1. Мода ва тўқимачилик саноатининг ўзбек варианти.

Ўзбекистон жаҳон тарихида кучли пойдеворга эга. Кучли маданият жаҳон савдоси учун кўп сонли имкониятлар ва таклифлар юзага келишига хизмат қилади. Мода ва тўқимачилик – бу миллий мерос ва маданий бойликнинг бир қисмидир. Ушбу тармоқ шакллангандан буён пахта ва ипак унинг асоси бўлган. Хабарларга кўра, 2018 йилда умумий қиймати 222,1 млн долларга тенг 115,6 минг тонна пахта толаси[1], 2019 йилда эса, 244,1 млн АҚШ долларилик трикотаж ва тўқимачилик кийим-кечаклари экспорт қилинган[2]. Бугунги кунда республика дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи ўринни ва пахта экспорти бўйича бешинчи ўринни эгаллайди (2018 йилда 2,3 млн пахта хом ашёси)[3], пахтачилик соҳасида ривожланган тузилмага эга (Djanibekov et al., 2010; Kim & Park, 2019). Статистик маълумотлар далолат қилишича, ушбу кенг кўламли тармоқ мамлакатда яхши тақдим этилган ва давлатнинг иқтисодий ўсишига ўз ҳиссасини қўшади.

Бироқ, агар бу тармоқни қиймат ҳосил қилиш занжирининг таҳлили услуби доирасида (Kaplinsky & Morris, 2000)  тадқиқ қилсак, қиймат ҳосил қилиш занжири ўз якунига яқинлашгач, маҳаллий эмас, импорт иштирокчилар томонидан монополизация қилинишини кўрамиз. Мода соҳасида чакана савдо юзасидан тадқиқот ўтказиб (Чорсу, Абу Сахий, Олой, Ипподром, Кадишев, Қўйлиқ, Уч Қаҳрамон ва Ўрикзор бозорлари, Самарқанд Дарвоза, NEXT Mall), муаллиф аниқладики, истеъмолчилар асосан Хитой ва Туркиядан келтирилган импорт товарларни харид қиладилар. Бу қиймат ҳосил қилиш занжиридаги етишмаётган бўғин бўлибгина қолмай, мамлакат даромади учун жиддий йўқотиш ҳам саналади. Қизиқ парадокс шундаки, халқ шунчалик кўп миқдорда пахта, ипак ва бошқа хом ашё ишлаб чиқарса-да, бозорда маҳаллий брендлар жуда кам ёки умуман йўқ.

Тўқимачилик саноатида шундай қудратли саноат тарихига эга бўла туриб, нега маҳаллий тадбиркорлар маҳаллий ритейлда ўз ўрнига эга бўлмасин? – масала мана шунда. Ушбу мақолада муаллиф маҳаллий тадбиркорларнинг муаммоларини очиб беришга интилди ва уларни қўллаб-қувватлаш учун давлат идоралари нималар қилиши мумкинлигини тахмин қилиб кўрди.

2. Ижтимоий-иқтисодий имкониятларни кенгайтириш учун нега айнан маҳаллий тадбиркорлар/кичик ва ўрта бизнес керак?

Модалар бозори фақат кийим-кечак билан чекланиб қолмайди, у сумкалар, аксессуарлар ва интерьер ашёлари каби ҳаёт учун товарлар доирасидан анча ташқарига чиқади. Ўзбекистоннинг маҳаллий тадбиркорлар/жамоа ёки ҳунармандлар (маданият ва мерос илғорлари) КЎБ сифатида таснифланувчи анъанавий ҳунармандчилик (кашта, қўлбола тўқимачилик, атлас тўқиш ва ҳ.к.) билан шуғулланадилар. Европа комиссияси маълумотларига кўра[4], (ЕИда) кичик ва ўрта корхоналар (КЎК) барча корхоналарнинг 99 фоизини ташкил қилади ва кейинги беш йилда янги иш ўринларининг 85 фоизини таъминлади. Ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва КЎБ ўртасида табиий алоқа кузатилади. Жаҳон банки эълон қилишича, расмий КЎКлар ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларда умумий бандликнинг 60 фоизигача ва миллий даромад (ЯИМ)нинг 40 фоизигача қисмини таъминлайди ва бу статистик маълумотлар норасмий КЎКлар ҳисобга олинганда сезиларли даражада юқори бўларди (Ndiaye et.al. 2018). Улар мамлакат кўпчилик қишлоқ аҳолисининг ҳаёт кечириши учун таянч бўлади ва, бинобарин, фуқаролар иқтисодий стандартлари юқорилашишини таъминлайди. Турли олимлар (Tam et.al., 2005; Mesquita & Lazzarini, 2009; Nayak et.al., 2019; Khurana & Ryabchykova, 2018) ўсиш стратегияси сифатида маҳаллий тадбиркорлар (КЎБ)ни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлигини таъкидлайдилар. Бироқ, ҳар бир ривожланаётган иқтисодиёт ўз мажбурият тўпламларига ва, тегишлича, ечимларнинг ўзига хос мажмуасига эга эканлигини қайд этиш ўринли.

Бундан ташқари, ҳукумат экспорт даромадларини ошириш учун саноатнинг йирикроқ тармоқларини илгарилатиш бўйича катта саъй-ҳаракатларга қўл урди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги 2687- сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон тикувчилик саноатининг жаҳон экспорт секторидаги улушини ошириш мақсадида 2017-2019 йилларда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Агар Ҳиндистон ва Бангладеш каби ишлаб чиқарувчи мамлакатлар мисолига назар ташласак, КЎБ йирикроқ саноат тармоқларининг қўллаб-қувватловчи иттифоқдошлари эканлигини кўрамиз. Улар кўпинча кийим-кечакларнинг ип, молния, илгак, тугма, фьюизинг ва ш.к. асосий компонентларини ишлаб чиқарадилар ёки йирик фабрикаларда субпудратчи бўладилар, бу ишлаб чиқариш жараёнини умумий суратда жадаллаштиради. КЎБ, шунингдек, ишлаб чиқариш секторида жиддий обрўга эга (изчиллик ва сифат туфайли), бу етказиб берувчиларни танлашда харидорлар учун мажбурий талаб саналади.

Ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларда кўпинча мода ва тўқимачилик соҳасидаги корхоналар ё кичик ё ўртача эканлиги аниқланади. Бинобарин, улар миллий бизнеснинг асосий қисмини ташкил қилади ва инновациялар (Hervas-Oliver et.al., 2018), барқарорлик (Biondi et.al., 2002) ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш (Lin & Piercy, 2012) каби замонавий жаҳон тенденциялари ривожига катта таъсир кўрсатдилар.

Бу бутун тармоқни мустаҳкамлайди ва уни жаҳон бозорида рақобатбардош қилади. Ўзбекистон ички бозорида эса, етарлича таклиф мавжуд, ахир у 33 миллион нафар аҳолига эга ва уларнинг аксарияти ўрта тоифага кирувчи истеъмолчилардир. Тадқиқотчилар (Chun, 2010; Kharas, 2010) таъкидлашларича, бутун Осиё ва Африкада ўрта тоифа истеъмолчилар асосий иқтисодий рағбатлантирувчи саналадилар, чунки улар мамлакатда пул топиб, шу ерда сарфлайдилар. Ички бозорда дин истеъмолчининг харид темпераментига катта таъсир кўрсатади; у, шунингдек, модалар тақвими шаклланишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу ҳол маҳаллий брендларнинг Ўзбекистонда ва Марказий Осиё доирасида сезиларли ўсиши учун имконият эшикларини очади. Маҳаллий компаниялар бозор улушларини самарали ҳимоялаб, уларга хорижий брендларни киритмасликлари, шу билан мавжуд тизимдан нақдликлар чиқиб кетишига тўсқинлик қила олишлари мумкин. Қолаверса, диний ракурс амалда кичик ва ўрта компанияларга истеъмолчилар афзалликларига мувофиқ товарлар ишлаб чиқариш учун кўп имкониятлар яратади – ҳозирда истеъмолчилар шунчаки бозорда нима бўлса, сотиб оляптилар ёки бутун дунёдан онлайн буюртма орқали олмоқдалар.

Шу тариқа, маҳаллий тадбиркорлар/КЎБ ҳам хорижий, ҳам ички бозорларда мамлакатлар иқтисодиёти учун ўта амбицияли келажакни тақдим этишади. Мода индустриясида сотувларни рағбатлантириш учун ҳукумат идоралари бу компанияларнинг аҳамиятини ошириш борасидаги чора-тадбирларига танқидий назар ташлашлари керак бўлади.

3. Маҳаллий маҳсулотлар сари бир қадам олға

«Ўзтўқимачисаноат» ассоциацияси маълумотларига кўра, 1776 та корхона кичик, ўрта ва хусусий бизнес сифатида ишлайдилар. Ҳукумат экспорт сектори учун уларни яратишга салмоқли куч-ғайрат сарфлаганига асло шубҳа йўқ, аммо маҳаллий чакана савдода ҳали катта ишлар амалга оширилиши керак. Тожибоева (2019) таъкидлашича, КЎБ қатор муаммолар (бизнес юритишдаги тажриба чегаралангани, молия, илгарилатиш, инфратузилма, рақамлаштириш)га дуч келадилар, бу эса муваффақиятсизлик хатарини оширади ва, пировардида, бозордаги улуш жуда кичик бўлади. Тошкентдаги мода брендларининг бир неча соҳиблари қайд этишларича, улар ҳам шундай муаммоларга дуч келганлар. Бренд соҳиблари энг муҳим соҳалардан бирини алоҳида таъкидлаб кўрсатдилар – ихтисослашган таълим. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети мода соҳасидаги тадбиркорлар ва менежерлар учун ижро дастурини жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Бу брифингда мода соҳасидаги маҳаллий тадбиркорлар дуч келадиган муаммолар ва компаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қандай таълим кераклиги аниқланди. Маълумт бўлишича, асосан ишлаб чиқариш вазифаларида оқсаш кузатилади, чунки ишчилар ярашиш ва жаҳон стандартлари нуқтаи назаридан юқори сифатли кийим-кечак ишлаб чиқариш учун етарли малакага эга эмаслар. Боз устига, агар маҳсулотлари етарлича яхши бўлса, уни катта миқдорда чиқариш жуда қийин кечади ва бир вақтда бизнесни кенгайтириш мутлақо имконсиз бўлади.

Маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлашда ҳукумат жуда муҳим роль ўйнаши керак, чунки ҳозирда ушбу тадбиркорлар учун қиймат ҳосил қилишнинг тўлиқ занжирини (хом ашёдан тортиб чакана савдогача) тизимлаштириш талаб этилади. Шунчаки маблағлар тақдим этиш иш бермайди, чунки уларга бошқарув кўникмаси, шунингдек ўсиш учун фонддан қандай фойдаланиш маҳорати етишмаяпти. «Ўзтўқимачисаноат»нинг фақат маҳаллий КЎБ брендлари билан ишлайдиган ва уларнинг ҳисобини юритишга ихтисослашган бўлинмаси очилиши маҳаллий ва хорижий бозорларда прогрессни мониторинглаш учун ажойиб ғоя бўларди.

Маҳсулотлар сотувига ўтсак, жорий пандемияни инобатга олган ҳолда, онлайнга ўтиш Марказий Осиё ҳудудида маҳсулотлар сотувининг янада узоқроқ стратегияси бўлади. Яқинда кузатганимиз Express24 ни илгарилатиш жараёни сотувлар онлайн-платформаларининг ажойиб намунаси бўлади. Бундай умумий мультибрендли платформа асосидаги ҳамкорлик маҳаллий тадбиркорлар учун жуда ҳам фойдали ва мамлакатдаги янги иқтидорлар учун туртки бўлади.

Шу тариқа, маҳаллий брендлар давлат идоралари учун муваффақиятли танлов бўлади, чунки улар халқ учун жуда кучли ижтимоий-иқтисодий рағбат саналадилар.

4. Хулосалар

Ўзбекистон ўз олдига ўрта тоифанинг йирик ва мустаҳкам ижтимоий қатлам сифатида ўсишига урғу бериш ва 2030 йилга бориб ўртача даромадга эга мамлакат мақомига чиқишдек амбицияли мақсадни қўйган. Ҳар бир тармоқ бу жараёнга ўз улушини қўшиб, мамлакатга жаҳон савдосида ўз ҳиссасига эга бўлишда ёрдам бериши керак. Ўзбекистондаги жорий ислоҳотлар асосан кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган, аммо маҳаллий тадбиркорликка эътиборнинг жамланиши янада кенгроқ кўламда салоҳиятни ошириши керак. Маҳаллий брендлар мода ва тўқимачилик тармоғида қўшимча қийматни ҳосил қилиш занжирини якунлаши ва, шу тариқа, мамлакат даромадини ошириши керак. Амалда, маҳаллий брендлар фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий статусини мустаҳкамлашга, имкониятлар кенгайиши ҳамда тармоқ ва унинг манфаатдор томонлари ўртасидаги сермаҳсул ҳамкорликка хизмат қилишлари зарур.

 

[1] https://tashkenttimes.uz/economy/3432-uzbekistan-considerably-decreases-cotton-fiber-exports-in-2018

[2]  http://www.worldstopexports.com/uzbekistans-top-10-exports/

[3] http://www.xinhuanet.com/english/2019-02/12/c_137815290.htm

[4] https://ec.europa.eu/growth/smes_en

 

Каран Хурана

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *