2012 йилдан бошлаб, машҳур тарихий блог – A Writer of History (“Тарихнавис” – тарихий бадиий адабиётни ўқиш, ёзиш ва тадқиқ қилиш тўғрисидаги блог) муаллифи М.К. (Мэри) Тод тарихий адабиёт борасидаги ўқувчиларнинг одатлари, нимани афзал билишлари ва қизиқишларига бағишланган халқаро тадқиқотлар ўтказади.

Бу ғоя қаердан юзага келди? Унинг сўзларига кўра, бир неча йил олдин, «Сукунатда сўзланган ёлғон» (Lies Told in Silence) [1] ни ёзаётганида, Мэрининг хаёлига бир савол келади: «Нега ўқувчилар тарихий адабиётни танлайдилар?». Бунинг жавобини ҳеч қаердан топа олмайди, аммо айнан мана шу тасодифий савол 2012 йилда тарихий-бадиий адабиёт ўқувчилари орасида ўтказилган илк сўровга ва машҳур-у янги муаллифлар, блогерлар ва ўқувчилар билан интервьюларга сабаб бўлади (ундан кейин 2013, 2015 ва 2018 йилларда яна учта сўров ўтказилади).

Олинган маълумотлар бирламчи ва қўшимча саволларга қизиқарли жавоблар беради. Бундан ташқари, ўқувчилар тарихий адабиёт йўналишидаги севимли муаллифлар рейтингини тузадилар ва қизиқарли тарихий романларни таклиф этадилар. Сўровда мунтазам равишда дунёнинг турли чеккаларидан беш мингдан зиёд одам қатнашади.

2018 йилда ўтказилган сўров қизиқ фактларни аниқлаш имконини беради. Маълум бўлишича, аёллар эркаклардан кўпроқ ўқийди – аёлларнинг 60 фоизи ва эркакларнинг 29 фоизи йилига 30 тадан кўпроқ китоб ўқийди. Афсуски, 30 ёшгача бўлган ёшлар (49%) катта ёшлиларга қараганда (61% дан 75%) гача камроқ китоб ўқир эканлар. Қолаверса, аёлларга (22%) қараганда кўпроқ эркаклар (34%) йилдан-йилга камроқ китоб ўқишларини айтганлар.

Жанрларга келсак, эркаклар орасида энг кенг тарқалган жанрлар – бу тарихий бадиий адабиёт, детектив/триллер, илмий фантастика ва ҳарбий адабиёт. Бунда фантастика ва даҳшатларга қизиқиш ёш ўтган сари камайиб боради. Бироқ, детективларга бўлган қизиқиш ёш улғайгани сайин ортади. Аксарият ҳолларда 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган одамлар романлар ўқишга бериладилар.

Тарихий-бадиий адабиёт ҳақида тўхталсак, 20- ва 19- аср воқеалари энг катта қизиқишга эга. Бунда эркаклар, аёлларга қараганда, 18- ва 19- асрларга камроқ қизиқадилар. Уларни кўпроқ эрамиздан 3000 йил олдин нималар бўлгани қизиқтиради.

Нобадиий адабиёт борасида эса, аёлларга қараганда, эркаклар ўртасида тарих ва сиёсатга қизиқиш кучли. Бундан ташқари, иккала жинс вакилларида биографияга қизиқиш ёш улғайгани сари кучаяди.

 

Сўралганлар китоб ўқишнинг асосий сабаблари сирасида «кўнгил очиш», «воқеликдан қочиш» ва «вақт ўтказиш»ни кўрсатганликлари ҳайратланарли эмас. Бунда ўқиш жараёнида «иш иштаҳа очар» – ўқувчилар шундай хулосага келишган. Бошқача айтганда, қанча кўп ўқисангиз, шунча кўп ўқигингиз келади.

Харидорлик одатларига келсак, эркаклар китоб дўконларида харид қилишни афзал кўрадилар, аёллар эса китобларни онлайн сотиб олишни ёқтирадилар. Шу билан бирга, кутубхоналарга аёллар эркакларга қараганда кўпроқ қатнайдилар.

Сўралганларнинг 75 фоизи китобни имкон топилди дегунча ўқийдилар, бунда ишга кетишда аёлларнинг 15 фоизи ва эркакларнинг 9 фоизи китоб ўқийди. Албатта, одамларнинг 90 фоизи китобни ёлғиз ҳолда ўқишни севадилар.

Ва ниҳоят, менга ёқадиган натижа – китоб формати борасида. Сўралганларнинг 75 фоизи тез-тез ёки мутлақо қоғоз шаклдаги китоблардан фойдаланадилар. Бунда аёллар кўпроқ электрон китобларга берилган бўлишса, эркаклар қоғоз китобларни маъқул кўрадилар. Ёш тоифасида 30-50 ёшлилар смартфонда китоб ўқишни кўпроқ ёқтирадилар.

Албатта, ушбу тадқиқотнинг натижаларини Ўзбекистон шароитига ва биздаги китобхонлар аудиториясига кўр-кўрона кўчириб бўлмайди, бироқ улар ўқувчиларнинг нималарни афзал санашлари борасида «пардани кўтариш» имконини беради. Шахсан мен мамлакатимиз аҳолиси ўртасида бундай сўровларни ўтказиш жуда фойдали бўлади ва умуман миллатнинг «китобхонлиги»ни кўрсатади, деб ўйлайман.

Дарвоқе…

Мамлакатимизда машҳур бизнесменлар нималарни ўқиётганини ижтимоий тармоқлардаги тавсиялардан билишимиз мумкин. Аммо, амалдорлар, сиёсатчилар ва депутатлар нима ўқиётганларини билишни ҳам истардим. Китобларни танлашга қандай ёндашадилар? Ролли моделлар ҳали ҳам иш беради. Постҳақиқат даврда фақат соғлом мантиққина ахборот шовқинига қарши тура олади. Мутолаанинг буюк сир-асрори айнан у “нозарур” билимлар орқали манқуртлашувдан мутлақ эмлашида намоён бўлади.

Психологлар қайд этишларича, мутолаа бир вақтда бош миянинг учта тизимини ишга туширади. Нутқ кўникмаларини ривожлантириб, мутолаа бевосита тафаккурни, тасаввурни, хотира, ижодий кўникмалар ва эътиборни яхшилайди, бу ҳозирги “клипли тафаккур” даврида айниқса аҳамиятлидир.

Афсуски, қадриятлар ва жамиятдаги “ўқишга муҳаббат”нинг ўзгариши ҳақида ҳатто турар жой мавзеларида кутубхоналарнинг мавжудлигидан келиб чиқиб ҳам хулоса қилиш мумкин. Масалан, 2000 йиллар охирларида болаларим авиация билим юртидаги кутубхонага мунтазам қатнардилар, лекин мана, 10 йилки, унинг ўрнида “Автомактаб” ва “Алко-маркет” савлат тўкмоқда. Афсуски, бу ягона мисол эмас. Кутубхоналар ҳаммабоп, қизиқарли, жозибадор ва бепул бўлиши лозим.

Тўғрисини айтганда, мен ёшлар ва болалар ўртасида фаол мутолаани илгари сурмаган бўлардим (улардан доим нимадир талаб қилаверамиз!). Мен айнан эркаклар ва оталар ўртасида мутолаани илгарилатган бўлардим! Ёшлар ва болалар уларга интилган бўларди, чунки улар ота-онасига тақлид қиладилар. Дарвоқе, Финляндияда оталар куни билан бирга ҳар йили «Эркаклар ҳафтаси» ўтказилади. Ҳафталикка бағишланган тадбирлар кутубхоналар эълонларида акс этади: мусиқа ва адабиёт кечалари, болалар тадбирлари, компьютер ва столусти ўйинлари, карьера ва техникага бағишланган муҳокамалар ўтказилади.

Тадқиқотчилар фикрига кўра, қуйидаги диалектик силсила мавжуддир: ўқимайдиган ота – ўқимайдиган ўғил – ўқимайдиган набира ва ҳ.к.; ўқимайдиган эркак – ўқимайдиган раҳбар – кутубхонага беэътиборлик (қоидага кўра, депутатлар, раҳбарлар, амалдорлар – эркаклар).

Бир сўз билан айтганда, мутолаага (амалда – интеллектуал ва маънавий ривожланишига) бефарқ эркак ҳам оиласи учун, ҳам жамият учун муаммо, чунки ота сифатида ҳам, раҳбар сифатида ҳам у боласининг ривожланишини, тегишли жамоат тузилмалари тараққиётини қўллаб-қувватламайди.

Нима дейсиз?

[1] «Сукунатда сўзланган ёлғон» (Lies Told in Silence),  – муҳаббат ва айрилиқ, бурч ва қурбонлик, шунингдек ёлғоннинг кутилмаган оқибатларини ўрганади. 1914 йил майда Элен Нуазеттнинг отаси урушни муқаррар деб ҳисоблайди. Германи тўғри Парижга боришига амин бўлган ҳолда, у хотини, қизи, онаси ва кичик ўғлини Бофорга, Франциянинг шимолидаги кичик қишлоққа жўнатади.

Наргиза Аликулова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *