Янги инновацион технологияларни татбиқ қилган ва муваффақиятга эришган/омадсиз чиққан стартаплар

Технологик стартаплар кескин ўсиши кузатилган кейинги 20 йилда дунё маҳаллий ёки глобал муваффақиятга эришган юзлаб инновацион лойиҳаларнинг гувоҳи бўлди. Шу билан бирга, экспертлар ва таҳлилчилар мунтазам равишда уларнинг айримларини энг илғор ғояларни намунавий амалга оширилиши сифатида ажратиб кўрсатадилар.

 

Тадбиркорлик тарихида энг муваффақиятли чиққан омадли стартаплар сирасига AirBnBни киритадилар. Бу бизнес-гигантнинг тарихи компания асосчилари матрасларни ижарага беришдан то қиймати 10 миллиард доллар турадиган компаниягача бўлган йўлни босиб ўтганларини қамраб олади. 2007 йилда дизайнерлар Брайан Чески ва Жо Геббиа Сан-Францискодаги ўз хонадонлари учун ижара ҳақига пул топа олмадилар. Сан-Францискода ўша пайт дизайнерлар конференцияси ўтаётганди ва шаҳардаги барча меҳмонхоналар тўлиқ бронланганди, шу сабабли улар уйларида, полдаги учта пуфланадиган кроватни ижарага бериш ва меҳмонларни нонушта билан сийлашга қарор қилдилар. Шунда улар оддий блог очдилар, ҳар бири 80 доллардан тўлашга тайёр учта ижарачини топдилар. Синов муваффақиятли чиққач ва маҳсулот бозорга мос келгани маълум бўлгач, улар собиқ ҳамхоналари ва компьютер фанлари билимдони Натан Блечарчикни веб-сайт ишлаб чиқишга ва лойиҳага бош қўшишга таклиф қилдилар. Бугунги кунда AirBnB – бу 6 000 дан зиёд киши ишлайдиган ва 4,7 млрд. АҚШ долларилик айланмага эга компаниядир.

Оддий ғоядан бошланган бошқа бир технологик компания 8 ҳафтада илова яратган икки йигит тарихидир. Стэнфорд университети битирувчиси Кевин Систром Googleда Gmail ва корпоратив ишланмалар устида ишлаб юрган пайтларида дам олиш кунлари суратга олиш ва жойлашувга қараб қайдлар билан алмашиш имконини берувчи иловани яратди ва уни Burbn деб атади. Айнан шу тариқа, у Burbnнинг илк фойдаланувчиларидан ҳамда Instagram ҳаммуассиси бўлмиш Майк Кригер билан танишди. Кейинроқ Бербн фотосуратларгача қисқарди ва Instagram номини олди. Натижада бугунги кунга келиб Инстаграм – бу фойдаланувчилари сони 1 000 000 000 нафардан ошган, дунёдаги энг катта ижтимоий тармоқлардан бири бўлди. 2012 йилда Facebook компанияси Instagramни 1 миллиард АҚШ долларига сотиб олди.

Энг яхши кейслар сафига кирувчи навбатдаги муваффақиятли стартап – бу LinkedIn технологик компаниясидир. LinkedIn ҳаммуассис Рид Хоффманнинг уйида дунёга келди ва сайт расман 2003 йилда ишга туширилди. Муваффақиятнинг сабабларидан бири Рид аввалда Google, Ebay ва PayPal директорлар кенгашларига кирганида эди, шу сабабли унда молиялашнинг биринчи раундини қандай ўтказиш ва, пировардида, ўз янги компаниясининг акцияларини Нью-Йорк фонд биржасида қандай жойлаштириш бўйича анча тажриба бор эди. Бугунги кунда компанияда 15000 дан зиёд киши ишлайди, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони эса, 6-7 миллион кишини ташкил қилади.

Uber тарихи Парижда, 2008 йилда бошланган. Ўшанда икки дўст – Трэвис Каланик ва Гаррет Кэмп Economist “инқилобчилар келажак режаларини қуриш учун тўпланувчи маскан” деб таърифлаган LeWeb ҳар йилги техник конференциясига келадилар. 2007 йилда иккаласи ўзлари ишлаётган стартапларни – Каланик Red Swooshни Akamai Technologiesга 19 миллион долларга, Кэмп эса, StumbleUpon eBay (EBAY)ни 75 миллионга сотган бўладилар. Миш-мишларга кўра, Uber ғояси конференция кунлари, аниқроғи қишнинг аёзли тунида, бу икки дўст такси тополмай қийналишганда туғилган экан. Дастлаб ғоя илова орқали буюртириш мумкин бўлган таймшерли лимузин хизматини тақдим қилишдан иборат бўлган. Конференциядан кейин тадбиркорлар ажралиб кетишди, лекин Кэмп Сан-Францискога келганида мана шу ғояга эътибор берди ва UberCab.com домен номини сотиб олди.

 

Шу билан бирга, салмоқли инвестицияларга қарамай, таназзулга учраган бир нечта стартаплар ҳам мавжуд. Омадсиз чиққан лойиҳалар етакчилигини Essential қўлдан бермайди – Apple ва Samsungнинг янги муқобили сифатида Essential биз ҳали кўрмаган кўплаб ғоялар билан жорий этилади. Essentialнинг 40 кишидан иборат жамоаси янги смартфон яратилишига уринишлар ҳақида эълон қилади. Лойиҳа асосини Android ва Appleнинг собиқ дастурчилари ва Googleдан йирик “хайрлашув нафақаси” – 90 миллион доллар билан кетган Энди Рубиннинг Androidни ишлаб чиқишда олган тажрибаси ташкил қиларди. Essential лойиҳаларида уларнинг мақсадлари олд панелсиз инновацион телефон ишлаб чиқиш эканлиги айтиларди. У, шунингдек, модулли бўлиши керак эди. Essentialга атаб, муҳандислар телефонга янги функцияларни қўшиш учун аппарат аксессуарларини яратиш мақсадида чет ишлаб чиқарувчилар мосламаларига мос келувчи магнит разъём ишлаб чиқадилар.

Касод бўлган стартапларнинг яна бир намунаси ScaleFactor саналади. Ўз аризасида Курт Ратманн йирик инвесторларга у кичик бизнес учун бухгалтерияни юрита оладиган инқилобий СИ ишлаб чиққанлигини тасвирлайди. Амалда эса, ишнинг асосий қисмини одамлар бажарадилар, бухгалтерия ҳисоби кичик бизнес учун бош оғриқ, мураккаб вазифа бўлиб, қимматга айланадиган харажатлар билан боғлиқдир. Курт Ратманннинг стартапида сеҳрли ечим бор эди: сунъий интеллект базасидаги воситалар бухгалтер ўрнини босиб, ундан кўра кўпроқ иш қила олишлари кутиларди.

Унча қиммат бўлмаган ҳақ эвазига ScaleFactor бухгалтерия ҳисоби, ҳисоб-китоблар ва солиқларни расмийлаштиришни ўз зиммасига олади. Агар мижозлар шубҳалансалар, уларни йирик венчур компаниялар тиккан 100 миллион доллар хотиржам қиларди. Боз устига, потенциал мижозларни “Зеро оқшомлар молия эмас, оила учун чиқарилган” шиори ром қиларди.

Аммо, оқшомларни оила даврасида ўтказишни маъқул топган тадбиркорларнинг кўпчилиги тез орада ScaleFactorни танлаш қарорларидан афсусландилар: улар пули тўланган хизматларни ололмадилар. Стартапнинг собиқ ходимларининг сўзларига кўра, молиявий ҳисобот учун дастурий таъминот ўрнига, бу ишларнинг аксар қисмини ўнлаб бухгалтерлар қўлда, ScaleFactorнинг Остиндаги бош қароргоҳида ўтириб ёки Филиппиндаги аутсорсинг офисидан бажарганлар. Айрим мижозлар ҳисоботларда хатолар бўлганлигини, қўшимча бухгалтерлар ёллашга ёки камчиликларни ўзлари тўғирлаб чиқишларига мажбур бўлганликларини айтадилар. 23 июнь куни ScaleFactor бош директори компаниянинг йиллик доимий даромади қарийб икки баробарга қисқариб, 7 миллион долларни ташкил қилганида COVID-19 пандемиясини айблади, чунки пандемия сабабли кичик бизнес томонидан талаб камайиб кетганлигини айтди. Ходимлар уч ойлик хайрлашув нафақаси билан ишдан бўшатилишини, инвесторларга маблағлари қайтарилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, жабрланган мижозларнинг кўпчилиги бирламчи сабаб компаниянинг мижозлар олдидаги ўз мажбуриятларини бошқа бажара олмаслиги бўлганлигини тушуниб турардилар. Муваффақият чўққисида бўлган пайтларда ScaleFactor бошқарув панели ёрдамида молиявий жараёнларни рақамлаштиришни, у бешта асосий автоматизацияланган воситаларга таянишини ваъда қилганди: бухгалтерия ҳисоби, молиявий прогнозлаш, ҳисобларни тўлаш, солиқларни тўлдириш ва иш ҳақини ҳисоблаш. Мижозлардан фақат ҳужжатлар, квитанциялар ва сотувлар дастурий таъминотларига кириш учун маълумотларни топшириш сўраларди. Аслида эса восита хатолар билан ишларди ва транзакцияни аниқ саралаш учун унга таяниб бўлмасди, шу сабабли ScaleFactor бухгалтерлар жамоасини ёллади, улар мижозларнинг ҳисоботларини қўлда тўлдиришар ёки дастурий таъминот хатоларини тўғрилашарди. Натижада ушбу таназзулга учраган стартапга венчур инвестициялар ҳажми 100 миллион доллардан ошди.

Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, стартаплар таназзулининг асосий сабаби улар ўз товарлари ёки хизматларини сотмоқчи бўлган бозорни яхши тушунмасликлари ёки бу бозорнинг умуман мавжуд эмаслиги бўлади. Бошқа муҳим сабаблар қаторида нақд маблағларнинг тезда “оқиб” кетиши, жамоада кўникмалар ёки билимлар йўқлиги, жўшқин ривожланаётган бозорда рақобатчилардан ўзиб кета олмаслик мавжуд. Шу билан бирга, аксарият ҳолларда стартапнинг юрмаслиги замирида бир эмас, бир нечта сабаб ва муаммолар ётади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *