«Юқиш» (англ. Contagion) филмидан, реж. Стивен Содербер

Бундай фильмларни ҳаммамиз кўрганмиз, бундай китобларни ўқиганмиз – 100 ёки 1000 йилдан кейин қандай яшашимиз тўғрисида ҳикоя қилинади. Интернетда-ку, бирор ашё ёки ҳодисанинг илк «башоратчилари» ҳақидаги хит-парадларга кўплаб ҳаволаларни топса бўлади. Зеро XIX охири ва XX аср фантастик адабиётга жуда бой. Жюль Верн, Герберт Уэллс, ака-ука Стругацкийлар, Жорж Оруэлл ва бошқа кўпгина адиблар келажак башоратига ўз ҳиссаларини қўшдилар. XIX охири ва XX аср – техника ва илм-фан ривожланишида буюк сакрашлар даври. Ҳар бир газетада кинематограф, йўлдош ёки пенициллин тўғрисида ўқиш мумкин бўларди. Одамлар бу янги кўнгилхушликлар ва янги фойдали гажетларга мафтун эдилар. Уй бекалари ўз совуткичлари ва чанг юткичларидан қувониб тўймасалар, эркаклар Форднинг янги модели устида жиддий қиёфада баҳс-мунозара юритардилар.

 

Албатта, буларнинг бари турли вақтда ва турфа жойларда пайдо бўлди, ҳамманинг ҳам бу янги ажойиботларни сотиб олишга қурби етмади, лекин «прогресс» ибораси ҳамманинг қулоғи остида янграрди. Жамият прогрессга ўралашиб қолганди, у адибларни ҳам ўз домига тортмай қўймади. Технологиялар имкон берди дегунча, кинематограф ҳам келажак ёки унинг айрим жиҳатлари борасидаги талқинларни ўртага ташлай бошлади. Масалан, «Фазовий Одиссея» (1968)да футуристик технологиялар ошиб-тошиб ётибди: интерактив ёрдамчилар, шахсни биометрик таниш, видеоалоқа ва iPadга ўхшаш планшетлар. Баъзи муаллифлар эса, фақат айрим деталларни башорат қилади: мобил телефон кашф этилиши («Стар трек»), антидепрессантлар («1984») ёки электр транспорт («Сув остида 20 000 лье»). Бунинг, умуман олганда, ҳайратланарли жойи йўқ. Одатда ёзувчилар, сценаристлар ва режиссёрлар инсоният тараққиётини синчиклаб кузатадилар ва яхшигина фантазияга эга бўладилар, шу сабабли бу иккисини бирлаштириб, ғайриоддий лекин мантиқан ҳаққоний ниманидир ўйлаб топиш улар учун табиий.

Ҳозир бундай фильмлар билан бировни ҳайратга солиш мушкул. Технологиялар шунақанги жадал ривожланяптики, ҳатто фантастлар ва режиссёрлар ҳам унинг кетидан етиб улгурмаяптилар. Албатта, ҳали Марсга учиб бора олмаймиз ва Терминатор ҳам ярата олмаймиз, лекин буёғига узоқ кутмаслигимизни барчамиз биламиз. Айнан қанчалигини ҳеч ким билмайди, албатта. Лекин шу яқин орада эканлигини ҳис қиляпмиз. Энди муаллифлар ҳақиқатан янги нарса ўйлаб топиш учун ақллари ва фантазияларини анча зўриқтиришларига тўғри келади. Аммо, умуман олганда, «башорат»-фильмлардаги футурология унсурлари учта турга бўлинади:

 

«Бешинчи унсур» (ингл. The Fifth Element , фр. Le Cinquième élément) филмидан кадрлар, реж. Люк Бессон

 

Технологиялар. 60- йиллардан бошлаб фильм яратувчилар бизни доим суперқуроллар, фазовий саёҳатлар, учар ликопчалар ва овозли почта билан қизиқтириб келмоқдалар. Бунда фильм айнан келажак ҳақида бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, барчага севимли «Бешинчи унсур»да биз робот-фаррошни, космик станциядаги пляжларни ва бевосита деразангизга учиб келувчи хитойлик лағмон сотувчини кўрамиз. Ҳолбуки, фильм, умуман олганда, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий курашга бағишланган. Лекин, сезиб турибман – бундай учар ошпазлар тез орада катта шуҳрат қозонадилар.

 

“Кин-дза-дза” филмидан кадрлар, реж. Георгий Данилия

Сиёсий ва ижтимоий тузилмалар. Албатта, кўпчилик дарров «1984» ва ундаги Акахонни ёки китоблар йўқ қилинадиган жамият ёритилган «Фарентгейт бўйича 451»ни ёдга оладилар. Бу жанр антиутопия сифатида машҳур. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин: «Гаттака», «Эквилибриум», «Тиғ узра югурувчи», «Оч ўйинлар», «Дивергент» ва ҳатто, ёқимтой «Кин-дза-дза» фильми – булар бари жамиятимиз узоқ (ва яқин) келажакда қандай аҳволга тушиши мумкинлиги ҳақида. Бу тоифа биринчисига қараганда кўпроқ савол туғдиради. Чунки сиёсий ёки ижтимоий ўзгаришларни олдиндан билиш киборгларни яратишга қараганда анча мураккаб, лекин бу сценарийларнинг қайсидир жиҳатларини биз аниқ кўрамиз. Нималарнидир эса, кўриб турибмиз.

Илм-фан ва биология. Салом бўлсин, ген инженерияси, бионик протезлаш, бир ҳужайрадан инсонни қайта тиклаш ёки юзни кўчириб ўтказиш! Ва, албатта, бугунги кундаги энг долзарб масалалар – турли-туман вируслар, касалликлар ва номаълум организмлар ҳужумлари. Мана шу жойга батафсилроқ тўхталиб ўтаман.

Ушбу уччала унсур ўзаро туташмаган фильмни топиш маҳол. Деярли ҳар доим биология технология билан боғланган. Аммо бир нечта, воқеликка анчайин яқин сюжетлар ҳам учраб туради. Масалан, «Эпидемия» (1995) ёки «Юқиш» (2011)ни олайлик. Бу иккала фильмда ҳалокатли вирус бир тўда одамларни зарарлаши ва глобал муаммога олиб келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Коронавирус пандемиясидан таъсирланиб, ҳамма айниқса «Юқиш»ни, унинг 100 фоиз нишонга урганини муҳокама қилишяпти. Кўршапалак чўчқани зарарлайди, ундан эса, икки оёқлиларга бир қадам. Уёғига вирус бутун дунё бўйлаб даҳшатли тезликда тарқай бошлайди ва ўз йўлида минглаб одамларни зарарлаб, ҳаётига нуқта қўйиб боради. Бу ерда ҳеч қандай супертехнологиялар, алламбало лабораториялар ё коинот келгиндилари йўқ. Ҳаммаси ҳаётий ва реал. Айнан мана шуниси одамнинг юрганини сиқади. Биз қандайдир тасаввур қилиб бўлмас махлуқлар ёки келажакдан элчиларни кўрмаймиз. Балки оддий олимлар, раҳбарлар ва аҳолининг реал хавфга рўпара келишларининг гувоҳи бўламиз. Қандай ҳам ажойиб «башоратчи»лар – бамисоли 2020 йилга назар ташлагандек!

Аммо парадокс шундаки, коинот ёки Акахон ҳақидаги фильмларда сценаристлар ва режиссёрлар нимадир янги ва ноёб воқеани ўйлаб топишлари керак бўлса, улардан фарқли равишда, пандемия ва вируслар ҳақидаги фильмларда ҳаммаси аксинча. Ҳеч нарсани кашф этиш керак эмас. Ҳаммаси ўтмишда, баъзида узоқ ўтмишда рўй бериб бўлган. Барча эпидемиялар олдин ҳам бўлган – ўлатни, вабони, испанка ва Эболани, мана энди – коронавирусни бир ёдга олинг. Бу касалликларнинг тарқалиш йўли ўхшаш – илк зарарланган инсон пайдо бўлади ва уёғи бир-бирига уланиб кетаверади. Фақат зарарланиш тезлиги ва касалликнинг хавфлилиги фарқ қилади. Умуман олганда, эпидемияни ушлаб туриш борасида биз кейинги юзлаб йил давомида ҳеч қандай пичоққа илинадиган янгилик ўйлаб топганимиз йўқ.

Албатта, биз вакцина қилишни биламиз. Аммо, афсуслар бўлсинки, фильмларда кўрсатиладиган даражада тез эмас. Аҳолини хавф ҳақида огоҳлантириш борасида яхши ўзгаришлар бор. Масалан, эскироқ фильмларда ҳукумат вирус ҳақидаги ахборот тарқалишини назорат остига олишлари мумкин бўларди. Ҳозир бунинг иложи йўқ. Ахборотни кабинет ёки лаборатория деворлари орқасида ушлаб бўлмайди – барибир сизиб чиқади. Сиз бирор янги иллат ҳақида вай-фай тезлигида хабар топасиз, бунга ишонаверинг. Демак, ўзингизни максимал даражада тез ҳимоялай олишингиз мумкин.

Шу сабабли, ҳар қандай конспиралогик назария ва бутунжаҳон фитнаси ҳақидаги тўқималарга ўрин йўқ, ҳаммаси табиий. Етарлича материал тўпланади, вирусологлар билан гаплашилади ва бир-иккита илмий гипотезалардан қўшилади. Табиат вируслар ва касалликларнинг янгидан-янги кўринишларини яратиб, бизни анча орқада қолдирмоқда. Шунчалик орқадамизки, ҳеч қайси сценарист унга ета олмайди. Лекин уринишлар давом этади. Шундай экан, чипталарга пул йиғиб туринг – қачон кинотеатрлар очилса, нафақат попкорн таъмини, балки янги «башорат»ларнинг ҳаққонийлигини ҳам баҳолаш имконига эга бўламиз.

Юля Бес

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *