Бугунги кунда мамлакатимиз инновацион тараққиёт йўлидан, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан яхшилашга қаратилган йўлдан илгариламоқда. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили”да “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат дастури” қабул қилинганди. Қабул қилинган дастурнинг самараси ўлароқ, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси юзага келди ва у давлатнинг инновацион ривожланишга йўналганлигини ўзида акс эттиради. Ушбу йўналиш Президентнинг ёшларга таълим-тарбия бериш ва хотин-қизлар бандлиги учун шароитлар яратиш масалаларига оид Бешта ташаббусларида ҳам аниқ белгилаб берилган.
Инновацион ғоялар – бу жадал ривожланаётган замонавий дунёда келажакнинг мустаҳкам пойдеворидир. Инновациялар муваффақиятли тараққиётнинг гаровидир.
Ҳар қандай янги ғоя асосан илмий муҳитда, ёшларнинг, бўлажак олимлар ва тадбиркорлар, маданият ва санъат вакилларининг ақлу-шуурида пайдо бўлади ва амалга ошади. Айнан мана шу – ривожланиш сифати мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатбардошлиги даражасини белгилаб берувчи инсон капиталидир. Бу соҳага мамлакатимизда алоҳида эътибор берилади.
Қайд этиш ўринлики, ҳар бир ғоя, ҳар қайси инновацион лойиҳанинг тўлақонли амалга ошиши учун қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Ўз навбатида, бутун жамиятимиз ҳаётига инновацияларни татбиқ этиш ва мамлакатни инновацион келажак сари илгарилатиш учун, Инновацион ривожлантириш вазирлиги новаторлик ғояларини амалга оширишда ёрдам беришга доимо тайёр.  Бизнинг умумий мақсадимиз – 2030 йилга бориб Ўзбекистон Республикасининг Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича дунёнинг 50 та етакчи мамлакати сафига кириши.
Ушбу мақсад йўлида ноёб лойиҳа ташкил этилди – бу QVANT журнали бўлиб, у Ўзбекистон ва жаҳонда инновациялар соҳасида рўй бераётган барча воқеалар ҳақидаги ахборот манбаи сифатида юзага келиши муқаррар бўлган, илм-фан, бизнес, технология ва маданият соҳаларини қамраб олувчи янги ресурсдир.  Бундан ташқари, журнал стартаплар, ёш олимлар ва тадбиркорлар ҳақида ахборот чоп этади, иқтисодиёт соҳасида инновациялар масалаларини ёритади.
QVANT дунёнинг етакчи олимлари билан, истиқболли ёш тадбиркорлар билан, стартапчилар, Ўзбекистондаги ва хориждаги машҳур университетлар билан ҳамкорлик қилади.
Аминмизки, QVANT журнали мамлакат ривожининг инновацион йўналишини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди ва истеъдодли ёшлар, тадбиркорлар, олимлар, маданият аҳли – янги марраларга интилувчи барча учун янги ғоялар байроқдори бўлади.

 

Иброҳим Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *