Беморлар ҳолатини назорат қилиш даволашнинг муҳим омилларидан бўлиб, унинг стратегиясини мувофиқлаштиради. Ўтган аср беморларни стационар даволашда ҳаёт фаолиятининг асосий кўрсаткичларини назорат қилишда электроникадан фойдаланиш борасидаги туб юксалишлар билан эсда қолди. Замонавий тиббиёт доимий тақиб юрилувчи, асосий мақсади кундалик шароитда бемор ҳолатини узлуксиз таҳлил қилиб бориш бўлган датчиклардан кенг кўламда қўллашни бошлаб, эришилган ютуқларни янада ривожлантирди. Тақиб юрилувчи датчиклар қўлланилишининг хусусиятлари ва истиқболлари ҳам академик, ҳам оммабоп адабиётда муҳокама этилмоқда.

Ушбу қурилмалар ривожига бўлган бундай эътиборнинг бош сабабларидан бири тиббий инновациялар соҳасидаги тараққиётга интилиш эмас, балки ривожланган мамлакатларда кексалар сонининг жадал ўсиб бориши бўлди. Прогнозларга кўра, биргина АҚШда 2060 йилга бориб кекса ёшдагилар сони 100 млн нафарга етади, ҳолбуки 2018 йилда бу кўрсаткич 49 млн.ни ташкил қилганди. Жаҳон кўрсаткичларига келсак, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фикрига кўра, 2050 йилга бориб 60 ва ундан юқори ёшдаги кекса аҳоли сони 2 миллиардгача ўсади.

Бугунги кунда тақилувчи датчиклар турли-туман касалликларни даволаш ва олдини олишда, шунингдек, жисмоний ҳолатнинг умумий назоратида, жумладан мактаб ўқувчиларининг қаддини тўғрилашда, болалардаги стресс ҳолатларини ташхислашда, спортчиларнинг юқори юкламалардаги кўрсаткичларининг таҳлилида ва инсон вазни ўзгариши суръати назоратида қўлланилади. Инсон жисмоний ҳолати устидан назоратнинг замонавий қурилмалари рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, уларнинг бор инновационлиги ва аниқлигига, Ашёлар интернети ва Катта маълумотларнинг илғор технологиялари асосида ишлай олишига қарамай, уларнинг аксарияти беморларга анчайин ноқулайлик келтирувчи ёт жисмлигича қолмоқда.

Аммо олимлар бу муаммонинг ҳам ечимига йўл топяптилар, буни тақилувчи сенсор қурилмалар соҳасидаги сўнгги кашфиётлар намоён этмоқда. Бугунги кунда шифокорлар ўта букилувчан датчиклардан фойдаланмоқдалар, улар инсон танасига пластирь каби ёпиштириб қўйилади. Лекин бу каби қурилмаларнинг айрим камчиликлари бор, уларнинг иккита энг асосийси – бу қурилмаларнинг қимматлиги ва инсон танаси эгилган жойларини аниқ такрорлай олмаслигидир (натижада бемор ҳаракатланиши уларнинг ишига ҳалақит беради).

Яқинда кашф этилган технология эса, бу иккала муаммони ҳам ҳал қилишга ёрдам беради. Хьюстон университетида муҳандис-биомедик Фаҳим Эршод бошчилигидаги жамоа инсон терисига мувофиқ келувчи полимер эритмасидан, кумуш тангачалардан фойдаланиб, ўтказувчан сиёҳ ишлаб чиқди. Сиёҳни трафарет ёрдамида танага туширдилар ва керакли схемани туздилар, бир қанча дақиқадан кейин сиёҳ қуриди ва датчик фойдаланишга тайёр бўлди. Симнинг бир учини тайёр схемага, бошқа учини компьютерга улаб, олимлар тери гидратациясини ва юрак ҳамда скелет мушаклари электр фаоллигини ўлчашга муваффақ бўлдилар.

Сиёҳ тер ва ишқаланиш таъсирига чидамли, лекин совунли сув шимдирилган нам қоғоз сочиқ билан осон кетади. Энди олимлар олдида мутлақо симсиз янги датчиклар ясаш вазфиаси турибди. Яқин орада инсоният беморларга ноқулайлик туғдирмаган ҳолда уларнинг ҳолатларини кундалик шароитларда кузатиб бориш имконини берувчи датчиклардан фойдаланиб, касалликларни ташхислаш ва даволашнинг мутлақо янги босқичига чиқиши мумкин. Бу касаллик варақасини беқиёс даражада аниқ ва батафсил бўлишини, бинобарин, даволашнинг ҳам янада самарали ва мақсадга йўналган бўлишини таъминлайди. 

QVANT таҳририяти тахлил гуруҳи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *