Хабарлар алмашинуви учун иловалар инсонлар билан осон ва қулай мулоқот қилиш, алоқани қўллаб-қувватлаш ва ҳатто, иш жараёнларини юритиш имконини беради. Бироқ, чат-иловаларнинг сони ортиб бориши махфийлик бузилиши ва шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш усуллари ва ҳолатларини оширади. Шахсий хабарлар ва чатлар илова ортида турган учинчи томонлар ва ташкилотлар томонидан ўқилиши мумкин. Шундай экан, маълумотлар учун хавфсиз мессенжерларга талаб ортса-ортадики, камаймайди. Ҳикоя қиладиганимиз хавфсиз чат-иловалар ичида сиз ҳали эшитмаганингиз чиқиб қолиши ажабмас.

Signal

Ушбу очиқ кодли бепул илова ўзини бозордаги энг хавфсиз чатлардан бири сифатида намоён этди. The Signal Foundation – нотижорат ташкилоти, унинг мақсади очиқ бошланғич кодли махфийлик технологиясини ишлаб чиқишдан иборат. Ташкилот асосчиси сифатида Facebookни келишмовчилик оқибатида тарк этган WhatsApp ҳаммуассиси Брайан Актон кўрсатилади. Signalга фойдаланувчилар ишонч билдиришларининг сабабларидан бири унинг ортида йирик технологик компания турмаслигидир. Платформада матнли хабарлар, видео ва овозли алоқа, шунингдек файл алмашинуви имконияти бор. Махфийликка келсак, сиз хабарларингизни ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишга созлашингиз мумкин: хоҳланг ўқилгандан 5 секунд кейин бўлсин, хоҳланг жўнатилгандан кейин бир ҳафта ўтгач. E2E шифрлаш тизими бесўроқ равишда сиз баҳам кўраётган барча нарсани ҳимоялайди ва ҳеч қандай захира нусхаси яратмайди. Мессенжер ионалар ва грантлар ҳисобига яшайди.

 

Telegram

Бу мессенжер аллақачон собиқ совет ўлкаларидаги фойдаланувчилар меҳрини қозонган ва ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаётининг узвий қисмига айланган. Бу платформа фавқулодда юқори шифрлаш даражасига эга бўлиб, хабарлар, файллар, фотосуратлар ва видеони улар жўнатилгандан ва қабул қилингандан кейин муайян вақт ўтгач, ўз-ўзидан йўқ бўлиши имкониятини тақдим этади. Янада хавфсизроқ хабар алмашинуви учун фойдаланувчилар илованинг кенгайтирилган созламаларида махфий чатни ёқишлари мумкин. Бу чатлар E2E шифрлашга эга, яъни Telegram серверлари бу хабарлар етказилгандан кейин уларни ўчириб ташлайди. Махфий чатлардаги хабарларни бошқага йўллаш ёки скриншот қилиш имкони йўқ. Бироқ, Signal дан фарқли равишда, бу амал Telegram фойдаланувчиларининг барча ҳаракатларига тегишли бўлмайди. Бошқа ҳамма коммуникация (гуруҳ чатлари, каналлар ва махфий бўлмаган чатлар) булутга асосланган ва улар серверга тушгач, шифрлаш ҳимояси тугайди, бу сизнинг маълумотларингизни исталган қурилмангиздан кўриш имконини беради.

Wire

Хавфсиз чат-иловалар ичида камроқ шуҳрат қозонган, у хабарларингиз, тасвирлар ва файлларингиз учун икки томонлама шифрлашни ўрнатади. Бундан ташқари, ҳар бир хабар учун янги шифрлаш калити қўлланилади. У биргаликда ишлаш учун очиқ бошланғич кодли ва кўплаб фойдали функцияларга эга плафторма саналади: тўлиқ шифрланган видеоқўнғироқлар, хавфсиз файл алмашинуви, қурилмалар ўртасида синхронизация.  Wireнинг шахсий фойдаланиш (ҳисоб ёзувини тузгандан кейин) учун бепул талқини ҳам, ташкилотлар (йирик корхоналар) учун пуллик талқини ҳам бор. Wire барча машҳур платформаларда: Windows, Android, iOS, macOS, Linux ва турли браузерларда (Chrome, Firefox, Edge, Opera) ишлайди.

Threema

Threema — бу яширин чатда хабар алмашиш учун илова бўлиб, унинг серверлари хабарлар қабул қилувчига етказилгани заҳоти хабарларни ўчириб ташлайдилар, бу билан маълумотлар ноқонуний ишлатилмаслигини кафолатлайдилар. Сервердаги ахборот маҳаллий шаклда, фойдаланувчининг қурилмасида қайта ишланади, бу суҳбатнинг ҳар қандай тури махфий тинглаб туришдан ҳимояланганлигини англатади. Илова ишлаб чиқувчилари таъкидлашларича, шифрланган уланишларга кириб бўлмайди, шу сабабли, эҳтимолий қабул қилувчидан бошқа ҳеч ким хабарни ўқий олмайди. Бундан ташқари, сиз рўйхатдан ўтиш учун электрон почта манзили ёки телефон рақамини кўрсатишингиз шарт эмас, бу хавфсизликнинг қўшимча даражасини таъминлайди. Бу илованинг яна бир ажойиб томони – ҳужумларнинг олдини олиш учун фойдаланувчи текшириши учун очиқ QR-код ва калит изи мавжудлигидир.

Wickr Me

Wickr – анонимликни кафолатловчи хафсиз хабарлар алмашинуви учун саноқли иловалардан бири. Бу илова фойдаланувчиларга бошқалар билан ҳам бирга-бир, ҳам гуруҳларда тўлиқ шифрланган матнли ёки овозли хабарлар ва қайдлар алмашиш имконини беради. Wickr шунчаки хабар алмашиш иловаси эмас, балки биргаликда ишлаш воситаси бўлиши ҳам мумкин, чунки унда экранлар, жойлашув ва онлайн-мақом билан бўлашиш имконияти бор. Wickr рўйхатдан ўтишда электрон почта манзили ёки телефон рақамини талаб қилмайди. Бу фойдаланувчининг маълумотлари жамланмаслиги ва, бинобарин, илова уларга кира олмаслигини кафолатлайди. Шифрлаш, шунингдек икки омилли аутентификация (2FA) бесўроқ равишда уланган.

Dust

Dust – ўз шахсий маълумотларингизни хавфсиз сақлаш имконини берувчи яна бир хабар алмашиш платформаси. Бошқа кўплаб иловалар каби, бу мессенжер E2E шифрлаш протоколи бўйича ишлайди, у ҳаракатларингизнинг “изиниям қолдирмайди” ва, агар маълумотлар четга чиқиши оқибатида паролларингиздан бирортаси шубҳа туғдирса, сизга хабар беради. Dust, инглизчадан таржима қилганда, “чанг” маъносини англатади, илова хабарлар жўнатилиши билан уларни серверлардан ўчириб ташлайди, чатлар тарихи эса, телефонингиздан ҳар 24 соатда автоматик равишда ўчирилади. Бундан ташқари, сиз ёки сизнинг контактингиз чатнинг иккала томонидаги хабарларни биттада ўчириб ташлашингиз мумкин, рўйхатга олиш учун фақат телефон рақамини кўрсатишни талаб қилади. Бироқ, мессенжернинг салбий томони ҳам бор – Dustда ҳозирча видеоқўнғироқлар ва овозли суҳбат имконияти йўқ – фақат матнли хабар ва файл алмашиш мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *