Саксонинчи йиллар охирларида Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Роберт Соллоу ўз чиқишида бир жумлани келтирганди ва бу жумла ҳозирда «Соллоу парадокси» сифатида машҳур: «Биз компьютер асрини унумдорлик статистикасидан бошқа ҳар ерда кўрмоқдамиз».
Кейинроқ кўплаб бошқа олимлар бизнесга IT қанчалик самарали таъсир кўрсатиши, ишлаб чиқаришдаги технологиялар унумдорлиги ва компания IT-департаментига тикилган маблағ ва фойда ёки унумдорлик ўсиши ўртасида қандай боғлиқлик борлиги юзасидан тадқиқотлар ўтказиб, ушбу назарияни тасдиқладилар.
АҚШлик машҳур иқтисодчи ва ўша пайтда Xerox технологик компанияси топ-менежери Пол Страссман (Paul Strassmann) икки юздан зиёд компанияларда изланишлар олиб борди, ташкилотларнинг ITга харажатини ҳисоблади ва ROA (Return On Assets) кўрсаткичлари билан солиштирди. Ўзининг «Business Value of Computers» китобида Пол Страссман бу икки қийматлар ўртасида ҳеч қандай статистик ўзаро алоқа йўқ, деган хулосага келади.
Шунга қарамай, у IT-харажатлар билан бевосита мутаносибликка эга бизнес-кўрсаткични аниқлади – бу хорижий мамлакатларда кенг қўлланиладиган SG&A (Sales, General & Administrative) параметридир. Унинг асосини менежмент, маъмурий ходимлар, маркетинг ва сотув бўлими иш ҳақи ташкил қилади. Пол Страссман чиқарган асосий хулоса шундайки, SG&A-харажатларнинг ошиши IT-бюджет ўсишига олиб келади.
Пол Страссманнинг мазкур тадқиқоти кўрсатадики, ахборот технологиялари бошқарув ва маркетинг соҳаларида талабгир, бу эса IT бошқарув ва сотувлар самарадорлигини оширишга йўналтирилган бўлиши лозимлигини англатади.
Бошқалардан фарқли равишда, MIT (Массачусетс технологик институти) профессори Эрик Бринолфссон, 1987–1990 йилларда 367 та компанияни ўрганиб чиқиб, 2003 йилда айрим хулосаларга келди. Унинг тадқиқотларига кўра, фақат IT (компьютер жиҳозлари, дастурий таъминот ва ходимларни янги технологияларга ўргатиш)га ёки фақат ташкилий ўзгаришларга инвестиция киритган компанияларда иқтисодий самара кузатилмади. Иккала йўналишда инвестициялар параллель амалга оширилган компанияларда эса, капитализация нуқтаи назаридан иқтисодий самара бир неча баробар ортди ва компанияларга бутунлай бошқа даражага чиқиш имконини берди (3- расм).
Тадқиқотларнинг асосий хулосалари: компанияда IT билан бирга жорий бизнес жараёнлар, корпоратив маданият, ахборот ва ҳужжатлар билан ишлаш такомиллаштирилиши ёки янгилари татбиқ этилиши лозим. Ходимлар ваколатлари ва жавобгарлиги кенгайтирилиши, уларнинг билим ва салоҳияти оширилиши, KPI (Key Performance Indicators) тизими ва Компанияни ривожлантириш сиёсати ишлаб чиқиилиши керак.
Лекин бошқа яна бир статистика мавжуд, унга кўра, IT-лойиҳаларнинг қарийб 70 фоизи қатор сабабларга кўра ўз мақсадига етиб бормайди, бу эса, ўз навбатида, компания раҳбарларида бизнесга янги ахборот технологияларини жўшқин татбиқ этишга нисбатан салбий муносабатни шакллантиради. Шунингдек, юқорида келтирилган Соллоу парадокси боис, қуйидагилар туфайли ITга ишонч кескин тушиб кетади:
- IT-мутахассислар аксарият ҳолларда тушунарсиз атамалар ва ўз сленгларида гапирадилар, бунинг натижасида кўпчилик ўзини алданаётган деб ҳис қилади;
- Харажатлар шаффоф эмаслиги. Бу соҳада сарфланган ресурслар самарадорлигини қандай ҳисоб-китоб қилиш мумкин?
- Рақамлаштириш нима-ю, у бизнес ривожига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида аниқ тушунчанинг йўқлиги.
- Малакали мутахассислар қандай танланади ва трансформацияни нимадан бошлаш керак?
- Нега ўз IT-департаменти унчалик самарали ишламайди?
- Agile дегани нима ва нега анъанавий лойиҳа бошқаруви услублари IT-лойиҳаларда иш бермайди?
Агар барчасини умумлаштирса, IT-лойиҳаларни амалга оширишдаги асосий муаммо – бу: бизнес ITга инвестициялардан иқтисодий самара кўрмаяпти.
Келинг, аниқлаштириб оламиз. Ҳар бир компания ўзигагина хос бизнес-жараёнларга, бошқарув стратегиясига эга. Барчада бир хил самарали ишлайдиган умумий намуна ёки «best practice» мавжуд эмас.
Ахборот технологиялари нима ва улар бизнесда қандай роль ўйнайдилар?
Аввало ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳар қандай бизнес ёки лойиҳа мақсад ва вазифаларни белгилашдан бошланади, улар асосчининг миясида туғилади ва охиригача пишитилмаган бўлади. Ҳолбуки, бирламчи вазифа мақсад ва вазифаларни аниқ ифодалаш, уларни ёзиб чиқиш ва келгусида барча ходимларини улар билан таништиришдир.
Кейин компания тузилади, муайян вазифаларни бажарадиган, белгиланган мақсадларга эришишга ёрдам берадиган одамлар пайдо бўлади.
Кейинги қадам – бизнес-жараёнлар. Одамлар биргаликда ишлай бошлагач, ўрталарида бизнес-жараёнлар юзага келади. Ушбу жараёнлар бошланишидан охиригача ахборот алмашинуви рўй беради, яъни бошланғич маълумотлар киритилади ва якунида қайта ишланган маълумотларга эга бўладилар. Ходим бошланғич маълумот олади ва қайта ишлаб, жараённинг бошқа иштирокчисига узатади. Одатда, айнан мана шу босқичдан бизнесга ITни татбиқ этиш бошланади. Чунки IT ёрдамида маълумотларни қайта ишлаш жуда тез рўй беради ва бу бошқарувчига тезкор муносабат билдириш, маълумотлар билан ишлаш, тўғри қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Ахборот мазмуни ва ҳажмидан, шунингдек олдинга қўйилган вазифадан келиб чиқиб жорий бизнес-жараёнларга кўпроқ мос келадиган дастурий таъминот танланади ва фақат шундан кейингина лойиҳани амалга ошириш учун жиҳозлар, серверлар танланади.
Ўзбекистонда мана, иккинчи йил, янги технологиялар йили деб эълон қилиняпти ва деярли барча давлат идоралари ўз иш жараёнларига IT-технологияларни аста-секин татбиқ эта бошладилар. Аммо бу ерда катта муаммо ётибди: бизнес-жараёнлар, ўз табиатига кўра, хаотик бўлади, биз эса хаосни автоматизацияламоқчи бўляпмиз. Хаосни автоматизациялаб бўлмайди – автоматизацияланган хаос юзага келади.
Шу сабабли, дастлаб компания мақсад ва вазифаларини, кейин ташкилий тузилмасини белгилаб олиш, шундан кейин барча бизнес-жараёнлар самарадорлиги таҳлилини амалга ошириш лозим бўлади. Балки асосий бизнес-жараёнларни соддалаштириб олиб, ундан кейингина автоматизация ҳақида ўйлаш керак бўлар.
Муаммонинг бошқа томони ҳам бор – кўпгина компаниялар IT уларнинг муаммоларини ҳал қилади ёки рақамли реклама сотувларни оширади, деб ўйлайдилар. Лекин, аксинча, булар бизнесдаги муаммоларни янада чуқурлаштириб юбориши ҳам мумкин, чунки сотувларни амалга оширишдан, автоматизация билан шуғулланишдан олдин сиз барча бизнес-жараёнларни аниқ тузиб олишингиз керак, токи у узилишларсиз ишласин. Фақат шундагина фаолиятни кенгайтириш, жараёнларни автоматизациялаш, савдони юриштириш мумкин. Баъзида кўрамизки, компания маҳсулоти жуда талабгир, лекин сотув оқсайди, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, аммо сервис талаб даражасида эмас. Айнан шу сабабли аввал-бошда барча асосий жараёнлар ишини йўлга қўйиб олиш зарур.
Ҳар қандай ишни бошлашдан олдин ўзингизга савол беринг: ушбу машғулот қалбимнинг тубидаги интилишларимни ифодалайдими? Ҳақиқатан мен айнан шуни истаяпманми? Ўйлаганимни амалга оширар эканман, ўзимни бахтиёр ҳис қиламанми? Орзуимдагига эришсам, бахтли бўламанми? Умидларим рўёбга чиқадими? Бу мақсад унинг йўлида сарфланган саъй-ҳаракатларни оқлайдими? Яъни, асосийси – ўзингизга оддий саволга жавоб беринг: менга шу керакми!?
2020 йил бизнес учун унчалик омадли бошланмади. Кўплаб компаниялар ўз фаолиятини амалда йил ўртасидан бошладилар. Айримлари ҳали ҳам стагнация ҳолатида турибдилар.
Пандемия, минтақалардаги табиий, техноген фалокатлар, аномал жазирама, ёзги таътиллар бошланиши (аҳолининг ярми дам олгани кетади) – булар бари ўрта ва кичик бизнесга зарба бўлди. Ҳатто айрим йирик корпорациялар ҳам синдилар.
Лекин, шунга қарамай, қатор компаниялар мураккаб шароитларга мослашиб, фаолиятларини тиклай олдилар. Бу барчаси, албатта, ахборот технологиялари туфайли. Баъзи компаниялар ўз капиталларини бир неча баробарга оширишга муваффақ бўлдилар, зеро шу даврда уларнинг сервислари талабгирлиги ошиб кетди.
Бу йил бизга нима берди? Биз дунё аввалгидек бўлмаслигини биламиз – тарих «2020 йилдан олдин ва кейин»га бўлинди. Аммо айнан IT янги дунёда ўз аҳамиятини намоён этди. Билл Гейтсдан иқтибос келтирсак: «Агар бизнесингиз Интернетда бўлмаса, демак сиз бизнесда эмассиз».
Ҳозир ҳар бир раҳбар ўз бизнесига IT татбиқи устида ўйлаб кўриши шарт. Бунда шошмаслик керак. Аввал ушбу йўналишни ўрганиш, ITдан фойдаланаётган бошқа компаниялар тажрибасини солиштириш, кейин яхши мутахассисни таклиф этиш, у билан бизнесни энг кичик таркибий қисмларгача бўлиб чиқиш ва мустақил равишда қаерда қандай муаммолар борлигини аниқлаш ҳамда ITни модулли шаклда жорий этиш керак бўлади. Ишни ўзингиздан бошлаш лозим. Ишларни ёзиб боришга, режалаштиришга ўрганиш керак. Мен танийдиганим кўпгина раҳбарлар барча вазифалар ва муаммоларни хотираларида сақлайдилар, ваҳоланки, уларнинг бир қисми унутилади, ижроси чўзилади, ахборот ходимларгача етиб бормайди. Муаммоларингизни ҳал этишни тезлатувчи, фаолият самарадорлигини оширувчи бепул иловалардан фойдаланишни бошланг. Аввал энг содда дастурларни синаб кўринг, кейин мураккаброқ бизнес-иловаларга ўтиш мумкин бўлади. Қуйида мен кундалик ҳаётда ва иш жараёнида фойдаланадиган севимли иловаларим рўйхатини келтираман: Қайдлар, Эслатмалар, Trello, Bitrix24, Adobe Fill & Sign, Google Drive, Google Earth, Google Translate, Google Meet, Google Assistant, Zoom, Skype, Linkedin, Payme, OLX, Yandex.Taxi, Waze ва бошқа кўплаб иловалар.
Балки, бу иловалар жуда содда-ку, бизнесимга қандай ёрдам бериши мумкин, деган фикрга боргандирсиз? Шундай жавоб бераман: бизнесни автоматизациялашни айнан содда воситалар билан бошлаш керак, кейин 1C, Oracle, SAP каби жиддий воситаларга ўтиш мумкин.
Энди нега айрим компанияларнинг ўз IT-департаментлари самарали ишламаслиги масаласига ўтамиз.
Биринчидан, IT-департаментлар раҳбарларининг етарли мотивацияга эга эмаслиги. Бугунги бозор шароитида бундай мутахассислар жуда талабгир. Шу сабабли яхши мутахассислар IT-компанияларда шериклик шартларида ишлайдилар ва лойиҳалардан тушадиган фойдадан ўз улушларини оладилар. Бу эса, IT-департамент раҳбари иш ҳақидан анча баланд бўлади. Шу сабабли IT-департамент ходимлари, тажриба ва билимларини ошириб олгач, бошқа компанияларга шерик сифатида ўтадилар ёки ўз бизнесларини очадилар. Улар ўрнига ёш, тажрибаси ходим келади, у ҳам вақт ўтгач, компанияни тарк этади. Ёпиқ ҳалқа юзага келади.
Иккинчидан, кўп компанияларда IT-департаментлар лойиҳалар бошқарувида каскадли модел (Waterfall)дан фойдаланадилар – бу аниқ режалаштирилган ва батафсил ёзиб чиқилган ёндашув бўлиб, ижрочи охирига қадар унга риоя этиши лозим. Лекин, афсуски, аксар ҳолатларда раҳбарият нимани истаётгани ёки шу пайтда бозор нимани талаб қилаётгани хусусида аниқ тасаввур мавжуд бўлмайди. Ҳатто сифатли ТТ (техник топшириқ) тузилган бўлса ҳам, уни тасдиқлатгунча, барча рухсатларга эга бўлгунча кўп вақт кетади, технологиялар, регламентлар, қонунлар ва бошқа кўп омиллар ўзгариб бўлади ва ТТ воқеликдан 70 фоизга орқада қолади, пировардида лойиҳа муваффақиятсизликка учрайди.
Waterfallдан фарқли ўлароқ, шахсан ўзимиз ишлатадиган Agile методологияси бор. У лойиҳаларни «мослашувчан» бошқаришга асосланган. Бундай ёндашувнинг асосий хусусияти – лойиҳани бир неча цикллар (итерациялар)да яратиш бўлиб, уларнинг ҳар бирининг якунида муайян натижа намоён бўлади ва у кейинги босқичда қайси йўналишда ишлаш кераклигини тушуниш имконини беради.
Мослашувчан методологиялар итерациялар тамойили асосида қурилади. Янги маҳсулотни яратиш муддати бир ҳафтадан бир ойгача бўлган бир нечта циклларга бўлинади. Лойиҳанинг хусусиятларига қараб, вақт доиралари алоҳида келишиб олинади. Ҳар бир цикл ўз ҳолича тугал мини-лойиҳа саналади – ўзининг таҳлил, режалаштириш, синов ва амалга ошириш босқичларига эга бўлади. Пировардида зарур ҳолларда тўғриланиши мумкин бўлган натижага эришилади. Бизнесга IT-лойиҳаларни жорий этиш самарадорлиги ана шудир.
AGILEнинг асосий тамойиллари:
- Жамоадаги самарали ўзаро ҳамкорлик жараёнлар ва технологиялардан муҳимроқдир. Мақсад – сифатли лойиҳани яратиш.
- Ишлаб чиқиш ёки жорий этишнинг исталган циклида зарур ўзгартишларни киритиш.
- Буюртмачи ва ҳамкасблар билан қайта алоқа олишнинг энг яхши усули – шахсий мулоқот.
- Яратилаёт ган маҳсулот ҳар бир цикл охирида ёки бир неча ойда бир марта янгиланади.
- Ишлаб чиқиш жараёнида ўзгартишларга тайёр туриш дастлабки режага сўзсиз риоя этишдан кўра муҳимроқдир.
Умид Абдусатторов