80 фоиз одамларнинг ҳаётида бир марта бўлса ҳам бели оғриганлиги – бу факт. Бахтимизга, муаммоларнинг 14 фоизигина умуртқа ва нервлар билан боғлиқ, қолганлари бел мушаклари зўриқишидан келиб чиқади ва, қоидага кўра, ўз-ўзидан ўтиб кетади. Нейрожарроҳ, умуртқа ва орқа мия патологияси бўйича мутахассис, тиббиёт фанлари фалсафа доктори Алимов Ижод Рустамович белдаги муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишни тавсия этади.
Ижод Рустамович, умуртқа муаммолари билан қанчадан буён шуғулланасиз?
- Аввало, QVANT таҳририятига таклифингиз ва умуртқа касаллиги каби муаммони ёритмоқчи бўлганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Зеро бугунги кунда бу муаммо сезиларли даражада кўпроқ учраб, оғир оқибатлар юзага келишига олиб келмоқда, инсон ҳаёт фаолияти ва турмуш сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Умуртқа ва орқа мия патологияси муаммолари билан 2009 йилдан буён шуғулланиб келмоқдаман. Бугунги кунда бизнинг шифокорлар жамоамиз республикамиз ва яқин хориж фуқароларига даволаш-консультация ёрдамини амалга оширадилар. Ҳозирда мен хусусий клиникаларда даволаш-консультатив ёрдам кўрсатаман ва ҳафтасига тахминан 10 тагача жарроҳлик амалиётини ўтказаман.
Бугунги кунда касаллик тарқалиши тенденцияси қандай? Илмий-техник тараққиёт ва тиббиётдаги янги технологиялар ривожланиши сабабли, вазият яхшиланяпти деб умид боғласак бўладими?
- Афсуски, бундай эмас. Илмий-техник тараққиёт, жумладан робототехника, автомобиль индустрияси ва бошқалар инсон организмининг фаоллигини кескин чеклади, бу эса умуртқага ҳалокатли таъсир кўрсатади. Тиббиётдаги янги технологиялар ривожига келсак, албатта, бу консерватив ва жарроҳлик даволашида янги услублар юзага келишига хизмат қилади, лекин, афсуски, аҳоли ўртасида касалликлар тарқалиши кўлами кенгайиб бормоқда. Умуртқа касалликларини диагностикалашнинг замонавий услублари қай даражада ҳаммабоплиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Республикада магнит-резонанс томография ва компьютер томографияси аппаратлари кенг тарқалгач, умуртқа касалликларининг аниқланиши статистикаси кескин ўсди. Олдинлари, замонавий диагностика аппаратлари бўлмагани боис, умуртқа касаллигига эга кўплаб одамларда уни ўз вақтида аниқлаш иконияти бўлмасди ва бундай одамларнинг кўпчилиги тегишли тиббий ёрдамсиз қолардилар.
ЖССТ маълумотларига кўра, умуртқа касалликлари ичида етакчи ўринда остеохондроз туради. Агар спондилолистез, умуртқа канали стенози, умуртқа поғоналари ўртасидаги диск чурраси каби, ривожланиб кетганда жарроҳлик аралашуви тақозо қилинадиган асоратларининг олдини олиш тўғри йўлга қўйилса, остеохондроз нисбатан яхшироқ касаллик саналади. Тарқалиши бўйича умуртқа касалликлари ичида кейинги ўринда умуртқа травмалари туради. Умуртқа травмалари, аксарият ҳолатларда, жарроҳлик коррекцияси ва/ёки узоқ муддатли иммобилизацияни талаб этади. Умуртқа касалликлари ичида тарқалиш бўйича етакчи учликка, афсуски, умуртқанинг онкологик касалликлари ҳам кирган. Бундай тоифадаги мижозларда умуртқадаги реконструктив амалиёт ўтказиш талаб этилади.
Айтингчи, касаллик мавжудлигини вақтида аниқлаш ва тўғри даволашни йўлга қўйиш учун умуртқани неча ёшдан бошлаб текширтириб туриш керак?
- Шубҳасиз, туғилгандан бошлаб! Туғилганидан бошлаб бола неонатолог кўригидан ўтади, умуртқа ўқи шакли аниқланади, оёқлар симметриклиги текширилади. Кейин ота-она чақалоқлигидан бошлаб боланинг қадди тиклигига, тўғри қадам ташлашига эътибор беришлари керак. Одамда яссиоёқлик борлиги ҳам муҳим – у инсон қаддининг нотўғри шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Бола ўсиб, организмда гормонал қайта шаклланиш кечадиган ўсмирлик даврида қадни тик тутишга жуда жиддий қараш керак, умуртқа қийшайишига шубҳа туғилиши билан ортопедлар консультацияси талаб этилади.
Аксарият ҳолатларда айнан жисмоний омиллар умуртқа қийшайишига таъсир кўрсатади. Мактаб давридан бизни партада қандай ўтириш, сафда қандай туришга ўргатишлари бежиз эмас. Бундан ташқари, буларга умуртқага доимий юк тушиши, жумладан рюкзак (оғир сумка)ни узоқ вақт елканинг бир томонида кўтариб юриш, умуртқанинг тўғри ўқи ўзгаришини талаб қилувчи меҳнат шароитлари (дурадгор ва бошқалар). Жисмоний омилларга, шунингдек, умуртқа травмаларини киритиш мумкин, улар оқибатида умуртқа-ҳаракат сегменти шикастланади, натижада унинг қийшайиши юзага келади.
Шунингдек, умуртқа ўқи қийшайиши билан кечувчи сурункали касалликлар ҳам мавжуд – уларга бўғимлар, асаб толалари, мушаклар ва пайлар сурункали касалликлари кабилар киради.
Умуртқанинг туғма касалликлари ёки умуртқа ривожланиши аномалиялари нисбатан кам учрайди. Бундай беморлар «оғир» тоифага киради ва алоҳида эътибор талаб қилади. Статистик маълумотларга кўра, туғма умуртқа аномалияларига эга болаларнинг кўпчилиги қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилади.
Умуртқа қийшайишига эга одамларда қандай оқибатлар кузатилиши мумкин?
- Бу, албатта, қийшайиш даражаси ва шаклига боғлиқ. Умуртқа қийшайишининг сколиоз, кифоз, лордоз ёки аралаш қийшайиш каби вариантлари маълум. Беморда кичик (I босқич) умуртқа қийшайиши юзага келганда, биринчи бўлиб уни тўхтатиш керак, токи у оғирроқ босқичларга ўтиб кетмасин. Кейин эса, умуртқани тўғрилаш бўйича даволаш чораларини кўриш зарур.
Умуртқа қийшайиши оқибатларига келсак, бу, аввало, орқа мия ва унинг асаб томирларига таъсирдир. Орқа мия ва унинг асаб томирлари эзилганда оғриқ синдроми, тана ва оёқлар ҳаракатида чекланишлар юзага келади, мижознинг қўпол инвалидизацияси рўй бериши мумкин. Бундан ташқари, умуртқанинг қўпол қийшайиши натижасида тана анатомик тузилиши, ички аъзолар жойлашувида ўзгаришлар, кўкрак қафаси, тос, оёқлар деформацияси юзага келади. Бунинг оқибатида аъзолар ва тизимлар функцияларида кўплаб бузилишлар пайдо бўлади.
Кейинги пайтларда биз остеохондроз, умуртқа чурраси каби атамаларга кўп дуч келяпмиз. Бу якуний ҳукмми? Тушунтириб берсангиз.
- Мен бунчалик мураккаблаштиришни тавсия қилмаган бўлардим. Остеохондроз – инсоният касаллиги. Менга қолса, бошқачароқ изоҳлаган бўлардим: остеохондроз – бу инсоният пешонасига битилган иллатдир. Икки оёқда тик турган пайтимиздан бошлаб, биз остеохондроз ривожланиши томон қадам ташлаймиз. Умуман олганда, умуртқа муаммолари бундан 2 млн йил олдин, эволюция натижасида homo erectus (лотинчадан – тик юрувчи одам) пайдо бўлгандан бошланган. Лекин бизнинг вазифамиз келажакда юзага келиши муқаррар бўлган бу ҳолатни максимал даражада кейинга суришдан иборат. Яна шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, аксар ҳолларда остеохондроз клиник жиҳатдан намоён бўлмайди.
Ёдда тутинг: умуртқа касалликлари ўсиши кўп жиҳатдан жисмоний фаолликка боғлиқ. Агар инсоннинг ҳаёт тарзи, меҳнат шароити етарлича фаол бўлмаса, бу умуртқа мушаклари заифлашувига, унинг таянч бўла олиш қобилияти камайишига, умуртқа-ҳаракатланиш сегментида қон айланиши қисқаришига ва ҳоказоларга сабаб бўлади. Натижада, тананинг ўққа тушувчи бор юки умуртқа поғоналарига, умуртқа поғоналари орасидаги дискларга, суякларга тушади, агар мижоз ортиқча вазнга эга бўлса, нима бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Таниш-билишлар орасида умуртқа поғоналари орасидаги диск чурраси борлигидан шикоят қиладиганлар тобора кўпаймоқда. Бу қанчалик жиддий касаллик?
- Умуртқа поғонаси орасидаги диск чурраси умуртқа касалликлари тузилмасида энг енгил, лекин, шу билан бирга, жиддий ҳолат саналади. Бўйин қисмидаги чурра умуртқанинг бўйин қисмидаги сурункали оғриқ синдроми билан кечиши мумкин, аммо, шундай ҳоллар ҳам борки, улар натижасида беморлар оёқлар мутлақо ҳаракатланмай қолиши оқибатида тўлиқ инвалидизацияси юзага келади. Бел чурралари камроқ тажовузли, лекин айрим ҳолларда ўта кучли оғриқ, оёқлардан куч қочиши ва пешоб ҳайдаш функциялари бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳаммаси касалликнинг давомийлиги, умуртқа поғоналари орасидаги чурра ўлчами ва шакли, шунингдек чурранинг орқа мия ва унинг асаб томирларига таъсирига боғлиқ бўлади.
Республикамизда қандай даволаш услублари қўлланилади ва умуртқа муаммоларини даволаш учун хорижга бориш арзийдими?
- Ҳар бир бемор умуртқа касалликларини даволаш жойи ва услубини танлаш ҳуқуқига эга. Республикамизга келсак, бир нарсани айта оламан: ўзимизнинг фуқароларимиздан ташқари, бизда яқин хориж, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон, Афғонистон резидентлари ҳам даволанади. Бу Ўзбекистондаги тиббий хизматлар даражаси Марказий Осиёда етакчи ўринда эканлигининг белгисидир. Хорижий мамлакатларга келсак, бугунги кунда республикамиз раҳбарияти тиббий ходимларнинг узоқ ва яқин хорижда малака ошириши учун барча шароитларни яратмоқда, янги технологиялар жорий этилиб, энг сўнгги жиҳозлар келтирилмоқда. Бу билан айта оламанки, биздаги тиббий хизматлар, жумладан умуртқа ва орқа мия касалликларига эга беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш қатор ривожланган Ғарб мамлакатларидагидан қолишмайди. Бугунги кунда умуртқа касалликларига эга беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари эса, паст тажовуз, барвақт фаоллашув ва ҳаёт сифатининг сезиларли яхшиланиши саналади.
Қайси бири самарали: консерватив даволашми ёки жарроҳликми?
— Ҳаммасидан кўра касаллик юзага келишининг профилактикаси самарали саналади. Умуртқа ва орқа мия касалликлари юзага келишининг профилактикаси сифатида соғлом турмуш тарзи, меъёрдаги жисмоний фаоллик, умуртқада муаммолар юзага келиши хатарига эга инсонлар (спортчилар ва оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи одамлар)нинг даврий диспансеризациясини тушунишимиз мумкин. Даволаш услубларига келсак, даволашнинг ҳар бир услуби ўз ўрнида кераклидир. Жарроҳлик коррекциясини ўтказиш мумкин, лекин қўшимча реабилитациясиз бу етарли бўлмайди ёки узоқ давом этувчи консерватив терапия ўтказишда тезкор жарроҳлик коррекциясига зарурат туғилади. Буларнинг бари беморнинг ҳолатини тўғри баҳолаш ва танланган даволаш услубини тегишлича ўтказишга боғлиқ бўлади.
Бугунги кунда умуртқа патологиясини даволашга ихтисослашган шифохоналар етарлича. Бундан ташқари, бу муаммо билан шуғулланадиган хусусий клиникалар сони ортмоқда. Аммо, афсуски, бизда умуртқа касалликларини даволаш стандартларига мувофиқ ишловчи малакали кадрлар танқислиги мавжуд.
Ишингизда қандай мураккабликларга дуч келасиз, айта оласизми?
— Биринчидан, менинг профессионал фаолиятимдаги мураккаблик – бу шифокор-бемор мулоқотини йўқотиш. Халқимиз қўпол ахлоқий-дионтологик ва профессионал камчиликларга йўл қўювчи «шифокор»ларнинг кўплаб врачлик хатоларига йўлиққани сабабли, аҳолида шифокорларга ишонч йўқолмоқда. Натижада, виждонли шифокорлар ҳам азият кўрмоқда. Бу вазиятни яхшилаш учун, даволаш муассасалари ва шифокорлар фаолиятини доимий мониторинг қилиш, тиббиёт ОТМларидан бошлаб врачлар малакасини ва мақомини ошириш керак, деб ўйлайман.
Иккинчидан, даволаш муассасаларида тиббий воситалар ва жиҳозлар етишмаслиги – бу кунда учрайдиган муаммо. Ҳар бир клиника ҳам тиббий воситалар ва жиҳозлар тўлиқ эканлиги билан мақтана олмаслигига аминман. Натижада шифокорлар рецепт ёзиб бериш ёки хусусий тармоқ клиникаларига қўшимча текширувга юборишга мажбурлар. Республикада тиббий товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш зарурати жуда юқори, бу тиббий муассасалар ва шифокорлар фаолиятига, жарроҳлик амалиёти нархига ижобий таъсир кўрсатган бўларди. Умуман олганда, ҳар қандай тармоқда импорт ўрнини босиш долзарб саналади. Бутун дунёда тиббиёт ривожланишда давом этмоқда, дори воситалари, жиҳозлар, хизматлар такомиллашмоқда. Умуртқа касалликларига келсак, аксарият ҳолатларда умуртқани жарроҳлик йўли билан даволаш қимматбаҳо хорижий имплантатлардан фойдаланишни талаб қилади, ҳолбуки уларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва анча арзонга сотиш мумкин.
Учинчидан, республикада, жумладан умуртқа касалликларини даволаш соҳасида, илмий салоҳиятни ривожлантиришимиз зарур. Бизда муносиб олимлар бор, лекин уларга шарт-шароитлар тадқиқотлар ва изланишлар ўтказиш учун етарлича даражада яратилмаган. Жиҳозларимиз анчадан буён янгиланишни талаб этаётган, лекин ниманидир яратиш, илмий кашфиётлар қилиш зарур бир пайтда бу ҳақиқатан мураккаб масала.
Тўртинчидан, кўпчилик мамлакатда шифокорлар етишмаслигидан нолийди. Бунга қўшилмайман – аслида, бизда юқори малакали мутахассислар танқис. Шифокорлар анчагина – ҳар йили тиббий ОТМларнинг юзлаб битирувчилари врач ихтисослигини оладилар, аммо уларнинг қайсидир қисмигина ўзини тиббиётда намоён эта олади. Шифокорларнинг бир қисми билимини янада бойитиш, ўз даражасини кундан-кунга ошириш, ўз шифокорлик кўникмалари устида ишлаш ва янги билимлар олиш имкониятига, керакли вақтга ёки хоҳишга эга эмас. Ҳаммамиз билишимиз керакки, бизда иқтидорли мутахассислар жуда кўп. Аммо ҳар бир иқтидор эътибор, эътироф ва рағбатни талаб қилади. Давлатнинг вазифаси ҳам шундан иборат: ривожланишнинг ҳар бир босқичида иқтидорларимизни ўстириш, сақлаб қолиш ва таъминлаш. Ақллар, иқтидорлар ва кўникмалар ривожига инвестициялар дарҳол бўлмаса ҳам, лекин ўзини оқлаши шубҳасиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда умуртқа касалликларини даволаш қанчалик қимматга тушади? Беморларни бепул даволаш ёки жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун субсидиялар ёки грант, квоталар мавжудми?
— Умуртқа касалликларини даволаш нархи даволаш турига боғлиқ. Консерватив ёки жарроҳликми – шунисига ҳам боғлиқ. Жарроҳлик йўли билан даволаш хорижда ишлаб чиқарилган қўшимча воситалардан фойдаланишни талаб қилади. Тегишлича, сарфланадиган материаллар, қатор ҳолатларда, тиббий хизматларнинг ўзидан ҳам қимматроққа айланади.
Бепул даволаш борасида – беморларнинг имтиёзли гуруҳи бор, уларга бепул даволанишга ордер берилади. Улар тоифасига ногиронлар, онкологик беморлар, кам таъминланганлар, уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилганлар киради.
Бу касбни танлашингизда айнан сиз учун ким шахсий намуна бўлган?
— Отам! Алимов Рустам Орифович, тиббиёт фанлари доктори, профессор. Афсуски, ҳозир орамизда эмаслар. У киши мен учун намуна, яхши ота ва ўз ишининг устаси эдилар. Ҳамма учун очиқ бўлганлар. Шогирдлари, уларнинг йўлларини тутганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Ўз шифокорлик амалиётингизда тадқиқотчилик ишланмаларингизни кўп қўллайсизми? Олға интилиш учун сизга нима туртки беради, ахир қўлингизда касбингиз бор, керакли асбоб-ускуналар бор, стантдарт амалиётларни ўтказишнинг ўзи етарли эмасми, илмнинг нима кераги бор?
— Илм-фансиз тиббиёт – бамисоли ғилдираксиз машина. Агар билимимизни оширмасак, такомиллашмасак, ўз мақомимизни, ҳамкасблар ва беморлар ўртасидаги ҳурматимизни йўқотиб қўямиз. Мен ҳар куни амалиётда ўз илмий ишимнинг янгиликларидан фойдаланаман ва келгусида уларни такомиллаштиришни режалаштирганман. Олға интилишга нима туртки бўлади? Бу – ёрдам сўраб турган бемор кўзидаги дард, бу – мендан миннатдор бўлган, ҳар байрамда табриклайдиган соғайиб кетган беморлар, бу – отам хотираси ва уларнинг ишларини давом эттириш.
Ўзбекистонда шифокор бўлиш қийинми? Тадқиқотчи илмий даража томон интилишда нималарга дуч келади? Илм йўлидан боришни, даволашда янги ечимлар ва услублар топишни ният қилган ёш шифокорларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
— Менимча, шифокор бўлиш ҳеч қаерда осон эмас. Шифокор бироз совуққон бўлиши, шу билан бирга, беморга ҳамдардлик ҳис қилиш керак. У бор ақли ва кучини беморларни даволашга йўналтириши лозим. Тиббиёт соҳасида илмий иш қилишни режалаштирган ёш мутахассисларга шундай дердим: Илмий тадқиқотлар бошлашдан олдин ўзингизда куч ва салоҳият топинг. Агар сиз эътирофга сазовор, халқ учун фойдали шифокор бўлишни истасангиз, фақат ўз ақлингиз ва қобилиятингизга ишонинг. Тиришқоқ бўлинг. Олдингизга қўйилган мақсадларга сабот билан эришинг. Ўз касбингизни севинг. Сиз буни уддалайсиз!