Илон Маск: бепул Интернет, билим ва технологиялардан бепул фойдаланиш

Самовий цивилизацияларни колонизациялаш узоқ йиллар давомида инсониятнинг орзуси бўлиб келган. Бугунги кунда дунё бўйлаб «коинот пойгаси»нинг иштирокчилари тобора кўпайиб бормоқда, улар бу тармоққа йирик маблағлар инвестиция қилишга тайёр турибдилар. Шу тариқа, агар «коинот пойгаси» атамаси остида СССР ва АҚШ ўртасидаги коинотни ўзлаштиришдаги етакчилик учун рақобат назарда тутилган бўлса, эндиликда, коинот соҳасига бошқа тармоқлар миллиардерлари сифатида кириб келган миллиардер-тадбиркорлар юзага келгач, «пойга» деганимиз «миллиардерларнинг коинотдаги рақобати»га айланди.

Улар ичида ўзининг SpaceX лойиҳаси ёрдамида Марсни забт этишга интилаётган Илон Маск (Tesla) ва  Blue Origin ракеталари ишлаб чиқариш соҳиби Жефф Безос (Amazon) мавжуд. Blue Origin ва SpaceX иккалови хусусий коинот ҳамжамиятидаги энг машҳурлар бўлиб, асосчилари бир-бирига ўхшаш бўлгани боис, уларни кўпинча ўзаро қарама-қарши қиёслайдилар.

SpaceX нинг Starlink компанияси, Ойни тадқиқ қилиш ва унга одамларни учириш борасидаги кенг кўламли мақсадлардан ташқари, минглаб йўлдошлардан иборат тармоқ орқали бутун Ер юзида Интернет тарқатишни олдига мақсад қилиб қўйган. Starlink маҳсулотини ишлаб чиқиш 2015 йилда бошланган. Яратилгандан буён, уланиш вақти қисқа ва ўтказиш қобилияти юқори (кенг полосали уланиш) бўлган ҳаммабоп интернет-сервисни тақдим этиш мақсадларида  компания Ернинг кичик орбитаси (ЕКО)да айланувчи йўлдошлар йирик тўпламининг янги авлодини ишлаб чиқмоқда.

Бу хизмат қишлоқдаги ва кам таъминланган аҳолига ерусти терминалини очиқ осмонга йўналтириш орқали тармоққа уланиш имконини беради. SpaceX ҳозирда мавжуд, юзлаб миллисекундга етиши мумкин бўлган ушланиб қолишларга қарши курашаётган йўлдошли интернет-провайдерларга қараганда яхшироқ сервис таклиф этиш истагида. Starlink юқори тезликка ва кутишнинг анчайин қисқаришига, масалан, фойдаланувчилар онлайн-видео ўйинлар ўйнай олишларига интилади.

Шунингдек, компания 2020 йилда АҚШнинг шимолий штатлари ва Канадада хизмат кўрсатишни бошлашга ҳаракат қилмоқда, 2021 йилга бориб эса, тезда аҳоли зич жойлашган дунёни қарийб глобал қамраб олишгача кенгайтириш кўзда тутилган. SpaceX нинг Starlink компанияси Ер атрофида айланувчи интернет-йўлдошлари сонини оширади ва йўлдошли Интернетнинг нисбатан арзон етказиб берувчиси бўлишга интилади. Қолаверса, 2021 йилда Техас қишлоқларидаги ўнлаб оилалар SpaceX нинг Starlinkидан бепул йўлдошли Интернетга эга бўладилар. Бу SpaceX нинг АҚШ жанубида Starlink йўлдошли интернетини тақдим этиш тўғрисидаги илк келишувидир. Шунингдек, 2021 йил бошидан бошлаб, SpaceX дастлаб интернетни Эктор округи жанубидаги Pleasant Farms ҳудудида яшовчи 45 та оилага тақдим эта бошлайди.

Анъанавий йўлдошли Интернет унумдорлигидан анча юқори бўлган унумдорлик ҳамда ерусти инфратузилмаси тўсиқлари билан чекланмаган глобал тармоқ сабабли, Starlink уланиш беқарор, қиммат ёки мутлақо иложсиз бўлган жойларда интернетга юқори тезликда кенг полосали уланишни таъминлайди. Янги таклиф – бу бир неча юзалардаги катта миқдордаги кичик фазовий аппаратлар (КФА)лардан иборат туркумлар ташкил қилишдир[1]. SpaceX орбитага 12 000 та йўлдош чиқаришга аллақачон рухсат олиб бўлган ва улар сонини 30 000 тага ошириш учун рхсат сўрамоқда. Шу билан бирга, ҳозирда SpaceX бир вақтда олтмишта атрофида йўлдошни учиришни ва орбитада салкам 1000 та йўлдошга эга бўлишни режалаштирган.

Бундан бизга нима наф?

Халқаро электроалоқа иттифоқи маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи ҳали ҳам интернетга барқарор уланишдан маҳрум. Бу бутун Америка Қўшма Штатларидаги интернетга уланмайдиган аҳолидан тахминан 12 баробар кўпдир. Уларнинг кўпчилигида учрайдиган муаммо – интернетга чиқиш учун инфратузилмага  улана олиш имкони йўқлигидир.

Интернетга кенгроқ уланиш биринчи навбатда умумжаҳон тармоқдан фойдаланиш рақамли маданиятини ўзгартиради. “Интернет тили” устунлик қилишидан қатъий назар, афтидан, дунё аҳолиси интернетга “кира” бошлаши билан маданий ўзгаришлар ҳам рўй беради. Ривожланаётган мамлакатлардаги глобал ҳамжамиятга қўшилаётган янги одамлар ўзлари билан мутлақо турфа хил дунёқарашни олиб келадилар.

Уларнинг биринчи навбатда мобил қурилмалар (зеро улар арзонроқ) орқали интернетдан фойдаланишлари  веб-трафикка ва технологик афзалликларга келажакда қандай таъсир кўрсатиши аниқ эмас. Ҳозирги вақтда, SEO Ahrefs[2]га кўра, бутун дунёда ҳар ойдаги кириш бўйича энг машҳур веб-сайтлар бешталигига youtube.com, facebook.com, en.wikipedia.org, twitter.com, amazon.com киради.

 

Сайт номи Ойлик киришлар сони
youtube.com 8,564,946,885
facebook.com 3,483,131,2643
en.wikipedia.org 2,223,668,8554
twitter.com 2,008,820,3155
amazon.com 618,747,155

 

Ер шарининг исталган нуқтасида кенг полосали алоқани таъминлаш ўн йиллар давомидаги йўлдошли бизнеснинг «муқаддас Граал»и саналиши боис, интернет ташкилотларнинг бизнес ёритиш услубини ҳам ўзгартирмоқда. Одамларни боғловчи глобал тармоқ, маълумотлардан, дастурий таъминотдан, ҳужжатлар ва мултимедиадан фойдаланиш ташкилотларга янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш циклини қисқартириш, бутун дунёдаги экспертлар билан мулоқот қилиш, мижозлардан тезкор қайта алоқа олиш ва саноат тадқиқотлари ва ишланмалари учун суперкомпьютерларга улана олиш имконини берди.

Масалан, онлайн-форумлар, янгиликлар гуруҳлари ва веб-сайтлар ноёб маҳсулотларни яратиш бўйича ғоялар уйғунлашуви имкониятини беради. Бозорни тадқиқ қилишни интернетда ўтказиш мумкин, чунки кўп сонли веб-сайтлар бозор ўлчами ва салоҳиятини баҳолаш учун фойдали демографик ахборотни тақдим этади. Истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари, истаклари ва нимани афзал билишларини аниқлаш учун бизнес-кейслар тайёрлаш босқичида сўровлар интернетда ўтказилиши мумкин. Веб ва интранет иловалари ишлаб чиқиш босқичида, айниқса лойиҳада турли жойлардан кўплаб жамоалар қатнашганида, ўта муҳим роль ўйнаши мумкин. Ахборотни узатиш ва тарқатиш учун самарали воситаларни тақдим этиб, бу технологиялар параллель лойиҳалаштиришга ҳам хизмат қилади. Боз устига, Интернетдан янги маҳсулотларни бета-тестлаш учун ҳам ишлатиш мумкин, бу етакчи фойдаланувчилар ва компанияларга маҳсулотлар нуқсонларини улар бозорга чиқишидан олдин биргаликда бартараф қилиш имконини беради.

Уланиш чекланган минтақаларда АТ-кўникмаларнинг яққол танқислиги кузатилади. Улар интернетга улана бошлаши билан, инсонлар малакасини ошириш учун ҳаммабоп дастурлар (Khan Academyнинг глобаллашган талқинлари каби) сони ортишини кутиш мумкин. Бу дастурлар мобил қурилмалар учун мослаштирилган бўлиб, мулоқот, файллар йўллаш каби асосий бизнес-кўникмалар ва бошқа базавий кўникмаларга мўлжалланган бўлади.

Шунингдек, молиявий хавфсизлик ва махфийликнинг мобил воситаларини ўргатишни ташкил этиш имконияти яратилади, уларга онлайн-банкингни тўғри юритиш кўникмалари, фишингли схемалар таҳдидини тушуниш ва ишончли пароллар кераклиги тўғрисидаги сабоқлар киради.

Бизнес учун, айниқса узоқ ҳудудларда, кенг имкониятлар эшиклари очилади, жумладан:

  • Транспорт тармоғи (поездлар, самолётлар) учун сифатли алоқа
  • Автопаркни бошқариш ва масофавий хизмат кўрсатиш каби жараёнлар учун Ашёлар интернети (IoT) қурилмаларига мўлжалланган коммуникация магистраллари
  • Алоқа компаниялари учун инфратузилма ёки мобил алоқа тармоғи
  • Тўғридан-тўғри сотувлар бозори учун, жумладан уланиш сифатсиз ёки умуман бўлмаган қишлоқ ва бошқа ҳудудларда хизматлар
  • Таълим ва фавқулодда вазиятларда чора кўриш каби давлат хизматлари

Улардан кўра камроқ кутилган самаралар ҳам бўлиши мумкин. McKinsey ҳисоботларидан бирида изоҳланишича, Индонезияда аёлларга тегишли микро-, кичик ва ўрта корхоналар мамлакатнинг электрон савдодан кўрадиган даромадининг 35 фоизини келтирар экан. Аёлларга тегишли худди шундай ўлчамдаги офлайн корхоналарда эса, бу кўрсаткич 15 фоизга тушиб қолади.

Ялпи олинганда, бу ва интернетнинг дунё харитасидаги янада четроқ нуқталарга кириб боришига бағишланган бўлажак лойиҳалар рақамли тенгсизликни сезиларли қисқартириш, глобализация ва интеграция жараёнларини кучайтириш, билимлар ва ғоялар алмашинувига кўмаклашиш имконини беради, бинобарин, глобал кўламда иқтисодий тараққиётга таъсир кўрсатади. Олимлар тадқиқотлари кўрсатишича, интернетга узлуксиз уланиш таъминланган минтақаларда камбағаллик даражаси қисқариши ва тадбиркорлик фаолияти ўсиши кузатилган.

 

[1] Boeing компанияси 1396 та йўлдошдан иборат тармоқни ишга тушириш ва эксплуатация қилишни, SpaceX 4425 та йўлдошли туркумни ва Telesat — 117 йўлдошли туркумни режалаштирган.

[2] https://ahrefs.com/blog/most-visited-websites/

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *