COVID-19 коронавирусининг шитоб билан тарқалиши туфайли юзага келган пандемия жаҳон иқтисодиёти учун жиддий синов бўлди. Бугуннинг ўзида ҳукуматлар, бизнес вакиллари ва хусусий шахслар зудлик билан карантин ва ўзини иҳоталашнинг мураккаб шароитларига мослашишга мажбур бўлмоқдалар. Экспертлар ҳаёт ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида вазият қандай ривожланишини башорат қилишга минг уриниб, алал-оқибат бу башоратлар эртасигаёқ пучга чиқаётганини тан олмоқдалар. Шунга қарамай, бизнес ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқлари мавжуд маълумотларни жамлаб, жорий вазиятга нисбатан ўз ҳисоб-китобларини келтирмоқдалар. Ушбу мақолада биз инсон фаолиятининг турфа соҳаларига ва сайёрадаги ҳаётнинг умумий кўрсаткичларига пандемия таъсирининг умумий манзарасини етказишга қарор қилдик. 

Меҳнат бозори

COVID-19 инқирози, иқтисодий узилишлар орқали, 3,3 миллиард инсонни қамраб олган жаҳон меҳнат бозорига таъсир кўрсатади (ILO, 2020). Бутун дунёда иқтисодий фаоллик сусайиши кузатилмоқда, бу аҳоли бандлиги қисқаришига ва корхоналар даромадларининг камайишига олиб келади. Шунингдек, вирусга қарши курашиш учун қўлланилаётган чора-тадбирлар (мажбурий ёки ихтиёрий ўзини иҳоталаш) туфайли, аксарият ишчилар ишларини давом эттиролмай қолдилар ёки фаолият соҳаларини ўзгартиришларига тўғри келди.

ЖМТ (ILO) маълумотлари COVID-19 пандемиясининг бутун дунёдаги корхоналар, айниқса норасмий тармоқ ишчиларига ҳалокатли таъсир қилишини кўрсатади. 2020 йил 22 апрель ҳолатига 81 фоиз иш берувчилар ва индивидуал асосда банд бўлган 66 фоиз ишчилар COVID-19 пандемияси туфайли фаолиятини тўхтатиш тавсия этилган ёки талаб этилган мамлакатларда яшайдилар ва ишлайдилар.

Апрелнинг иккинчи ва учинчи ҳафтасида бундай ишчилар сони 81%дан 68%га тушган бўлса-да, бу асосан Хитойда иш ўринлари ёпилиши бекор қилингани ҳисобига рўй берди. Шунга қарамай, дунё бўйлаб вазият ёмонлашди, бу даромадларга ва иш ўринларига жиддий таъсир кўрсатади.

 

Пандемия шароитида вирус билан кураш туфайли меҳмонхоналар, бар ва ресторанларни ҳамда нозарурий дўконларни ёпиш зарурати меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш соҳасидаги ишчилар ва иш берувчиларнинг аксар қисми ишсиз қолишига сабаб бўлди. Шунингдек, етказиб бериш занжиридаги узилишлар сабабли, ишлаб чиқариш тармоғида ишлаб чиқариладиган товарларга талабнинг тушиб кетиши билан янада мураккаблик келтирган узилишлар кузатилмоқда.

ЖМТ баҳолашига кўра, биринчи чоракда йўқотилган соатлар миқдори, инқирозгача (2019 йил тўртинчи чораги) бўлган даражага нисбатан 4,5%ни ташкил қилади (бу, тахминан, 48 соатлик иш ҳафтасида, 130 миллионта тўлиқ бандлик асосидаги иш ўрнига тенг).[1]

ЖМТга кўра, 2020 йил биринчи чорагида меҳнат фаоллигининг тахмин қилинаётган пасайиши турли минтақаларда турличадир. Масалан, бу йил биринчи чорагида ишланган соатлар сони Осиё-Тинч океани минтақасида, 2019 йилнинг охирги чорагига қараганда, 6,5%га қисқарди (бу Шарқий Осиёда 11,6%га қисқариш туфайли рўй берди), бошқа барча йирик минтақаларда қисқариш 2%дан камроқни ташкил қилди. Меҳнат бозорининг бундай тузилмаси дунёнинг турли минтақаларида вирус тарқалиши лаҳзалари ва ижтимоий масофалаш бўйича тегишли чоралар даври фарқланиши билан яқин боғлиқ. 2020 йил биринчи чоракда соатлар йўқотилишининг глобал қонуниятлари кўп жиҳатдан ушбу даврда Хитойда COVID-19нинг сезиларли таъсири билан изоҳланади.

Иккинчи чоракда иш вақтининг қисқариши дастлабки тахминлардан ҳам ёмонроқ бўлиши кутилмоқда. 2020 йил 22 апрель ҳисоб-китобларига кўра, иккинчи чоракда, кутилишича, умумий иш вақти охирги инқрозгача даврдагига нисбатан 10,5%га кам бўлади (бу тўлиқ иш кунилик 305 миллион иш ўрнига тенгдир). Бунга чекловлар аллақачон қўлланилаётган кўплаб мамлакатларда бу чоралар янада узайтирилиши ва қатъийлашуви сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа мамлакатлар ҳам янада қатъий чеклов чоралари жорий қилдилар, жумладан меҳнат фаолиятини мажбурий ёптириш қўлланилди.

Туризм

COVID-19 авж олиши истисносиз ҳар бир тармоққа таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиёти учун янги ларза бўлди. Чегараларнинг ёпилиши, авиава темир йўл халқаро қатновларининг тўхтатилиши, карантин чоралари, фавқулодда ҳолат ва ўзини иҳоталаш режими – буларнинг бари жаҳон иқтисодиётидаги энг меҳнатталаб тармоқлардан бири – туризмга кучли зарба берди.

Жаҳон туризм ва саёҳатлар кенгаши (WCTT) маълумотларига кўра, бугунги кунда туризм ва саёҳатлар индустриясининг жаҳон ЯИМдаги улуши 3,5%ни ташкил қилади. Янги яратилган иш ўринларининг ҳар тўртинчиси туризм ва саёҳатлар соҳасида ташкил этилади.[2]

Бутун дунё бўйлаб таъсир 100 дан зиёд мамлакатлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун халқаро сафарларга чекловлар белгиладилар.[3] Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, фақат 2020 йилнинг биринчи чорагининг ўзида туризм халқаро сайёҳлар сонининг 22%ини йўқотди ва бу йўқотишлар келгусида 60-80%ни ташкил қилиши мумкин.[4] 2020 йил мартига келиб сайёҳлар сонининг 67 миллионга тушиб кетиши 80 миллиард АҚШ долларига ёки Гватемала, Уммон ва Эфиопия мамлакатлари ЯИМга тенгдир. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда Осиё ва Тинч океани мамлакатлари саёҳатлар ва туризмдан даромадларнинг энг катта қулашига дуч келадилар. 2020 йил февраль ойи ҳолатига, Осиё-Тинч океани минтақасига халқаро сайёҳлик келиши, ҳисоб-китобларга кўра, 9 дан 12 фоизгача пасайган, бу 2019 йил охирида прогноз қилинган 5-6 фоизли ўсишдан анча фарқ қилади.[5] Ҳеч бўлмаганда инқирознинг дастлабки ҳафталаридаги бундай пасайиш Хитойдан келувчи сайёҳлар сонининг қисқариши билан изоҳланади, улар нафақат Осиё, мамлакатлари, балки бутун дунё сайёҳларининг аксар қисмини ташкил қилади. 2020 йилнинг биринчи чорагининг ўзида бу тармоқнинг йўқотишлари 35%га етди.

 

 

Кейинги эпицентр Европа бўлди. ЕИ туризм индустриясида 13 миллион киши банд. У COVID-19 авж олиши оқибатида ҳар ойда тахминан 1 млрд € йўқотади.[6]  2020 йилнинг биринчи уч ойида Европа мамлакатлари сайёҳлик тармоғи асосий – Хитой, Япония, Корея Республикаси, АҚШ, шунингдек ЕИ мамлакатларидан халқаро келишларда сезиларли пасайишга учради (19%). Бундан ташқари, энг машҳур сайёҳлик йўналишларига кирувчи Италия, Испания ва Францияга коронавирус эпидемияси айниқса оғир синов бўлди.

Америка қитъаси ҳам туризм соҳасида сезиларли зарарлар кўрди – хорижий сайёҳлар сони камайиши 15%ни ташкил қилди. Пандемия ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ зиён етказган Америка Қўшма Штатлари[7], сайёҳлик йўналишларининг топ-ўнталигига кирса-да, сезиларли зарар кўради.[8]

Жаҳон туризм ва саёҳатлар бўйича кенгаши, бешта ҳаво транспорти ва туризм халқаро ташкилоти халқаро молиявий муассасаларга, мамлакатни ривожлантириш бўйича шериклар ва халқаро донорларга Африкада 24,6 миллион инсон ва барча кичик ҳамда ўрта корхоналарнинг 80%и банд бўлган саёҳатлар ва туризм тармоғини қўллаб-қувватлашни сўраб мурожаат қилдилар. Тезкор молиялаштиришсиз, COVID-19 эпидемияси Африка иқтисодиётига 169 миллион доллар (қитъа ЯИМнинг 7,1% фоизи)ни келтирувчи ушбу тармоқни ҳалокатга учратиши мумкин. Коронавирус эпидемияси натижасида Африкага келувчи хорижий сайёҳларнинг сони қисқариши аллақачон 13%га етди. Энг машҳур туристик мамлакатлар – Марокаш, Миср, Жанубий Африка ва Тунис (2018 йилда уларга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони, тегишлича, 12,3, 11,5, 10,5 ва 8,3 миллион нафарни ташкил қилган) коронавируснинг тарқалишини камайтиришга қаратилган чоралар қабул қилмоқдалар, ваҳоланки унинг таъсири ҳали бошқа мамлакатлардаги даражага чиққани йўқ.[9] Мисрда COVID-19нинг энг салбий оқибати туризмда кузатилади, чунки 2018-2019 йилда бу тармоқ мамлакатга 12,5 миллиард АҚШ долларини келтирганди, бу мамлакат ЯИМнинг тахминан 20%ни ташкил қилади.[10] Яқин Шарқда сайёҳлик фаоллигининг сусайиши 2020 йил биринчи чоракда 11%га етди. 2018 йилда қарийб 16 миллион сайёҳ рўйхатга олинган БААда Абу Даби ва Дубай каби сайёҳлик шаҳарлари ёпилиб бўлди. Саудия Арабистони ва Қатар G20да раҳбарликни олгач, 65 та миллий, минтақавий ва халқаро спорт тадбирларига мезбонлик қилувчи ушбу мамлакатларда 2020 йил сезиларли иқтисодий ўсиш бўлиши кутилаётганди.[11] Бироқ, Яқин Шарқ мамлакатлари учун, бошқа мамлакатларида бўлгани каби, барча ўсиш тахминлари иқтисодий йўқотишлар ҳисоб-китобига айланиб кетди.

Бандлик

Жаҳон туризм ва саёҳатлар кенгаши (WTTC) ҳисоб-китобига кўра, коронавирус туризм ва саёҳатлар соҳасида 50 миллионта иш ўрнини хатар остига қўйди, бу иш ўринларини 12-14%га камайиши деганидир. Йўқотилиши мумкин бўлган 50 миллион иш ўрнидан тахминан 30 миллиони Осиёда, етти миллиони Европада, беш миллиони Америкада ва қолганлари бошқа қитъаларда кузатилади.[12] Туризм аҳолининг заиф қатламлари – паст малакали мигрантлар, хотин-қизлар ва талабалар учун иш ўринлари яратишда етакчи соҳа эканлиги инобатга олинса, бу рақамлар айниқса ачинарли кўринади.

Туризм ва саёҳатлар соҳасида фаолият юритадиган кўплаб кичик ва ўрта корхоналар тирик қолиш учун курашишларига тўғри келади. Чекловчи ва профилактика чоралари, иҳоталаш режими, иш жараёнидаги ўзгаришлар билан боғлиқ харажатлар улар учун ҳаддан ташқари юқори бўлиши мумкин. Кўплаб компаниялар, амалиёт харажатларини камайтириш учун, аллақачон ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилдилар, бошқалар эса, кўплаб давлатлар бирламчи аҳамиятга эга бўлмаган барча корхоналарнинг ёпилишини белгилагандан кейин, бундай қилишга мажбур бўлдилар. Чунончи, иҳоталаш режими жорий этилиши натижасида Францияда 75 мингта ресторан, 40 мингта қаҳвахона ва 3 мингта клуб ёпилди, бу 1 миллион иш ўрни йўқотилишига олиб келди.[13] Умумий овқатланиш муассасаларидан ташқари, ишдан бўшатиш ва ишсизлик меҳмонхона бизнесини, сайёҳлик операторлари ва халқаро авиакомпанияларни ҳам қамраб олади. Мисрда коронавирус эпидемияси туризм соҳасида банд бўлган тахминан 3 миллион ходимни ишсиз қолдирди.[14] АҚШда коронавирус сабаб бўлган инқироз ишдан бўшатишлар тўлқинини юзага келтирди, бу ишсизлик нафақасига сўровлар кескин ортишига олиб келди – улар сони 21-28 март ичида бир ҳафтада 3,3 миллионга етди.[15]

Бундан ташқари, туризм ва саёҳатлар соҳасидаги бандликнинг мавсумийлик; беқарор бандлик; иш ҳақининг пастлиги; тартибга солиш, ҳуқуқ қўллаш ва меҳнатни ташкил этишнинг заифлиги каби хусусиятлари COVID-19 пандемияси оқибатларини фақат мураккаблаштиради, холос. Жаҳон туризм ва саёҳатлар кенгаши экспертларининг прогнозларига кўра, COVID-19 авжланиши назорат остига олинганидан кейин, сайёҳлик тармоғига одатий фаолиятга қайтиш учун 10 ойгача вақт талаб қилинади.

Ишлаб чиқариш

COVID-19 коронавирусининг жадал тарқалиши ва у юзага келтирган пандемия дунё бўйлаб минглаб корхоналар фаолиятининг сусайиши ёки буткул тўхташига олиб келди. Туризм ва умумий овқатланиш каби соҳалар пандемиядан энг кўп азият чеккан дейилса-да, коронавирус, шунингдек, саноат ишлаб чиқаришнинг кўплаб соҳаларига ҳам салмоқли зарба берди.

Автомобиль саноати

Хитой янги коронавируснинг эпицентри ва унинг иқтисодий таъсирини ўзида ҳис қилган биринчи мамлакат бўлди ва бу ҳам Хитой автомобиль саноатига, ҳам бошқа мамлакатларга Хитой автомобиль бутловчи қисмларини етказиб бериш занжири ишлашига сезиларли зарар етказди. Биринчи чорак охирига автомобиль тармоғидаги сотувлар 36%га тушиб кетди ва умуман олганда, 2020 йилда бозорнинг қисқариши 12%ни ташкил қилиши кутилмоқда. Европа автоишлаб чиқарувчиларининг йўқотишлари тахминан 20-30% атрофида бўлади, тайёр маҳсулот чиқариш эса, 5-6 млн. донага қисқаради. Бозорда энг кучли зарар кўрган иштирокчилар қаторида Италиядаги энг йирик ишлаб чиқарувчи – Fiat, Европадаги ишлаб чиқаришининг 40 фоизи Испанияда жамланган Ford, Renault-Nissan ва PSA тилга олинади. Шимолий Америкада автомобиль саноатининг эҳтимолий йўқотишлари бозорнинг 25-30%ини ташкил қилади, бу ишлаб чиқаришнинг йилига 4 млн.дан 5 млн.гача автомобилга қисқаришига олиб келади.[16]


Қишлоқ хўжалиги тармоғи

Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизилиги аҳоли учун ниҳоятда муҳим шарт саналади. БМТ маълумотларига кўра, сайёрадаги очликда яшаётган аҳоли сони 80,3 млн. кишига ортиши мумкин. Шу билан бир вақтда Европа Иттифоқи ишчи кучи тақчиллигига дуч келмоқда. Италия ва Испанияда мавсумий ишчи кучи қишлоқ хўжалигида банд жами ишчи кучининг 20%ини ташкил қилади. Германия зарурий ишчи кучи миқдорини 100 000 та деб ҳисоблади.

Етказиб бериш занжирининг бузилиши бутун дунёдаги фермерлар учун салмоқли қийинчилик туғдирди, чунки ташиш жараёнлари анчайин мураккаблашди. Фермерлар тайёр маҳсулотни узоқ вақт давомида сақлашларига тўғри келмоқда, бу товар сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди.[17] Балиқ етиштириш ҳам, балиқчилик хўжаликлари учун емлар етишмаслиги туфайли, мураккабликка дуч келди. Глобал миқёсда уруғ ва емлар етишмаслиги, биринчи навбатда, Хитойда ишлаб чиқариш ҳажмларининг қисқариши билан боғлиқ.

Тоғ-кон саноати

Пандемия туфайли юзага келган ишлаб чиқаришнинг чегаралангани тоғ-кон саноатига сезиларли таъсир кўрсатди. Иқтисодиётнинг умумий таназзули ва чекловчи чоралар никель ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30%и йўқотилишига олиб келди. Бугунги кунда тоғ-кон саноати маҳсулоти нархлари ўзгаришининг эҳтимолий трендларини олдиндан айтиш имконсиздир. Бир томондан, талабнинг умумий тушиши нархлар пасайишига олиб келади, бироқ, саноат фаоллиги давлатнинг чекловчи чораларига бевосита боғлиқ бўлган Перу каби мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг кескин қисқариши[18] нархларнинг тўсатдан кўтарилишига олиб келиши мумкин. Шундай вазият уран бозорида юзага келди. Апрелдаги нархларнинг 20%га кўтарилиши етказиб беришнинг эҳтимолий тақчиллигидан хавфсираш туфайли рўй берди. Financial Timesга кўра, уран ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 30-35%га қисқарган.[19] Қимматбаҳо металлар бозорида кредит-пул экспансияси оқибатида, нархларнинг юқори ўсиши кутилмоқда. Стагфляция эҳтимоли кутилмоқда, унда инфляция кучсиз иқтисодий ўсиш билан уйғунлашади. Бундай шароит қимматбаҳо металлар, биринчи навбатда олтинни инвестиция киритиш учун жозибалироқ қилади ва, пировардида, улар нархининг ўсишига туртки бўлади.[20]

Металлургия саноати

Пандемия металлургия саноатини ҳам четда қолдиргани йўқ. 2020 йилнинг кейинги икки чорагида талабнинг 50%дан кўпроққа пасайиши кутилмоқда.[21] Ушбу соҳада, бошқа йўналишларда бўлгани каби, ҳам талаб, ҳам такифнинг бир вақтда қулаши кузатилмоқда. Масалан, жаҳон пўлат ишлаб чиқариши 2020 йилнинг биринчи чорагида 2019 йилнинг биринчи уч ойлигига нисбатан 1,4% фоизга камайиб кетди.[22] Хитой биринчи чоракда пўлат маҳсулоти захирасини 8,88 млн. тоннадан 24,72 млн. тоннагача кенгайтирган бир вақтда европалик ишлаб чиқарувчилар ўз бозорларида талаб ва таклифнинг мутаносиблашувида мураккабликларни кутмоқдалар.[23] Автомобиль маҳсулотига талабнинг кескин тушиб кетиши ҳам металлургия тармоғида талабнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.

 

Нефть бозори

Яқинда рўй берган нефть бозорлари тушиб кетиши – бу ҳам пандемияга оид карантин чораларининг натижаларидан биридир. Бироқ, бор айбни пандемияга тўнкаш ҳам адолатдан бўлмайди, чунки нефть нархларининг тебраниши, одатда, яширин геосиёсий маънога эга бўлади.

Ҳаммаси февралда, OPEC+ мамлакатлари COVID-19 талабга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавфсираб, нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш юзасидан келишиб олишга уринганларида бошланди.[24] Россия бу музокараларда қатнашишдан бош тортди[25], бунга Саудия Арабистони нефть нархини тушириш билан жавоб берди.[26] COVID-19 тарқалиши билан энергияга талаб камайди, нефть бўйича келишмовчиликлар эса ҳали ҳам ҳал этилмаганди. Ва ниҳоят, COVID-19 пандемия деб эълон қилинганидан бир ой ўтгач, 9 апрелда Россия ва Саудия Арабистони ахийри бир фикрга келдилар, бироқ бу пайтга келиб нефть нархи қулаб бўлганди.

 

Юқоридаги график нефть нархларининг 2019 йилда, пандемияга қадар ва ҳозирдаги ўзгаришини яққол намойиш этади. Чунончи, 2020 йилда нефть нархи 54%га тушиб кетди, ҳолбуки, 2019 йилда нарх 5%га кўтарилганди. COVID-19 сабабли ёппасига карантин оқибатида талабнинг тушиб кетиши туфайли нархларнинг бундай қулаши етакчи нефть қазиб чиқарувчи мамлакатларга, уларнинг «қора олтин»га ўта боғлиқликлари сабабли қаттиқ зарба берди.

Алал-оқибат, апрель нефть қазиб чиқарувчи тармоқ учун энг оғир ой бўлди – 23 апрель куни нефть нархи нолдан пастга тушди.[27] «Қора олтин» том маънода бепул бўлгач, вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – имкон қадар кўпроқ сақлаб қолиш ва кейинроқ бироз юқорироқ нархга сотиш бўлиб қолади. Натижада, март ойида, дунё нефть омборларининг 76%и лиқ тўлган эди.[28] Reutersга кўра, апрелда денгиз танкерларида сақланаётган нефть ҳажми 160 миллион барреллик рекорд кўрсаткичга етди.[29] Халқаро энергетика агентлиги (IEA)га мувофиқ, аввалда ҳеч қачон нефть тармоғи ўз моддий-техник таъминоти имкониятлари чегарасига бунчалик яқин келмаганди.

Афтидан, АҚШ, Саудия Арабистони ва Россия каби нефть гигантлари (2019 йилда уларнинг умумжаҳон нефть қазиб чиқаришдаги улушлари, тегишлича, 19, 12 ва 11 фоизни ташкил қилган[30]) улкан зарарлар кўрадилар ва икки томонлама шокка тушадилар: бир ёқдан пандемия, иккинчи томондан нефть нархларининг пасайиб кетиши. Африкалик нефть ишлаб чиқарувчилар – OPECнинг 13 аъзо-мамлакатидан 7 таси ҳам иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш тизимининг заифлиги муаммоларига дуч келадилар.

COVID-19 тарқалишини чеклаш бўйича чоралар нефтга бўлган халқаро талаб учун беқиёс шокка айланди. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, халқаро сафарларга бўлган чеклов йилнинг иккинчи ярмида юмшатилганда ҳам, 2020 йилда нефтга бўлган халқаро талаб рекорд даражада – суткасига 9,3 млн. баррелга қисқаради, бу билан қарийб ўн йиллик ўсишни йўққа чиқаради[31]. Бу эса, дунёни 1990йиллардаги нефтга бўлган талаб даражасига туширади.

Молиявий бозор

Вирус эпидемияси 2019 йил декабрида жадал тарқала бошлаган бўлса-да, бу вазиятга жаҳон молия бозорлари дарҳол муносабат билдирмадилар, чунки инфекциянинг ҳақиқий таҳдидлари ҳамда Хитой вазиятни қанчалик муваффақиятли назорат қила олиши тўлиқ англаб етилмаганди. Бироқ февралнинг охирги ҳафтаси нафақат Америка, балки жаҳон молия майдончалари учун ҳам шокка тўлди. Америка акциялари ва Доу-Жонс саноат индекси 12%га тушди ва умумий йўқотишлар $3,5 трлн. га баҳоланди. Бунинг кетидан Европада MSCI умумжаҳон индекси қарийб 10%га тушди ва Европа акцияларининг умумий йўқотишлари $1,5 трлн.ни ташкил қилди. Бу ҳол 2008 йил инқирозидан кейин биринчи бор рўй берди. Осиёдаги Hang Seng ва Nikkei 225 индекслари, тегишлича, 2,42% ва 3,67%га тушиб кетди.[32]

 

Deloitte компанияси тузган графикдан кўринадики, Европа бозорлари февраль охиридан то март охиригача энг кучли қулашга дуч келган, сўнгра ўсиш ва вазият барқарорлашуви тенденцияси юзага келган.

ING Groupга кўра, май бошига келиб бозорлардаги вазият нисбий оптимизм учун замин яратди. COVID-19 пандемияси чўққиси даврида йўқотилган бозор қийматининг қарийб ярми қопланди. MSCI World All Country индекси март охирига нисбатан 27%га ўсди ва энди бозор иштирокчиларини нарх тубига етилдими ёки бозорларнинг янги қулашининг эҳтимоли борми, деган савол қийнамоқда. Индекснинг прогнозланаётган фойдаси 28%дан 20%га тушди. 2008 йил инқирозидан олинган тажрибани инобатга олиб (бозор ўшанда қатор фальстартлар кўрсатганди), қатъий асосга эга оптимистик прогнозлар ҳақида гапириш қийин. Таҳлиличилар бир нарсага аминдирлар: компаниялар дадил прогнозлар қила олмасликлари туфайли, жорий молия йили даромад, пул оқими ва соф фойда каби кўрсаткичларга камроқ таъсир ва қарз мажбуриятларини сўндириш муддатларига ҳамда фоизларни қоплаш коэффициентларига юқори қизиқиш билан танилади.[33]

2020 йил 1 январдан 3 майгача бўлган даврда Америка компаниялари корпоратив облигациялари рекорд миқдорда чиқарилди. Бир ҳисобда бу АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва пандемия таъсирини юмшатиш учун ишлаб чиққан чора-тадбирлар пакети билан рағбатлантирилган. ФЗТ апрель бошида корпоратив қарз мажбуриятларини, жумладан «айбсиз айбдорлар» (март инқирози оқибатида инвестицион рейтингнинг қуйи позицияларига тушиб қолган компаниялар)дан сотиб олиши ҳақида эълон қилди.[34] Шу тариқа, Apple, $8 млрд. лик қарзларини ёпиш учун $8,5 млрд.лик облигацияларни сотди. Starbucks қарз мажбуриятларини сотиш ҳажми эса, $3 млрд.ни ташкил қилди.[35] Бу вақтда Boeing, тахминан $25 млрд.га тенг суммадаги облигацияларини сотиб, унга АҚШ ҳукумати ёрдами бошқа керак эмаслигини эълон қилди.[36] ФЗТнинг стратегияси бозор ликвидлигини таъминлашга қаратилган бўлса-да (масалан, iShares iBoxx USD Investment Grade Corporate Bond каби облигациялар ФЗТ ҳаракатлари оқибатида инвесторлар учун кўпроқ жозибали кўрина бошлади), компаниялар қарз маблағлари улушининг катталашиши эвазига ўсмоқдалар, чунки қарзлари ошмоқда, фойда эса камаймоқда. Инвесторларнинг корпоратив облигацияларга нисбатан эҳтиёткорона ёндашуви шу билан изоҳланади, уларнинг ўсиши, ғазначилик облигацияларининг 8,9%га ўсиши баробарида, 1,4%ни ташкил қилди.[37]

Пандемиянинг тескари томони

 Ишсизлик ўсиши, қашшоқлик ортиши, саноат қисқариши ва туризмнинг «кома»га тушиши баробарида, COVID-19 билан боғлиқ янги воқелик айрим ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.

Инқироздан анча олдин кўплаб мамлакатлар ва компаниялар рақамли трансформация дастурлари билан шуғуллангандилар. Ўшанда дискрецион, алоҳида олингандек кўринган ўзгаришлар энди ортга қолдириб бўлмайдиган устуворликка айланди. Натижада, коронавирус эпидемияси шароитида ҳукуматлар шошилинч равишда рақамли технологияларга ўтмоқдалар. Чунончи, 8 апрелга келиб БМТнинг 193 та аъзо-мамлакатининг 86%и ўз ҳукуматлари веб-сайтларида COVID-19 тўғрисидаги ахборот ва тавсияларни жойладилар.[38] 154 та мамлакат ҳукуматлари COVID-19 пандемияси тарқалишини чеклашга уриниб ўқув муассасаларини вақтинчалик ёпганлари сабабли, кўплаб ўқув муассасалари таълимни масофадан давом эттирмоқдалар ва бунда ҳам содда, ҳам илғор технологиялардан, жумладан радио, телевидение, матнли хабарлар, мобил иловалар, онлан-платформалар, мобил ботлар, булутли технологиялар ва ҳатто, сунъий интеллектдан фойдаланмоқдалар. Чунончи, қўшни Қирғизистонда бошланғич ва ўрта синфлар ўқувчилари асосий фанларни иккита телевизион канал ҳамда мобил илова орқали ўрганишда давом этмоқдалар.[39] Хитойда аксарияти сунъий интеллект ёрдамида яратилган 22 та онлайн-курс платформаси бошланғич ва ўрта таълим муассасаларининг бепул онлайн-курсларидан фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Россияда, масофадан ўқитишни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар фойдаланиши учун очиқ бир неча онлайн-платформа ишга туширилган – Рус онлайн-мактаби, Yandex.textbook, Teach.ru, Yaklass. Россия IT-компаниялари ҳам таълимнинг масофавий тизимини қўллаб-қувватламоқдалар. Масалан, Mail. ru онлайн-ўқитиш учун ўз платформасидан фойдаланишни очди. Яндекс 5-11синфлар ўқувчилари учун видео-дарслар тақдим этмоқда, GeekBrains эса, ўз дастурлаш курсларини бепул очиқ қилиб қўйди. Илм-фан ва олий таълим вазирлиги YouTube каналида мунтазам равишда онлайн-трансляциялар ўтказмоқда ва университетлар учун вебинарлар ташкил қилмоқда.

Бутун дунёдаги бизнес-раҳбарлар ўз бизнес-моделларини ўзгартирмоқдалар, уларни ўзини иҳоталаш ва ижтимоий масофаланиш талабларига мослаштирмоқдалар. Иҳоталаш мандатига мувофиқ, бирламчи аҳамиятга эга бўлмаган маҳсулотни бозорга олиб чиқувчи кўплаб чакана савдо корхоналари дўконларини ёпишга мажбур бўлганликлари сабабли, электрон тижоратга талаб ортди. Электрон тижорат ҳар доим унумдорликда оддий дўконлар ва савдо майдончаларидан орқада қоларди, аммо эпидемия даврида тамомила акс ҳолат кузатилди.

Навбатдаги харита Emarsys ташаббусига кўра, GoodData билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган COVID-19 Commerce Insight харитаси бўлиб, у онлайн-транзакцияларнинг йиллик ўсиш суръатини, айнан олганда, охирги 7 кун ичида чакана савдонинг онлайн-фаоллигини бир йил олдинги, COVID-19 авж олишидан олдинги ушбу даврга нисбатида намойиш этади.

 

Чунончи, эпидемия натижасида, чакана савдо корхоналарининг онлайн-фаоллигидан тушум ўсиши АҚШда 92%, Канадада 176%, Буюк Британияда 93%, Россияда 152%, Қозоғистонда 8%ни ташкил қилди. Хитой, аксинча, чакана савдо корхоналарининг онлайн-фаоллигидан даромаднинг камайишига дуч келди – у ўтган йилдаги шундай кўрсаткичга нисбатан 18%га паст бўлди.

Виртуал учрашувлардан бошлаб, автоматизацияланган фабрикалар ва дронларда етказиб беришгача, онлайн-хизматлар тобора кўпроқ тармоқлар ва фаолият йўналишларини қамраб олиб, янада катта аҳамиятга эга бўлмоқда.[40] Натижада, ходимларнинг салмоқли қисми виртуал хусусий тармоқлар (VPN), Интернет орқали овозли алоқа протоколлари (VoIP), виртуал учрашувлар, булутли технологиялар, биргаликда ишлаш воситалари ва ҳатто, шахсни таниш технологиялари (улар уйнинг махфийлигини сақлаб қолиш учун виртуал фон олдида намоён бўлиш имконини беради) орқали ёрдамида масофадан ишламоқда.[41]

COVID-19 эпидемияси кўплаб корхоналар, спорт клублари, театрлар, музейлар ва кўнгил очиш муассасалари фаолиятини тўхтатиб қўйишга муваффақ бўлган эса-да, инсоният ўз ҳаётини онлайн-режимга ўтказиш учун ўзида иштиёқ ва ижодкорлик топа олди. Чунончи, Буюк Британияда спорт заллари эшикларини ёпишга мажбур бўлганларига қарамай, бу Pure Gym спорт клублари тармоғига ўз мижозларига онлайн-машғулотларни таклиф этишига ҳалақит бермади.[42]

Коронавирус эпидемияси туфайли маданий дастурни четга суриб қўйиш ярамайди. Музейлар ва театр томошаларига ташрифларни онлайн-режимда амалга ошириш мумкин бўлди. Чунончи, сиз Метрополитен музейига, Нью-Йоркдаги Соломон Р. Гуггенхайм музейига, Флоренциядаги Уффици галереясига, Амстердамдаги Ван-Гог ва Калуст Гюльбенкян музейи ва Лиссабондаги музейга Google’s Arts & Culture плафтормаси ёрдамида бора оласиз.[43] Тож Маҳал, Версаль саройи, Гиза пирамидалари ва Колизейни Google’s Arts & Cultureнинг Street View хизматидан фойдаланиб ўрганишингиз мумкин.[44] Давлат Эрмитажи ҳам виртуал ташриф имкониятини тақдим этмоқда.[45]

Тунги ҳаёт ҳам четда қолмади. Хитойдаги клублар иштиёқмандлари «TikTok»да «булутли оқшом»ларда йиғиладилар, чунки карантин уларга реал ҳаётда клубларда тўпланишга имкон бермайди.[46] Хитойдаги тунги клублар дижей-сетларни трансляция қилади, тингловчилар эса, уйда ўтириб ўзларини клубда деб ҳис қилишлари, шарҳлашлари ва мусиқа остида рақс тушишлари мумкин. Бу онлайн-трансляциялар ниҳоятда машҳур бўлиб, кўплаб клубларга минглаб доллар ишлаб топиш имконини беради.

Ҳатто тўйлар онлайн-маконга кўчиб ўтди. Чунончи, Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо, коронавирус тарқалишидан четланиш учун, келин-куёвларга онлайн-тўйлар ўтказишга рухсат берди.[47] Авваллари, никоҳ ҳақида гувоҳнома олиш учун келин-куёвларнинг иштироки мажбурий эди. Ҳиндистонда тўйлар коронавирус эпидемияси сабабли тадбирда қатнаша олмайдиган меҳмонларга онлайн-трансляция қилинган ҳолда ўтказилмоқда.[48]

Ва ниҳоят, глобал иқтисодиётни «дам олиш»га чиқариб юборган оммавий карантин, энди маълум бўлишича, айрим мамлакатларда ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатибди. Reuters халқаро янгиликлар агентлиги NASA глобал моделлаштириш ва ассимиляция гуруҳи маълумотларига асосланган визуализацияни тақдим қилди.49 Унда иҳоталаш натижасида Хитой, Корея Республикаси, Италия ва Ҳиндистонда ҳаводаги айрим зарарли моддалар концентрацияси кескин камайганлиги намоён бўлмоқда. Шу тариқа, жадаллашган рақамли трансформация, электрон тижорат ва биз олдинлари ўйлаб ҳам кўрмаганимиз онлайн-хизматлар ўсишидан ташқари, COVID-19 баъзи мамлакатларга улар йиллар давомида маҳрум бўлганлари – тоза ҳавони олиб келди.

«2008 йилдаги молиявий инқироз автомобиль тўқнашувининг секинлаштирилган кадрларига ўхшаганди. Бу инқироз эса чақмоқ сингари рўй берди. Қарс – ва тамом!» Адам Лоллос, Citigroup Inc қисқа муддатли кредитлар бўлими бошлиғи

 

[1]  Бу кўрсаткичлар катта ноаниқликка эга: биринчи чорак учун ишчи кучини ўрганиш айрим мамлакатларда тўлиқ бўлса, бошқа мамлакатларда чала бўлади, кўпчилик мамлакатларда эса, умуман бўлмайди.

[2]  Жаҳон туризм ва саёҳатлар кенгаши (WCTT), 2020

[3]  BBC, 2020 https://www.bbc.com/news/ business-51706225

[4]  Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO), 2020 https:// www.unwto.org/news/covid-19-international-touristnumberscould-fall-60-80-in-2020

[5]  Жаҳон туризми барометри 2020, Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)

[6]  Европа парламент тадқиқот хизмати, 2020 https://www.europarl.europa.eu

[7]  Жон Хопкинс университети

[8]  Жаҳон Туризми барометри 2020, Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)

[9]   Халқаро меҳнат ташкилоти, 2020 https://www.ilo.org

[10]  https://www.middleeastmonitor.com

[11]  Халқаро меҳнат ташкилоти, 2020 https://www.ilo.org

[12] Жаҳон иқтисодий форуми, 2020 https://www.weforum.org

[13] Халқаро меҳнат ташкилоти, 2020 https://www.ilo.org

[14] https://www.middleeastmonitor.com

[15] BBC, 2020 https://www.bbc.com

[16]  Sneci.com, 2020 https://www.sneci.com/coronavirus-and-the-automotive-marketwhat-

are-the-implications/

[17]  Journal of Biology and Today’s World, 2020 https://www.lexispublisher.com/articles/

covid19-and-its-global-impact-on-food-and-agriculture.pdf

[18]  Mining Weekly, 2020 https://www.miningweekly.com/article/miners-shut-perumines-

to-comply-with-15-day-national-quarantine-2020-03-17

[19] The Conversation, 2020 https://theconversation.com

[20] Mining.com, 2020 https://www.mining.com

[21] GMK, 2020, https://gmk.center

[22] MetalMiner.com, 2020 https://agmetalminer.com

[23] Reuters, 2020 https://www.reuters.com

[24] https://www.visualcapitalist.com

[25] https://www.reuters.com

[26] https://oilprice.com

[27] https://www.cnbc.com

[28] https://www.rystadenergy.com

[29] https://www.reuters.com

[30] Халқаро энергетика агентлиги, 2019 https://www.eia.gov

[31] Нефть бозори ҳисоботи: апрель 2020, Халқаро энергетика агентлиги https://www.iea.org/reports/oil-marketreportapril-2020

[32] The Conversation, 2020 https://theconversation. com/the-impact-of-coronavirus-on-the-financialmarkets-133183

[33] ING, 2020 https://www.ing.be/en/retail/my-news/ economy/impact-coronavirus-on-stockmarkets

[34] US news, 2020 https://money.usnews.com

[35] Market Watch, 2020 https://www.marketwatch.com

[36] MSN, 2020 https://www.msn.com

[37] MSN, 2020 https://www.msn.com

[38] БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг таҳлилий хабарномаси №61, 2020 https://www.un.org

[39] Мамлакатлар COVID-19 пандемияси даврида таълимда масофавий ўқишнинг ҳаммабоплигини қўллаб-қувватлаш учун технологиялардан қандай фойдаланадилар (жумладан онлайн-таълим, радио, телевидение, матнли хабарлар) Жаҳон банки, 2020 https://www.worldbank.org

[40] https://theprint.in

[41] Жаҳон иқтисодий форуми, 2020 https://www.weforum.org

[42] https://www.mobihealthnews.com

[43] https://artsandculture.google.com/

[44] https://artsandculture.google.com/project/street-view

[45] https://hermitagemuseum.org

[46] https://www.businessinsider.com

[47] https://www.governor.ny.gov

[48] https://www.thehindu.com 49 Reuters,2020 https://graphics.reuters.com

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *