Ҳануз машина таълими оддий одамлар учун хаёлот оламидан бўлиб кўринади. Шунга қарамай, аҳоли машина таълими алгоритмлари муваффақиятли қўлланилиши маҳсулидан ҳар куни фойдаланади – йўллардаги тирбандлик таҳлилидан тортиб ўзини ўзи бошқарувчи автомобилларгача.
Машина таълими – бу сунъий интеллектнинг бир бўлими бўлиб, таълим олишга қобил алгоритмларни қуришни ўрганади. Бунинг замирида компьютер шунчаки олдиндан ёзилган алгоритмни қабул қилмай, балки олдинга қўйилган вазифани ўзи ҳал этишга ўрганиши ғояси ётади.
Бу нега муҳим
Бугунги кунда компьютерлар олдинлари фақат инсон қўлидан келади, деб ҳисобланадиган соҳаларда қўлланилмоқда. Технологиялар ҳали ҳам идеалдан йироқ, лекин компьютерлар мунтазам такомиллашиб бормоқда. Назарий жиҳатдан, улар чексиз ривожланиши мумкин. Машина таълимининг таровати ҳам шунда.
Турли гажетлар пайдо бўлиб, интернет кенг тарқала бошлагач, рақамли маълумотлар ҳажми кескин ортди ва жадал ўсиб бормоқда. Чўнтакдаги мини-компьютерлар ёрдамида маълумотларнинг чексиз оқими тўпланади: онлайн-харидлар қиламиз, турли молиявий транзакцияларни амалга оширамиз, Фейсбукда янгиликлар билан бўлашамиз, Инстаграммга фотосурат юклаймиз ва ҳ.к. маълумотлар – бу ҳар қандай бизнес учун ҳаётий куч манбаидир. Фойдаланувчиларнинг дидлари ва нимани афзал билишлари ҳақидаги аҳборотни тез ва аниқ қайта ишлаш қарорлар қабул қилиш тезлигига таъсир қилади. Бу, ўз навбатида, рақобатчилардан илгарилаб кетишга, ресурсларни тежашга ва маҳсулотлар сифатини яхшилашга имкон беради.
Қаерда қўлланилади
Машина таълимининг кўплаб қўлланиш соҳалари мавжуд. Технология қуйидагиларда ёрдам беради:
- виртуал ассистентлар нутқларини таниш;
- тилларни аниқлаш;
- сайтларда тавсия қилиш;
- дастхатларни фарқлаш;
- тасвирни кўриш ва таснифлаш;
- валюталар қийматини прогнозлаш;
- талабни таҳлил қилиш.
Молия тармоғида машина таълими алгоритмлари кредитлаш, суғурталаш, қаллобликдан ҳимояланиш бўйича ҳисоб-китоблар қилиш ва қарорлар қабул қилишда ёрдам беради. Нисбатан қисқа вақт ичида минглаб потенциал кредит ўзгарувчиларини қайта ишлашнинг юқори тезлиги потенциал қаллобликни, мажбуриятларни бажармаслик хатари ва мижозлар билан узоқ муддатли муносабатлар эҳтимолини яхшироқ ҳисоблаб чиқиш имконини беради. Натижада компания кредитлар бериш бўйича чуқур ўйланган қарор қабул қилади, бу қарз берувчилар учун кредитлар очиқлиги ошишига ва уларнинг сўндирилиши фоизи ортишига сабаб бўлади.
Соғлиқни сақлашда машина таълими ҳайратланарли имкониятларни намойиш этмоқда. 2017 йил бошида сунъий интеллект тизимлари соҳасидаги мутахассис Себастьян Трун, Стэнфорд университетидаги ҳамкасблари билан биргаликда, машина таълими алгоритми потенциал тери саратони касалликларини ташхислашини намойиш этди. Диагноз профессионал врачлар диагнозларидан ҳеч ҳам фарқ қилмади.
Medecision компанияси йирик аҳоли пунктларида турли касалликлар учун хатар омилини ҳисоблаб топиш мақсадида машина таълимидан фойдаланади. Масалан, алгоритм диабетга чалинган бемор шифохонага ётқизишга муҳтожми ёки йўқлиги ҳақида хулоса чиқаришга ёрдам берувчи саккизта ўзгарувчини аниқлади.
LinkedIn ижтимоий тармоғи 2018 йилда СИ-ассистентни ишга туширди, у иш изловчиларга резюме тузиш имконини беради: ёрдамчи керакли соҳадаги ўхшаш анкеталарни саралаб олади ва маслаҳатлар беради. Шунингдек, у ҳужжатнинг ахборот ташувчанлигини ошириш ва иш берувчи учун қизиқарлироқ қилиш имконини берувчи турли атамалардан фойдаланишни таклиф этади.
Ўзбекистонда қўллаш истиқболлари ва имкониятлари
Татбиқ этиш ва ривожлантириш учун энг талабгир ва истиқболли тармоқлардан бири – бу қишлоқ хўжалиги бўлиб, Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга. Ўсимликлар касалликларининг барвақт ва аниқ диагностика қилиниши агробизнес унумдорлигини сезиларли ошириш имконини беради. Анъанавий услублар – бу визаул кузатув. Аммо бу жараён самарали эмас, чунки инсон адашишга мойил.
Агар бу вазифа машина таълими технологиясига эга дастурга берилса, ўсимликлар касалликларини аниқлаш самарадорлиги сезиларли ортади. Дастур касалланган ўсимликларнинг юз минглаб фотосуратларини таҳлил қилади, машина таълими алгоритми касаллик тури ва оғирлик даражасини белгилайди. Келажакда, касалликлар сабабли ҳосил йўқотилишини қисқартириш мақсадида, дастур ҳатто касалликка қарши курашиш услублари бўйича тавсиялар бериши мумкин бўлади.
Касалликлар диагностикасидан ташқари, замонавий қишлоқ хўжалигининг асосий вазифаларидан бири ҳосилдорликни оширувчи уруғлар ва экинларни ҳимоялаш воситаларини яратиш саналади. Ўсимликшуносликда машина таълими ташқи муҳит ўзгаришларига яхшироқ мослашадиган ва униб чиқиши юқорироқ бўлган “самарали” уруғларни танлашда ёрдам беради. Шунингдек, машина таълими сувдан оқилона фойдаланиш, озуқа моддаларини самарали қўллаш ва қишлоқ хўжалиги экинларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш бўйича ҳам ечимлар таклиф қилиши мумкин.