Яқинда биз Қуёш институти (Паркент ш.)да жорий йил 21 майда “Тикланувчан энергия манбалари” мавзуида конференция ўтказилганлигини маълум қилгандик. Конференция ушбу соҳада муваффақиятли фаолият юритган таниқли ўзбек олими, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси махбир аъзоси Ғиёс Ёқубович Умаров таваллудининг 100 йиллигига бағишланганди.
Давлат олдида улкан вазифалар турибди – 2030 йилга бориб умумий энергия генерацияси ҳажмида тикланувчан энергия манбаларининг улушини 25%га етказиш. Бу ҳозирги босқичда давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан бири саналади. Аввалда ўзбек олимлари томонидан тўпланган мамлакатнинг илмий салоҳиятига кўрсатилаётган давлат кўмаги туфайли бу иш мумкин бўлди.
Ўзбекистон қуёш энергиясидан фойдаланишга оид илмий тадқиқотлар бўйича ниҳоятда бой тажрибага эга. Мамлакатда гелиотехника масалалари билан шуғулланган ўзбек олимларининг бутун бошли жамоаси яшаб меҳнат қилган. Уларнинг номлари бутун дунё мутахассислари орасида таниқли бўлган. Улар қаторида Ўзбекистонда гелиотехника асосчиси саналган академик Ғиёс Ёқубович Умаров (1921-1988) ҳам бор эди.
Ғ.Ё. Умаров ядро энергияси соҳасида чуқур из қолдирган:
– ОЯТИ (Дубна)да ўзбекистонлик ёш олимлар (А.Абдураззоқов, T.Исломов, Ф.Мухтасимов ва бошқ.)дан иборат гуруҳ ташкил қилди ва 1957 йилда доимий магнитда бета-спектрограф ишлаб чиқиб, ўрнатди. Унинг шогирдлари бу ускунада кўплаб ноёб натижаларга эришдилар. Унинг гуруҳи беқарор ядроларнинг спектрал таҳлили соҳасида кўплаб тажриба услублари ва тадқиқот концепцияларини ишлаб чиқишда кашшоф бўлдилар ва бошқа мамлакатларда шундай тадқиқот марказлари очилишига туртки бердилар;
– 1958 йилда академик И.В. Курчатов раҳбарлигида жонажон Физика-техника институти (Тошкент)да плазма лабораториясини ташкил қилди ва бошқарилувчан термоядро реакцияси масалалари билан шуғулланди.
Ғиёс Ёқубов нафақат юқори самарали ва инновацион олим, балки ҳақиқий тадқиқотчи, том маънода маърифатпарвар инсон ҳам бўлганди. Математика ва астрономия каби фанларда ўзбек маданияти ва тарихи унда чуқур қизиқиш уйғотарди, зеро улар халқ тарихи билан чамбарчас боғлиқ эди.
ХХ асрнинг 60- йилларида ЎзССР ФА ФТИда биринчи гелио-полигоннинг ташкил этилиши ҳам Ғиёс Ёқубовичнинг хизмати саналади. Гелиотехник қурилмалар билан танишиш учун бутун дунёдан ва ССРИ республикаларидан делагациялар келган. Ўзбекистон, ССРИ ва чет эллик ўнлаб аспирантлар ушбу полигонда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ўз тадқиқотларини ўтказганлар. Келгусида унинг ўқувчилари Бухорода (проф. Б.Очилов) ва Қаршида (проф. А.Вардиашвили) шундай полигонлар ташкил этдилар.
Ғ.Ё.Умаровнинг ташаббуси билан 70- йиллар бошларида Бухоро вилоятидаги Қоровулбозорда жойлашган ИИВ алоҳида режимли колонияси ҳудудида дунёда биринчи гелиоқурилмалар ишлаб чиқариш заводи қурилади.
Анатолий Ершов узоқ йиллар Ғиёс Умаров билан дўстона мулоқотда бўлиб келган. 1996 йилда у олим ҳақида китоб ёзади, китоб Москвада нашр этилади. Энди биз уни ўзбек тилида ҳам қайта нашр этяпмиз ва Ғиёс Ёқубович Умаров таваллудининг 100 йиллигига бағишлаймиз.
Таниқли олим, инновацион тажриба ўтказувчи олим ва ажойиб инсон ўз авлодлари, дўстлари, ҳамкасблари ҳамда шогирдлари қалбларида, ақлларида яшайди.
К.Э. Циолковский номидаги Россия Космонавтика академияси фахрий академиги Ғайрат Умаров