Инсоният доимо илмга интилиб келган, аммо, ЮНЕСКО Статистика институти маълумотларига кўра, илм ва техникада ҳамон эркаклар устунлик қилиб келмоқда. Бутун дунёда олимларнинг фақат тўртдан бирини хотин-қизлар ташкил қилади, университет профессорларининг 10%, фанлар академиялари академикларининг 5%дан камроғи назокатли жинс вакилаларидир. Илмий муассасаларга раҳбарлик қилаётган аёллар улуши турли мамлакатларда турлича бўлиб, Японияда 6%, АҚШда 27%, Францияда 29% ва Испанияда 34%ни ташкил қилади. Ва ниҳоят, олий мукофотлар борасида ҳам вазият кўнгилдагидек эмас – дейлик, Нобель мукофоти тарихида лауреатларнинг 3%гина аёллар бўлган[1].

Ўзбекистонда, статистикага кўра, аёллар фан докторларининг 27%ини ташкил қилади, уларнинг энг кам улуши геология-минералогия фанлари (11%), физика, астрономия (14%) ва техника фанлари (15%)да кузатилади[2].

Биз илм-фанда юксак даражаларга эришган олималар, халқаро университетларда сабоқ берувчи профессор аёллар билан учрашдик. Улар ўз муваффақиятлари қандай ва нималардан шаклланганлиги, гендер мансубликлари уларнинг профессионал ва шахсий ўсишларига таъсир кўрсатадими ёки йўқлиги ҳақида фикр юритадилар.

Беш аёл. Беш ҳаётий воқеа. Беш турли тақдир ва йўллар. Лекин уларни бир жиҳат – билимга интилиш, оилага муҳаббат ва, ўз билим ҳамда тажрибаларига таянган ҳолда, дунёни яхшилаш учун ўз куч ва имкониятгаларига ишонч бирлаштириб туради. Ёритиш, ўрганиш ва тарқатиш керак бўлган тарихлар.

 БЕКНАЗАРОВА САИДА САФИБУЛЛАЕВНА

 

 

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари аудиовизуал технологиялар кафедраси профессори, техника фанлари доктори, доцент.

2016 йилда “Илмдаги ҳамкорлик” халқаро тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган “Эътироф” илм-фандаги юксак ютуқлар I халқаро танлови (Россия Федерацияси, Ростов-Дон) ғолиби бўлди ва II ўринни олди. Шунингдек, кенг кўламдаги тадқиқотлари ва фаол ҳамкорлиги учун Илмий ҳамкорлик маркази (Россия Федерацияси)нинг фахрий унвонига сазовор бўлди .

2017 йилда техника тараққиётига муносиб ҳисса қўшган 35 ёшгача бўлган олимлар ўртасидаги танловда Саида Бекназаровага “Фан ва техникага хизмат қилувчи олим” халқаро унвони тақдим этилди. У “Олий таълим муассасаси энг яхши педагоги” республика танловида “Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар” соҳасида “Инновацион ва ахборот технологияларидан фойдаланувчи энг яхши педагог” номинациясида ғолиб бўлди.

Европа илмий-ишлаб чиқариш консорциуми унвонлар ва мукофотлар бўлимининг хулосасига мувофиқ, “Исаак Ньютон” (“Isaac Newton”) медали билан мукофотланган. TWAS шафелиги остида жаҳонни ривожлантиришга йўналтирилган ЮНЕСКО дастурлари бўлими филиали – Фандаги хотин-қизлар халқаро ташкилоти (OWSD) аъзоси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “Йил аёли” унвонига сазовор бўлган, “Шуҳрат” медали лауреати.

 

Саида, Сиз учун илм-фан нимани англатади?

Илм-фанни, умуман олганда, тириклик сирларини фош этиш, ҳамма нарсани билиш, ўрганилган билимлар асосида нимадир янги нарсани яратиш, ўз ҳаётини яхшилаш ва шу билан инсониятнинг умумий тараққиётига ҳисса қўшиш истаги деб тушуниш мумкин. Ҳар биримиз илм-фанга ўзимизнинг кичик бўлсин, арзимас бўлсин, ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Бу эса, уйғунликда, у ёки бу соҳа ривожига туртки бўлади. Биз бирламчи билимни ота-онамиздан, мактаблар, институтлардан оламиз ва ҳаммасини амалиётда, ҳаётда қўллаймиз. Аммо қайси биримиздир эгаллаган билимларида тўхтамай, коинот сирларини чуқурроқ ўрганишда давом этади ва истайдими-йўқми, билибми-билмайми, олимга айланади – муаммоларни ўрганади, тажрибалар ўтказади, инсонларга фойда келтирадиган нимадир кашф этишга уринади. Кимдир бу тажрибалар учун асбоблар яратади, инсонлар саломатлиги ҳақида қайғуради, болаларни тарбиялайди, кўчаларда тартибни таъминлайди ва ҳоказо. Илм-фан ривожланишига ҳар биримиз аҳамиятлимиз.

 

Кўпинча таълим беришни илмга тенглаштиришади, бу қанчалик тўғри?

Таълим бериш илмга тенг деган тасаввур мавжуд, чунки ўзингиз билим оларкансиз, табиийки, у билан ўртоқлашасиз, бу жараён албатта керак – чунки шунда қайта алоқа ўрнатилади, яъни ўз кашфиётингиз, фикрингиз, ҳис-туйғуларингиз, билимларингизга муносабат бўлади. Демак, бу тасаввур эмас, балки заруратдир. Албатта, ўқитувчилар ҳам илмий-тадқиқот фаолиятини уйғунликда олиб борадиган университет ёки институтни ҳамда илмий тадқиқот институтларидаги бутун вақтини илм-фан ривожига, тажрибалар, кашфиётлар ва ҳ.к.га бағишлаган илмий ходимларни фарқлаш керак. Юқоридагиларни хулосалайдиган бўлсак, илм-фан – бу бизни инсон қилган, бизга доимо ривожлантириш имконини берган омилдир. Инсон профессор бўладими ёки бирор мукофотга сазовор бўладими ё ҳаётини болалар тарбиясига бағишлайдими, офисда ишлайдими – буниси муҳим эмас. Нимани танламайлик, ҳар жойда бизга, ҳаётимизни енгиллатиш учун, чуқур илмий билимлар ва ютуқлар керак.

 

Илмга қандай кириб келдингиз?

Мени мактаб ёшимданоқ информатика фани қизиқтирарди, узоқ 1999 йилда, гимназияда ўқиб юрганимда, бизга янги компьютерлар келтирдилар. Барча синфдошларимиз уларга меҳр қўйдик… Мен ўқиган гимназия математикага ихтисослашганди ва ўшанда мен дастурчи бўлишимни билардим. Информатика факультетининг биринчи курсига киргач, бакалавриат ва магистратурада ўтган 6 йилни мен дастурлаш, коммуникациялар ва АТ сир-асрорларини ўрганишга бағишладим.

Талабалик йилларимда АТ бўйича турфа танловларда ўз лойиҳаларим, ишланмаларим, дастурларим билан иштирок этардим. Совринли ўринлар эгаллардим, ғолиб бўлардим. Беруний номидаги давлат стипендияси, магистратурада Президент стипендияси соҳиби бўлдим.

Ҳеч қачон эришилган ютуқда тўхтаб қолмадим, ҳар доим янги ахборот олиш учун қўшима вақт топдим.

Стипендиялар мавзуига қайтсак, Президент стипендияси лауреатлари исталган ОТМда ўз ихтисослиги бўйича аспирантурага имтиҳонсиз киришлари мумкин ва мен ТАТУ аспирантурасига кирдим. Бу ОТМни танлаганимнинг боиси – у дастурлаш бўйича илғор ўқув муассасаси эди. Шу тариқа мен илмга кириб келдим.

Кейин ҳисоблаш машиналари ва мажмуаларининг машина ва дастурий таъминоти ихтисослиги бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқладим.

Илмий тадқиқотларимнинг асосий йўналиши ахборот, мультимедиа тизимларини лойиҳалаштириш, маълумотларни қайта ишлаш, аудио ва видео технологиялар. Ахборот тизимларини моделлаштириш.

Олға қадам ташлашга сизни нималар руҳлантиради?…

Инсон ниманидир онгли равишда бажарса, ўрганса, билим тўпласа, бирор соҳанинг, илмнинг сирларини ошкор этишга уринса, ҳеч ким уни ўзининг ёлғон тасаввурлари, эътиқодлари ва ҳоказолар билан тўхтата олмайди

Ҳозирда изланиш олиб бораётган лойиҳаларим – бу виртуал музейлар ишлаб чиқиш, автоматизацияланган ахборот тизимлари, мобил иловалар, электрон таълим ресурслари, халқаро тўлов тизимлари интеграцияланган миллий савдо майдонлари ва ижтимоий сўровлар, анкеталашни ўтказишни автоматизациялашнинг ахборот тизими ва бошқалардир. Табиийки, у ёки бу соҳага чуқурроқ кириб, унинг сирларини кашф этаркансиз, аввалда тадқиқ қилинмаган ёки ўзгача нуқтаи назар билан ёндашилган қирралари очилади. Айнан мана шундай лаҳзалар мени олға ҳаракат қилишга, янги ечимлар топиш ва янги дастурлар яратишга руҳлантиради. Мана шу туганмас жараёнда мен мунтазам ривожланиб бораман.

 

 

Чўққиларни забт этишда йўлингизда қийинчиликлар учрадими?

Йўқ, буни дадил айта оламан. Биласизми, инсон ниманидир онгли равишда бажарса, ўрганса, билим тўпласа, бирор соҳанинг, илмнинг сирларини ошкор этишга уринса, ҳеч ким уни ўзининг ёлғон тасаввурлари, эътиқодлари ва ҳоказолар билан тўхтата олмайди. Саводли инсон ўзининг ички ишончида собит туради, бошидан ўтказган ёки ўрганган билими, тажрибасига таянади. Уни синдириш маҳол.

Қолаверса, меҳнат, интилиш, ўз устида жидду-жаҳд билан ишлаш ҳурматга сазовор эканлигини ҳар ким яхши тушунади.

Менинг ҳолатимда ҳам шундай, албатта, шаклланган стереотиплардан келиб чиқиб, айримлар аввал эҳтиёткорлик билан кузатадилар, баъзилар дарҳол эътироз билдирадилар, бошқалар эса, аксинча, қойил қоладилар. Пировардида эса, ҳамма бир нарсага амин бўлади: ҳар бир муваффақият, ҳар бир натижа ортида катта меҳнат, билим, сабр ва интилиш туради. Ва бу мақтовга лойиқ. Қизми у ёки йигитми, эркакми ё аёл – қайси жинсга мансуб бўлишидан қатъий назар, ҳар бири ўз камолоти йўлида ишлаши керак. Биринчи навбатда ўзи учун. Бундан жамият ҳам фойда кўради.

 

Нобель мукофоти олган олималар камлиги масаласи. Сизнингча, нега бундай? Қизлар илм билан шуғулланмасликларига сабаб бўладиган муаммо ёки тўсқинлик қилувчи омил мавжудми?

Аёллар кўп функцияли эканликлари – факт. Балки мана шу бизнинг муаммоимиздир? Биз биламизки, натижага эришиш учун, илмда – бирор ривожланишга, янгиликка, кашфиётга эришиш учун кўп, жуда кўп вақт, меҳнат, билим ва шу кабилар сарфлаш керак, муваффақиятсизликка, хатоларга қарамай фақат ижобий натижа сари интилиш лозим. Ҳаётни илмга бағишлаш зарур. Лекин ҳар ким ҳам бунга тайёр эмас. Биз оила, илм, ишни уйғунликда олиб боришимизга тўғри келади. Лекин, нима бўлганда ҳам, ҳар ким янада юксакроқ натижаларга интилиши керак.

Иккинчи масалага ўтсак, менимча, қизларимизни илм билан шуғулланишдан тўсадиган омил – бу оила, ота-она томонидан (оилада, ўғилми ё қизми – кимлигидан қатъий назар, болаларни ўқишга, ўз устида ишлашга, ҳар томонлама ривожланишга бирдек ўргатиш керак), кейин эса турмуш ўртоғи томонидан (рафиқасига далда бўлиш, уй ишларида ёрдам бериш) ва ҳ.к. қўллаб-қувватлаш йўқлигидир. Уларга ўз устида ишлашлари, илм билан шуғулланишлари, шахсий камолотга интилишлари учун мотивация берадиган реал намуналар керак. Ўғилга таълим берсанг – бир кишига таълим берганинг, қизингни ўқитсанг – миллатга таълим берганинг деган гапни унутмаслик керак.

 

Замонавий Ўзбекистонда илм-фан яхши ривожланмаган. Бу нимага боғлиқ деб ўйлайсиз?

Бунинг бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, таълимнинг барча босқичларида: боғчаларда, мактабда, университетларда илмни оммалаштириш керак, изланишнинг зарурлигини тушунтириш зарур. Шунчаки у ёки бу билим, ахборотни ёдлаб олишни эмас, балки сабаб-оқибат алоқасини ўрнатишни ўргатиш керак. Нега? Қандай қилиб? Нима учун? – шу каби саволларни беришни ўргатиш лозим. Болаларимиз ўзлаштирган билимларини қаерда ва қандай қўллай олишларини билишлари керак. Барча рўй бераётган жараёнларни мулоҳаза қилишни, кузатиш ва хулоса чиқаришни ўргатиш керак.

Иккинчидан, илм-фан ривожи, илмий-техник тараққиёт, истаймизми-йўқми, фойдаланувчилар авлодини тарбиялайди, яъни биз ҳаётимизни енгиллатган илм-фан тараққиёти самараларидан фойдаланамиз ва ниманидир такомиллаштиришга уринмай қўямиз. Бизга қулай, бизга тинч. Шу сабабли, яна такрорлайман, таълимнинг барча босқичларида ўқитувчилар, ота-оналар болаларда ўрганиб, билим олиб ва билимларни қўллаш орқали ҳаётни янада яхшилаш ҳиссини, шунга интилишни тарбиялашга эътибор беришлари керак.

Учинчидан, бу фаолият турининг молиявий жозибадорлиги масаласи, бу ҳам муҳим жиҳат. Чунки биз оила турмуш кечиришимиз, яшашимиз керак. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин, лекин энг асосий омиллар мана шулар деб ўйлайман.

 

Коронавирус пандемияси сабабли, кўпчилик учун 2020 йил қийин кечди. Пандемия Сизнинг ишингизга таъсир кўрсатдими?

Шахсан мен учун, дастлаб масофадан ишлашга кўникиш осон бўлмади. Лекин онлайн таълим билан тезда “тил топишдик”. Айниқса ўз лойиҳаларим устида ишлаш учун кўп вақт ажрата олдим. Айтсам, ишонмайсиз – пандемия даврида мен 7 та дастурий таъминотни якунлаб, тегишли патентлар олдим, бир нечта илмий мақолалар ёздим, улар Скопус базасига кирувчи журналларда, бошқа хорижий ва маҳаллий нашрларда чоп этилди. Турли конференцияларда қатнашдим, вебинарлар, семинарларда иштирок этдим, турфа университетларнинг очиқ курсларида ўқидим. Бундан ташқари, Корея, Қозоғистондаги ёш олимлар учун, олима аёллар учун мўлжалланган онлайн-танловларда, форумларда ўзимнинг лойиҳаларим билан қатнашдим, яхши натижаларга эришдим. Лойиҳаларим учун Қозоғистонда “2020 йил ёш олими” медали ва дипломига эга бўлдим, Кореяда гран-при ва олтин медаль совриндори бўлдим.

Бир гапни такрорлашдан  олмайман: ҳеч қачон эришилган муваффақиятда тўхтаб қолмаслик керак, доимо такомиллашиш ва ўсиш керак. Юзага келган вазиятдан максимал фойда олиш лозим.

 

Танланган йўлингизда иккиланишлар сизни қийнаганми? Босиб ўтган йўлингиз бошида бўлиб қолсангиз, йирик олим, ўз ишининг устасидан қандай маслаҳат олишни истаган бўлардингиз?

Иккиланиш – бу бироз ғалати. Инсон ўз билимларида, интилишларида дадил бўлиши керак. Балки, асосан, молия томонидан иккиланиш бўлиши мумкин. Лекин, барибир, ҳеч нимага қарамай, ўз йўлини қўрқмай бошлаш керак. Ҳаётини, ажойиб йўлни босиб ўтиш учун биринчи қадамни ташлаш зарур. Ҳаммаси дарҳол рўй беради деб, бир лаҳазада самарасини кўраман деб ўйламаслик керак, ҳаммаси вақти-соати билан амалга ошади. Шароитга эса, тажрибада кўрдимки, тиришқоқлигингиз ва ўз танловингизда собитқадамлигингиз орқали эришилади.

Олим учун зарур хислатларга келсак: меҳнатсеварлик, қунт, сабр, таҳлил қилиш қобилияти, кузатувчанлик ва хулоса чиқара олиш малакаси. Энг асосий хислат – бу шахсий камолотга интилиш. Тинимсиз ва тиришқоқлик билан интилишдир.

 

АЛИҚУЛОВА НАРГИЗА ХОЛАҲМЕДОВНА

 

 

Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегациясининг матбуот ва ахборот бўйича маслаҳатчиси, Тошкентдаги Вебстер халқаро университети адьюнкт-профессори. 2007 йилда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Японияда магистр даражасини олиш учун таҳсил стипендиясини ютиб олган. 2011 йилда – Марказий Осиё университетининг инсон тараққиёти соҳасидаги ёзги мактабида ўқиш стипендиясига сазовор бўлди. Коммуникациялар ва жамоатчилик билан ишлаш соҳасида эксперт, гендер, сиёсатшунослик ва жамиятшунослик соҳасидаги қатор илмий мақолалар муаллифи. 2009 йилдан 2016 йилга қадар БМТ Тараққиёт дастурининг Иқтисодий тадқиқотлар маркази (ИТМ) – Ўзбекистоннинг етакчи “ақлий маркази”даги лойиҳасида ишлади. БМТТД, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Осиё Тараққиёт Банки лойиҳаларининг коммуникация соҳасида консультанти. “Бола ва замон” илмий-оммабоп журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Осиё аёллари илмий тармоғи (Япония) аъзоси. АҚШ, Япония, Бельгия, Германияда стажировка ўтаган. 2019 ва 2020 йилларда Шарқий ҳамкорлик, Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида ЕИ делегацияси орасида “Энг яхши коммуникацион ғоя” мукофоти билан тақдирланган. Машҳур дипломат аёллар ҳақида ҳикоя қилувчи “Дипломатка” телеграм-канали муаллифи. Маданий ва оммавий дипломатия соҳасидаги лойиҳаларни илгарилатиш билан шуғулланади. Дипломатия, дунё қурилиши ва хавфсизлик борасида хотин-қизларнинг ролини тадқиқ қилади.

 

Наргиза, Илм-фанда босиб ўтган йўлингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?

Ихтисослигим бўйича мен сиёсатшуносман. Япония ҳукумати дастурининг стипендиясини ютиб олиб, ушбу мамлакатнинг Кюсю университети ҳуқуқ мактабида магистр даражасини олганман. Менимча, айнан ўша ўқиш даврида менда амалий тадқиқотларга муҳаббат юзага келган. Мен доимо у ёки бу ижтимоий ҳодисалар сабабларини тушуниш, трендларни тадқиқ қилиш, ўзаро алоқасини ва қонуниятларини излашга қизиққанман. Менинг Ўзбекистон парламентида хотин-қизлар тақдим этилганлигига бағишланган магистрлик диссертациям бу соҳадаги илк тадқиқот бўлган. Ундан айрим хулосалар Ўзбекистондаги БМТТД парламентаризмни ривожлантириш лойиҳасида ҳам қўлланилган. Менинг гендер масалалари соҳасидаги тадқиқотларим ҳар доим тарих, озиқ-овқат хавфсизлиги, коммуникациялар каби бошқа фанлар билан кесишган. Ўзбекистонга қайтгач, мен етти йил “ақлий марказ”да – Иқтисодий тадқиқотлар марказида, атоқли эксперт ва олимлар қуршовида ишлаганим ҳайратланарли эмас. Улар орқасида кўплаб ақлли хотин-қизлар бўлган. Миллий консультант сифатида бир қатор тадқиқот лойиҳаларига жалб қилинганман. Ақлли одамлар билан мулоқотда бўлиш ва ҳамкорлик қилишда жуда омадим чопган деб ҳисоблайман. Айнан мана шу муҳит профессионал ва таҳлилчи сифатида шаклланишимга таъсир кўрсатди. Шахсан мен учун амалий таҳлил яқинроқ. Кейинроқ “мустақил саёҳат”га отландим – Осиё Тараққиёт Банки, ЖМТ, Жаҳон Банки каби халқаро ташкилотлар учун таҳлилий ҳисоботлар устида ишладим.

Коммуникациялар ва таҳлилдаги тажриба туфайли, 2016–2018 йилларда ОАК рўйхатига кирувчи “Бола ва замон” илмий журналини бошқардим. Журнал Республика болаларни ижтимоий мослаштириш маркази (РБИММ) қошида чоп этилади, у ерда ҳам мен психология, педагогика, тиббиёт соҳасида тадқиқотлар ва илм-фан билан шуғулланаётган кўплаб аёлларни учратдим.

2020 йил август ойидан Вебстер университетининг Тошкентдаги филиалида адьюнкт-профессор бўлдим. У ерда талабаларга Стратегик коммуникациялар ва жамоатчилик билан алоқадан дарс бераман.

Бироқ, бу ўринда менинг оёққа туришимда отамнинг ролини тилга олмай ўта олмайман. Айнан отам билан тарих, география ва халқаро муносбатлар борасидаги кундалик баҳс-мунозараларимиз болалагимдан менда гуманитар фанларга қизиқишни шакллантирди. Мендаги маданиятга оид лойиҳаларга қизиқиш ва ишонч эса, оиламизда барчани 5 ёшдан мусиқа билан шуғулланишга беришларига боғлиқ. Мен мусиқадан таълим олганман, фортепьяно чаламан, мусиқа ва қўшиқлар тўқийман. Бу болаларда қунтни ривожлантириш ва болалигидан санъатнинг гўзал оламига муҳаббатни уйғотишда жуда муҳим.

 

Жамиятимизда аёл киши мактабда педагог ёки университетда оддий ўқитувчи бўлиши мумкин, лекин тадқиқотлар ва илм-фан билан шуғулланиш унга эмас, деган тасаввур мавжуд.

Аслида эса, илм ва тадқиқотлар билан шуғулланувчи аёллар мамлакатимизда жуда кўп эканлигига аминман. Агар илм-фанни, айниқса аёлларнинг илм-фандаги ролини оммалаштирсак, бундан ҳам кўп бўларди. Мамлакатга кўпроқ илмдаги “муваффақият тарихлари” керак. Research Communications борасидаги, айниқса илмий тадқиқотлар ҳақида креатив ва тушунарли хабар бериш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаларини кенг ёйиш зарур. Зеро жамиятдаги қотиб қолган тасаввур “аёллар илм учун эмас”лигининг ўзинигина эмас, балки умуман, “илм-фан – бу зерикарли ва кераксиз машғулот” эканлигини ҳам қамраб олади. Жамият илм-фаннинг амалий аҳамиятини кўрмайди, илм улар ҳаётларини қандай яхшилаши мумкинлигини тушунмайди.

QVANT журналининг аввалги сони учун тайёрлаган тадқиқот-мақолам илм-фандаги аёллар ролига бағишланганди. Кашфиётлардаги аёллар сони ўта кам. Бундан ташқари, ихтирочилар гуруҳи (ОТМ, ИТИ ёки хусусий компанияданми) патентга ариза топширса ҳам, афсуски, базада биз гуруҳ таркибини кўра олмаймиз – аёлларми улар ёки эркакларми ва, албатта, бу ишланмаларда аёлларнинг роли умуман очиб берилмайди. Буларнинг бари, албатта, хотин-қизларни илм билан шуғулланишдан руҳини чўктирмай қолмайди. Ахир блю-тус ва вай-фай, GPS ва компьютер каби ихтиролар учун биз айнан аёллардан миннатдор бўлишимиз кераклигини кўпчилик ҳам билавермайди. Ишонинг, аёллар илм ва тадқиқотлар билан шуғулланса, жамият етти карра тезроқ гуллаб-яшнайди.

 

Аёллар ўртасида илмий салоҳиятни ривожлантириш масаласининг ечимини нимада кўрмоқдасиз?

Илм-фанни оммалаштириш масаласида мен бир ўта муҳим жиҳатни тилга олмоқчиман, у ҳам бўлса, илмга муҳаббатни болаликдан сингдириш. Бир неча йил олдин бизда мультфильмлар учун миллий қаҳрамонлар яратиш бўйича танлов ўтказилганди[3]. “Қиз бола-қаҳрамон” тимсоли учун шоира ва раққоса, “ўғил бола-қаҳрамон” тимсоли учун олимлар танланганини кўриб, ҳафсалам пир бўлганди. Мана сизга болаликдан “менталитет”ни сингдириш оқибати. Яъни, сен қиз боламисан, фақат рақс тушиш (демакки, вақтини чоғ қилиш)гагина муносибсан. Мамлакатимизга янги мультфильмлар қаҳрамонлари керак. Қизалоқ-спортчилар, олимлар, полициячилар. Ва, яна, прфоессорлар.

Энди  хорижда EduTainment (EduTainment “таълим” ва “вақтичоғлик” сўзларини ўзида жамлайди” концепцияси ривожланишини кўринг. Бу ибора таълимий характерга эга ҳар қандай шаклдаги вақтичоғликка тегишли. Масалан, Россияда ишлаб чиқарилган “Фиксиклар” мультсериалини олинг, унда Симка – бош қаҳрамонлардан бири фаол мақомга эга бўлади. Ҳамма болаларим шу мультсериалда катта бўлишган. У қувноқ ва ёрқин мультсериал бўлиб, маиший ускуналар ичида яшайдиган ҳамда улар ишдан чиқмаслигини назорат қиладиган митти одамчалар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Ҳар бир сериал бирор қурилма, масалан, телевизор ёки совуткичнинг ишлаш тамойилини тушунтиришга бағишланган. Шу тариқа болалар, севимли қаҳрамонлари саргузаштларини кузата бориб, атрофдаги ашёлар ҳақида қизиқарли шаклда хабардор бўладилар. Болаларга илм ва тадқиқотга муҳаббатни сингдиришда бундан яхшироқ яна нима бўлиши мумкин?

Мақсадларга эришишдаги мураккабликлар, парвозлару қоқилишлар – бу мақсад сари интилаётган ҳар бир инсоннинг йўлдошлари. Касбий фаолиятида эса, аёллар яна гендер камситишга ҳам йўлиқадилар. Сизда шундай бўлганми?

Мен 2007 йилда Япония ҳукуматининг стипендиясини ютиб олганимда 3 ва 5 ёшли иккита фарзандим бор эди. 20 кишилик стипендиатлар гуруҳида атиги тўрт нафар қиз бўлиб, улар ичида биргина мен турмушга чиққан ва фарзандли эдим. Олдимда мураккаб танлов турарди. Шунда оилам мени бу йўлда қўллаб-қувватлади, шундай бўлса ҳам, то оилам Японияга кўчиб келмагунича, маълум муддат оиламдан айри яшаш жуда қийин кечди. Кўплаб турмуш қурган аёллар, айниқса фарзанди борлар, стипендиядан воз кечганларини эшитганман – чунки улар айнан оиласи қарши бўлгани ёки болалари билан вақтинча ажралишни истамаганлари туфайли ўқишга бора олмагандилар. Албатта, осон бўлмади. Олдин болалар билан дарс қилишим, уларни тўйдириб, ухлатишим ва кейингина, тунда мақолалар ёзишим, тадқиқот ва рефератлар тайёрлашимга тўғри келди. Табиийки, тўйиб ухлай олмадим, чарчардим. Лекин бу менга нима учун кераклигини билардим. Буни ўзим жуда хоҳлардим ва мен аъло баҳога битирдим.

Менинг шахсий тажрибам болаларимнинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатди. Улар дунёни кўрдилар, болаликларидан бир неча тилда гаплашдилар ва эндиликда ҳам яхши таълим олишга интилмоқдалар. Биз тез-тез биргаликда саёҳат қиламиз ва ҳар доим хизмат сафарларимга ҳам уларни қўшиб олишга ҳаракат қиламан. Улар учун намуна бўлишга интиламан. Токи улар кўрсинлар: ақл ва интилиш билан бизнинг юртимизда ҳам кўп нарсага эришиш мумкин. Бекорга “Қиз болага таълим бериб, унинг фарзандлари ва оиласига таълим берган бўласан”,- дейишмайди-ку.

Мен карьерадаги чўққилар нима эканлигини билмайман. Мен доимо жараёндаман. Ва, фикримча, бу жараён чексиз давом этади. Аммо, сиз аёл бўлсангиз, эркаклар билан баробар мақомда бўлиб, баробар пул ишлаш учун уч баробар кўпроқ ишлашингиз зарурлиги шубҳасиз. Ҳар қалай, биз эркаклар тузган оламда яшаймиз. Бизнес, ҳукумат ва ҳатто дипломатия. Афсуски, эътироф, фикр билдириш имконияти ва, шунчаки, оддий макон биз – аёлларга кураш натижасида берилади. Гендер масаласида мен кўпроқ ҳамкорлик ва биргаликда ишлаш тарафдориман. Барчамиз ўзимизга хосмиз. Ҳар биримизнинг ўз ноёб қобилият ва имкониятларимиз мавжуд. Ва биз, то бу масалада эркаклар билан яқин ҳамкорликда ишламас эканмиз, тенг ҳуқуқлиликка (мен тенглик ҳақида гапирмаяпман, чунки биз кўп нарсада тенг эмасмиз ва бу ҳар бир ҳолатда ҳам эркаклар фойдасига эмас) эриша олмаймиз.

Кўпчилик 2020 йилни омадсиз йил деб, карантин даврини ўтказиш қийин бўлганлигини айтмоқда. Ноёб ақл ва малака соҳибаси ўлароқ, сиз бу фикрга қўшиласизми?

Шахсан мен учун, мустақил ривожланиш борасида, мажбурий карантин ижобий таъсир кўрсатди. Ишдан уйга қатнашга кетадиган вақтим эвазига мен малака оширишга, онлайн-курслар ўташга муваффақ бўлдим. Улар ичида асосийлари етакчиликни ривожлантириш, маданият дипломатияси, “21 аср дипломатияси” курслари бўлди, у ерда мен рақамли дипломатия тамойилларини ўқидим, шунингдек, DataViz курсини – визуализация ёрдамида маълумотларни қандай тақдим этишни, тадқиқотларни оммалаштириш ва қизиқарли ҳисоботлар тайёрлашни ўргандим – бундан ташқари, мен кўпроқ ёзиб, тадқиқ қила бошладим ва билимларни ёшлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

 

Ёшлар касб танлашда кўпинча иккиланадилар ва ташқи босим остида қоладилар. Уларга, айниқса, ўзини илмга бағишламоқчи бўлганларга қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

Қалб ундаган томонга қадам қўйиш керак. Иккиланмаслик керак. Ўзингизга ишонинг. Ҳамфикрларни изланг, ўз “яшаш муҳитингиз”ни яратинг, жамоа тузинг.

Қалб ундаган томонга қадам қўйиш керак. Иккиланмаслик керак. Ўзингизга ишонинг. Ҳамфикрларни изланг, ўз “яшаш муҳитингиз”ни яратинг, жамоа тузинг. Мамлакатимизга айнан ғайриоддий ва креатив ғоялар керак. Аммо ҳукумат ҳам бундай креатив ва илмий салоҳиятни, айниқса ёш олимларни қўллаб-қувватлаши муҳим. Хотин-қизлар учун илмий йўналишларда ОТМга киришда квоталар бериш лозим. Майли, бу вақтинчалик “ижобий камситиш чоралари” бўлсин, аммо ортга қайтмаслик нуқтасига эришилгач ва аёллар ўз кучларига, муҳими – ўз ақлий салоҳиятларига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, тараққиётда ҳақиқий чўққиларни забт эта оламиз. Эркак бошлиқлар ассистент-қизлар ва илмий ходималар яратган илмий асарларни “ўзлаштириб” олмасликлари керак. Бундан манфаатдор одамларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар етади.

Илм соҳасида энг муҳими эса – ўзинг шуғулланаётган ишга нисбатан меҳр ва иштиёқдир. Ва, албатта, қизиқувчанлик ҳамда ҳақиқатни билмай қўймаслик истаги ҳам муҳимдир.

 

ТАТЬЯНА БИСТРУШКИНА

Татьяна Биструшкина University of St Andrews (Буюк Британия) барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит иқтисодиёти соҳасида фанлар магистри ва Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети халқаро бизнес магистри даражасига ва Самарқанд давлат чет тиллар институти филология бакалаври даражасига эга. Татьяна Биструшкина Жон Хопкинс университетининг таклиф этилган илмий ходими ва кўплаб мукофотлар ҳамда стипендиялар, жумладан Chevening, MASHAV, Rumsfeld ва бошқалар совриндори бўлган. Кейинги 12 йил ичида Марказий Осиё ва Буюк Британиядаги барқарор ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларга жалб этилди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши ҳамда Экология агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси саналади. Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси ижрочи директори сифатида Татьяна Биструшкина ҳукумат билан ишлашга жавобгар ҳамда савдо ва инвестициялар соҳасида сиёсат, бизнес-муҳитни яхшилаш ва инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича консультациялаш билан шуғулланади, Тошкентдаги Вебстер халқаро университетида дарс беради.

 

Татьяна, кўпчилик учун илм – бу қандайдир мураккаб, қўл етмас ва ўта жиддий соҳа. Ҳақиқатан шундайми?

Мен учун илм – бу санъат. Негалигини тушунтираман. Мен маърузага тайёрланаётганимда ёки илмий иш ёзаётганимда, материал тўпланган, барча манбалар текширилган, бу катта ҳажмдаги ахборотнинг бари алоҳида фикрлар ва катта миқдордаги маълумотлар зуваласи бўлиб туради. Энди бу зувалани ёйиб, ягона мантиқий занжир ҳолатига келтириш, у занжирнинг нариги учидагига ҳам тушунарли қилиш лозим. Шу тариқа, мана шу парчалардан бир бутунни яратиш – бирин-кетин бўлаклардан яхлит манзара ҳосил қилувчи синтез – мана шу соф ижодиётдир. Шунда сиз ижод қиласиз, ижодкор саналасиз!

Дарс бераётганингизда, кўплаб бўлаклардан бир бутунни ярата олдингизми-йўқлиги аниқланадиган ҳафталик қайта алоқага эга бўласиз.

 

Демак, Сизни илмга ижодкорлик руҳи бошлаб келди, дея оламизми ёки бошқа руҳланиш манбалари ҳам бўлганми?

Менга доим “нега?” саволига жавоб топиш қизиқарли бўлган. Ҳаммаси жуда одатий саволдан бошланган – нега Самарқандда (мен шу шаҳарда туғилганман) аҳоли газ ва электр етказиб беришдаги доимий узилишлардан азият чекиб келади? Доим ҳам бундай эмасди. Кейинги 10 йилда муаммо жуда чуқурлашди.

Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети магистратурасидаги ўқиш давомида мен табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти ва энергетика билан қизиқдим. Шу сабабли, диссертация ёзиш вақти келганда, мен Ўзбекистондаги қайта тикланувчан энергия манбалари бўйича ёзишимни аниқ билардим. Мамлакатимизда аҳоли сонининг жадал ўсиши ва энергетикада “талаб ва таклиф”да талаб томонга асимметрия сабабли, муқобил энергия манбалари энергия балансини тиклаш учун оптимал ечим бўлади. Менинг биринчи илмий ишим Ўзбекистонда Қуёш энергетикасига бағишланганди.

Мен шу билан кифояланиб қола олмасдим, кўпроқ нарса ўрганишни истардим ва мен Cheveningда ўқишни давом эттириш учун сўров йўлладим. Илмга чанқоқ бўлган кўпчилик ичида мен ғолиб бўлдим, стипендияга эришдим ва натижада, менинг таълимим  Бирлашган Қиролликдаги Авлиё Эндрюс университети (University of St Andrews)нинг барқарор ривожланиш ва табиатдан фойдаланиш  соҳасида фанлар магистри даражасини олишим билан якунланди. Бу жуда кенг кўламли мавзу бўлиб, амалий татбиққа эга. Биз ҳар биримиз, хатти-ҳаракатларимиздаги, фодаланишдаги одатларни ўзгартириб, амалда ўзимизни ва бўлажак авлодларимизни қутқариш учун дунёни ўзгартира олишимиз мумкинлигини тушуниш лозим. Ҳозирда менда Ўзбекистон Республикаси Экология агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши таркибида дунёни ўзгартириш имконига эгаман.

 

Ўз фаолиятингизда, аёл сифатида, қийинчиликлар ва тўсиқларга учраганмисиз?

Аксинча, ҳозирда аёллар учун карьера қуришда кўплаб имкониятлар мавжуд. Мен Ўзбекистондаги Америка савдо палатасида ассистент бўлиб иш бошлагандим. Айнан Директорлар кенгаши менинг номзодимни ижрочи директор мақомига илгари суришди ва улар мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашяпти ва йўналтириб туришибди. Бу ҳақиқатан қимматли ёрдам. Мен Ўзбекистон ҳукумати билан турли масалалар бўйича ишлайман ва, қайд этишим ўринлики, учрашувларда, ёзишмаларда, расмий ва норасмий мулоқотда мен ҳеч қандай камситишни ҳис қилмадим. Боз устига, ҳозирда кўплаб халқаро дастурлар аёлларда етакчилик салоҳиятини ривожлантиришга ихтисослашган. Бир неча йил олдин биз етакчилик бўйича халқаро дастурлар учун номзодлар излагандик, чунки мамлакатга аёллар ва эркаклар учун тенг миқдорда жой ажратилганди. Уч ҳафтага стажировкага боришга рози бўладиган малакали аёлларни топиш қийин бўлганди. Афтидан, ўшанда мен вазиятнинг жиддийлигини ҳис қилгандим – ҳамма аёллар ҳам мендаги каби ривожланиш имкониятига эга эмас ва ҳозирда биз давлат ҳамда жамият ҳаётида аёллар иштироки борасида анча олдинга ўтиб кетганмиз.

 

Бундай муаммо ва аёллар илмий салоҳияти ривожланиши асосида нималар ётади, деб ҳисоблайсиз?

Менимча, бунда баланс масаласи катта аҳамиятга эга. Жамиятимизда аёл зиммасига биринчи навбатда она, рафиқа мажбуриятлари юкланади. Жамият биринчи навбатда шу соҳада ўзингни намоён этишингни кутади. Илм вақт ва куч-ғайратни кўп сарфлашни талаб қилади. Мен тадқиқотлар ўтказаётганимда тунлари билан ухламай чиқишим, кутубхонада ёки дала ишларида кунни тунга улаб ишлашим мумикн. Бу жуда қизиқарли бўлади ва вақтни ҳис этмай қўясиз. Шундай пайтларда оиланинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Оила аёлни тушунса ва унга кўмакчи бўлса, андай яхши! Афсуски, жамиятимизда буни ҳар доим ҳам учратавермаймиз. Бир яққол мисолни келтираман. University of St Andrewsдаги илмий раҳбарим айнан илмий диссертация ёзишни бошлаганимда фарзандли бўлди. Кундузи у ишларди, рафиқаси болага қарарди. Тунда эса, бола парвариши менинг раҳбарим зиммасига тушарди. Чунки Бирлашган Қиролликда болалар парвариши ва тарбияси билан ота-она иккаласи шуғулланиши урф бўлган, асосий ишни аёллар елкасига юклаш йўқ. Натижада, мен диссертацияни ёзиб тугатганимда раҳбарим 10 килограммга озиб кетган, рафиқаси эса асаблари, саломатлиги ва гўзаллигини сақлаб қолди, бўш вақтида ўз ривожи билан шуғуллана олди. Бизда эса, афсуски, аксарият ҳолатларда болалар парвариши аёлларга юкланади, бу эса жуда кўп вақт, куч ва саломатликни талаб қилади. Аёл киши, агар унинг шундай интилишлари бўлса, оиладан ташқарида ҳам ривожланиш имконига эга бўлиши, оила эса бунда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши керак. Болалар учун она намунаси бирламчи ва энг ёрқин намуна бўлади. Онаси дунёимизни гўзалроқ қилишга интилишини, жамият ривожига қўшган ҳиссасидан кўзлари яшнашини кўриб, болалар ҳам дадиллик, тиришқоқлик, севимли ишидан бахтни туйишга ўрганадилар.

 

Қизиқ, 2020 йил воқеалари – Ер сайёрасининг ҳар бир аҳолиси амалиётда жамиятдан иҳоталанган бўлиб, жамоа билан ишлаш, ҳамкасблар, дўстлар билан мулоқот қилиш имкониятидан маҳрум бўлгани Сизга қандай таъсир кўрсатди?

Менга масофадан ишлаш жуда ёқади. Биринчи навбатда бунга менинг муайян жойга боғланиб қолмаслигим сабабчи. Кутубхоналар ва маълумотлар базаларига онлайн-уланиш жараённи анча енгиллатди. Биз виртуал сеимнарлар, симпозиумлар, дарслар, учрашувларга аллақачон ўргандик. Эндиликда барча тадбирлар онлайн ўтказилаётгани сабабли, иш вақти тушунчаси йўқолди. Биз АҚШ ва Европа билан ишлаймиз ва баъзида шундай бўлади: улар АҚШда, кундузи хотиржамлик билан мажлислар ўтказаётганларида менинг тунда ишлашим, онлайн-учрашувга расамадида кийиниб олиб, кўзларимни катта-катта очганча тайёр туришимга тўғри келади. Шу сабабли, меъёрлашмаган иш куни ўзига хос меъёрга айланди. Иш ҳажми ҳам сезиларли ортди. Менимча, пандемия тугаганидан кейин ҳам биз “гибрид” режимда ишлашда давом этаверамиз, чунки онлайн ишни анча енгиллаштиради ва логистикани арзонлаштиради. Қолаверса, бу жуда қулай.

 

Илм сари интилаётган одам эгаллаши керак бўлган қандайдир алоҳида хислатлар мавжудми?

Тиришқоқлик, интизом ва сабр – мана шу хислатлар натижага эришиш учун ниҳоятда муҳим. Илм – бу кундалик сердиққат иш.

Биринчи навбатда, албатта, “Нега? Қандай? Нима учун?” деган саволларга жавоб топиш керак. Тиришқоқлик, интизом ва сабр – мана шу хислатлар натижага эришиш учун ниҳоятда муҳим. Илм – бу кундалик сердиққат иш, омадсизлик, парвозлар ва қоқилишлар, ишни охирига тақашдир. Мен учун тизимлилик, яъни режим ва давомийлик муҳим. Илмий иш устида ишлаётганингизда ишнинг ярмидан ўтиб қўйган бўласиз, лекин ишга қарагингиз ҳам келмай қолади. Шунда чалғиш керак, лекин, асосийси – ишга албатта қайтиш ва режимга яна киришишдир.

 

ДИЛФУЗА ҚУРОЛОВА МУРОДУЛЛАЕВНА

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, Тошкент давлат юридик университетида ҳуқуқшунослик бакалаври (2010) ва халқаро ҳуқуқ бўйича магистр (2012), шунингдек Бишкекдаги ЕХҲТ академияси сиёсатшунослик ва хавфсизлик бўйича магистр даражасига эришган. AIEPS (American Institute for Economic and Political Studies) дастури битирувчиси ва TFAS стипендиати, John Smith Trust дастури стипендиати, Марказий Осиё ёшлар тармоғи аъзоси ва Mampassi Collective резиденти. TEDxMustaqillikSquare ҳамжмиятида маърузачилар бўйича куратор, Global Shapers Tashkent Hub куратор-асосчиси ва Global Shapers ҳамжамияти COVID-19 бўйича Глобал мувофиқлаштириш кенгаши ҳамда Бутунжаҳон иқтисодий форуми ёшлар ҳаракати аъзоси. ЕХҲТнинг Венадаги қароргоҳида (2015), Тошкент шаҳар жиноий ва фуқаролик туман судларида (2007-2010) стажировка ўтади Электрон ҳукумат марказида ва Сут бези саратони ассоциациясида ишлади. 2016 йилдан бошлаб Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро ҳуқуқшунослик комиссияси, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТТД ва бошқаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларга оид халқаро ва миллий лойиҳалари консультанти. Тошкент давлат юридик университетида дарс берган, 2020 йил август ойидан Тошкентдаги Вебстер Халқаро университетида адьюнтк-профессор саналади. Бепул юридик онлайн-консультациялар беради. Инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларини илгари суради. БМТ-Марказий Осиё аёллари томонидан 2020 йилда Ўзбекистондан фаол ўлароқ, “Фаолликнинг 16 куни” кампанияси доирасида номзоди қўйилган. масалаларни тадқиқ қилади.

 

 

Дилфуза, ҳар кимда илмни танлашга нимадир туртки бўлади. Сиз учун илм нимани англатади?

Қачонлардир, болалагимида, оиламиз бурилиш даврини бошидан кечираётганда, отам айтгандилар: “Инсоннинг мақоми ва ҳисобида қанча пули борлиги аҳамиятсиз. Ҳаммаси бир лаҳзада бор бўлишиям, йўқ бўлишиям мумкин. Асосийси ўқиш керак, чунки билимимиз бизни ташлаб кетмайди”. Шу тариқа, мен ўқишга интилдим ва китоблар билан, маърузаларда ва стажировкаларда ўтган ҳар бир дақиқамни қадрлай бошладим.

Мен учун илм – бу билимга доимий интилиш, керакли ва ҳаққоний ахборотни англаш ва ўзидан кейин билим ва тажриба қолдиришдир. Балки, янгиликларни, мунтазам янги билимлар излашни севишим, янги одамлар ва тажрибалар билан ташишга бўлган иштиёқим мени илмга ва тадқиқотчиликка олиб келгандир.

Маълумотим бўйича мен халқаро ҳуқуқ соҳасида юрист ва сиёсатшуносман. Юридик университетни якунлаганимда сиёсатшунос бўлишни орзу қилардим ва минтақавий хусусиятларни ҳисобга олмай, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис бўлиш имконсизлигини тушунмасдим. Мана, университетни битирганимдан 10 йил ўтгач, мен бир пайтлар ҳатто орзу ҳам қилмаган мақомга чиқдим. Иккита олий маълумотга эга бўла туриб, айтаман: қанчалик кўп ўқисам, шунчалик бу дунёда билмайдиган нарсаларим кўплигини англаяпман. Мен учун интилишларим самараси ҳар доим руҳланиш манбаи бўлиб келган. Қандайдир лойиҳа бўладими, китоб, мақола ёки консультацияларим бўладими – асосийси жамиятда бирор илгарилаш ёки тараққиётни юзага келтирувчи натижа бўлсин.

Яна мен саёҳат қилишни ва тилларни ўрганишни ёқтираман. Айнан илм-фан ва тадқиқотлар туфайли мен турли мамлакатларда бўлдим, ўқидим ва билимлар билан ўртоқлашдим. Менг бу ёқади, бу ажойиб ва мен жуда ажойиб маслаҳат берганлари учун отамдан миннатдорман!

 

Бугунги кунда, жумладан илм соҳасида гендер тенгсизлик масалалари тез-тез кўтарила бошлади. Бу борада нима дея оласиз.

Тўғрисини айтганда, мен одамларни эркак ва аёлларга ажратишни унчалик ёқтирмайман, чунки барчамиз, айниқса илм-фанда тенгмиз. Бошқа масала – бу жамият ва оилада гендер роли, аёлларни чеклаб қўйишдир. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, аёллар эркакларга қараганда камроқ маош оладилар ва юқори мансабларни улар каби тез эгаллай олмайдилар. Бу ҳолат илм соҳасига ҳам тааллуқли, чунки аёл олдин оилавий муносабатларни йўлга қўйиши, кейингина докторлик қилиши ва тадқиқотлар ўтказиши керак. Бу ерда ҳам масала кўп жиҳатдан аёлни ўзи танлаган тараққиёт йўлида, ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришида қўллаб-қувватлашга ва, албатта, маиший юкламаларини баҳам кўришга боғлиқ.

Хўп денг, илм – бу саволларга доимий жавоб излашдир. Бу жараён шунчалик қизиқарлики, кўп вазиятларда инсон изланишга берилади ва вақт ҳисобини йўқотиб қўяди. Кучли диққат керак. Кўпинча, аёлларга, кўплаб бошқа вазифаларга чалғиганлиги сабабли, диққат-эътиборни жамлаш етишмайди. Яққол мисол: мен ўзим, айниқса ҳужжатлар ва изланишлар устида, уйда ҳамма ухлаганидан кейин ишлашни жуда ёқтираман: шунда мени ҳеч ким чалғитмайди. Биз аёл киши одатда кўп ишни уддалай олади ва бир вақтнинг ўзида кўплаб масалаларни ҳал қилиб, кўп ишларни бажара олади, деганимиз унинг олдига “ишлашни истасанг, уйни эпла, болаларни ва шундан келиб чиқадиган ҳамма ишни ҳам уддалагин” деган ультиматумни қўйишни англатмайди.

 

Кўпчиликни нега олималар бунчалик камлиги, Нобель мукофоти ва бошқа илмий мукофотлар сазоворлари орасида хотин-қизлар жуда озлиги саволи қийнайди. Нима деб ўйлайсиз, бунинг асл сабаби нимада?

Мамлакатимиз воқелигидан келиб чиқиб, бир нечта омилларни кўраман:

– таълимнинг ҳаммабоплиги: ҳамма қизлар ҳам университетларда ўқишни давом эттира олмайди, илм соҳасида фаолиятни давом эттириш – алалхусус. Албатта, турмушга чиққандан кейин ҳам аёлларнинг илмий фаолиятни давом эттиришларига ижобий мисоллар бор, лекин ҳатто шундай ҳолатларда ҳам илмий ишлар илмий нашрларга халқаро талаблардан ўтмайди, тадқиқотларимиз унчалик чуқур ва қизиқарли эмас;

– молиявий қўллаб-қуватлаш: ҳамма китоблар ва мақолалар ҳам бепул эмас, илмий фундаментал адабиётдан фойдаланмай туриб эса, илмий кашиётлар ва тадқиқотлар қилиш имконсиздир;

– ижтимоий ва оилавий қўллаб-қувватлаш: оила, жамият ва қўшнилар аёлга уларнинг ижтимоий ролларини бажаришлари учун босим ўтказади, бу нафақат аёллар, балки, умуман, ҳар қандай тадқиқотчининг қобилиятларини чеклайди.

Жаҳон миқёсидаги тадқиқотлар изчил, сердиққат ва синчков ишлашни талаб қилади. Афсуски, аёлларда бунинг учун имконият, вақт ва қўллаб-қувватлаш етишмайди.

 

Шахсан ўзингиз касбий ривожланишда гендер камситиш асосидаги тўсиқларга дуч келганмисиз?

Ишим бўйича кўпинча саволга тутишади: “Шу сенга нега керак? Ўзингни қийнаб нима қиласан?”. Айнан мана шундай сўзларга ва руҳни чўктирувчиларга қулоқ солмаслик керак. Фақат олдинга интилиш лозим. Айнан бизнинг интилишларимиз ва дунёни яхшироқ қилиш истаги бизни олдимизга қўйилган мақсадга олиб боради.

 

Ҳаётимда аёллигим туфайли каситишни ҳис қилган бир неча ҳолатлар бўлган. Бу менинг ишга жойлашиши билан боғлиқ бўлган, ҳолбуки, ҳаммаси холисона ва қонуний расмийлаштирилганди.

Бир гал мени, болали бўлиш ёшида деб ва иш берувчи менга декрет таътили пулини ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўғри келади, ҳисоблагани учун, ишга олишни истамадилар.

Бошқа гал, ҳомиладорликнинг 8- ойида эканлигимда мен билан меҳнат шартномасини бекор қилгандилар, бу ҳам қонунда кўзда тутилган ижтимоий тўловларни тўламаслик мақсадида бўлганди. Аммо мен туққанимдан кейин 3 ҳафта ўтгандаёқ ишга чиққанман ва консультантлик ишимни давом эттирганман.

Эътиборли жиҳати шундаки, иккала ҳолатда ҳам улар давлат идоралари бўлиб, иккаласи ҳам ўз ҳаракатларидан пушаймон бўлишган ва мени ишга қайтариб олмоқчи бўлганлар. Мен хафа бўлмаганман, чунки уларнинг моҳиятан ноқонуний ҳаракатлари ўз устимда янада кўпроқ ишлаш ва таслим бўлмасликка руҳлантирганди. Шу билан бирга, айнан мана шундай қарорлар кўпинча аёлларнинг ҳафсаласини пир қилади, уларнинг ҳуқуқлари, қадри ва имкониятларини ерга уради.

 

Коронавирус пандемияси кўпчиликка салбий таъсир кўрсатди. Бундай ҳолатлар ишингизга қандай таъсир кўрсатди, нималар ўзгарди?

Коронавирус пандемияси, карантин ва ўзини ўзи иҳоталаш менга ҳам касбий, ҳам илмий ҳаётимда жуда кучли таъсир қилди. Мен мен профессионал жиҳатдан яна ҳам ўсдим, чунки амалиёт кўп бўлди. Тошкентдаги Вебстер университетининг штатсиз профессори бўлдим. Очиғи, мен дарс бера олмаслигимга амин эдим, чунки одамларни “баҳолаш”ни ёмон кўраман ва билимларни тўғри ва тушунарли етказиб бера олмайман деб ўйлардим. Аммо ўз альма-материм ва Вебстерда дарс бериш тажрибаси бу жараённинг жуда қизиқарли эканлигини кўрсатди. Маълум бўлдики, мен жуда талабчан ўқитувчи эканман ва шу билан бирга, билимларимни улашишни ёқтирар эканман.

Пандемия эса, барчага ахборот олининг турли усуллари борлигини кўрсатди. Менимча, қайсидир маънода пандемия айнан аёлларнинг янги воқеликка мослашишлари осонроқ эканлигини кўрсатди. Мисол тариқасида судья-аёлларни олайлик, улар уйдан ишлашга жуда тез ўргандилар, ахир улар бир вақтда кўп иш қилишни уддасидан чиқадилар-да.

 

Дилфуза, сизнинг илм оламига ўз улушини қўшишга интилаётган ёш олимларга тилакларингиз борми?

  1. Қунт. 2. Ўзига ва танлаган мавзуига ишонч. 3. Янгиликка доимо ўч бўлиш (stay hungry stay fool, S.Jobs), 4. Мақсад ва 5. Олдинга қўйилган вазифа бобида фақат ўзига қулоқ солиш.

Ишим бўйича кўпинча саволга тутишади: “Шу сенга нега керак? Ўзингни қийнаб нима қиласан?”. Айнан мана шундай сўзларга ва руҳни чўктирувчиларга қулоқ солмаслик керак. Фақат олдинга интилиш лозим. Айнан бизнинг интилишларимиз ва дунёни яхшироқ қилиш истаги бизни олдимизга қўйилган мақсадга олиб боради.

Айнан шу сабабли, мен ҳеч қачон таслим бўлмайман, доим ўқишда, билимларимни бўлашишда, мақсадлар қўйишда ва стереотипларни бузишда давом этаман. Ҳар бир қиз бунга қодир эканлигига аминман, фақат исташ ва ишлашни бошлаш керак. Тўсқинликлар эса, ҳар бир босқичда етарлича бўлади, уларни енгиб ўтишни билиш керак, холос.

 

ГРИЦИНА МАРИЯ АЛЕКСЕЕВНА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар кадемияси Зоология институти илмий ходими. 50 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи.

Мария Грицина археозоология соҳасида Франциянинг Ницца (Grotte du Lazaret) ва Таутавелел (Grotte du Arago) шаҳарларидаги лабораторияларда ва қадимги одамлар манзилгоҳларида профессор де Люмле раҳбарлигида ва Россия Фанлар академияси Зоология институтида стажировка ўтаган. Франция-Ўзбекистон экспедицияси таркибида Кўктепа шаҳарчаси археологик қазилмаларида, “Жайрон” экомаркази ҳудудида жайронларнинг йиллик ҳисобида ва остеологик тўпламда, Самарқанд ўлкашунослик музейдан қатор тадқиқот экспедицияларида ва Марказий Қизилқумга зоологик экспедицияда, Устюрт платосига Халқаро экологик экспедицияда, “Турон” илмий-тадқиқот гуруҳининг зоологик экспедицияларида қатнашган. Мария Грицина, шунингдек, Гепардларни сақлаш жамғармаси (Намибия)да халқаро ўқув курслари ҳамда Атроф-муҳитни муҳофазалаш ва Биохилма-хилликни сақлаш етакчи дастурларида қатнашди.

 

 

Мария, илм билан шуғулланишингизга нима туртки бўлганини айтиб берсангиз?

Мен зоологман. Кўпгина одамларни қийнайдиган касб танлаш муаммоси олдимда ҳеч қачон турмаган. Онамнинг айтишларича, уч ёшимдаёқ, мен жониворларни ёқтиришимни айтганман. Кейин шубҳага ўрин қолмаган – уйимиз ортидаги ҳовли ғаройиб кашфиётларга тўлганди – ўсимликлр, капалаклар, қушлардан тортиб, оддий хонаки ҳайвонлар – мушук ва кучукларгача тўлганди. Ҳовлидагиларнинг аксарияти дарҳол уйимиз аъзосига айланарди, оқил ота-онам эса буни тушуниб, сабр билан қабул қилардилар. Масалан, ерда бақалар сакраб юришарди, капалаклар ғумбакка айланиб, учиб чиқишар, банкада слепушонка кемирувчиси яшарди. Баъзида илонлар, эчкиэмар ва, бир гал, бассейнда ҳақиқий тимсоҳ яшаганди.

Самарқандда эканимизда мен зоология йўналиши бўйича университет бакалавриати ва магистратурасини тамомладим. Ўқиш давомида касбни тўғри танлаганимга ишонч мустаҳкамланиб борди, бунга тоғларда ўтказилган дала амалиётлари, яқин жойларда жойлашган ҳудудларга сафарлар хизмат қилганди. Кўпроқ тажриба орттириш истаги мени Зарафшон қўриқхонасида, кейин Самарқанд ўлкашунослик музейида ишлашга олиб келди. Ҳамкасбларимнинг қўллаб-қувватлаши ва маслаҳатлари билан, янги билимлар олиш ва шаҳардан тобора узоқроққа чиқиш, дунёқарашимни кенгайтириш имкони юзага келди. Ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти илмий ходими бўлиб ишлайман, бир қанча ҳам маҳаллий, ҳам халқаро миқёсдаги тадқиқот лойиҳаларида қатнашаман. Илм мен учун – бу шунчаки иш эмас, бу ҳаёт тарзидир.

 

Аёл кишига олим бўлиш осонми?

Аёл киши ҳар ким бўлиши мумкин, касбий салоҳиятни юзага чиқаришда ўзини чеклаш керак эмас. Замонавий дунё бунинг учун бир олам имкониятларни тақдим этади, асосийси уларни кўриш ва кейинчалик тўғри ишлата олишдир.

 

Мен шундай оилада ва шундай муҳитда катта бўлдимки, бундай саволларга ва чекловларга дуч келмадим ва мен учун бундай савол ҳайратланарли кўринади. Албатта, дунёда аёлларни илмий соҳада ривожланиши ва қўллаб-қувватланиши учун мутлақо турлича шароитлар бор, демоқчисиз. Аёл киши ҳар ким бўлиши мумкин, касбий салоҳиятни юзага чиқаришда ўзини чеклаш керак эмас. Замонавий дунё бунинг учун бир олам имкониятларни тақдим этади, асосийси уларни кўриш ва кейинчалик тўғри ишлата олишдир.

 

 

Шундай эса-да, фактлар илм соҳасида “аёллар қўли” етишмаслигини таъкидлайди. Қизлар илм йўлини танламасликларига сабаб бўлувчи тўсиқ омили ёки энг катта муаммо нимадан иборат?

Ҳаммага маълумки, тарихан аёлнинг функцияси оилавий муҳитни ташкил қилиш ва шундан келиб чиқаувчи мажбуриятларга қаратилган бўлган, жамият, қўпол қилиб айтганда, “ундириб келувчи эркаклар дунёси”га асосланганди. Аёлнинг оилавий мажбуриятлардан четга чиқиши узоқ йиллик ва анчайин мураккаб йўлни босиб ўтди. Ҳозирда жамият турли йўналишларга эга касбларга аёлларнинг жалб этилганлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, ҳатто бир қатор ташкилотлар, айниқса халқаро ташкилотларда бу мажбурий шарт саналади. Статистика кўрсатишича, илмдаги аёллар сони мунтазам ўчиб бормоқда, бироқ, ҳануз улар сони эркакларникидан кам. Менинг фикримча, умумлаштириб гапириш анчайин қийин, чунки ҳар бир мамлакатда ўзига хос манзара бўлиб, у тарихий воқеалардан тортиб менталитет хусусиятларигача бўлган бир олам омилларга таянади. Шу ўринда бир неча йил олдин биз кўнгиллилар ташаббус гуруҳини ташкил этганимизни айтиб ўтишим ўринли. Биз “краудсорсинг” ёндашувидан фойдаланиб жамоатчиликни руҳлантиришга интиламиз. Бу ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ихтиёрий асосда, кенг доирадаги шахсларни уларнинг ижодий қобилиятларидан фойдаланиш мақсадида, у ёки бу вазифаларни ҳал қилишга жалб қилишдир. Краудсорсинг йўналишларидан бири фуқаролик илми ёки citizen science саналади. Фуқаролик илми концепцияси кўнгиллиларни жалб қилиш орқали илмий тадқиқотларни ўтказишни назарда тутади, уларнинг аксарияти тегишли илмий маълумотга эга эмас, ихтисослик бўйича тайёргарликдан ўтмаган. Бунинг учун биз қушларга бағишланган сайт очдик (birds.uz), ижтимоий тармоқларда бир қанча пабликлар юритамиз (Wildlife of Uzbekistan, birds.uz), уларда Ўзбекистон табиати ҳақида содда тилда сўзлаб берамиз, шунингдек тадбирлар уюштирамиз. Бундай ёндашув илмий масалаларга ва табиатни муҳофаза қилишга кенг омма вакилларини жалб қилиш имконини беради.

 

Мария, сизда, мақсадингизга эришишда, гендер камситиш асосида қийинчиликлар бўлганми? Уларни қандай енгансиз?

Шубҳага ўрин қолдирмай айтаман – бевосита гендер камситишни ҳеч қачон сезмаганман. Шу сабабли, фақат муҳофаза қилинувчи табиат ҳудудларидаги иш тажрибаларимни эслашим мумкин. Гап шундаки, экспедициялар, аксарият ҳолларда, унчалик ҳам қулай шароитларда ўтмайди – чодирларда тунаш, соатлаб машинада, отларда сафар қилиш, табиат инжиқликларига чидаш керак бўлади. Ва, инспекторлар таркибида ишлаганда, менга нисбатан хато муносабатни ҳис қиламан. У ҳам бўлса, менинг жисмоний тайёргарлигимдан ва ёввойи табиатнинг мураккаб шароитларига чидай олишимдан шубҳаланиш. Бироқ, бир-икки кунни, қўпол қилиб айтганда, “елкама-елка” ўтказгандан кейин, бу ҳол ўтиб кетади. Лекин академик даражада, ҳеч қачон жинсга мансублик бўйича бирор мураккабликни ҳис қилмаганман. Ўзбекистон зоология илмида эркаклар ва аёллар сони анчайин тенг деб аниқ айта оламан.

 

2020 йил пандемияси фаолиятингизга таъсир қилдими? Нима ўзгарди?

Ишим Ўзбекистоннинг турли бурчакларига кўп сонли экспедициялар билан боғлиқ. Локдаун туфайли бир қатор сафарлар ва халқаро ҳамкасблар билан учрашувларни бекор қилишга тўғри келди. Аммо иш тўхтаб қолгани йўқ, кўп нарсани ўйлаб кўриш, йиллар давомида тўпланган дала материалларининг бир қисмини мақолаларда умумлаштиришга вақт топилди. Замонавий дунё мослашувчан, шу сабабли юзага келган вазиятга тезда мослашиб, ишни давом эттириш мумкин бўлди.

 

QVANT ўқувчилари олим қандай хислатларга эга бўлиши ва мақсадларга эришиш учун қандай малакаларни ўзлаштириш зарурлиги билан қизиқадилар. Бунга қандай жавоб берган бўлардингиз?

Агар илмни танлайдиган бўлсангиз, шубҳага ўрин қолмаслиги керак. Бу фаолият соҳасини ҳақиқатан севиш талаб қилинади, бошқачасига илож йўқ. Илмий иш жараёнга буткул киришишни, мунтазам машғулотлар ўтказишни, кўпинча кўнгилли бўлиб ишлашни талаб қилади. Қийинчиликларга тайёр туриш керак, чунки мутахассис бўлиш учун салмоқли билим захираси ва кўп тажриба керак. Буларнинг барчасига эришиш учун йиллар талаб этилади. Аммо астойдил берилиш ва қизиқиш бу жараённи ниҳоятда қизиқарли қилади. Илмий соҳада ишлаш ҳаётга қизиқиш бағишлайди, уни маъно билан тўлдиради, қолаверса, атроф-оламни, озгина бўлса ҳам, яхшироқ қилиш имконига эга эканлигингни ҳис қилишнинг ўзи ёқимлидир.

 

[1] З.М.Кодар. ЖЕНСКОЕ УЧАСТИЕ В НАУКЕ В ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ

[2] https://gender.stat.uz

[3] https://repost.uz/winners

QVANT таҳририяти тахлил гуруҳи 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *