Жорий йил 3 декабрда Инновацион ривожлантириш вазирлигида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда инновацион экотизимни шакллантириш бўйича қилинган ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар тақдим этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган лойиҳалар ярмаркаси ташкил этилди. Ташриф буюрувчилар юртдошларимиз томонидан ишлаб чиқилган инновацион маҳсулотлар билан танишиш имконига эга бўлдилар. Улар қаторида зарарсизлантирувчи қурилма, ҳаво тозалагич, иммуномодуляторлар, титан имплантлар ва илм-фанни оммалаштириш платформаси – QVANT мавжуд эди. Тадбир иштирокчилари ўз лойиҳаларини қизиқиш билдирган меҳмонларга тақдим қилдилар ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ўз ютуқлари билан бўлашиш имконига эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги – инновациялар ва илмий-техник ривожланиш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи. Вазирлик таркибига 5 та марказ, 1 та нашриёт, Инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғоялари фонди, чет эллик консультантлар гуруҳи, Илмий-техник кенгаш, Ёшлар академияси киради.
Мамлакатда инновацион экотизимни шакллантириш ва ривожлантиришнинг қонунчилик ва норматив базаси такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги ҳамда «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунлари, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси ва 2030 йилгача илм-фанни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.
2018–2020 йилларда тармоқ вазирликлари ва корхоналари, илмий-тадқиқот институтлари ва ОТМлар, тадқиқот марказлари таклифлари ва эҳтиёжлари асосида 147 та лойиҳага 117,2 млрд сўм йўналтирилди. Илмий ташкилотлар ўртасида рақобат муҳити яратилди, лойиҳалар доирасида маблағларнинг 40 фоизи илмий ташкилотлар учун замонавий лаборатория жиҳозлари, реагентлар ва материаллар сотиб олишга йўналтирилади.
Хорижий мамлакатлар билан илм-фан ва инновациялар соҳасида қўшма лойиҳавий дастурларни амалга ошириш кенгайди. Халқаро илмий ҳамкорлик доирасида Германия, Россия, Туркия ва Белорусь билан биргаликда умумий қиймати 17,4 млрд сўмлик 44 та қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хитой, Ҳиндистон, Туркманистон, Эрон, Белорусь, Россия ва ЕИТҚА (Евроосиё ҳамжамияти) билан ҳамкорлик доирасида 2021–2022 йилларда 95 та халқаро тадқиқот лойиҳаларини жами 79,6 млрд. сўмга молиялаш режалаштирилган.
Инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғоялари фонди томонидан 2018–2020 йилларда илмий-тадқиқот ва олий ўқув муассасалари илмий-тадқиқот лабораторияларини 95 турдаги замонавий жиҳозлар билан жиҳозлаш учун 52,3 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.
- Мамлакатда биринчи марта стартап-лойиҳалар танловини эълон қилиш тизими йўлга қўйилди, биринчи босқичда қўллаб-қувватлашга ва бозорга чиқишга асосланган молиялаш тизими жорий этилди. Бугунга қадар жами 33 млрд сўмлик 35 та стартап-лойиҳа молияланди.
2018–2020 йиллар якунларига кўра тижоратлашадиган инновацион ишланмалар умумий сони 132 тага етди, улардан 49 та инновацион ишланма тижоратлашди, 92 та ишланма бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда жами 73,4 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва умумий қиймати 59,4 млрд сўмлик маҳсулот сотилган.
Вазирлик қошидаги “Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари томонидан жами қиймати 33,6 млн АҚШ долларига тенг инвестицион лойиҳалар доирасида 337 та янги иш ўринлари яратилган, 147,6 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, экспорт ҳажми 1,1 млн АҚШ долларини ташкил қилди.
Минтақаларда инновацион экотизимни шакллантиришга кўмаклашиш мақсадларида янги инновацион инфратузилма объектлари яратилди. Жумладан, Фарғонада Ёшлар инновацион маркази, Урганч давлат университети қошида Хоразм инновацион технопарки, Сирдарё вилоятида Business Accelerator ўқув-амалий маркази, Андижон тажриба-кўргазма маркази, Мўйноқда телетиббиёт клиникаси очилди.
Илғор технологиялар марказида коронавирус инфекциясига тест олиш амалиёти муваффақиятли ўзлаштирилди. Ушбу мақсадларда Марказ қошида SARS-Cov-2 вирусини аниқлаш махсус лабораторияси ташкил этилди.
Иқтидорли ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни фаоллаштириш мақсадида вазирлик қошида Ёшлар академияси ва Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди, бугунга келиб Академия аъзолари сони 1800 кишига етди. Фонд томонидан 3,8 млрд сўм миқдорида маблағ шакллантирилди, 83 та ёшлар лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2020–2023 йилларда мамлакатнинг 13 та минтақасида босқичма-босқич “Ёшлар технопарклари” ташкил этиш режалаштирилган.