Тўртинчи саноат инқилобининг бошланғич босқичларида илғор рақамли технологияларнинг амалиётда қўлланилишини йўлга қўя олишга қодир ва уларнинг ишлаб чиқариш-тақсимот жараёнларида ялпи ишлатилишини жорий эта оладиган юқори малакали мутахассислар талаб этилади.
Замонавий жамият таълим тизимидан дунёда рўй бераётган ўзгаришларга мослашувчанлик ва сезгирликни талаб қилади. Бу ўзгаришлар эса янги турдаги, тўртинчи саноат инқилоби ривожланиши шароитларига мослашишга қодир ОТМлар юзага келиши зарурати билан боғлиқ.
90- йиллар ўрталарида машҳур олимлар Генри Ицковиц ва Лойет Лейдесдорф томонидан инновацион ривожланишга эга замонавий университетнинг янги модели ишлаб чиқилган ва “учтали спираль” дея аталганди.
Унинг асосий ғояси университетларнинг, хусусий корхоналар ва давлат билан ҳамкорликда, ишлаб чиқаришнинг янги институционал ва ижтимоий шаклларини яратиш, билимларни узатиш ва қўллаш борасидаги ролининг янада яққол ифодаланишидан иборат эди. Университетлар бу учҳокимликда корхоналар ва давлат тузилмаларининг айрим жиҳатларини касб этадилар ва инновациялар, илмий-амалий ишланмалар ва тадбиркорлик лойиҳалари учун база бўладилар. Шунга ўхшаш ғояни америкалик педагог ва олий таълим тизими тадқиқотчиси Бертон Кларк ҳам илгари сурган, у университетнинг тадбиркорлик ва инновацион трансформацияси учун зарур шарт-шароитларни тасвирлайди:
- Кучайтирилган йўналтирувчи ядро. Ядро деганда муаллиф замонавий дунёнинг ўсиб ва ўзгариб бораётган сўровларига янада тезроқ ва мослашувчанроқ муносабат билдира оладиган ва ўз дастурий вазифаларини янада уюшқоқлик билан қайта қура оладиган кучли раҳбариятни назарда тутган.
- Ривожланишнинг кенгайтирилган периферияси. Ташқи ташкилотлар ва гуруҳлар билан алоқалар ўрнатилиши – бу университет трансформациясининг энг муҳим жиҳатидир. Университетлар билимларни узатиш, саноат билан ҳамкорлик қилиш, интеллектуал мулкни ривожлантириш, узлуксиз таълим, молиялашни излаш ва, ҳатто, битирувчилар билан муносабатларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи профессионаллашган бўлинмалар яратиши керак бўлади.
- Молиялашнинг диверсификацияланган базаси. Б.Кларк маблағлар тушумини тижорат компаниялари, маҳаллий ҳокимият органлари ва хайрия фондларидан тортиб, интеллектуал мулк учун лицензия ажратмалари, университет ҳудудида кўрсатиладиган хизматлардан даромадлар, талабаларнинг таълим учун тўловлари ва битирувчиларнинг эҳсонларигача ажратиб кўрсатиб, уларни ҳақиқий молиявий диверсификация сифатида кўрган.
- Рағбатлантирувчи академик таянч. Анъанавий университет фаолияти тадбиркорлик тусини олиши учун бўлимлар ва факультетлар ташқи муҳит билан алоқаларни ўрнатиб, янги дастурларни жорий этиши, шунингдек учинчи даромад манбаларини излаши зарур.
- Интеграцияланган тадбиркорлик маданияти. Ўзгаришларга йўналтирилган институционал ғоя кейинроқ барқарор тасаввурлар мажмуаси бўлиб шаклланади, у эса, ўз навбатида, таянч доирасида тарқалганидан сўнг, умумуниверситет маданиятига айланади.
Делфт техник университети профессори Йохан Виссема “Университет 3.0” тушунчасини жорий этади, унинг асосий ғояси “учинчи авлод университети модели ҳар бир университетга ўз йўлини танлаш эркинлигини бериши лозим”лигидан иборат .
Муаллиф учинчи авлод университетининг еттита фундаментал характеристикасини очиб беради (2- расм):
Шу билан бирга, муаллиф юқори даражада фундаментал тадқиқотлар ўтказилиши учун давлат молиялашининг аҳамиятини ажратиб кўрсатади ва янги авлод университети бор эътибор фойдани максималлаштиришга қаратилган тижорат корхонаси эмаслигига эътибор қаратади.
Китоби чоп этилгандан бир неча йил ўтгач, муаллиф университетлар ўз ривожланишларининг стратегик режаларини ишлаб чиқишда инобатга олишлари мақсадга мувофиқ бўлган қатор янги тенденцияларни қўшимча қилди:
- Онлайн-таълимни ривожлантириш
- Сунъий интеллект (СИ) асосида билимлар тизимини ривожлантириш
- Фаолият турлари спектрини кенгайтириш.
Бироқ, кўплаб тадбиркорлар олий таълим қиммати тушади ва янги кўникмаларни тезда ўзлаштириш учун касбий тайёргарлик мухтасар ўқув дастурлари биринчи планга ўтади, деган фикрдалар. IBM раҳбари Жинни Рометти Швейцариядаги Бутунжаҳон иқтисодий форумида билдирган фикрига кўра, бундай вазият “янги ёқалилар” – аввалда мавжуд бўлмаган, махсус тоифа мутахассислар юзага келишига олиб келади. Бу тоифага, унинг фикрига кўра, асосан рақамли иқтисодиёт учун қимматга эга, ривожланган техник кўникмаларни эгаллаган ходимлар, масалан, булутли технологиялар бўйича мутахассислар киради. Бундай мутахассислар учун IBM инновацион таълим дастурлари ва стажировкалар ташкил этган, бунга фирма касбий-техник билим юрти – P-TECH мисол бўлади. Уларда ўқиш олти йил давом этади, лекин бу вақт давомида талабалар ихтисосликни ўзлаштирибгина қолмай, параллель равишда ҳамкор-корхоналарда стажировка ўтайдилар.
Knowmad Society концепцияси муаллифи Жон Моравек таъкидлашича, технологик ўзгаришларнинг жадаллашуви инсониятни “бетўхтов ғоялар генераторлари” (knowmads)дан иборат “Жамият 3.0” шаклланишига олиб келади. “Knowmads – бу ажойиб тасаввурга эга, ҳар доим, ҳар жойда, ҳар ким билан ишлай олувчи ижодий, ташаббускор инсонлардир” .
Knowmads қуйидаги хусусиятларга эга бўлади :
- Ёш чекловларига эга эмас;
- Тўпланган ахборот ва овоза этилмайдиган тажриба асосида ўз билимларини шакллантирадиган, шунингдек шахсий билимларини янги ғоялар ишлаб чиқиш учун қўллайдилар;
- Ўз ғоялари ва тажрибаларини турли ижтимоий ва ташкилий шарт-шароитларда қўллашга қодирлар;
- Ҳамкорлик ва ижтимоийт алоқалар яратиш учун юксак мотивацияга эгалар;
- Муаммоларни ҳал қилиш ва географик чекловларин енгиб ўтиш учун янги технологиялардан фойдаланадилар;
- Билим ва тажриба алмашинуви учун очиқлар;
- Зарурат туғилганда янги ғоялар ва амалиётларни ўзлаштириб, худди ўқишда бўлганидек, қайта тайёрловда ҳам жадал бўладилар;
- Иерархик тузилмалар ва ташкилотларда ҳаракатлана ва ривожлана оладилар;
- Амалиёт орқали тез ўрганадилар;
- Муваффақиятсизликдан қўрқмайдилар.
“Янги воқелик таълимнинг мослашувчан, шахсийлашган вариантини талаб қилади, уни ҳозирги етказувчи таълим модели билан мутлақо таъминлаб бўлмайди” . Муаллиф ўқиш учун яна мактабга қайтиш, партада ўтириш ёки карьерада танаффус қилишни талаб этмайдиган таълим муҳитини яратиш зарурлигини таъкидлайди. Янги турдаги таълимни бир финжон қаҳва устида суҳбатлашиб ҳам ўзлаштириш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистонда инновациялар, технологиялар ва рақамли иқтисодиёт ривожланишига катта эътибор берилмоқда. Масалан, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 24 январда парламентга мурожаатида 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилди. “Биз ITга қизиққан иқтидорли ёшлар учун шароитлар яратишимиз керак, шундай қилмасак, улар бошқа мамлакатларга кетиб қоладилар. Бир миллион дастурчини тайёрлаш бўйича дастурни ишга туширдик. У кейинги йилларда катта натижалар келтиради” , — деди Президент.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳалар бошқаруви миллий агентлиги муҳокама учун “Рақамли Ўзбекистон 2030” миллий стратегияси концепциясининг лойиҳасини эълон қилди, унда инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор вазифалари тасвирланади (3- расм).
Ўзбекистон олий таълим тизимининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил марказлашган характердир, яъни назорат масъул вазирликлар томонидан амалга оширилади, бу таълимга замонавий услублар ва технологиялар кириб боришини чеклайди. Инҳа Университети Amity Университети, TEAM Тадбиркорлик Университети ва бошқалар каби халқаро ҳамда хусусий университетлар сонининг ортиши глобал муаммоларни ҳал этишга ва мамлакат иқтисодиётининг рақамлашуви жараёнига асосланишга қодир юқори малакали мутахассислар сони ортишига хизмат қилади.
Олий таълимдан кейинги таълим ҳам эътиборсиз қолмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактабида биринчи бор “Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция” ихтисослиги бўйича илмий ва илмий-педагогик кадрлар – фалсафа докторлари ва фан докторларини тайёрлаш институти очилди, уларнинг тадқиқотлар рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ илм-фан ва амалиётнинг амалда барча йўналишлари ва соҳаларини қамраб олади. Илмий кенгаш таркибига Стэнфорд университети, Массачусетс технологиялар институти, Хуачжу фан ва технологиялар университети, Амалий ахборот технологиялари институти каби АҚШ, ХХР, Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг етакчи университетлари ва илмий марказлари олимлари кирди.
Бироқ, олий таълим тизими ҳали ҳам бизга тўртинчи саноат инқилоби келтирадиган ўзгаришларга тайёр эмас. Шу тариқа, янги рақамли макон доирасида инсон капиталини ривожлантириш учун учта устувор йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин:
- Таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
- Инновацион-тадбиркорлик университетларини очиш;
- Анъанавий таълим ёндашувидан мослашувчан ва шахсийлашган таълимга ўтиш.