Чет эл тадқиқотлари ва илмий кашфиётларидан ҳайратланиш баробарида, юртдошларимиз ҳам илм-фан соҳасида катта ютуқлар соҳиби эканлигини унутмаслик керак. Шўролар Иттифоқи давридаёқ ўзбек олимлари жаҳон миқёсида илм-фан чўққиларини забт этишган, уларнинг ихтиролари ва ишланмалари ҳозирга қадар кўплаб соҳаларда қўллаб келинмоқда.

 

 

Турсунбой Рашидов (1934-2020)

Турсунбой Рашидович Рашидов 1934 йил 27 майда Тошкентда таваллуд топган. Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факультетини 1956 йилда тугллаган. Ўзбекистондаги мураккаб ер ости иншоотларининг сейсмодинамикаси назариясини таърифлаб, Турсунбой Рашидов жаҳон механика фанининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.
Илмий фаолиятининг 65 йилини Марказий Осиё минтақасининг сейсмикасини ва унинг қурилиш соҳасига таъсирини ўрганишга бағишлаган Турсунбой Рашидов минтақанинг сейсмик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда геодезия изланишларини ўтказиш учун назарий ва амалий база яратди. У 17 та монография ва 500 дан зиёд илмий мақола ёзди. Рашидовга АҚШ, Теннеси штати Мемфис шаҳрининг “фахрий фуқароси” фахрий номи берилган, шунингдек, 2000 йилда Рашидов “XX асрнинг машҳур кишилари” рўйхатига киритилди.
Шунингдек, у дунёнинг кўплаб обрўли университетлари фахрий прфоессори ва доктори саналади. Рашидов раҳбарлигида эпицентрал ҳудудда иншоотларга сейсмик таъсирнинг батафсил таҳлили ўтказилди. Унинг тадқиқотлари асосида зилзилалар интенсивлиги ва макросейсмик эффектга кўра сейсмик ҳудудлар чегаралари белгиланган.
Рашидовнинг кўплаб илмий изланишлари Тошкент метрополитенининг янги йўналишларини қуришда ишлатилди. 2020 йил 7 октябрда вафот этгунига қадар, Турсунбой Рашидов Ўзбекистон Республикаси ФА М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар зилзилабардошлиги институти Ерости иншоотлари ва пойдеворлар сейсмодинамикаси лабораториясига раҳбарлик қилди.

 

 

Тельман Ражабов (1935-2020)

Олим, физик материалшунослик, илмий асбобсозлик ва микроэлектроника академиги.
Тельман Дадаевич Ражабов 1935 йилда Самарқандда таваллуд топган. 1959 йилда Э.Бауман номидаги Москва олий техник билим юртини тамомлаган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тошкент ядро физикаси институтида ишлаган.
Элементар зарралар физикасини ўрганган ва янги зарралар тезлатгичини кашф этиш масалалари билан бевосита шуғулланган. Шунингдек Электроника институтида ишлаган, у ерда дарс берган ва илмий иш олиб борган, Тошкент политехника институтидаги унинг иштирокида ташкил этилган физик электроника кафедрасида газли разряд физикаси, вакуум техникаси, микроэлектрониканинг физик асослари, плазма физикаси ва ш.к. курсларни олиб борган. Кейинроқ ФА Марказий илмий асбобсозлик лойиҳа-конструкторлик технологик бюроси директори этиб тайинланган. 1992 йилдан 1998 йилга қадар Тошкент электротехника алоқа институти (Тошкент ахборот технологиялари университети) ректори бўлган.
1995 йилда, кўп сонли хизматлари учун, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига сайланган ва ўша йилиёқ Нью-Йорк Фанлар академияси аъзоси бўлган. Англия, Австрия, Ҳиндистон, Италия, Хитой ва бошқа мамлакатларда маърузалар қилган. Ўз илмий фаолияти давомида 550дан зиёд илмий асарлар чоп этган, жумладан 50 дан зиёд муаллифлик гувоҳномалари ва патентларга эга. Бу давр мобайнида академик 39 нафар номзод ва 5 нафар фан докторини етиштирди. 1986 йилда «Халқлар дўстлиги» ордени ва «Меҳнат фахрийси» медали билан тақдирланди, 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлди.
Азизхон Қаюмов (1926 – 2018)

Азиззон Қаюмов 1926 йилда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топган. 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетини тамомлади.
Азизхон Қаюмов Давлат кино қўмитаси раиси, Тошкентдаги Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали бош директори, шунингдек, кўплаб илмий журналлар, академик нашрлар бош муҳаррири бўлган. 1995 йилда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. 1998 йилдан 2018 йилга қадар Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи етакчи илмий ходими бўлиб ишлаган.
XX аср ўзбек адабиётшунослигининг атоқли вакили Азизхон Қаюмов Алишер Навоий ва бошқа мумтоз адабиёт арбоблари асарларини чуқур ўрганган. Ўн жилдли “Сараланган асарлар” тўплами, шунингдек “Навоийга таъзим”, “Алишер Навоий”, “Мафтункор такрорлар – ҳаётбахш шеърлар”, “Аҳмад Фарғоний” ва бошқа асарлар муаллифи.
Азизхон Қаюмов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвонига сазовор бўлган, шунингдек «Эл-юрт ҳурмати» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

 

Анатолий Автономов (1898-1968) 

Совет биолог олими, генетик, селекционер, педагог, профессор ва СССРдаги пахташунослик фани асосчиси. 1924 йилдан бошлаб Тошкентдаги Туркистон селекция станциясида ишлайди, 1926–1933 йилларда Байрамали ш. (Тукрманистон)да селекция станциясини бошқаради.
Пахта селекцияси ва уруғчилиги ИТИда ишлаган, 1950 йилдан бошлаб Тошкент қишлоқ хўжалиги институти кафедра мудири бўлган. Анатолий Иванович Автономов пахтанинг асли – Миср навларига қараганда тез пишарроқ ва ҳосилдорроқ бўлган узун толали навини яратган ва Ўрта Осиёда татбиқ этган биринчи олим саналади. Ўзи яратган ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилган ингичка толали пахта навига еттита муаллиф гувоҳномаси бўлган.
Унинг раҳбарлиги остида генетик олимлар, селекционерлар ва уруғшуносларнинг илк йирик илмий мактабларидан бири яратилди, олимнинг қўл остида 40 дан зиёд фан номзодлари ва докторлари етишиб чиқди. 1944 йилда ЎзССРда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонига сазовор бўлди, 1943 йилда эса Сталин номидаги мукофот лауреати бўлди. 1952 йилда Ўзбекистон ССР Фанлар академияси мухбир аъзоси бўлди.

 

 

Ёлқин Тўрақулов (1917-2005) 

Совет олими, биокимёгар ва 1964 йилдаги Ленин мукофоти лауреати, Ўзбекистонда яшаган ва тиббиёт соҳасида донғи жаҳонга таралган, номи миллий эндокринология тарихида абадий муҳрланиб қолган олим. Турли йилларда фармацевтика-тиббиёт институтини, Тошкент тиббиёт институтини, Андижон тиббиёт институтини, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтини, Биокимё институти ва бошқа муассасаларни бошқарган, уларнинг кўпчилигини ташкил этишда қатнашган. Кўплаб халқаро конгресслар, съездлар ва симпозиумларни ташкил қилган ва қатнашган. Ленин мукофоти (1964), Беруний номидаги Давлат мукофоти (1985) лауреати, Фанлар академиясининг олий мукофоти – ал-Хоразмий номидаги медаль билан (2002), Меҳнат Қизил байроқ ордени (1963), Октябрь инқилоби ордени (1985), «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун», «Жасорат» ва «Шуҳрат» (1998) орденлари билан тақдирланган.

 

 

 

Ҳабиб Абдуллаев (1912-1962)

Ўзбек совет геологи, академик ва Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президенти. 1936 йлда Ўрта Осиё индустрия институтини тамомлаб, Москва геологоразведка институти ва Ўрта Осиё политехника институтида дарс берган. 180 та илмий иш муаллифи, 30 дан зиёд фан номзодлари ва докторларини тайёрлаган.
Абдуллаевнинг асосий тадқиқотлари петрология ва рудали конларга бағишланган. Шунингдек, у ер пўстида асосий фойдали қазилмалар шаклланиши ва тарқалиши қонуниятлари назариясини илгари сурган. Барча геологик жараёнларнинг ёшига қараб шимолда жанубга сурилишини, унинг манбаларининг кўпқаватли эканлигини кўрсатиб берди; руда ҳосил бўлиши жараёнида эффузив жинслар роли ва жинсларнинг миқдорий характеристикасининг аҳамияти масаласини кўтарди. Бутун ер шари руда-петрографик провинциялари таснифини ишлаб чиқди. Унинг раҳбарлиги остида биринчи тектономагматик комплекслар схемаси ҳамда Тянь-Шань ва Помирнинг металлогеник схемалари, Чотқол-Қурама минтақаси хариталари яратилди.

 

 

Тошмуҳаммад Саримсоқов (1915-1995)

Совет, ўзбек математиги, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика бўйча машҳур мутахассис. 170 дан зиёд илмий иш, жумладан 8 та монография муаллифи. 1936 йилдан – САГУ (ҳозирги ЎзМУ) илмий ходими, доценти, профессори (1942), кафедра мудири. Физика-математика фанлари доктори (1942) ва ЎзССР академиги. Олим тадқиқотларининг асосий йўналиши – эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, функционал таҳлил. Эҳтимоллар назарияси бўйича тадқиқотлари Марков жараёнлари назариясига ва унинг математик таҳлил ва метрологияга иловаларига оид бўлган. 1953 йилда турфа жинсли занжирлар учун эргодик теоремаларни исботлади. 10 нафар фан доктори ва 50 нафар фан номзодини тайёрлади.

Обид Содиқов (1913-1987)

Ўзбек кимёгар органиги ва Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президенти (1966–1984), Умумий ва техник кимё бўлими бўйича Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси (1972 йилдан), Ўзбекистон ССР Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати. Унинг изланишлари предмети табиий бирикмалар, аввало алкалоидлар бўлган. Унинг раҳбарлиги остида табиий бирикмалар ва биоорганик кимё тадқиқотлари амалиётида спектроскопия ва радиосектроскопия, квант кимёси, конформацион таҳлил, кимёвий тузилмалар ва хоссаларни математик моделлаштириш кенг қўлланилди.

 

 

Яҳё Ғуломов (1908-1977)

Совет тарихчиси ва археологи, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон ССР ФА академиги (1966). Асосий тадқиқотлари Ўрта Осиё қадимги тарихи ва археологиясига, хоссатан, Ўзбекистонда қадимги даврлардан то шу кунларгача бўлган суғориш ишлари тарихига бағишланган. Биринчи ўзбек археолог мутахассиси, кўплаб илмий экспедицияларнинг фаол иштирокчиси бўлган. Ўзбекистоннинг энг қадимги тарихи ва Ўрта Осиёдаги суғориш ишлари тарихи бўйича тадқиқотлари учун кенг миқёсда эътироф этилган. Ҳаёти ва илмий фаолияти давомида олим республикада тарихий-археологик тадқиқотларни ташкил қилиш, юртимиздаги кўп сонли қадимий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилишга салмоқли улуш қўшди.

 

 

Галина Пугаченкова (1915-2007)

Машҳур археолог ва санъатшунос, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги. Марказий Осиёдаги қатор мамлакатлар ОТМларида археология бўйича дарслик саналадиган «Ўзбекистон санъати» монографияси муаллифи. Унинг раҳбарлиги остида, бир гуруҳ мутахассислар томонидан Ўзбекистон меъморий обидалари тўпламининг бир неча жилди нашрга тайёрланди. 40- йиллардан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудларидаги археологик қазиш ишларида фаол қатнашди. Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедициясига раҳбарлик қилди ва унинг якунлари бўйича монографиялар чиқарди. Уларда унинг ўзи ва ҳамкасблари томонидан топилган Паҳлавийлар подшолиги ва Қадимий Бақтрия даврларига мансуб, Далварзинтепа ва Кампиртепа манзиллари меъморий иншоотлари санъатшунослик нуқтаи назаридан тавсифланган.

 

 

 

Восит Воҳидов (1917-1994)

Атоқли ўзбек жарроҳи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жарроҳлик илмий маркази асосчиси ва биринчи директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби. Жарроҳликнинг кўплаб йўналишлари, ўпка, умуртқа ва кўкрак фақаси соҳаси, сийдик йўли, жигар, ошқозон, юрак, оёқлар магистрал томирлари касалликлари, қорин бўшлиғи аъзоларининг ургент жарроҳлик касалликлари ва бошқаларга бағишланган 180 та илмий иш муаллифи. 70 дан зиёд фан доктори ва номзодларини тайёрлади. Бутунжаҳон жарроҳлар ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, «Ўзбекистон тиббий журнали» муҳаррири, Пирогов номидаги «Хирургия» журнали таҳрир кенгаши аъзоси бўлган.

Восил Қобулов (1921-2010)

Совет математиги, кибернетик, хўжалик, давлат ва сиёсат арбоби. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон ССР ФА аспиранти, катта илмий ходим, ҳисоблаш маркази раҳбари, Математика институти директори ўринбосари, Ўзбекистон ССР ФА Механика институти ва ҳисоблаш маркази директори, Ўзбекистон ССР ФА Кибернетика институти ва ҳисоблаш маркази директори бўлган.

Ғани Мавлонов (1910-1988)

Совет хўжалик, давлат ва сиёсат арбоби, геолого-минералогия фанлари доктори, профессор. Муҳандислик геологияси, гидрогеология ва сейсмология соҳаси олими, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, хизмат кўрсатган илм-фан ва техника арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати, Ўрта Осиё муҳандис-геологлар ва гидрогеологлар мактаби асосчиси. Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги иккита йирик институт: Гидрогеология ва муҳандислик геологияси (1959–1962) ва Сеймология институти (1966–1985) нинг ташкилотчиси ва биринчи директори бўлган.

 

 

Шавкат Алимов (1945)

Шавкат Алимов – математик олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги. Марказий Осиёдаги йирик математик. Фаолияти давомида МДУ, Тошкент давлат университетида ишлаган, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган. Академикнинг асосий илмий ишлари математик физикага оид дифференциал тенгламаларнинг хусусий ҳосилалари масалалаларига, хусусан ўзаро кесишувчан эллиптик операторларнинг спектрал назариясига, дифференциал ва интеграл тенгламалар муаммоларига бағишланган. 7–9- синфлар учун алгебра курси дарсликлари муаллифи.

 

 

Бекжон Тошмуҳамедов (1935-2020)

Совет ва ўзбек биологи ва биофизиги, биология фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби. Тошкент давлат университетида дарс берган ва илмий фаолиятни амалга оширган. 1986–1992 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Физиология ва биофизика институти директори. 1987 йилда ЎзССР Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Биология фанлари бўлими раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси (ОАК) раиси бўлган. 200 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи, биология ва биофизика масалалари бўйича халқаро конференциялар иштирокчиси. 60 нафар фан доктори ва номзодларини тайёрлади. Бундан ташқари, рус, ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган Ўзбекистон биология журнали бош муҳаррири бўлган.

 

 

Саъди Сирожиддинов (1920-1988)

Математик ва жамоат арбоби, ЎзССР Фанлар академияси академиги, хизмат кўрсатган фан арбоби, физика-математика фанлари доктори ва профессор. Унинг илмий ишлари кўп ўзгарувчанларга эга классик кўпҳадлиларнинг муҳим хоссаларига бағишланган. Сирожиддиновнинг Марков занжирлари учун чекка теоремалар ва асимптотик тақсимланишларни умумлаштириш борасидаги тадқиқотлари 50- йилларда Тошкент математика мактабининг янада ривожланишига туртки бўлди. Сирожиддинов нисбийлик назарияси соҳасидаги ютуқларни математик статистикага қўллади. 1960- йилларда Сирожиддинов ва унинг ўқувчилари тасодифий қийматлар учун чекка теоремаларга ҳамда ўзаро боғлиқ бўлмаган ва Марков занжирини ҳосил қилувчи кўплаб тасодифий векторларга тегишли муҳим масалаларни ҳал қилдилар; бу масалалар бўйича хонадонларни баҳолаш катта амалий аҳамиятга эга. Сирожиддинов жамоат хизматлари назарияси соҳасида, статистика ва стационар жараёнлар назарияси борасида кенг тадқиқотлар ўтказди. Шунингдек, у Марказий Осиё мутафаккирлари илмий меросини ўрганишга ва Марказий Осиё учун, айниқса ўзбекистонлик юқори малакали математиклар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди.

 

Фатҳулла Абдуллаев (1948)

Совет ва ўзбек физиги, физика-атематика фанлари доктори, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати, ал-Хоразмий номидаги медаль соҳиби ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби. 1986-1992 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Иссиқлик физикаси бўлими раҳбарининг илм-фан бўйича ўринбосари, кейин бўлим раҳбари бўлди. 1977 йилдан Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Иссиқлик физикаси бўлимида катта илмий ходим бўлиб ишлади, 1987 йилдан Австралия, Буюк Британия, Германия, Бразилия, Греция, Дания, Италия, Испания, Малайзия, Португалия, АҚШ, Финляндия, Франция ва Япония илмий марказларида таклиф этилган профессор бўлди. Профессор Абдуллаев обрўли хорижий журналларда 200 дан зиёд илмий мақолалар чоп этган, учта монография муаллифи, уларнинг иккитаси инглиз тилига ўгирилган. У маъруза қилиш учун АҚШ, Германия, Франция, Португалия, Испания, Бразилия, Малайзия ва бошқа мамлакатлардаги 30 та халқаро конференцияга таклиф этилган. 2019 йилда Ўзбекистонда «Йил олими» деб тан олинган.

Замонавий Ўзбекистон мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшаётган ва унинг илмий салоҳиятини ривожлантираётган илм соҳибларини етиштирмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *