Аввалда ҳеч қачон биз вакциналар, уларнинг фойда ва зарари ҳақидаги ахборот оқимида қолмагандик. Эътиборлиси, олдинлари, коронавирус ва ундан вакцина юзага келгунига қадар, ҳеч ким у ёки бу вакцинанинг таркиби, ишлаб чиқарилиши, ножўя таъсири ва хатарлари ҳақида зўр бериб суриштирмаганди.

Беш йиллар олдин вакцинация, оила ва болалар саломатлиги тўғрисида қайғуриш каби, «онажонлар» иши саналарди, чунки болаларни эмлаш туғруқхонадан бошланарди. Боласи қачон ва нимадан эмланганлигини ёдда тутувчи оталарга қизиқиб қараган бўлардим.

Эндичи?

Бир қарашда биз кўпроқ ўқиб, кўпроқ қизиқиш билдиряпмиз. Аммо… саробга берилиш керакмас. Илмий ахборотларга ўргатилмаган ва тайёрланмаган, биология ва кимёдан чуқур билимларга эга бўлмаган мия учун ҳақиқат қаерда-ю, ёлғон қаердалигини ажратиб олиш имконсиз. Ўзингиз баҳо беринг.

Пандемиянинг бошларида нашрлар сарлавҳалари “COVIDга қарши янги вакцина суперодамни ярата оладими?» дея жар солар, кетидан «ДНКни қайта дастурлаш» ҳақида сўз борарди. «Бу вакцина одамларга чорвадаги каби чиплар ўрнатибгина қолмай, бизни идеал 5G-антеннага айлантирувчи нанозарралар ҳам киритилади”,- дейилади бошқа веб-сайтда. Мана шундай асоссий айбловлардан бири пандемиянинг илк ойларида Билл Гейтсга нисабатан билдирилганди. Қатор конспирологик нашрлар Гейтснинг ўзи коронавирусни яратганлигини, келгуси вакцинациядан эса, одамларни ичплаш учун фойдаланишини ёзганди.

Бу каби янгиликлар толмачойдаги ширинликдек одамлар томонидан жон-жон деб қабул қилингани табиий. Бехабарлик ва қўрқув – дезинформация ва ёлғон ахборот тарқалишининг асосий «ёрдамчи»ларидир.

Тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, умуман олганда, вакцинацияга қарши тарғиботнинг олдини олишга уриниш бефойдадир. Албатта, ижтимоий тармоқлар соҳиблари «инсоний» бўлишлари ва COVID-19 тўғрисидаги ёлғон баёнотларга нисбатан қатъий позицияда туришлари, улар ўрнига обрўли манбаларни илгари суришлари керак бўларди.

Аммо бу ерда бир муаммо бор – узун мақолаларни, илмий ҳамжамиятда обрўга эга тадқиқотларни халқимиз ўқишни истамайди. Бизга томоша, урҳо-ур, асаблар таранглашуви ёқади. «Донои мутлақ» бўлиб кўриниш, қўшнилар ва улфатлар орасида қўрқув солиш ва ўз амбицияларини қондиришни истайдилар.

Коронавирус бизга ниманидир ўргатдими? Дейлик, кимё, физика, биологияни севишни; ўз организмимиз қурилишини, тана реакциясини ўрганишни, врачга мунтазам қатнашни ва қон таҳлилини мунтазам топшириб боришни? Ишонмайман. Агар сиз бундай йўл тутганлардан бўлсангиз, тан олинг, пандемиягача ҳам доим шундай қилиб келгансиз-ку, тўғрими?

Умуман олганда, коронавирус тасдиқлади: одамлар ёлғон ахборотларга лаққа тушадилар, чунки бундай ахборот дангаса аҳоли учун «ҳазми осон» шаклда тақдим қилинади – ҳайқирувчи ва жозибали сарлавҳалар, даҳшатли суратлар ва асос, манипулятив сўзлар. Аммо яхши хабар ҳам бор. Бу – коммуникаторлар, тадқиқотчилар, илмий арбоблар ва кейслар ҳамда ажойиб сторислар экспертлари учун жуда катта қатлам: «ол ва ишлат».

Илмий ҳамжамият учун эса, бу, аввало, муҳим дарс бўлиши керак: ишончли ахборотни ўқувчи учун осон, тушунарли, «ҳазми осон» ва  визуал жозибали шаклда тақдим этиш ниҳоятда муҳимдир. Болаликдан илм-фанни оммалаштириш, вакциналар, иммунитет ва организм қурилиши ҳақида сўзлаш керак.

«Бузғунчи» дезинформацияга қарши курашдаги ягона ечим ва амалий чорани мен мана шунда кўрмоқдаман. Сизчи?

 

Наргиза Аликулова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *