Географик адолатсизлик – бу иккита дарё қўшилганда, дарёларнинг давоми йирик дарёнинг эмас, балки кичигининг номини олган ҳолатидир. Энг машҳур мисол – Россиядаги Волга ва Кама дарёлари қўшилишидир. Кама кўпроқ сув ташиса-да, қўшилгандан кейин дарё Волга деб атала бошлайди. Ёки Ангаранинг Енисейга қўшилишини олинг, Ангара сероб бўлса ҳам, уёғига Енисей номи остида оқади.

Бундай “фавқулодда” ҳолатлар Тошкентда ҳам кузатилади. Анҳор каналидан, Мутахассислар уйи атрофида, кичикроқ сув ажралиб чиқади, у Анҳор номини “мерос” қилиб олади, асосий оқим эса, уёғига Бўрижар номи билан оқади.

Бундай “адолатсизлик” яна уч-тўрт чақиримдан кейин Бўрижарнинг ҳам бошига тушади: ундан озроқ оқим ажралиб чиқиб, Бўрижар номини давом эттиради, асосий оқим эса Оқтепа номини олади. Ва, дарвоқе, Бўрижар тармоғидан сал наридан Анҳор канали Оқтепа канали устидан виадук-кўприк устидан оқиб ўтади.

Яна бир худди шундай ҳолат. Кайковуз каналидан, Себзор атрофида алоҳида кичик канал ажралиб чиқади, у Кайковуз номини ўзига олади, асосий оқим эса, Шаршара томон йўлида давом этиб, Қичқириқ дея атала бошлайди. Боз устига, бу Қичқириқ сал нарига бориб Дамачи, кейинроқ Дамариқ деган номга эга бўлади.

Яна бир қизиқ факт. Тошкентни суғорувчи Бўзсув канали, Қичқириқ тармоғи ажралиб чиққач (Минор масжиди қаршисида), номини Анҳорга ўзгартиради. Энг қизиғи, Жангоб ва Жар ариқлари, ўзаро қўшилиб, яна Қуйи Бўзсув номини олади, Оқтепа каналига қўшилгач эса, Бўзсув номининг ўзи қолади, худди дарё шаҳарни суғориб бўлгач, яна аслига қайтгандек тасаввур уйғонади.

Қорақамиш канали Дамариққа қуйилади, бир неча чақирим бирга оққач, ундан ажралиб чиқади ва яна эски номи – Қорақамиш бўлиб йўлини давом эттиради.

Яндекснинг Тошкент харитасидан топилган яна бир сюрприз. Кайковуз канали Беруний метроси атрофида ариқларга бўлиниб кетиб, ўз сафарини якунлайди. Кейин эса, тўсатдан шу ном остида Сузук ота мажмуаси ёнида пайдо бўлади. Бошқа картографик сервисларда каналлар ва уларнинг номлари Яндекс-картадаги каби тўлиқ берилмаган.

Қайдлар академик аниқликка даъво қилмайди, Тошкент каналлари тўғрисида, нима қайсидан ажралади-ю, қайсига қуйилиши ҳақида кўплаб турли талқинларни топиш мумкин. Сиз шундай талқинлардан бирини (табиийки, энг тўғрисини) ўқидингиз, деб ҳисоблаймиз.

Евгений Скляревский

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *