Меҳнат бозоридаги инклюзия ва инновациялар қандай боғлиқликка эга? Нега ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги инклюзивлик нафақат ногиронлиги бор одамлар учун, балки бутун жамият ва бизнес учун ҳам амалий аҳамият касб этади?

 

Ушбу саволларга жавоб бериш учун Google, Microsoft, Amazon, Apple ва Facebook каби технологик гигантлар тажрибасини ўрганиш кифоя. Уларнинг барчасини турли ногиронлик шаклларига эга одамларни ишга олиш ва ҳар бир инсон, қандай ўзига хосликка эга бўлишидан қатъи назар, компаниянинг умумий ишига муҳим ҳисса қўша олишига ишониш бирлаштириб туради. Бундай йирик корпорацияларнинг асосий тамойилларидан бири турфахиллик ва инклюзивлик (инглизча: diversity and inclusion) ёки ўзгачаликни ҳурмат қилиш, индивидуал хусусиятларни ҳисобга олиш ва ҳар бир ходим учун тенг имкониятлар тақдим этиш саналади.

 

Масалан, Googleнинг карьерани ривожлантириш порталида ногиронлиги бор одамларни ишга қабул қилиш дастурлари ҳақида махсус саҳифа бор.[1] Компания эътироф этишича, бутун дунёдаги миллиардлаб фойдаланувчиларга IT-ечимлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни давом эттириш учун бу маҳсулотларни ишлатадиган одамларнинг вакиллари бўлган кадрлар керак бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизи ёки 1 миллиард инсон у ёки бу турдаги ногиронликка эга ва уларнинг 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.[2] Бу дунёдаги энг йирик “озчилик ҳамжамияти” саналади ва унинг эҳтиёжларини эътиборга олмай бўлмайди. Улар, ҳам IT-хизматлар ва маҳсулотларнинг улкан бозори фойдаланувчилари, ҳам иштирокчилари саналади.

 

Озчилик учун мос – барча учун қулай

 

Googleнинг инсоний турфа хиллик ва тажрибани ишлаб чиқаришга жалб қилиш борасидаги ёндашуви ногиронлиги бор инсонлар халқаро ҳаракатининг шиорига тўлиқ мос келади: “Биз учун бизсиз ҳеч нарса” (Nothing about us without us). Бошқача қилиб айтганда, ногиронлиги бор фойдаланувчилар учун маҳсулот ва хизматлар доимо бевосита уларнинг иштирокида ишлаб чиқилиши керак. Дарҳақиқат, ногиронларнинг алоҳида эҳтиёжлари ҳақида уларнинг ўзларидан кўра ким яхшироқ билади? Дастлаб ҳаммабопликни таъминлаш ва ногиронлиги бор фойдаланувчилар учун ишлаб чиқилган технологиялар кейинчалик оммавий жорий қилингани ва ногирон бўлмаган одамлар орасида ҳам кенг муомалага киритилганига кўплаб мисоллар бор

Бунинг яққол мисолларидан бири матнни нутққа айлантириб бериш тизими (text-to-speech, TTS) ёки нутқ синтези саналади, у дастлаб кўриш қобилияти бузилган одамлар учун ишлаб чиқилганди. Ҳозирда бу ассистив технология инсон ҳаётининг кўплаб соҳаларида кенг қўлланилмоқда. Колл-марказларда нутқ синтезига мурожаат қилинади – жонли оператор ўрнига олдиндан режалаштирилган саволлар ва жавобларга эга нутқ синтезатори тизими ўрнатилади.

Speechify[3] мобил иловаси дислекция, диққатни жамлаш танқислиги синдроми (ДЖТС), кўришнинг бузилиши ва бошқа хусусиятларга эга одамларга мавжуд матн асосида компьютер томонидан генерацияланган нутқни тинглаш имконини беради.

Бунда Speechify фақат ўқишга қийналадиган фойдаланувчиларгагина ёрдам бериш билан кифояланмайди. У йўл-йўлакай китоб тинглаб кетиши мумкин бўлган оддий одамлар учун ҳам қулай. Speechify сунъий интеллект (AI) базасида матнларни тинглаш бўйича ёрдамчи бўлиши, ҳатто матнли китобларни осонлик билан аудиокитобга айлантира олиши мумкин. Ақлли технологияларни ривожлантиришга дастурчиларнинг аввал-бошда кўзи ожиз инсонлар ҳаётини енгиллатишга интилишлари бўлди. Ҳозир эса, ундан бутун дунёда фойдаланмоқдалар.

 

Яна бир мисолни нутқ синтезининг зидди бўлган функция – реал вақт режимида нутқни автоматик таниш технологиясида кўриш мумкин. Live Transcribe[4] (жонли транскрипция) мобил иловаси Android компанияси ва Вашингтонлаги Галлодет университети – барча ўқув дастурлари эшитиш қобилияти бузилган ўқувчиларга мослаштирилган, дунёдаги биринчи ва ягона кар ва эшитиш қобилияти паст инсонлар учун мўлжалланган ОТМ тадқиқотчилари ҳамкорлигида атайин эшитиш қобилияти бузилган фойдаланувчилар учун ишлаб чиқилди. Энди карлар, эшитиш қобилияти паст ва яхши эшитадиган одамлар ҳам, смартфоннинг ўзи ёрдамида дунёнинг 70 дан ортиқ тиллари, жумладан ўзбек тилида ҳам осон гаплаша оладилар.

 

Live Transcribe иловаси Google нутқни таниш технологиясига асосланган, у нафақат эшитиши бузилган одамлар коммуникациясининг ассистив технологияси сифатида, балки академик соҳада ҳам, журналистикада ҳам – аудио- ёки видеоинтервьюни тез матнга тушириш, телевизион кўрсатувчиларни югурик сатрлар билан таъминлаш учун, шунингдек YouTubeда автоматик равишда субтитрлар қўшиш ҳамда нутқни реал вақт режимида турли тилларга таржима қилиш учун қўлланилади. Айнан нутқни синтез қилиш ва таниш комбинацияси, шунингдек сунъий интеллект уйғунлиги Siri, Google Assistant, Amazon Alexa ёки Яндекс компаниясидан Алиса[5] каби виртуал рақамли ёрдамчилар  (intelligent virtual assistant (IVA) or intelligent personal assistant (IPA))нинг асосини ташкил қилади.

 

[1]https://careers.google.com/programs/people-with-disabilities/

[2]https://www.who.int/disabilities/world_report/2011/report.pdf

[3]https://www.speechify.com/

[4]https://www.android.com/accessibility/live-transcribe/

[5]https://yandex.ru/alice

Хайрия объектлари эмас, инновация субъектлари

Қизиғи шундаки, юқорида тавсифланган барча замонавий технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш жараёнига инсоний турфа хилликни жалб қилмай туриб, биз учун одатий бўлиб қолган мобил телефонлардаги кўплаб дастурлар ва иловалардан фойдаланиб бўлмасди. Агар Google Галлодет университетидаги кар тадқиқотчиларни жалб қилмаганда эди, нутқни таниш функцияси карлар ҳамжамиятининг ҳаётини енгиллатмаган бўларди ва ҳаётимизнинг турли соҳаларида кундалик ишлатишда фойда келтирмасди. Бошқача қилиб айтганда, инклюзия – бу инновацион ривожланиш гарови. Турли кўринишдаги ногиронликка эга инсонларни жамиятимизга қўшмай, биз уларнинг иқтидорини, кўникмаларини ва креатив тафаккурини – ҳар қандай инновацион корхона ва стартаплар учун ҳаводек зарур неъматни бой берамиз.

Афсуски, мамлакатимизда ногиронлиги бор инсонларга муносабатлар мутлақо хайрия ёки тиббий ёндашувларга асосланади. Кўп ҳолларда ногиронликка имкони борича даволаш керак бўлган патология сифатида қаралади, IT-саноат гигантлари эса бунда инсон салоҳиятининг турфа хиллигини кўрадилар ва ушбу ресурсдан инновацион ривожланиш мақсадларида фойдаланиш имкониятини қўлдан чиқармайдилар. БМТ вазиятлар таҳлили маълумотларига кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бор инсонларнинг фақат 5 фоизи иш билан таъминланган[1]  ва уларнинг ишга жойлашиш имкониятлари ногирон бўлмаган одамларникига қараганда тўрт баробар камдир.

Ногиронлиги бор одамларда бандлик кўрсаткичининг бунчалик паст эканлиги маҳаллий меҳнат бозоридаги кўплаб салбий стереотиплар, тўсиқлар ва очиқ-ойдин камситиш билан боғлиқ. Қонунда[2] ёзиб қўйилган ишга олиш бўйича 3 фоизлик квота қоғозда қолиб кетган, инклюзив ишга олишдаги кафолатланган имтиёзлар, преференциялар ва афзалликлар ҳақида эса кўплаб иш берувчилар бехабар. Бундан ташқари, кўпчиликда, ҳатто ўзига хос ривожланишга эга одамларнинг ўзларида ҳам, ногиронлик тўғридан-тўғри меҳнатга лаёқатнинг йўқотилиши олиб боради, деган нотўғри тасаввур ўрнашиб қолган. Натижада ногиронлиги бор одамлар кўпинча ўз инсоний салоҳиятларини рўёбга чиқармай, давлатнинг номутаносиб ижтимоий қўллаб-қувватлаши шароитида вақтинчалик хайрия ёрдами олувчи пассив фуқароларга айланадилар.

Ўзига хос хусусиятларидан қатъи назар барчага тенг имкониятларни тақдим этмай, биз кўп нарсани бой берамиз. Аутизм ва дислексияси бўлган Эйнштейнни ёки ёнлама амиотрофик склероз ва унинг оқибати ўлароқ, фалаж бўлган Стивен Хокинг, америкалик кўр-кар ёзувчи, воиз ва сиёсий фаол Хелен Келлерни ва инсоният тарихидаги бошқа кўплаб донгдор олимларни эслайлик. Айнан турфа хиллик ва инклюзивлик тамойиллари улар ижод қилишлари ва ақл бовар қилмас ғояларини ҳаётга татбиқ эта олишлари учун сифатли таълим олиш ва касбий кўникмаларни эгаллашлари йўлида тенг шароитлар ва имкониятлар яратиш имконини берди.

Сўзим якунида, имкониятдан фойдаланиб, QVANT ўқувчиларига – тадбиркорлар, илмий ва ҳукумат муассасалари раҳбарлари ва ходимларига мурожаат қилиб, “Махсус рекрутинг веб-портали орқали ногиронлиги бор инсонларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш била таъминлаш” лойиҳаси[3]нинг ҳамкори бўлишларини сўрайман. Лойиҳа БМТнинг ижтимоий ҳимояга оид қўшма дастури доирасида

Sharoit+[4] ННТ томонидан амалга оширилмоқда. www.ishplus.uz[5] махсус рекрутинг порталида сиз ногиронлиги бор инсонлар учун муносиб бўш иш ўринлари, стажировкалар ва ўқув курсларини таклиф этишингиз ва дунёимизни яхшироқ қилиш учун инсоний турфа хилликни ишга солишингиз мумкин.

 

[1]https://www.unicef.org/uzbekistan/media/3616/file/Brief_PWD_SitAn_RUS.pdf

[2]https://lex.uz/ru/docs/5049549

[3]https://sharoitplus.uz/ru/rekrutingovyj-veb-portal/

[4]https://sharoitplus.uz/

[5] Ишлаб чиқиш босқичида. www.ishplus.uz махсус рекрутинг порталини ишга тушириш 2021 йил март ойи бошларига режалаштирилган.

Дилмурод Юсупов, Ногиронлик ва инклюзив ривожланиш муаммолари тадқиқотчиси, Сассекс Университети Ривожланиш муаммолари тадқиқот институти докторанти (Буюк Британия).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *