Тошмуҳаммад Ниёзович Қориниёзов
(1897 — 1970)
1897 йил 21 август (2 сентябрь)да (айрим маълумотларга кўра – 1896 йилда) Хўжандда (Ҳозирги Тожикистон ҳудудида) туғилган. 1916 йилда Фарғона рус-тузем мактабини битирган, кейин ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ўзбекистонда биринчи бошланғич мактабга асос солган, шунингдек Қўқонда биринчи ўзбек педагогика техникумини ташкил этишда қатнашган. 1920-1925 йилларда ушбу техникум директори бўлган.
1929 йилда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультетини тамомлади. Ўқиш давомидаёқ ушбу университетда дарс бера бошлаган, 1931 йилда профессор мақомига эришиб, 1931-1933 йилларда университет ректори лавозимини эгаллаган.
1937-1940 йилларда – Ўзбекистон ССР ХКК қошидаги Илм-фан қўмитаси раиси, шу билан бир вақтда, 1939 йилдан 1943 йилга қадар Ўзбекистон ССР ХКК раисининг илм-фан, маданият ва санъат масалалари бўйича ўринбосари бўлди. 1941 йилда Самарқанддаги Амир Темур қабрини тадқиқ қилиш бўйича илмий экспедицияни бошқарди. 1940 йилдан ССРИ ФА Ўзбекистон филиали раёсатига раҳбарлик қилди, 1943-1947 йилларда ЎзССР ФА биринчи президенти этиб тайинланди. 1948 йилдан Тошкент қишлоқ хўжалиги муҳандислари ва механизация институти профессори, Ўзбекистон ССР ФА Раёсати аъзоси бўлган. 1970 йил 17 мартда вафот этган ва Тошкентда, Чиғатой қабристонида дафн этилган.
Абдуллахўжаева Малика Саматовна (28 ноября 1932 — 26 июня 2018)
– Республика патологоанатомик маркази директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Нью-Йорк Фанлар академияси аъзоси, тиббиёт соҳасида биринчи аёл академик, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Совет ва ўзбек патологоанатоми, “Ким аслида ким” халқаро интеллектуаллар рўйхатига кирган ХХ аср илм-фанининг беш юз нафар буюк арбобидан бири.
Малика Саматовна 1932 йил 28 ноябрда Москвада, Шарқ меҳнаткашлари халқаро университети талабалари оиласида туғилган. 1950 йилда Тошкентдаги 110- сонли ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкент давлат тиббиёт институти (ТошДавТИ) даволаш факультетига ўқишга киради. Ўқиш давомида давлат стипендиати, талабалар илмий жамияти раиси бўлади. Малика Саматовна илмий фаолиятини талабалик йилларида, патологик анатомия кафедраси қошидаги илмий тўгаракда бошлайди (1953—1956 йиллар). У болалардаги пневмонияда вагуснинг дорсал ядроси гистокимёси бўйича илк ишлари (проф. Г.Н. Терехова раҳбарлигида бажарилган) учун ССРИ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда олий ва ўрта таълим вазирликлари фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Кейинги йилларда Малика Саматовна марказий асаб тизимидаги реактив ва патологик жараёнларни ўрганишни давом эттирди. 1956 йилда, ТошДавТИни аъло баҳоларга битирганидан кейин, Малика Саматовна ССРИ Тиббиёт фанлари академияси Мия институтига, гистокимё лабораториясига аспирантурага кирди ва 2960 йил 27 декабрда ССРИ ТФА тиббиёт-биология бўлими Илмий кенгашида тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилди, 1968 йилда эса, ўсимталар механизмини ўрганиш якунларига кўра, тиббиёт фанлари бўйича докторлик диссертациясини ёқлади. 1961 йилда М.С. Абдуллахўжаева ТошДавТИ қошида Ўзбекистон Республикасида биринчи Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси (МИТЛ)ни, 1963 йилда – Ўзбекистон Республикаси ССВ Рентгенология, радиология ва онкология илмий-тадқиқот институтида гистокимё лабораторияси билан патоморфологик бўлимни ташкил қилди.
1969 йилда Малика Саматовна ТошДавТИ Патологик анатомия кафедраси мудирлигига танловдан ўтди, 1970 йилда эса профессор этиб тайинланди. М.С. Абдуллахўжаева ва унинг шогирдлари нейропатология ва нейроморфология масалаларини ўрганадилар. М.С. Абдуллахўжаеванинг ўзига хос тадқиқотлари сирасига мотивация, хатти-ҳаракат ва хотира маркази сифатида гиппокампнинг турли экзоген омиллар таъсирида морфологиясини ўрганиш бўйича ишлар киради. Бу тадқиқотларнинг натижалари “Ультраструктура гиппокампа в норме и патологии” (1981) китобида жам бўлган.
Профессор М.С. Абдуллахўжаева тажриба ва клиник иммунопатология соҳасидаги олим сифатида кенг шуҳрат қозонган. Академик М.С. Абдуллахўжаева ва унинг шогирдлари тадқиқотларининг яна бир йўналиши – асоратли ҳомиладорлик патогенези ва патологик анатомиясини ўрганишдир. Меъёрда жойлашган йўлдошнинг тушиб қолиши тезкор турдаги гиперсезувчанлик реакциясининг ривожланиши оқибати ўлароқ рўй бериши, ҳомиладорларда гломерулонефрит шаклланиши эса, суст турдаги гиперсезувчанлик реакцияси билан боғлиқ эканлиги улар томонидан биринчи бўлиб аниқланган.
Тиббиёт институтининг Патологик анатомия кафедрасига 35 йил мудирлик қилиб, Малика Саматовна юқори малакали врачлар, олий тиббий ўқув муассасалари педагоглари ва тиббиёт йўналишидаги олимларни тайёрлашга улкан ҳисса қўшди. 1990 йилда, институтнинг Биринчи ва Иккинчи ТошДавТИга бўлинишидан кейин, М.С. Абдуллахўжаева талов асосида Иккинчи ТошТИ Патологик анатомия кафедраси мудири бўлди, уни 2000 йилга қадар бошқарди.
М.С. Абдуллахўжаева – кўплаб услубий тавсиялар, ўқув қўлланмалари (жумладан чет эллик талабалар учун), стоматологик факультет талабалари учун атлас муаллифи. У 11 та муаллифлик гувоҳномасига эга, 15 та монография, тиббиёт тарихига бағишланган 2 та китоб, 250 та илмий мақола чоп этган. 1997-1999 йилларда у ўзбек ва рус тилларида тиббиёт ОТМлари 3- курс талабалари учун биринчи маҳаллий икки жилдик “Инсон патологияси асослари” дарслигини чиқарди.
2000 йилда М.С. Абдуллахўжаева Ўзбекистон Республикаси ФА ҳақиқий аъзоси (академиги) этиб сайланди. 1972 йилдан 1997 йилга қадар, Ўзбекистон Республикаси ССВ бош патологоанатоми сифатида Малика Саматовна республикадаги патологоанатомик хизмат ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Биринчи бор патологик анатомия бўйича интернатура жорий этилди, республиканинг барча даволаш-профилактика муассасаларида патологоанатомик бўлимлар ташкил этилди.
Унинг ташаббуси ва фаол иштироки билан Республика патологоанатомик марказ ташкил этилди, у йирик ўқув-илмий ишлаб чиқариш мажмуаси бўлиб, ҳозирда МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ. Унинг базасида барча тиббий ихтисосликлар бўйича талабалар, магистрантлар таълим оладилар, врачлик фаолияти экспертизаси ўтказилади; бешта патогистологик, бактериологик, вирусологик ва цитологик лаборатория, ПЦР, электрон микроскопия, тиббий ва молекуляр генетика лабораторияси ишлаб турибди, шунингдек тана ҳужайраларини кўпайтириш учун ҳужайравий биотехнология лабораторияси ташкил этилган.
М.С. Абдуллахўжаева раҳбарлиги остида 2005 йилда Капош саркомасининг турфа турлари ривожланишида Human Herpes вирусининг 8- тури, Эпштейн-Барр вирусининг эҳтимолий ролини, шунингдек бачадон бўйни саратони генезида оддий герпес вируси, инсон папилломаси вируси ва цитомегаловируснинг роли ўрганиш бўйича ишлар бошланди.
Академик М.С. Абдуллахўжаева – патологоанатомларнинг йирик илмий-педагогик ва амалий мактаби асосчиси: унинг раҳбарлиги остида тиббиёт фанлари соҳасида 15 нафар доктор ва 65 нафар фан номзоди етишиб чиқди, улар нафақат Ўзбекистон, балки бир қатор Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Россия, Исроил, Ҳиндистон, Яман, Миср, Непал, АҚШдаги йирик тиббиёт марказларида ишламоқдалар.
Малика Абдуллахўжаева – Ўзбекистонда биоахлоқ асосчиси, унинг мақсади беморнинг тиббий ва илмий тадқиқотлар субъекти сифатида ҳуқуқларини ҳимоялашдир. 2000 йилда у ЎзР ССВ қошида Миллий ахлоқ қўмитасини ташкил этди. Бу қўмита 2001 йилда МДҲ мамлакатлари биоахлоқ форумига ва Европа мамлакатлари форумига аъзо бўлди.
Олим сифатида яқин ва узоқ хорижда кенг танилган, Россия, Руминия, Югославия, Италия, Бельгия, Венгрия, Германия, Ҳиндистон, Туркияда ўтказилган халқаро конгрессларда ЎзРнинг тиббиёт фанидаги илмий ютуқларини муносиб тақдим этган. Йирик мутахассис сифатида у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (Женева, 1985-1990), илмий маслаҳатчи, вақтинчалик маслаҳатчи ва ЖССТ эксперти сифатида таклиф қилинган. Япония, Канада, Хитой ва бошқа 20 та мамлакат патологоанатомлари билан биргаликда, ЖССТ шафелиги остида Болаларда атеросклероздан олдинги ўзгаришларни ўрганиш халқаро илмий дастурини амалга оширишда қатнашди.
М.С. Абдуллахўжаева – қатор илмий форумлар ташкилотчиси: Бутуниттифоқ патологоанатомлар илмий жамияти раёсати 8- пленуми (1972), Бутуниттифоқ патологоанатомлар 7- анжумани (1983), Ўзбекистон Республикаси патологоанатомлар 1- (1992) ва 2- (1997) анжумани, халқаро иштирокдаги 1- Миллий биоахлоқ конгресси (2005).
Тинчлик ишига қўшган ҳиссаси учун М.С. Абдуллахўжаева Калифорния штатидаги Фресно шаҳрининг (АҚШ) фахрий фуқароси деб сайланган.
М.С. Абдуллахўжаева кўплаб ҳукумат мукофотлари билан тақдирланган: “Шарафли меҳнати учун” медали (1970), “Ҳурмат Белгиси” ордени (1976), “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий номи (1980), “Меҳнат фахрийси” медали (1984), “Олий таълим аълочиси” медали (2000), “Меҳнат шуҳрати” ордени (2003). 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг фармонига кўра М.С. Абдуллахўжаевага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди ва “Олтин Юлдуз” билан тақдирланди.
Буларнинг бари – тинимсиз меҳнат, ўз эзгу мақсади – миллати, халқи, мамлакатини бутун дунёга танитиш, инсонларга ҳаёти давомийлигини ўз қўлида тутиш бахтини ҳадя этиш йўлидаги садоқатли хизматларининг самарасидир.
Дарҳақиқат, ушбу хайрли мақсадга у бутун ҳаётини бағишлади.
М.С. Абдуллахўжаева 2018 йил 26 июнда ҳаётдан кўз юмди.
Маҳмуд Салоҳиддинов (1933 йил 23 ноябрь — 2018 йил 27 апрель)
1933 йил 23 ноябрда Наманганда таваллуд топган. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) математика факультетини ва 1958 йилда аспирантурасини тамомлади. Дастлаб ўша ерда кафедра ассистенти сифатида ишлади. 1959 йилдан 1985 йилгача Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Математика институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, бўлим мудири, директор ўринбосари, сўнгра институт директори бўлди.
1958 йилда номзодлик, 1967 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. 1968 йилда физика-математика фанлари доктори, 1969 йилда профессор бўлди. 1968 йилда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1974 йилда – ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 1980-1986 ва 1993-1996 йилларда университет дифференциал тенгламалар кафедраси мудири бўлди. 1985-1988 йилларда Ўзбекистон ССР олий ва ўрта махсус таълим вазири, 1988-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, 1994-1997 йилларда физика ва математика бўлими мудири бўлиб ишлади. Шунингдек, Ўзбекистон Олий Кенгаши ва Олий Мажлисига депутат этиб сайланган (1985-2000).
Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган илм-фан ва техника арбоби (1978), Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати (1974 – дифференциал тенгламалар назарияси соҳасидаги қатор тадқиқотлари учун), «Ҳурмат Белгиси» ордени (1976), «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати» (2003) ва «Буюк хизматлари учун» (2007) орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, «Аралаш-таркибли турдаги тенгламалар» монографияси (1974) ва ўзбек тилидаги қатор дарсликлар муаллифи саналади. 2018 йил 27 апрелда вафот этган.
Халил Аҳмедович Раҳматулин (1909 23 апрель — 1988 йил 10 январь)
Халил Аҳмедович Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган ва кичик ёшлигида ота-онасидан маҳрум бўлган. Акалари ва опалари, шунингдек қариндошлари қўлида катта бўлган (поччаси Давлат ака йигитчада математикага қизиқиш уйғотган). 10 ёшидан ишлай бошлади ва 1925 йилда Тошкент педагогика техникумига кирди, уни битириб, ўша ернинг ўзида ўқитувчилик қилди. Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университети физика-математика факультетида ўқишни давом эттирди. Кутилмаганда у танлаган механика йўналишини Тошкент университетида ёпадилар. Раҳматулинга бошқа йўналишни танлаш таклиф этилди. Аммо у қатъият кўрсатди: Москва университетида ўқишга қарор қилди. 1931 йилда А.В. Луначарскийнинг шахсан кўмаги билан Раҳматулиннинг ўқиши Москва давлат унивеситетига кўчирилди. МДУ механика-математика факультетини тугаллади (1934), газли динамика (1951) ва тўлқинли динамика (1954) кафедраларини (кейинчалик газли ва тўлқинли динамика кафедрасига бирлашди) ташкил қилди ва умрининг охирига қадар бошқарди, МДУ Механика институти асосчиларидан бири (1959). Раҳматулиннинг аэродинамика бўйича тадқиқотлари уруш даврида совет шаҳарларини ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизимлари шаклланишида, жумладан Москва мудофаасида муҳим роль ўйнади, шу сабабли у кейинчалик «Москва мудофааси учун» медали билан тақдирланган. М.В. Ломоносов номидаги (1945) ва иккинчи даражали Сталин мукофоти (1949) билан тақдирланган. Унинг фаолияти учта Ленин ордени, Меҳнат Қизил Байроқ, «Ҳурмат Белгиси» орденлари билан эътироф этилган, у Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлган (1979). Урушдан кейин машинасозлик МИТИ – ракета-фазо тармоғининг бош институтида Раҳматулин раҳбарлигида ўша давр учун ноёб бўлган, атмосферага биринчи ва иккинчи фазовий тезликда кўтарилувчи парвоз аппаратларини учириш муаммоларини тадқиқ қилиш учун тажриба базаси яратилганди. Москвада яшаган, 1988 йил 10 январда вафот этган ва Москвадаги Кунцев қабристонига дафн қилинган.
Фарадей Басирович Абуталиев (1932 йил 25 март — 2012 йил 30 август)
Фарадей Басирович Абуталиев 1932 йил 25 мартда Тошкентда туғилган. 1952 йилда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университети физика-математика факультетини тамомлади. Ўша йилиёқ Ўзбекистон ССР ФА В.И. Романовский номидаги Математика институти аспирантурасига кирди. 1956-1957 йилларда Тошкент тўқимачилик институтида олий математика кафедраси ассистенти бўлиб ишлади. 1966 йилдан 2003 йилга қадар Ўзбекистон ССР, кейин Ўзбекистон ФА Кибернетика институти «Математик моделлаштириш» лабораторияси мудири сифатида фаолият юритди. 1969 йилда физика-математика фанлари доктори бўлади, 1972 йилда «Ҳисоблаш математикаси» ихтисослиги бўйича профессор этиб тайинланади. Шунингдек, илм-фандаги ютуқлари ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги хизматлари учун «Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрли номига сазовор бўлади (1982). Амалий математика ва ҳисоблаш техникаси соҳасида юксак натижаларга эришгани учун Ўзбекистон ССР ФА мухбир-аъзоси этиб сайланади (1984), Ўзбекистон ССР сув хўжалиги кенгаши аъзосилига сайланади (1990), Экология ва табиатдан фойдаланиш халқаро академияси академиги этиб сайланади (1996), Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги этиб сайланади (2000). 2003 йилдан 2012 йилгача Тошкент ахборот технологиялари университети Олий математика кафедрасининг мудири лавозимида ишлади. Ф.Б. Абуталиев 16 та монография ва 350 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи. Улар сирасида “Гидрогеологик жараёнларни математик моделлаштириш услублари”, “Фильтрация назарияси вазифаларини ечиш учун самарали яқинлаштирилган-таҳлилий услублар” ва бошқалар мавжуд. “Ер ости сувлари динамикасини аналитик ва саноқли услублар билан таҳлил қилиш” монографияси гидрогеология соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ютуқлар орасида 1975 йилда собиқ ССРИ Геология вазирлиги томонидан энг муҳим деб топилган. 2012 йил 30 августда академик Абуталиев Фарадей Басирович ўзи умрининг охирги даврида бошқариб келаётган Тошкент ахборот технологиялари университети Олий математика кафедрасининг йиғилиши вақтида 81 ёшида юрак тўхтаб қолишидан вафот этди.
Степан Тигранович Бадалов (1919 йил 26 август — 2014 йил 17 июль)
Степан Тигранович 1919 йил 26 августда Чоржўй шаҳрида (ўша даврда – Туркистон АССР, РСФСР) туғилган. Болалиги Ўзбекистоннинг Когон ва Қўқон шаҳарларида ўтган. Ўрта Осиё саноат институтининг Тоғ-кон факультетини фойдали қазилмалар геологияси ва разведкаси ихтисослиги бўйича тамомлаши билан, 1941 йил июнда фронтга чақирилди ва урушни бошидан охирига қадар бошидан ўтказди. 1946 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ССР ФА Геология институти (кейинчалик – ЎзССР ФА Геология ва геофизика институти; Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти)да ишлади, аспирантдан то геокимёвий цикллар ва жараёнлар лабораторияси мудиригача бўлган йўлни босиб ўтди. Степан Бадалов 40 йилдан зиёд вақт давомида Тошкент давлат университети Геология факультетида геокимё ва минералогиядан сабоқ берди. Унинг карьерасида энг муҳим лаҳзалардан бири 1969 йилда рўй берди – ўшанда Бадалов “Кимёвий элементлар протоизотоплари даврий тизими”ни тузди ва уларни атом оғирликлари бўйича кетма-кетлигини белгилади. 81 та барқарор кимёвий элемент учун 540 та изотопни тайинлади, уларнинг 270 таси барқарор. Степан Тигранович ўз ўқувчилари билан бирга Олмалиқ руда майдонида 50 дан зиёд янги минерал турларини тавсифлади. 2014 йил 17 июлда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Нўъмон Юнусович Сатимов (1939 йил 15 декабрь — 2006 йил 22 сентябрь)
Нўъмон Юнусович 1939 йил 15 декабрда Андижон шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1956 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга киради. 1958 йилда М.В. Ломоносов номидаги МДУ механика-математика факультетида ўқишни давом эттиради. Университетни тамомлагач, 1962 йилда Ўзбекистон ССР ФА В.И. Романовский номидаги Математика институтига аспирантурага киради. 1965 йилдан 1968 йилга қадар ўша ерда кичик илмий ходим бўлиб ишлайди. 1968 йилдан ТошДУда ишлайди. 1971 йилдан профессор Сатимов – ЎзМУ амалий математика ва механика факультети кафедраси мудири. 1974-1976 йилларда ССРИ ФА В.И.Стеклов номидаги ФАМИ катта илмий ходими бўлиб ишлади ва қайтгач, кафедрада мудирликни давом эттирди. 1985 йилдан 1987 йилга қадар амалий математика ва механика факультети декани бўлди. 2000 йилдан ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги Математика институти етакчи илмий ходими бўлиб ишлади. Асосий ишлари дифференциал тенгламалар назарияси, бошқарув назарияси ва уларнинг иловаларига оид бўлган. Бошқарув назариялари ва дифференциал ўйинлар Тошкент илмий мактабига асос солди. Ўзи ташкил қилган “Оптимал жараёнлар ва дифференциал ўйинлар” илмий-тадқиқот семинарига 35 йилдан зиёд вақт раҳбарлик қилди. 1970 йилдан бошлаб бошқарилувчан жараёнлар назариясининг янги бўлими – таъқиб-четланиш дифференциал ўйинлари назарияси билан шуғулланди. У дифференциал тенгламалар бўйича дарслик, 2 та монография ёзган, 180 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этган, уларнинг аксарияти таржима қилиниб, АҚШ ва Буюк Британия журналларида нашр этилган. 2006 йил 22 сентябрда вафот этган. Тошкентда, Чиғатой қабристонига дафн этилган.