вақт режимида рўй бермоқда. Олимлар ҳануз специфик даволаш устида илмий изланишдалар, турли халқаро лойиҳалар доирасида кенг кўламда клиник синовлар давом этмоқда (ЖСТ – SOLIDARITY trial; REMAP-CAP –  (Angus D. et al. 2020). Ҳозирча даволаш протоколларига COVID-19 учун исбот базасига эга бўлмаган, бошқа вирусли инфекцияларни даволаш бўйича олдинги тажрибалардан келиб чиқиб, шунингдек эмпирик асосда қўлланилувчи дори воситалари киради. Бугунги кунда асосий воситалар ва даволаш услублари, симптоматикага қараб, қуйидагилардир:

тўғридан-тўғри вирусга қарши таъсирга эга воситалар:

Аденозин ва гуанозин аналог­лари (Remdesivir, Ribavirin (Lung J. et al. 2020; de Wit E. et al. 2020; Hung IF et al. 2020);

протеазалар ингибиторлари (Lopinavir / ritonavir (Kaletra) – Cao et al. 2020)) — бугунги кунда даволаш протоколидан чиқариб ташланган;

токсик шокни олиш учун воситалар;

тромб юзага келишининг олдини олиш воситалари (Lin, L et al. 2020, Tang, N et al 2020);

антибактериал воситалар (антибиотиклар);

иммунотерапия: Моноклонал антижимлар (масалан, IL-1, IL -6га қарши);

реконвалесцентлар (касалланиб тузалганлар)  плазмаси – суст специфик иммунитет. Бу услуб Ўзбекистонда анчадан бери, масалан, геморрагик безгакларни даволашда қўлланилади;

камдан-кам ҳолларда IFN (интерферон) билан небулайзер терапияси амалга оширилади
(Интерферонлар индукторлари билан адаштирилмасин);

кортикостероидлар истисновий ҳолатларда қўлланилади. «Цитокин бўрони»да мумкин.

Тасдиқланган илмий фактларга таяниб алоҳида банд ўлароқ такрорлаб ўтмоқчиман: COVID-19га чалинган беморларни даволашда иммуномодуляцияловчи/иммуностимулловчи препаратларни қўллаш мутлақо мумкин эмас, чунки бу юқорида тилга олинган, айрим вазиятларда вирус чақирувчи «Цитокин бўрони» ривожланишига туртки бўлиб, беморнинг ҳолатини оғирлаштириши мумкин (Mehta et al. 2020).

 

ПРОФИЛАКТИКА ЧОРАЛАРИ

Аҳоли учун профилактика чоралари ҳақида кўп айтилди ва такрорлашда давом этмоқдалар. Улар, асосан, специфик эмас ва инсоннинг зарарланиши ҳамда инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Специфик профилактика, яъни коронавирусдан вакцина ҳали мавжуд эмас. Жаҳонга номи машҳур қатор илмий ташкилотлар уни яратиш устида фаол ишламоқдалар. Ўтказилган тўлиқгеномли тадқиқотлар вируснинг тузилмасини, унинг анчайин барқарор геноми ва бошқа «дўст»лари билан ўхшашлигини аниқ белгилаш имконини берди, шу сабабли организмнинг бу вируслар оиласига қарши етарлича юқори иммун ҳимояга эга эмаслигини тахмин қилиш мумкин. Аммо бу – алоҳида мавзу.

Ушбу мақолада мавжуд олдини олиш чораларинигина тилга оламиз.

Асосий умумий чоралар:

қўл гигиенаси қоидалари – қўлга ишлов бериш;

шиллиқ қатлам (кўз, оғиз, бурун)га тегинишдан четланиш;

акса уриш/йўталиш маданияти;

ижтимоий масофаланиш – камида 1 м (ЖСТ) 2 м (СДС);

тиббий ниқоб тақиш:

агар масофаланиш имконсиз бўлса, ниқоб тақиш (масалан, гавжум жойлар – дўконлар, боғлар, кўнгилочар марказлар ва ш.к.га борганда);

касалга чалинганларда ҳар қандай ҳолатда ниқоб тақиш ва уйда қолиш;

агар уйда ёши катта инсон бирга яшайдиган бўлса, жамоат жойларига борган қариндошлар уйда ниқоб тақишлари маъқул, яъни инсон ўзини касаллангандек тутади;

беморлар ва улар билан контактда бўлганларни ўз вақтида аниқлаш ва иҳоталаш.

SARS-CoV-2нинг тиббий хизматчилар орасида юқиши ва тарқашининг олдини олиш бўйича чоралар:

индивидуал даражадаги ёндашув (Ferioli et al, 2020);

ҳаво-томчи/контактли юқиш таъсирининг олдини олиш – COVID19ли беморларга қараётган мутлақо барча учун;

ходимлар орасида, айниқса аэрозол-генерацияловчи муолажалар (АГМ)га (улар фақат алоҳида, ёпиқ хоналарда (идеалда – салбий босимли шароитда) ўтказилиши керак) жалб қилинганларда аэрозоллар/контакт орқали инфекцияланишнинг олдини олишга қаратилган барча чораларни кўриш;

қўллар гигиенаси;

юз (кўз, оғиз, бурун)га тегинишдан четланиш;

усукуналардан фойдаланишни минималлаштириш (масалан, стетоскопдан имкон қадар камроқ фойдаланиш).

Тизим миқёсидаги ёндашувлар:

ходимлар ва беморларга биологик хавфсизлик қоидалари, индивидуал ҳимоя воситалари (ИҲВ)ни тўғри кийиб-ечиш ва уларни хавфсиз утилизациялаш бўйича мунтазам таълим/йўл-йўриқ бериш;

тиббий хизматчиларни ИҲВ, SARS-CoV-2, транспортировка, тегишли инфратузилма ва хавфсизлик  билан таъминлаш;

юзалар ва атрофдаги ашёларни мунтазам тозалаш, дезинфекциялаш;

жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни тозалаш;

стационарда тегишли вентиляция тизими, яъни кучлироқ вентиляция, ҳавонинг хона ичидаги циркуляциясидан четланиш, АГМ (масалан, бронхоскопия) ўтказилаётган хоналарда салбий босим мавжуд бўлиши маъқулроқ;

танаффусларни тегишлича ўтказиш (бир жойда йиғиладиган тиббий хизматчилар сонини чеклаш учун);

шифохона ходимларининг ижтимоий масофалануви (масалан, тушлик, танаффус пайтида ва ҳ.к.);

хатар гуруҳига кирувчи ходимлар (>65 ёшдаги, ҳомиладор, иммунокомпромис шахслар) COVID-19ли беморларни даволашга қўйилмаслиги керак;

бир сменада ишлайдиган тиббий хизматчилар сонини чегаралаш;

беморларни даволашда замонавий технологиялар (телетиббиёт, онлайн-қабул ва ш.к.)дан фойдаланиш.

 

COVID-19 пандемияси даврида вакцинация тўғрисида алоҳида банд

Вакциналар – бу тиббиётдаги энг доҳиёна кашфиётлардан ва айрим юқумли касалликларнинг специфик профилактикасидаги энг самарали воситалардан бири. Айнан вакцинация билан олди олинадиган касалликлардан одамларнинг иммунизацияси сабабли, янгидан-янги касалланишларни четлаб ўтиш имкони юзага келади. Бошқарилувчан инфекциялар юзага келишининг олдини олиш нафақат ҳаётни асраб қолади, балки юзага келган касалликни даволашга нисбатан камроқ сарф-харажат талаб қилади ва шусиз ҳам COVID-19 пандемияси натижасида оғир юк тушган соғлиқни сақлаш тизими юкламасини камайтиришга ёрдам беради. Бироқ, иммунизация сеанслари вақтида инфекция тарқалишини четлаб ўтиш учун қатор ўзига хос жиҳатлар ва ЖСТ тавсияларини инобатга олиш керак бўлади:

  1. COVID-19 пандемияси даврида янги туғилганларнинг режали вакцинациясини албатта ўтказилиши. Аксарият ҳолатларда иммунизация бўйича тадбирларнинг муассасаларда ўтказилишини инобатга олиб, янги туғилган чақалоқлар вакцинацияси устувор бўлиши ва миллий графикка кўра ўтказилиши зарур.
  2. COVID-19 пандемияси даврида катта ёшдагиларни вакцинациялаш тавсия этилади. Респиратор касалликларининг профилактикаси ва пневмококк инфекция, грипп ва кўкйўталга қарши вакцинация тиббий жиҳозлар, медикаментлар ва тиббиёт ходимларини COVID-19ли беморларни даволаш учун ажратишни осонроқ қилади.
  3. COVID-19 юқиши хатарини минималлаштириш учун иммунизацияни ўтказиш шохобчалари фаолиятини ташкил қилиш. COVID-19 юқишидан қўшимча ҳимоялаш учун кўрилиши мумкин бўлган қатор содда чоралар мавжуд:

иммунизация ўтказиш учун шифокор қабулини олдиндан ёзиб қўйиш орқали ташкил этиш;

поликлиникаларга ёки вакицнация марказларига вакцина оладиган ва уларга ҳамроҳлик қиладиганлар қатновини камайтириш мақсадида, ёшга кўра иммунизация тадбирлари билан бирлаштириш;

имкониятга қараб, очиқ ҳаводаги ҳудудлардан фойдаланиш ва тиббиёт муассасаларида жисмоний масофаланишга риоя қилиш;

вакцинация марказлари учун – кекса инсонлар ва ёндош касалликлар (гипертония, юрак касалликлари, респиратор касалликлар ёки диабет)га эга шахслар учун алоҳида иммунизация сеансларини ташкил этиш;

имкониятга қараб, иммунизация хоналари ва кутиш заллари даволаш тадбирлари ўтказиладиган ҳудудлардан ажратилган бўлиши лозим (яъни, муассасага қараб, тиббий ёрдамни куннинг турли вақтида ёки алоҳида ҳудудларда кўрсатиш).

  1. COVID-19ли (тасдиқланган ёки юққанликда шубҳага олинган) шахслар, шунингдек контактда бўлган шахслар ҳам, вакцинациядан ўтишлари мумкин. Бугунги кунда бундай шахсларнинг вакцинацияланишига ҳеч қандай қарши кўрсатма йўқ.
  2. Миллий ва маҳаллий ҳокимият органларининг COVID-19 юқишининг олдини олиш чора-тадбирлари, жумладан жисмоний масофаланиш юзасидан қарорига кўра, иммунизацияни ўтказиш вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу ҳолатларда ота-­оналарга иммунизация ўтказиш тикланган заҳоти шифокорга болаларни эмлаш учун мурожаат қилишни тавсия этиш муҳим.
  3. Агар вакцинация тўхтатилган бўлса, иммунизация дастурини тегишлича профилактика чораларини ҳисобга олган ва уларга риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда қайта тиклаш ва фаоллаштириш зарур. (WHO-2019-nCoV-immunization_services-FAQ-2020.1-rus.pdf
    https://apps.who.int/iris/bitstream/handle/10665/331818/WHO-2019-nCoV-immunization_services-FAQ-2020.1-rus.pdf)

Мақола якунида қўшимча қилмоқчиман: COVID-19нинг, ҳатто энг қатъий профилактика чоралари кўрилганда ҳам бунчалик мислсиз тез ва ёппасига тарқалиши Геномнинг Доҳийларга қарши бу курашида ҳозирча Геномнинг қўли баланд келаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирча миллий ва халқаро миқёсда жавоб беришда қандай технологияларга таянишимиз, уларнинг қайси бири, жумладан нарх борасида, яқин вақт ичида қўллашга мақбул бўлиши ноаниқ қолмоқда. Бутун жаҳон ҳамжамияти ҳозир коронавирусга қарши вакцина ва дори яратилишига интизор. Ўзимизни ва душманни ўрганиш давом этмоқда. Пировард ғалаба ким томонда бўлади? Бу ва бошқа кўплаб саволларга жавобни келажакда билиб оламиз.

 

«Ўзингни ва душманингни билсанг, минглаб жанглар нима билан якунланишидан хавотир олмасанг ҳам бўлади…»

Сун Цзи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *