Мактабгача таълим тизими – бу замонавий жамиятнинг ỹзига хос ỹзаги ва унинг ривожланишининг энг муҳим омилларидан биридир. Айнан шу сабабли ривожланган мамлакатлар мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берадилар, зеро бу аҳолининг ишчи кучига барқарор жалб этилишига, шунингдек болаларнинг тегишлича жисмоний ва руҳий ривожланишига хизмат қилади.
Швецияда болалар мактабгача муассасалари 1970-йилларда оила сиёсати доирасида очилган. Швециядаги мактабгача таълимнинг асосий мақсадлари ота-оналар учун иш, карьера ва ота-оналикнии уйғунлаштириш имкониятини таъминлашдир. Ҳақиқатан, халқаро ўлчамларга кўра, мактабгача таълим қамрови анчайин юқори – 1 ёшдан 5 ёшгача болаларнинг 80 фоизи. Бу МТ хизматлари ҳақини тўлаш сиёсатига ҳам боғлиқ, чунки Швецияда болалар боғчаси тўловининг қиймати ота-оналар даромадидан келиб чиқиб белгиланади. Чунончи, паст даромад оладиган оилалар болалари МТ хизматлари учун умуман пул тўламасликлари мумкин, шу билан бирга, ўзига тўқ ота-оналар учун мактабгача таълим нархи ойига 135 еврогача етиши мумкин. Швецияда болалар боғчаларини молиялаштириш давлат маблағлари ва ота-оналарнинг даромадларига қараб ажратган бадаллари ҳисобига амалга оширилади.
Швециядаги болалар боғчалари 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган тарбияланувчиларни қабул қилади ва 6:00 дан 19:00 гача хизмат кўрсатади. Швеция мактабгача муассасасида таълим болаларда билимлар ва қадриятлар ҳамда бутун умрлари давомида ўқишга истак шаклланишига қаратилган. Асосий эътибор биргаликдаги ўйинлар, бағри кенглик ва бошқаларга эътиборлилик каби қадриятларга қаратилади. Гендер педагогика тобора кучли долзарблик касб этмоқда – болаларда, жинсига қарамай, баробар имкониятлар бўлиши учун, ўқув жараёнида гендер стереотипларига қарши ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Швецияда болалар боғчалари тарбиячиларининг тахминан 5 фоизини эркаклар ташкил қилади. Бу кам бўлса-да, ҳарқалай, бошқа мамлакатлардагига қараганда анча юқори кўрсаткич. МТда педагог бўлиш учун олий маълумот ва Таълим вазирлигидан лицензия бўлиши керак. Болалар парвариши бўйича ходимлар ўрта-махсус маълумотга эга бўладилар ва кундалик таомиллар учун жавобгарликни зиммаларига оладилар. Болалар имконият бўлди дегунча, ҳатто қиш чилласида ҳам ташқарида ўйнайдилар. Шунингдек, “очиқ осмон остидаги” мактабгача муассасалар ҳам шуҳрат қозонган, уларда, об-ҳаводан қатъий назар, болалар қарийб ҳар доим ташқарида бўладилар.
Германияда мактабгача таълим муассасаларига қатнаш мажбурий эмас, бироқ улар сони камлик қилади. Болалар боғчалари пуллик, бироқ Германиядаги болалар боғчаларининг асосий хусусиятларидан бири тўлов тизимининг мослашувчанлигидир. Агар ота-она даромадлари болалар боғчаси нархини тўлиқ қоплай олмаса, лекин бола бошқа, арзонроқ боғчага эмас, айнан шу боғчага бориши зарур бўлса, маҳаллий ҳокимият харажатларнинг бир қисмини ўзига олади. Муҳими, бу ҳол болага мутлақо таъсир қилмайди. Германияда ота-онаси ойига 500 евро тўлайдиган болалар ҳам, ота-онаси болалар боғчасига қатнаши учун умуман ҳақ тўламайдиган нотўлиқ оилалар болалари ҳам бир гуруҳга қатнайверади. Тарбия концепцияси ҳам шаҳар ва маҳаллий ҳокимият органларига қараб ўзгаради. Масалан, айрим шаҳарларда “ўрмон болалар боғчалари” мавжуд, уларда болалар кўп вақтларини табиат қўйнида ўтказадилар. Айрим муассасалар деҳқонлар ҳовлисида ташкил этилади, у ерда болалар уй ҳайвонларин кузатишлари, қишлоқ ҳаётида иштирок этишлари мумкин. Чекланган имкониятларга эга болалар соғлом болалар билан бир гуруҳда бўлиб, умумий машғулотларга тўлиқ жалб қилинган, зеро Германия болалар боғчаларида инклюзивликка алоҳида ўрин ажратилади. Болалар боғчаларида жой олишда оилалар бир неча мезонларга кўра имтиёзларга эга бўладилар: педагогик мезонлар (чекланган имкониятларга эга, ривожланишда оқсаши бор болалар), ижтимоий (оиладаги носоғлом муҳит, ота-онанинг иш билан бандлиги, оила аъзоларининг бири ёки бир нечтасининг ногиронлиги, агар боланинг онаси ҳомиладор бўлса ва ҳомиладорлик оғир кечаётган бўлса, бола ота-онасининг бири билан алоҳида яшаса) ва бошқалар (бола ота-оналари ишсиз, талаба бўлса, уларнинг иш тартиби болага етарлича эътибор ажратиш имконини бермаса). Боланинг болалар боғчасидаги охирги йили бутунлай уни мактабга тайёрлашга бағишланади. Гамбургдаги болалар боғчалари каби кўплаб мактабгача муассасалар болалар билан улар боғчадан кейин бориши эҳтимоли юқори бўлган мактабларда машғулотлар ўтказиш амалиётини қўллайдилар. Бу болага унинг учун нотаниш бўлган мактаб муҳитига аста-секин кўникиш имконини беради.
Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасидаги аҳвол билан яқиндан танишиш учун Qvant журнали таҳририяти Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Васильевна Шинга мурожаат қилди.
— Бугунги кунда мамлакатимизда МТ тизимининг қамрови қандай? Кейинги 3 йил ичида мактабгача таълим қамровида қандай ỹзгаришлар рỹй берди?
— МТВ ташкил топгандан буён ўтган 3 йил давомида мактабгача ёшдаги болалар қамрови икки баробарга ўсди.
МТ тизими бугунги кунда бутун республика бўйлаб қарийб бир ярим миллион нафар болани қамраб олади, бу мактабгача ёшдаги аҳолининг 54 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, қайд этишим керакки, 2017 йилда рақамлар бутунлай бошқача бўлганди. Ўшанда мактабгача таълим ташкилотларига 708 247 нафар бола (27,7%) қатнарди.
Бунинг баробарида, барча минтақаларда мактабгача таълим ташкилотларининг сони ўсиб бораётгани кузатилмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 14 мингта МТТ фаолият юритмоқда, 2017 йилда улар сони 5,2 мингта эди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2020 йил охирига қадар 3-7 ёшдаги 1,5 миллиондан зиёд болани қамраб олиш, яъни қамров 60 фоизни ташки қилиши, 2030 йилга бориб эса, МТ билан қамровни 80%га етказиш режалаштирилган. Бу жуда катта ва масъулиятли вазифа.
— Мавжуд таълим ва тарбия услубларида қандай ỹзгаришлар рỹй бермоқда? Бирор-бир янги дастурлар жорий этилмоқдами?
— Албатта. Масалан, ЮНИСЕФ ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда таълим жараёни сифатини баҳолашнинг мезонлар тизими тузилди ва тасдиқланди. Мезонларнинг асосий индикаторлари ва воситалари белгиланди. Жаҳон банкининг болаларнинг барвақт ривожланишига кўмаклашиш лойиҳасини тайёрлаш дастури бўйича MELQO барвақт таълим сифати ва натижаларини баҳолаш халқаро тизими воситаларидан фойдаланган ҳолда таълим жараёни сифатини ўлчаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Шунингдек, ишлаб чиқилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида биринчи марта педагоглар учун комплекс ишлаб чиқилди, у барча ёшдагилар учун мавзуий режалаштириш комплексини, мактабгача ёшдаги болаларни этно-экологик тарбиялаш дастури, ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари учун дастур, ўзбек, рус ва инглиз тилларини ўрганиш, мусиқавий таълим дастури ва бошқаларни ўз ичига олади.
Услубий ва ўқув материаллари такомиллашмоқда. Ўқув ва ривожлантирувчи материаллар сифатини ошириш учун услубий қўлланмаларга эга савод чиқариш тарқатма материаллари комплектлари, индивидуал ишчи дафтарлар ва ёзув кўникмаларини ривожлантириш учун альбомлар, столусти ўйинлари, дидактик ўйинлар, карточкалар ва бошқалар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, умуман ўқитиш ва тарбия беришга ёндашув ўзгармоқда. Шахсга қаратилган ёндашув фаол жорий этилмоқда. Эндиликда ўқув-тарбия жараёни асосан ўйин кўринишида ўтмоқда. Шу тариқа мотивация оширилмоқда, зеро зўрлаб тиқиштирилмаганда бола берилаётган ахборотни яхшироқ қабул қилади. Яна бир муҳим жиҳат – мавзулар бўйича ўқув режаларининг ёшга қараб шакллантирилиши. Улар Пучон Университети (Жанубий Корея) профессорлари билан биргаликда яратилди.
Энг сўнгги сезиларли янгиликлардан бири болаларни бир йиллик бепул мактабгача тайёрлашнинг жорий этилиши бўлди. Декабрдан Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкентда лойиҳанинг синовдан ўтказиш бошланади. 2021 йилга бориб, олти ёшдан етти ёшгача бўлган барча болалар бундай тайёргарлик билан қамраб олинишини режалаштирмоқдамиз.
— МТТ тизимида кадрлар таркиби билан ишлар қандай ҳолатда? Педагоглар етишмовчилиги мавжудми?
— Кейинги 3 йил ичида мактабгача таълим тизимида педагоглар сони энг катта ўсишни кўрсатмоқда. Олий ва ўрта-махсус маълумотли педагоглар сони ошмоқда. Бугунги кунда давлат МТТда қарийб 95 минг нафар педагог ишга жойланган, улардан 31 минги олий ва 64 минги ўрта-махсус маълумотга эга.
— МТда овқатланиш тизими қандай ташкил этилган?
— Овқатланиш тизими, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 626-сон қарорига мувофиқ, аутсорсинг асосида ташкил этилади. Сифат талаблари ва санитария-гигиена меъёрларига жавоб берувчи озиқ-овқат ва тайёр таомлар етказиб бериш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш амалиётини татбиқ этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 84 та корхона 500 дан зиёд давлат мактабгача ташкилотларига ўз хизматларини тақдим этмоқдалар.
МТда овқатланиш тизими – бу болаларимизнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш учун доимий такомиллашувни талаб қилувчи жуда муҳим масаладир. Шу сабабли, 2019 йил февраль ойида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда, “Республика мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.
Ушбу қарорга мувофиқ, мактабгача таълим тизимида овқатланишни ташкил қилишга масъул ходимлар билимларини яхшилаш мақсадида республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида МТТ ошпазлари, ҳамширалари, омбор мудирлари учун ўқув семинарлари ўтказилди.
Бундан ташқари, Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ва 2019-2020 йилларда давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланди.
Болаларни мувозанатлашган рацион билан таъминлаш ва болаликдан соғлом овқатланиш одатларини сингдириш мақсадида, илғор жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда овқатланишни ташкил қилиш санитария меъёрлари ва қоидалари қайта кўриб чиқилди ва тасдиқлаш жараёнида турибди. Уни ишлаб чиқишда маҳаллий тиббий экспертлар ҳам, ЮНИСЕФдан хорижий мутахассислар ҳам қатнашдилар.
Бунинг баробарида, хорижий экспертлар кўмагида, МТТда таомлар тайёрлаш учун рецептуралар китоблари ва технологик карталар ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Болаларни хавфсиз, соғлом ва мувозанатланган овқатланиш билан таъминлаш мақсадларида ҳар томонлама ёндашувни таъминлаш учун халқаро ташкилотлар – ЖССТ, ЮНИСЕФ, БМТ, Россия Федерациясининг тармоқ институтлари жалб қилинмоқда.
— МТМ тармоғини кенгайтириш учун давлат-хусусий шериклик тизими қанчалик самарали бỹлди?
— Жаҳон тажрибасини ўргансак, давлатнинг тижорат сектори билан ҳамкорлиги доимо яхши натижалар беришини кўрамиз. Ўзбекистонда бундай муносабатларни тартибга солувчи илк норматив-ҳуқуқий акт мактабгача таълим тизими учун тармоқ характерига эга. 2019 йилда давлат раҳбари хусусий болалар боғчасини очишни истаганлар учун қатор имтиёзлар тақдим этилади. Бундай шахслар, ҳужжатга кўра, солиқлар, божхона божлари тўлашдан озод этилади, шунингдек уларга ер майдонлари бепул берилади ва бошқа преференциялар тақдим этилади. Шубҳасиз, давлат-хусусий шериклик асосида янги мактабгача муассасаларни очиш соҳага тажрибали мутахассисларни жалб қилиш ва янги иш ўринлари юзага келишига хизмат қилади.
2020 йил февралда давлат-хусусий шериклик асосида яратилган МТТ сони 6776 тани ташкил қилди, улар қамраб олган болалар сони эса 240 мингдан зиёд бўлди. 2020 йилда яна икки мингта оилавий ва 420 та давлат-хусусий шериклик асосида тузилган болалар боғчаларини очиш режалаштирилган.
— МТ тизими учун халқаро ҳамкорлик бугунги кунда қанчалик долзарб?
— Бу жуда долзарб. Хорижий инвестициялар иштирокида тизимни такомиллаштириш ва мактабгача ташкилотлар тармоғини кенгайтириш борасида лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда МТВ ва хорижий ҳамкорлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилган тақрибан 50 та ўзаро англашув меморандуми ва бошланғич келишувлар имзоланди.
Биз Корея Республикаси, Сингапур, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Туркия, Польша ва Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қиламиз. ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, ЮНДАФ, БМТТД, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, JICA, KOICA, TIKA, Туркия таълим фонди, Британия Кенгаши, Жаҳон Банки Гуруҳи, ОТБ, Саудия тараққиёт фонди, “Россотрудничество” ва бошқалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
— Бу ҳамкорликлар самаралими?
— Албатта, бундай ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Бугунгача биз томонимиздан
130 млн. АҚШ долларидан зиёд маблағ жалб қилинди. Хорижий инвестицияларнинг аксарият қисмини Жаҳон банкининг
73,85 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ташкил қилди, улар “Ўзбекистонда болаларни барвақт ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида ўзлаштирилди.
Бу лойиҳа мактабгача таълимдан фойдаланишни яхшилаш, таълим муҳити сифатини ошириш ва таълим сифатини баҳолаш воситаларини яратишни кўзда тутади. Ушбу лойиҳа доирасида, шунингдек, мамлакатнинг бориш қийин бўлган минтақаларидаги болалар учун мактабгача таълимнинг муқобил моделлари апробациядан ўтказилиши ҳам жуда муҳим.
Бундан ташқари, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш мақсадларида, “Лукойл Узбекистан” компанияси билан Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида учта янги МТТ қурилиши, шунингдек Пучон Университети билан Тошкент шаҳрида мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди.
— Маблағлар ỹмарилиши борасида нималар дея оласиз? МТВ тизимида коррупцияга қарши курашишнинг қандай услублари мавжуд?
— Тўғрисини айтганда, мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида қониқарсиз ҳолатда бўлиб келган. Кераклича назоратнинг йўқлиги суиистеъмоллар ва ўмаришлар юзага келишига сабаб бўлган. Бу билан курашиш учун 2017 йил сентябрда ички аудит хизмати ташкил этилган бўлиб, у бевосита мактабгача таълим вазирига бўйсунади.
2019 йилда МТВ Ички аудит хизмати 31 млрд. сўмдан зиёдга тенг молиявий қонунбузарликларни аниқлади.
2020 йил бошида МТВ 2018-2019 йилларда аниқланган ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилди ва ҳукуматга қатор таклифлар киритди. МТВ ташаббуси билан, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда, бошқа вазирликлар ва идоралар мутахассисларини жалб қилган ҳолда, бюджет маблағларининг ишлатилиши самарадорлигини чуқур ўрганиш амалга оширилди. Қўшма текширувда аниқланган қонунбузарликлар суммаси 48 млрд. сўмни ташкил қилди.
Мактабгача таълим вазирлиги, Ҳисоб палатаси билан биргаликда, молиявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Йўл харитасини тасдиқладилар. Ҳужжат 14 та вазирлик ва идораларда келишувдан ўтди. Шунингдек, Мактабгача таълимда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди ва Бош прокуратура билан келишилди.