Бурун соҳасидаги амалиётлар энг кенг тарқалган ва энг мураккаб эстетик аралашув саналади. Пластик жарроҳлик тарихи айнан ринопластикадан бошланганлиги маълум.

Ринопластика — бу пластик жарроҳликнинг алоҳида йўналиши бўлиб, бурундаги туғма ёки орттирилган нуқсонлар ва деформацияларни тўғрилашни қамраб олади.

Ринопластика икки йўналишда ривожланган – ташқи деформацияларни тўғрилаш ва меъёрий нафас олишни таъминлаш учун ички тузилмалар (оралиқ девор, чиғаноқ)ни тиклаш. Бу йўналишлар бир-биридан алоҳида тарақий этган ва фақат бир неча ўн йил олдингина ўзаро боғлиқлик ва узвийлик касб этди. Ринопластика ривожланиши давомида ташқи бурун нуқсонлари ва деформацияларини кетказишга оид эстетик амалиётлар ўтказиш мумкин бўлди. Бурун қурилишидаги қўпол деформациялардан ташқари, меъёрдан озгина четланишларни тузатиш кўпроқ учрай бошлади. Бу амалиётларни бажариш учун юксак жарроҳлик санъати талаб этилади, чунки амалиёт техникасининг номукаммаллиги кутилган самарага эришишга имкон бермайди.

 

Ринопластикага эстетик кўрсатмалар қуйидагилардир:

  • буруннинг эгарсимонлиги;
  • бурун қиррасида дўнглик борлиги;
  • буруннинг сколиоз шакли;
  • бурун учининг илгаксимонлиги;
  • бурун учининг ўта учли ёки семизлиги;
  • буруннинг ҳаддан ташқари узунлиги;
  • бурун қанотлари асимметрияси;
  • ўта кенг бурун коваклари.

 

Табиийки, мижозни кўздан кечиришда жарроҳ “бурунни эмас, бурунли одамни” кўриши ва текшириши муҳим. Олдинда турган аралашув билан боғлиқ психологик масалаларни ҳал этишдан ташқари, пластик жарроҳнинг вазифаларига деформация таҳлилини ўтказиш ҳам киради, у деформациянинг локализацияси ва катталигини, нуқсоннинг амалиётдан кейинги тўғриланишининг (якуний натижа) тахминий баҳоланишини ўтказиш, бурун тўқималари ҳолатини аниқлаш ва бошқалар киради. Деформация таҳлилини ўтказишнинг қийинлиги ва эътиборталаблиги ринопластиканинг алоҳида хусусияти – унинг бир босқичда бажарилиши билан изоҳланади. Нотғри ỹтказилган таҳлил такрорий ринопластиканинг асосий сабаби бỹлади, уларни бажариш энг тажрибали жарроҳлар учун ҳам қийин саналади.

Кўпгина мижозларни амалиётдан кейинги бурун шакли қизиқтиради. Бунда жарроҳнинг ишида асосий кўмакчи мижознинг фотосурати, кўзгу ва мижознинг ўзи ёки жарроҳ амалга оширадиган суратлар саналади. Беморнинг юзини кўзгу қаршисида шундай бурчак остида буриш мумкинки, ён нигоҳи билан у ўз аксини кўра олади. Шу пайтда жарроҳ, бурун учини бармоқ билан босиш, уни юқорига кўтариш ёки бурун қиррасидаги ортиқча тўқималарни “кесиш” орқали унга бўлажак “янги” шаклни кўрсатади.

Эстетик кўрсатмаларга кўра ринопластика ва вояга етганларда амалга оширилади, чунки амалиёт ўтказилиши даврида организм тўлиқ шаклланган бўлиши, мижоз эса амалиётнинг моҳиятини ва унинг эҳтимолий оқибатларини тўлиқ англаши лозим. Эстетик кўрсатмалардан ташқари, функционал кўрсатмалар ҳам бўлади. Бунга нафас олиш билан боғлиқ муаммолар, бурундаги оралиқ деворнинг қийшайиши ва бошқа, қулай ҳаёт кечиришга ҳалақит берувчи нуқсонлар киради. Амалиёт давомида улар ҳам бартараф этилади.

Ринопластикага қарши кўрсатмалар: юрак-қон томир тизими, жигар ва буйрак касалликлари; қандли диабет; руҳий ва онкологик касалликлар; қон қуйилишининг бузилиши, тизим коллагенозлари ва ш.к.

Ринопластиканинг кўплаб турлари мавжуд, уларнинг ҳар бири у ёки бу хос муаммони ҳал қилишга қаратилган ва турли тўқималарни қамраб олиши мумкин.

Ҳозирда бурун шаклини тузатиш мақсадларида жарроҳлик аралашувининг иккита услуби мавжуд: очиқ ва ёпиқ.

Очиқ услуб бурун коваклари ва колумелла – улар орасидаги тўсиқда кейинги манипуляцияларни ўтказиш учун бурун скелетининг яхшироқ визуализацияси мақсадида кесма кесишни назарда тутади. Ринопластиканинг барча босқичлари устидан тўлиқ визуал назорат зарур бўлган мураккаб амалиётларда қўлланилади. Тоғайларни осон олиб ташлаш ва бошқа жойга кўчириш имконини беради.

Ёпиқ услуб бурун ковакларидаги кесмалар орқали жарроҳлик манипуляцияларини амалга ошириш имконини беради, улар кейинчалик кўринмайди. Ёпиқ ринопластика турли, жумладан муаллифлик техникалари ёрдамида бажарилиши мумкин.

 

 

Эстетик ринопластика турлари:

 

  • Бурун шаклини тўғрилаш. Бурун қиррасига тўғри шакл бериш – дўнгликни текислаш, ўқни тўғрилаш. Суяк ва тоғай тўқималарига ишлов берилади.

 

  • Бурун асосининг пластикаси бурун коваклари кенглигини камайтиришга қаратилган. Амалиётдан кейин бурун асосида унчалик сезиларли бўлмаган чандиқлар қолиши мумкин. Амалиёт ҳам эстетик кўрсатмалар бўйича, ҳам шу соҳадаги бошқа амалиётдан кейин буруннинг эҳтимолий шишишини камайтириш мақсадида бажарилади.

 

 

  • Бурун учи пластикаси. Ринопластиканинг энг мураккаб тури бўлиб, мижознинг ташқи кўринишини буткул ўзгартириб юборади ва жарроҳдан катта тажриба талаб қилади. Илгаксимонликни, қанқайишни, ўқ ўзгариши ва бурун учининг бошқа ташқи нуқсонларини тўғрилайди.
  • Колумеллани тўғрилаш. Колумелла – бу бурун оралиқ деворининг тери қисми бўлиб, амалда коваклар ўртасидаги кашак вазифасини бажаради. У жуда кенг ёки жуда тор, чўзилган ёки бўртиб чиққан бўлиши мумкин. Нуқсонни амалиёт йўли билан тўғрилаш мумкин.
  • Аугментацион ринопластика. Ринопластиканинг бу тури бурун нуқсонларини бурун скелети ўлчамларини катталаштириш ҳисобига тузатишга йўналтирилган (одатда иккиламчи ринопластика ҳолатларида қўлланилади).

 

  • Графтинг. Мижознинг ўз тоғайларини буруннинг керакли шаклини яратиш учун кўчиб ўтқазиш. Тоғай тўқимаси бурун оралиқ деворидан, қулоқ чиғаноғи ёки қовурғадан олиниши мумкин.
  • Риносептопластика. Бурундан нафас олишни енгиллатиш, хуррак отиш муаммосини ҳал қилиш учун бурун оралиқ девори қийшайишини тузатиш.
  • Конхотомия. Бурундан нафас олиш муаммоларида гипертрофияланган бурун чиғаноғи шиллиқ қатламини қисман ёки бутунлай олиб ташлаш.
  • Электрокоагуляция. Бурун чиғаноқларининг кичик гипертрофияси ҳолатларида буруннинг шиллиқ қатламига электр токи билан авайлаб таъсир кўрсатиш.

 

Амалиётдан кейинги реабилитация хусусиятлари. Ринопластика ўзидан кейин бурун ва кўз атрофида бироз шиш қолдиради, улар еттинчи кун гипс ечилгандан кейин тарқалиб кетади. Ўн кунгача гипсли боғлам қўйиш талаб этилиши мумкин. Амалиётдан кейин бурун бўшлиқларига махсус силикон сплинтлар қўйилади, улар бир неча кундан кейин олиб ташланади. Бу ёндашув мижозга бевосита амалиётдан кейин нафас олиш имконини беради. Реабилитация қандай ўтиши мижознинг ёши ва организмининг индивидуал хусусиятларига кучли боғлиқ. Сплинтлар олиб ташланиб, гипс ечилгач, тери битишини назорат қилиш учун шифокорга мунтазам қатнаш керак бўлади. Жисмоний зўриқиш, бассейнга қатнаш ва кўзойнак тақиш амалиётдан кейинги биринчи уч ҳафта давомида тавсия этилмайди. Биринчи уч кунда бурундан қон кетиб қолмаслиги учун ўта совуқ ёки ўта иссиқ таомдан эҳтиёт бўлиш керак. Ринопластикани режалаштирганда, яхшиси, ҳеч бўлмаганда 10-12 кунга таътил олган маъқул.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *