Самимий, ўжар, ақлию онги тиниқ ва жасоратга тўла бўлган болалар кутилмаганда инновацион кашфиётлар қилиш ва ўзлари англамай, дунёни янада яхшилашга қодирлар. Жорий йил декабрь ойида Американинг Time журнали колорадолик 15 ёшли ўқувчи Гитанжали Раони Йил боласи деб эълон қилди. Қизалоқ беш мингдан зиёд номзодларни ортда қолдирди ва ўзи кашф этган ичимлик сувидаги қўрғошинни аниқлаш қурилмаси ҳамда кибербуллингга қарши курашиш қурилмаси учун эътирофга сазовор бўлди. 2019 йилда қизча Forbes журнали талқини бўйича энг аҳамиятли ёшлар рўйхатига кирди, 2017 йилда эса, Американинг Энг яхши ёш олими деб эълон қилинди.
Бир йил олдин Калифорнияда яшовчи мактаб ўқувчиси – Эйша Кхаре смартфоннинг 20–30 секундда зарядлаш учун мослама кашф этди. Ўзининг ихчамгина нанобатарея-суперконденсатори учун қизча Intelдан ёш олимлар мукофотига сазовор бўлди. Эйшадан бир неча йил аввал бу мукофот Жек Андракига – саратонни диагностикалаш учун тест тизими прототипини яратган америкалик ўспиринга берилганди ва у бош соврин – $75 000 ни қўлга киритди. Унинг тест тизими наноқувурлардан иборат бўлиб, ўпка, ошқозон ости бези ёки тухумдонлар саратонини одатий тестларга қараганда 100 баробар тезроқ аниқлаш имконини беради. Нидерландиялик 17 ёшли талаба Боян Слэнг бутун дунё экологларига океанни миллионлаб километрли чиқиндилар ва пластикдан тозалашда ёрдам берди. Унинг новаторлик плафтормаси скатга ўхшаб кетади ва бутилка ҳамда пластикни махсус тирқишга тиқади, майдалайди ва йиғиб боради. Йигитнинг ғояси жамоатчиликни шунчалик қизиқтириб қўйдики, 2015 йилда у 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ тўплашга муваффақ бўлди. Натижада, 2017 йилда “скат”лар океанни тозалашга ёппасига киришиб кетдилар.
Собиқ шўро маконидаги болалар ҳам улардан қолишмайди. 2014 йилда 17 ёшли Сергей Лукьянов ғилайликни даволашнинг инновацион услубини кашф этди. Бу услубнинг моҳияти беморнинг 3D-кўзойнак ва тегишли дастурдан фойдаланиб, кўк ва қизил суратларни бирлаштиришидан иборат. Услуб турли ёш тоифаларига мослаштирилган. Чунончи, болалар учун соддароқ суратлар танланган бўлса, катталарга мураккаброқлари кўзда тутилган. Лукьянов услуби ғилайликни буткул тузатиб юборади, дейишга эрта бўлса ҳам, лекин ҳозирнинг ўзидаёқ натижалар ҳайратга солмоқда.
Болалар – шунчаки келгуси авлод эмас. Болалар – бу илм-фан ва билимлар асосида қурилган ёрқин ва янги келажакка калитдир. Ўзбекистон келажаги қандай бўлади? Биз бир гуруҳ болажонлардан улар илм-фанни қандай тасаввур қилишларини сўрадик.

 

Шаҳризода Алимбабаева, «Эрудит» мактаби 8-«б» синф ўқувчиси
Мен учун илм-фан – бу нима? Бу атроф-борлиқ, еру ҳаво, сув, одамлар. Бирор модда нимадан таркиб топганлигини билиб, биз кўп нарсани тушунишимиз мумкин, демак ривожлана оламиз, нимадир янги нарса яратиб, ғайриоддий билимларга эга бўла оламиз. Илм-фан сабабли биз ҳозирда электрдан, иссиқ сувдан фойдаланяпмиз, автомобилда, самолётларда, кемаларда ва, ҳатто, ракеталарда ҳаракатланяпмиз. Умуман, илм-фан сабабли юзага келган яна кўп нарсаларни санаб ўтиш мумкин. Мен Альберт Эйнштейн, Исаак Ньютон, Жеймс Маквелл, Чарльз Дарвин ва бошқа, инсоният ривожи тарихига улкан ҳисса қўшган буюк инсонлардан фахрланаман. Мен ва Сиз улардан қолишмайдиган олим бўлишимиз мумкин. Ишонмайсизми? Агар XXI асрда илм-фанда барча кашфиётлар қилиб бўлинган, деб ўйласангиз, янглишасиз. Кўпгина олимлар шундай ҳисоблашган, лекин улар тўхтаб қолишмаган, ўз имкониятлари чегарасидан ташқарига қадам қўйганлар. Нега энди биз ҳам бугун шундай қила олмаймиз? Ҳар бир одам ноёб тафаккурга эга, биз нимадир – янги, ғайриоддий, одат тусига кирмаган, инсоният учун мутлақо нотаниш нимадир яратишимиз мумкин ва шунда номимиз асрлар давомида тилга олинади, ишларимиз дунёни буткул ўзгартиради. Олим бўлиш – бу жасорат кўрсатиш, одатий чегаралардан четга чиқишдан қўрқмаслик деб ҳисоблайман ва бизнинг авлодимиз буни уддасидан чиқади, деб ўйлайман. Биз биргаликда инсониятни ҳаётнинг янги даражасига олиб чиқа оламиз. Шахсан мени биология ва анатомия, тирик моддалар қандай ишлаши, нега улар муайян моддалардан таъсирланиши, нега инсон тез-тез касал бўлиши (ва аксинча) жуда қизиқтиради. Мен коронавирусдан вакцина яратишни, саратон, ОИВ, ОИТС ва бошқа тузалмас касалликларни енгишни истардим. Шунингдек, мен фалажланган ногиронларни даволаш усулини топишни истардим. Битта бўлса ҳам касалликни даволаш йўлини топиб, одамларга бахтлироқ, демакки, соғломроқ бўлишларида ёрдам беришни хоҳлайман.

 

 

Вера Шаталина, 6- сонли мактаб 8-“г” синф ўқувчиси

Ҳар бир инсон ўзига хос. Унинг онги ҳам ана шундай.  Инсон ўз миясининг фаолияти сабабли онгли бўлди. Миямиз тўлиқ ўрганилмаган ва ўзида кўплаб сир-асрорларни яширган. Менинг тасаввуримда, мия – бу самовий нарса. Коинотга, чексиз қоронғуликка боқиб, ҳар ким ўзининг тасаввури жонлантирадиган манзарани кўради. Худди шунингдек, илм ҳам кўпчилик одамлар учун жодудек кўриниши мумкин. Бироқ, айнан онг илм-фан двигатели саналади, фантазия туфайли бутун башарият тарихи давомида буюк кашфиётлар қилинган ва улар инсон тараққиётига замин бўлган.
Фантазия ҳар доим маълумлик чегарасидан ташқарига чиқади аммо болалар фантазияси чексиздир. Пишлоққа ўхшаш тўлин ой ёки табассум қилаётган ҳилол, иссиққина пар тўшак каби қор ёки фазо кемасига ўхшайдиган сайёрамиз бунга мисол. Болалар орзулари билан яшайдилар. Ҳар бир буюк кашфиёт айнан орзуларда туғилади, етарлича жидду-жаҳд кўрсатилса, улар албатта рўёбга чиқади ва амалга ошади. Шу сабабли, илм-фан болалар орзусида туғилган, дейиш мумкин.
Илм-фан бутун инсоният тараққиётининг асоси саналади. Товушдан юқори тезлик, осмонда учувчи бинолар ёки океан тубидами, коинот сарҳадларидами қурилган шаҳарлар – буларнинг барчасини келажакда олимларнинг тинимсиз изланишлари туфайли воқеликка кўчиши мумкин бўлган ҳозирги фантастик орзу дея оламиз. Шу сабабли тараққиётнинг асосий двигатели инсоннинг хаёл суриш, орзу қилиш ва, албатта, олдинга қўйилган мақсадларни амалга оширишда фавқулодда саъй-аракат ва интилувчанлик кўрсата олиш қобилияти саналади.

Мен кимё, физика, биология, математика, геометрияни ўрганиш билан қизиқаман. Деярли бутун бўш вақтимни севимли фанларимни ўрганишга сарфлайман. Имкон қадар кўпроқ ахборот олишга, қонуниятларни тушунишга, жараёнларни ўрганишга ва ўзим учун севимли фанларимнинг тобора кўпроқ сирларини фош этишга интиламан. Севимли фанларимни кўргазмали ўрганиш имкониятларим кенгайишини истардим – дунёқарашимни кенгайтирсам, амалий машғулотлар ёрдамида мактаб таълимида етишмайдиган янги услубиётлар ва ёндашувларни ўргансам дейман. Ахир кўриш, ҳис қилиш, тадқиқ этиш, адашиш, хатоларни тўғрилаш ва яна ўз орзусини рўёбга чиқаришга уринишсиз ўрганилмаганни ўрганиш, янгиликни кашф этиш мумкин эмас.
Менинг азалий орзуим – келажакда албатта инсониятни барча маълум ва номаълум касалликлардан халос қила оладиган дори кашф этишдир. Ўз мақсадимга эришиш учун мен ўз устимда ишлашга, кўп меҳнат қилишга, турли олимлар асарларини ўрганишга, тажрибалар ўтказиш, мураккаб вазифаларни ҳал қилиш ва, албатта, орзу ҳамда фантазия қилишга тайёрман. Олдимга қўйилган мақсадни амалга ошириш учун мен, хорижий олимлар тажрибаларини ўрганиш имконига эга бўлиш учун, чет тилларга ҳам вақт ажратишга интиламан. Мен интилишларим яқин келажакдаёқ ўз самарасини беришига ишонаман.
Бугунги кунда сайёрамизда инсоният олдида турган, миллионлаб инсонларни ҳалок этаётган, соат сайин кучаётган ўта жиддий муаммо – бу касаллик бўлиб, бунда бизга фақат илм-фан ёрдам бера олади. Инсон ҳаёти ҳимоясида врачлар, кимёгарлар, физиклар ва бошқа кўплаб олимлар туришибди, улар туну-кун кўзга кўринмас душман устидан ғалаба қозониш ва бутун инсониятга енгил нафас олиш, эртанги кунга ишонч ҳосил қилиш ва, шунчаки, бахтли яшаш имконини бериш йўлида меҳнат қилмоқдалар.
Сўзимни хулосалаб, ҳар бир бола олим эканлигини, лекин ҳамма болалар ҳам катта бўлишганда буюк олим бўла олмасликларини, чунки катталарнинг озгина қисми болалик давридагидек самимий орзу қилиш ва хаёл суришни давом эттиришини қайд этмоқчиман. Болаларча орзу қилиш қобилияти катталарни тарк этмаганда эди, аминманки, бизнинг илмий тасаввурларимиз ҳозирдагидан анча юқори бўларди.
Ахир барча самимий орзулар албатта рўёбга чиқади, шу сабабли мен илм-фан болалар орзусида туғилган, деб ҳисоблайман!

 

Отабекова Мадина, «Эрудит» мактаби 8-«б» синф ўқувчиси 

Одамларда болалар ўқишни ёқтирмайдилар, деган фикр бўлиши мумкин. Айрим болалар, ҳатто, бу уларга керак эмас, деб ўйлайдилар. Аммо мен иккала фикрга ҳам қўшилмайман. Шахсан менга янги тадқиқотлар ва китоб ўқиш ёқади.
Аммо менинг алоҳида севимли фанларим – бу биология ва физика.
Сиз биология ва физика бир-биридан узоқ деб ўйлашингиз мумкин, лекин улар ўзаро ва, айниқса, кимё билан жуда уйғун келади. Уларнинг уччаласи ҳам илм-фан аталмиш алоҳида фан сифатида машҳурдир.
Илм-фан – бу сеҳрли билим, унда материя, ҳаёт ва дарслар бирлашади ҳамда мана шу ажойиб уйғунликни юзага келтиради.
Ҳар бир фаннинг ўз мўъжизаси бор:
Кимё – бу тадқиқот, унда иккита турли унсур мутлақо бошқа компонентни ташкил қилади, у эса, эҳтимол, келгусида биологияда ҳақиқатан фойдали бўлади.
Биология – бу алоҳида мавзу, унда сиз ўсимликлар, ҳужайралар, инсон организмлари ва барча тирик жонзотларни ўрганасиз.
Физиканинг менга ёқадиган жиҳати – у ҳаётий бўлиб, олманинг узилиб тушишидан то қора туйнуккача – барча-барча нарсани ўрганади.
Физика, шунингдек, кўп жиҳатдан кимё билан боғлиқ. Илм-фаннинг бу ажойиб шохлари гўзал, катта ва кучли дарахтга бирлашади.
Болаларга айтадиганим: қанчалик мураккаб бўлмасин, ўқишни севинг. Таълим – бу қудуқни игна билан қазишдир. Лекин самараси ҳам шунга яраша. Менга ўқишни севишни сингдирганлари учун ўз ота-онам ва ўқитувчиларимдан миннатдорман. Қачондир кўплаб одамлар чақириғимни англаб етадилар ва, келгусида муваффақиятли одамлар бўлиш учун ўқиш ва ўрганишни бошлайдилар, деб умид қиламан.

 

Агата Данилова, 80- мактаб 10- синф ўқувчиси

Ҳар бир одамнинг ўз севимли машғулоти, қизиқиши бор бўлиб, бўш вақтини унга бағишлайди. Мен учун шундай машғулот расм чизишдир. Расм чизиш менга ижод қувончини беради, у орқали мен оғир куннинг ғам-ташвишларини унутаман, қўлимга қалам ва бўёқ олиб, хаёлимга келган образларни чиза бошлаганимда қалбан ором оламан.
Сурат сабабли таъбим бузилган пайтлар ҳам бор – ўйлаганимни юзага чиқара олмасам, ғоя хаёлимда қоғоздагига қараганда анча чиройли бўлса. Аммо мен ҳафсаламни пир қилмайман ва таслим бўлмайман. Баъзида, кейинроқ яна уннаб кўриш учун, ниманидир кейинга қолдирган маъқул. Зеро расм чизиш учун илҳом жуда муҳим. Лекин баъзида мен иродамни қўлга оламан ва хатолар устида ишлайман, нега у ёки бу иш ўхшамади – саволларга жавоб излайман. Шу тариқа кўникмаларим яхшиланиб боради. Ҳаммасидан ҳам кўра менга мой-бўёқда чизиш ёқади, чунки, камтарона фикримга кўра, шунда суратлар воқеликка яқинроқ, бой ва жонли чиқади. Аммо, рассомчиликнинг бошқа воситалари: акварель, гуашь, қалам, бўр ва ҳ.к.лардан ҳам воз кечмайман. Ҳар бир материалда ўзига хослик ва бетакрорлик мавжуд. Ахир расм чизиш менга ижоддан қониқиш ҳиссини беради, у ҳар қандай инсон ҳаётини мазмунга тўлдиради.

 

Калимуллина Адель, 80-сонли мактаб 10-синф ўқувчиси

Аралаш миллат вакили ўлароқ дунёга келиб, мен, илк болалигимданоқ, турфа маданиятлар таъсирида катта бўлдим. Олтинчи синфлигимдан нимадир янги нарсаларни ўрганишга қизиқишим борлигини тушундим. Ўзга маданиятларни, уларнинг ижобий ва салбий томонларини, анъаналарини ва бошқа кўплаб қизиқарли маълумотларни излашга берилдим. Тез орада дугонам менга корейс мусиқасини тинглашни таклиф қилди. Корейс мусиқаси мени корейс тилини ўрганишга руҳлантирди ва мен бу тил нақадар гўзал эканлигини кўриб ҳайратга тушдим. Корейс тили жуда майин ва мафтункор, уни ўрганиш кишига роҳат бағишлайди. Бу тилни ўрганиш асносида мен корейслар маданиятини ҳам чуқур ўзлаштира бордим.
Менимча, турли маданиятларни ўрганиш – бу бизнинг замонавий жамиятимиздаги таълимнинг ўта муҳим қисмидир. Инсонлар барча миллатлар ва маданиятларга нисбатан бағри кенг бўлишга интилишларини инобатга олиб, маданиятлар асосини билиш муҳим, деб ўйлайман.
Барча мамлакатлар ўз ижобий ва салбий жиҳатларига ва, албатта, ўз тарихлари ва афсоналарига эга. Мен маданиятларни ўрганиш яқин келажакда шуҳрат қозонишига умид қиламан, чунки, менимча, бу ҳозирги пайтда тинч-тотув ҳаётнинг муҳим шарти саналади.

 

Диёра Абдуллаева, «Эрудит» мактаби 8-«б» синф ўқувчиси

Исмим – Диёра, мен 8- синфда ўқийман. Ҳозирда биология ва кимёга қизиқаман. Кимёни ёқтиришимга сабаб – мени турли моддалар, уларнинг таркиби ҳақида кўпроқ янги нарсалар билиш қизиқтиради, шунингдек турли кимёвий реакцияларни яхши кўраман. Биология бўйича биз ҳозирда инсон тузилишини ўтяпмиз, организмимизда нима ва қандай рўй беришини ўрганиш мен учун жуда қизиқ.

 

Муслима Саидвалиева, «Эрудит» мактаби 8-«б» синф ўқувчиси

Илм мен учун нимани англатади?
Нима ҳам дердим, гапни ҳар кимнинг илм-фан ҳақидаги тасаввури ўзгача эканлигидан бошлаганим маъқул. Кимдир унга ишонади, кимдир – йўқ. Кимгадир илм ёқади, кимгадир эса бош оғриқ бўлиб туюлади. Илм-фан билан ҳар куни, аниқроғи, ундан ҳам кўпроқ тўқнаш келамиз ва бу туғилганимиздан бери давом этади. Негалигини кўпчилик яхши тушунса керак. Физика, кимё, биология… булар барини мактаб ёшимиздан биламиз. Хуллас, илм билан асосан флегматиклар шуғулланади, деб ўйлайман. Улар босиқ, кўп ўйлайдилар, мураккабликка мойил ва ақлли бўладилар. Афтидан, идеал олимлар. Менинг севимли фаним – адабиёт. Ёзувчилар ҳаётини ўрганиш, турли жанрлардаги асарларни таҳлил қилиш, ўқиганимдан таъсирланиш… умуман, мана шу адабиёт уммонига шўнғишнинг ўзи мен учун қадрлидир. Шу ўринда деярли ҳар ким учун ўзининг суюкли илми борлигини айтмоқчиман – у қандайлигининг фарқи йўқ. Ва агар сиз ўзингизга қайси илм кўпроқ ёқишини тушунсангиз, унга киришишни кейинга сурмаслик керак. Мустақил ривожланиш – бизнинг боримиз!

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *