Нейротармоқ жозибадорлигингизни аниқлайди
Photofeeler компанияси инсоннинг фотосурати ёки видеосидан у қанчалик жозибадор эканлигини аниқлай оладиган нейротармоқни яратди. Ишланма юз миллион инсон фикридан келиб чиқиб тайёрланди ва ўз вазифасини ўхшаш дастурлардан яхшироқ уддалайди. Дастур инсоннинг ташқи кўринишини учта мезонга кўра баҳолайди: жозиба, ишонч ва ақл. Қизиғи шундаки, нейротармоқ жонли режимда – одам бош кийимини алмаштирса, кўзойнак ёки тақинчоқ тақса, “фикрини ўзгартиради”.
Бундай алгоритмни яхшироқ сурат ёки ярашадиган аксессуарларни танлаш учун ишлатиш мумкин.
Ҳозирда нейротармоқ суратларни баҳолаш сайтида куратор сифатида синовдан ўтаяпти, суратларни ҳозирча одамларнинг ўзлари кўриб чиқмоқдалар.
Нейротармоқ овозга қараб одамлар суратини чизади
Speech2Face алгоритмини эса, овозга қараб инсоннинг жинси, ёши ва этник мансублигини аниқлашга ўргатдилар. Нейротармоқ нутқдан келиб чиқиб шахснинг тахминий тасвирини шакллантириб бера олади.
Тадқиқот Массачусетс технологик институти олимлари томонидан, 100 000 дан зиёд киши суҳбати ёзилган миллионта қисқа видеоролик асосида ўтказилди.
Нейротармоқ жинсни аниқ топади, лекин ёшни 10 йил уёқ-буёғи билан билан белгилайди. Шунингдек, алгоритм европаликлар ва осиёликларни яхшироқ чиза олиши аниқланди – бу сараламада ирқлар бир текисда тақсимланмаганлигидан бўлиши мумкин.
Ақлли инсонлар қандай мусиқани тинглайдилар?
Оксфорд университетида инсон интеллекти даражаси билан унинг қандай мусиқани яхши кўриши ўртасида алоқа борми, деган мавзуда тадқиқот ўтказилди.
467 нафар хорватиялик юқори синф ўқувчиларининг мусиқавий дидлари ўрганилди ва IQ-тестдан ўтишлари сўралди. Аниқланишича, инструментал мусиқа – эмбиент-электроника, жаз ва мумтоз мусиқа ишқибозлари энг юқори интеллект кўрсаткичига эга бўлдилар. Синалаётганлар композицияларни таҳлил қилишни ёқтиришларини ва ижро техникасини қадрлашларини қайд этдилар.
Тадқиқот натижалари Evolutionary Behavioral Sciences журналида эълон қилинди.
Ўйинга боғланиб қолиш – бу касаллик
ЖССТ ўйиндан кайфият бузилишини ва ҳиссий ич-ичини ейишни алоҳида касалликлар деб эътироф этди. Бу ҳолатларга Халқаро касалликлар таснифининг 11- талқинида алоҳида синфлар ажратилди. Талқин 2022 йил 1 январдан кучга киради.
Тез-тез ва узоқ давом этувчи ўйин сессиялари бу касалликларнинг симптоми ҳисобланади. Ўйин инсон учун ҳаётий устуворликка айланади ва у шахсий, ижтимоий, оилавий ҳамда касбий ҳаётини ўйин учун қурбон қилишга тайёр бўлади. Агар бу симптомлар бир йилдан узоқ вақт кузатилса, геймер носоғлом саналади. Адолат учун айтиш керак: аксарият инсонлар учун ўйин – ҳар ҳолда, касаллик эмас, хоббидир.
Facebook криптовалюта бозорига чиқади
BBC маълумотларига кўра, Facebook ўзининг GlobalCoin криптовалютасини 2020 йил бошларида жорий этади.
Компания Visa, Mastercard ҳамда First Data йирик тўловлар оператори билан токенларни қўллаш учун миллиард доллар жалб қилиш борасида музокаралар ўтказди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларга реклама кўрганлик учун пул тўлашни режалаштирмоқда, бу ритейлерлардаги садоқатлилик тамойилига ўхшайди.
Криптовалюта 2019 йил охирига бориб фақат бир неча мамлакатларда синаб кўрилади. Фойдаланувчилар банкдаги ҳисобрақамсиз тўловлар ва ўтказмаларни амалга оширишлари мумкин.
Facebook шу йилнинг ўзида тафсилотлар билан ўртоқлашиши кутилмоқда.
NASA исмингизни Марсга йўллайди
NASA интернетдан фойдаланувчилар исмларини Марсга йўллаш бўйича акцияни жорий этди. Шу йил 30 сентябрга қадар агентлик сайтидаги анкетани тўлдиринг: исм, фамилия, мамлакат ва почтани кўрсатинг. Маълумотлар “Марс-2020” роверининг махсус тахтачасига чоп этилади. У Марсга бир йилдан кейин юборилади.
Тахтачада ҳар бир матн қатори инсон соч толасининг мингдан бир энидан кичикроқ бўлади, яъни исмларни микроскопсиз ўқиб бўлмайди.
NASA барча иштирокчиларга парвоз талонлари кўринишида сувенирлар беради. Уларни юклаб олиб, хотира учун сақлаб қўйиш мумкин.
Бристоль университети бахтли бўлишни ўргатади
Буюк Британиядаги Бристоль университети бахт курсини очди. Курс кейинги ўқув йилида бошланади, 12 ҳафта давом этади ва танловга кўра фан предмети саналади. Барча факультетлар талабалари ўқишлари мумкин.
Курсни даҳшатли статистика сабабли жорий қилдилар – кейинги йилларда университетнинг 12 нафар талабаси ўз жонига қасд қилган.
Янги фанни психология профессори Брюс Худ ўтади, у ўтган йил синов курси очган бўлиб, унга 400 нафар талаба қатнашганди.
Бахт курси кейинги ўқув йилида очилади, унга барча факультетлар талабалари ёзилишлари мумкин – бу уларга бир йилда тўплаш керак бўлган 120 ўқув баллидан 20 бални беради.
Уй вазифалари орасида – кўпроқ ухлаш ва медитация қилиш мавжуд.
Келажакда биз нималар истеъмол қиламиз
Футурологлар ва британиялик таҳлилчилар тадқиқотлари 2025, 2050 ва 2169 йилда инсоният рациони қандай ўзгаришини кўрсатади. Сунъий интеллект ривожланиши индивидуал парҳез тузиш ва пластирь ҳамда таблетка шаклида озуқа моддалари олиш имконини беради.
Оқсилга бўлган эҳтиёж асосан ҳашаротлардан олинган оқсил билан қондирилади. Одатий рационга қора чигиртка уни, чигирткадан қилинган макарон киради. Буғдой, гуруч, маккажўхори ва соя ўрнига инсоният морингу ва Бамбар ер ёнғоқларини истеъмол қилади. Сув ўтларидан олинган сут сотувлар етакчисига айланади.
30 йилдан кейиноқ биз треска, лосось, тунец ва креветкалардан воз кечиб, муқобил вариант сифатида медузаларга ўтишимизга тўғри келади – йиртқич ҳайвонлар бўлмаса, улар илиқ сувларда жуда яхши кўпаяди.
2169 йилда озуқавий эҳтиёжлар тўғрисидаги ахборотни организмга киритилган микрочипларда сақлаш мумкин бўлади. Чип супермаркетга сигнал йўллайди, дронлар ва роботлар оизиқ-овқатни етказиб беради.
Тадқиқотчилар айтишларича, сайёрада одамлар тобора кўпайиб боради ва улар ўз саломатликлари ва тароф-муҳит ҳимояси ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўладилар. Озиқ-овқат саноати, ҳозирги кўринишда кўпайиб бораётган аҳолининг эҳтиёжларини қондира олмай қолади.
Шамоллашга қарши терапия депрессияни ҳам даволайди
Натижалари Acta Psychiatrica Scandinavicaда эълон қилинган метатадқиқотларга кўра, шамоллашга қарши терапия депрессияда самарали бўлиши мумкин.
Кенг депрессив бузилишлар ва алоҳида депрессия симптомларига эга катта ёшли беморлар орасида шамоллашга қарши препаратларнинг синовдан ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлар плацебога қараганда шамоллашга қарши препаратлар депрессия симптомларини даволашда самарали бўлди. Сараламага қарийб 10 000 нафар бемор қатнашган 36 та тадқиқот кирди.
Кенг депрессив бузилишларга эга беморларнинг аксариятига антидепрессантлар етарли даражада таъсир қилмайди, шу сабабли шамоллашга қарши терапия индивидуал вариантларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилиши мумкин.
Сунъий интеллект виски рецептини яратди
Нейротармоқ рецепти бўйича тайёрланган дунёдаги илк вискини Швециянинг Mackmyra ва Финляндиянинг Fourkind компаниялари чиқарди.
Сунъий интеллект барча Mackmyra вискиларини таҳлил қилиб, 70 миллиондан ортиқ янги турларни уйғунлаштирди. Дастур энг муваффақиятли ва кўп сотиладиган турлар компонентларини харидорлар дидларини инобатга олган ҳолда бирлаштирди ва натижада “идеал” рецептни тузди.
Арпабодиён, занжабил, оқ қалампир ва цитрус пўстлоғининг нозик таъмларига эга тилларанг-сарғимтир бир солодли виски ҳосил бўлди.
Компанияда айтишларича, бу тажриба роботлар инсон касбини тортиб олишини англатмайди.
Сунъий интеллект виски рецептини ярата олди, лекин бу масалада инсон тажрибаси ва билими катта аҳамиятга эга. Алгоритмларни инсон қўлидаги восита ўлароқ қабул қилиш керак, боз устига, роботлар ва дастурларда алкоголни баҳолаш учун таъм рецепторлари мавжуд эмас.
Ноёб виски намунасини дегустацияга йўллайдилар, сўнг ишлаб чиқаришга жорий қиладилар. Маҳсулотнинг илк партиясини шу йил куздаёқ чиқариш режалаштирилган.
Колибри-робот яратилди
Канадада ўтган IEEE халқаро илмий-техник конференциясидаробот-колибри тақдим этилди. Индиана штатидаги Пердью университети тадқиқотчилари колибри парвозини моделлаштирдилар, кейин эса машина таълимини ишга солиб, роботни шу ҳаракатларни такрорлашга “ўргатдилар”.
Сунъий колибри 12 грамм тош босади: корпуси 3D-принтерда чоп этилган, қанотлари эса углерод толадан йиғилган. Енгил конструкция ва кучли механизм роботга учиш ва ўзиникидан икки баробар оғир – 27 грамм юк ташиш имконини беради, булар GPS, батарея ва бошқа сенсорлар бўлиши мумкин.
Қурилма “шахсий қутқарувчи” сифатида тақдим этилмоқда ва табиий офатларда зарар кўрганларни излашда ишлатилиши мумкин. Колибрида камера йўқ ва робот маконда атрофдаги ашёларга тегиниб мўлжал олади – бу технология одамларни қоронғида қидиришда фойда бериши мумкин.
Базавий даромад қашшоқлик муаммосини ҳал қилмайди
Британиянинг New Economics Foundation таҳлилий маркази тадқиқотчилари қашшоқ (Ҳиндистон ва Кения) ҳамда бой (АҚШ ва Канада) мамлакатлардаги 16 та базавий даромад лойиҳасини таҳлил қилдилар. Олимлар хулосаларига кўра, жамиятнинг барча аъзоларига беғараз пул тарқатиш ғояси, узоқ муддатли истиқболда, ўзини оқламас экан.
Базавий даромад тарафдорлари, меҳнат автоматизацияси айрим касблар ва иш ўринларини йўққа чиқараётган бир пайтда, бу лойиҳа қашшоқлик ва нотенглик муаммосини ҳал қилади, деб ҳисоблайдилар.
Аммо New Economics Foundation таҳлилчилари кафолатланган тўловлар мавжудлиги инфратузилма, хизматлар ва технологиялар соҳалари ривожига таҳдид солишини айтадилар. Одамларнинг аксариятлари ишламай қўя қоладилар ва, пировардида, жамиятда тафовут ҳозиргидан ҳам кўра сезиларлироқ бўлиб қолади.
Базавий даромад тажрибаси Финляндияда икки йил давомида ўтказилди ва бу йил бошида якунланди. Мамлакат раҳбарияти уни давом эттирмасликка қарор қилди. Тажриба иштирокчилари ҳар ой кафолатланган 560 евро олардилар ва… норози бўлиб қолавердилар: кимдир иш қидиришга мотивацияни йўқотди, кимдир эса ўзини омадсиз деб ҳис қила бошлади.
Тадқиқотчилар базавий даромадларга мўлжалланган маблағни ижтимоий ҳимоя тизимларини ислоҳ қилиш ва ижтимоий хизматларни яхшилашга йўналтиришни тавсия этадилар.
Янги видеоўйин қанддан воз кечишга ёрдам беради
” Diet DASH ” видеоўйини мияни қанддан воз кечишга ўргатади. Ўйинни Дрексеь университетида яратдилар ва ортиқча вазнга эга кўнгиллиларда синовдан ўтказдилар.
Ўйиннинг моҳияти виртуал дўкондаги қандсиз маҳсулотларни тезда тўплаш учун очколар олишдан иборат. Шу тариқа ўйинчиларда қандга интилишга жаовб берувчи мия импульслари сўндирилади.
Тажриба раҳбари профессор Эван Форман айтишича, когнитив ёки мия тайёргарлиги билан боғлиқ ўйинлар анчадан буён зарарли одатларга эга одамларга ёрдам мақсадларида муваффақиятли қўлланилмоқда.
Тажрибада ортиқча вазнга эга 109 нафар киши қатнашди. Аввал улар соғлом овқатланиш тўғрисида семинарда қатнашдилар, кейин икки ой ўйинни синовдан ўтказдилар. Бу давр давомида кўнгиллиларнинг ярмидан кўпи ўз вазнини 3,1 фоизга ташладилар. Уларнинг кўпчилиги тажриба якунланганидан кейин ҳам ўйинни давом эттирмоқдалар.
Qvant таҳририяти тахлил гуруҳи