Глобал исиш яна ўзи ҳақида ва, ҳар доимгидек, салбий жиҳатдан эслатди. Бу гал ташвишли хабарлар Гренландиядан келди. 13 август куни Communications Earth and Environment журналида чоп этилган маълумотлар Гренландия музликларининг эриши қайта тиклаб бўлмас нуқтадан ўтганлигини кўрсатмоқда. Олимлар фикрларига кўра, Гренландияга ҳар йили ёғадиган қор миқдори муз қатлами қисқариши суръатига ета олмаяпти. Шу тариқа, бу минтақанинг “муз қалқони” тобора юпқалашиб бормоқда. Тадқиқот муаллифларидан бири, Огайо штати университети қошидаги Берд қутбий ҳамда иқлимий тадқиқотлар маркази етакчи мутахассиси Микалий Кинг айтишича, масофавий зондлаш ёрдамида музликларнинг дунё океанига кўчиши ва уларнинг тикланиши жараёнларини ўрганишга муваффақ бўлинган.

Олимлар 1980–90 йиллар маълумотларини таҳлил қилиб, ҳар йилги кўчган музликлар миқдори тахминан бир йилда ёққан қор миқдорига тенг бўлган, деган хулосага келганлар. Бошқача қилиб айтганда, муз қатлами ҳолати нисбатан барқарор бўлган. Тадқиқотларга кўра, мазкур кейинги икки ўн йиллик ичида Гренландия муз қатлами йилига 450 гигатонна муз йўқотган. Бироқ кейинги 5–6 йил ичида океанга муз кўчиши кескин ортган. 2000 йилдаёқ йўқотилган музликлар сони 500 гигатоннани ҳосил қилди. Кингнинг сўзларига кўра, 1985 йилдан бошлаб Гренландиядаги йирик музликларнинг умумий кўчиши 3 километргача масофани ташкил қилган. Боз устига, олимлар фикрларига кўра, инсоният глобал истишни тўхтата олган бўлганда ҳам, музликларнинг йўқотилиши у ёки бу даражада уларнинг тикланиши тезлигидан ошган бўларди. Шунингдек, прогнозларга кўра, Гренландия музликлар кўчишини кўпи билан ҳар 100 йилда 1 мартагина компенсациялаши мумкин.

Ушбу шароитлар инобатга олинса, АҚШ Президенти Дональд Трамп Гренландияни АҚШнинг стратегик манфаатларини қўллаб-қувватлаш учун сотиб олиш ниятини билдирганда бироз шошганлиги кўринади. Тўғри, Дания ҳам ўтган йили билдирилган бу таклифга рад жавобини берганди. Нима бўлганда ҳам, силжиб бораётган музликлар ишончли форпост бўла олиши эҳтимолдан йироқ. Олимлар ҳисоблашларича, сайёрада иқлим шароитлари ёмонлашиб борса, Гренландия музликлари кейинги 10 000 йил ичида бутунлай йўқолиб кетиши эҳтимоли мавжуд. Бу ҳолатда жаҳон океани даражаси тахминан 20 фут (6 метр атрофида)га кўтарилиши мумкин. Бундан ташқари, бугунги кунда денгиз сатҳидан тақрибан 3 000 метр баландликка бўй чўзган музликлар чўққилари пасая бошлаши билан, эриш жараёни Ер юзасига яқинлашув туфайли ҳарорат ортиши оқибатида янада жадаллашади.

Бугунги кунда бир нарса аниқ: ҳатто глобал исиш буткул тўхтатилса ҳам, унинг айрим оқибатларини тўғрилаб бўлмайди. 150 йил давомида саноат инқилобига қарши тура олган Гренландиянинг баҳайбат музликлари охир-оқибатда глобал исишнинг ҳалокатли оқибатлари олдида ожизлигини тан олишга ва чекинишга мажбур бўлди.

Link 1
Link 2
Link 3

 

QVANT таҳририяти тахлил гуруҳи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *