Сентябрда ўқув йилининг бошланиши биз ўтган ўқув йилининг тўртинчи чорагидаги муаммоларга яна дуч келганимизни кўрсатди: онлайн ишлансинми ё ўқувчилар анъанавий таълим шаклига қайтсинларми – ҳозирда бу масала жуда нозик бўлиб турибди ва бунда ҳар бир вариант ўз плюс ва минусларига эга.
Бир нарса аниқ бўлди: ҳатто оффлайн форматга қайтилганда ҳам, интернет-коммуникациялар ва интернет-ресурслардан ўқув жараёнида фойдаланиш имконият эмас, балки, пандемиядан кейинги шароит тақозо қилувчи заруратга айланмоқда.
Кўплаб ота-оналар болаларининг таълимига Интернетни жорий қилишга мутлақо қарши бўлмоқдалар. Бунинг ўз сабаблари бор: Интернет кўп сонли, турли-туман таҳдидларга эга ва уларга бас келишнинг ўзи бўлмайди. Шунга қарамай, ота-оналар учун иккита йўл мавжуд: ё тармоқ ресурсларидан фойдаланишни бутулай тақиқлаш, ёки болани Интернет тақдим этадиган ахборот сероблигида тўғри ишлай олишга ўргатиш.
Мен иккинчи вариантни маъқул санайман, чунки Интернет шунчалик кенг тарқалди ва шунчалик ҳаммабоп бўлиб қолдики, уни тақиқлаш – бу бамисоли эшикни ёпиш орқали тўфоннинг йўлини тўсишга уринишдир. Болалар у ёки бу шаклда Интернет ресурсларидан фойдаланишга интиладилар, бинобарин, савол туғилади: улар тармоқда мутлақо мустақил ишлаганлари яхшими ёки, ҳар қалай, назорат остида бўлганларими? Қолаверса, Интернетда фақат таҳдидлар эмас, имкониятлар ҳам мавжуд ва бола улардан қачондир фойдаланишига тўғри келади.
Агар ота-оналар ёки ўқитувчилар таълимга интернет-ресурсларни жорий этишга қарор қилган бўлсалар, энг аввало хавфсизлик ҳақида қайғуриш керак бўлади. Боланинг Интернетда мустақил ишлашида юзага келадиган таҳдид турларини мен бир неча тоифага бўлган бўлардим: бевосита боланинг жисмоний ва ментал саломатлигига таҳдидлар ва Интернетнинг айрим функцияларидан фойдаланиш билан боғлиқ таҳдидлар.
Биринчи тоифа ичидан боланинг тармоқдаги мулоқоти билан боғлиқ хатарларни ажратиб кўрсатиш мумкин: суиқасд гуруҳлари, болани жамоатчиликка зид ёки жиноий ҳаракатларга жалб қилиш, кибер-буллинг ва шу кабилар. Олдини олиш мақсадларида, болани хавфсизлик қоидалари билан таништириш керак, уларнинг асосийси – бу шубҳали контактлар ёки ҳодисалар ҳақида ота-онага дарҳол хабар беришдир.
Дастлаб, ишлашдан олдин, ҳимоянинг кўплаб усулларидан фойдаланиш мумкин: «ота-она назорати» иловаси, фильтрлар, бола учун «бола аккаунти»ни очиш ва ш.к. Бунда кўпгина болалар, айниқса ўсмирлар масаланинг техник жиҳатларини ўз ота-оналаридан кўра яхшироқ тушунишларини ва ота-она назоратини қандай айланиб ўтиш мумкинлигини билишларини ҳисобга олиш керак ва шу сабабли, мен ўз хавфсизлик қоидаларингизни, аввало, ўзингиз ва фарзандингиз ўртасидаги ўзаро ишонч асосига қуришингизни тавсия қилардим. Бола ота-онасига рўй берган воқеа ҳақида хабар беришдан қўрқмаслиги керак, шу сабабли уни сиз «унинг тарафдори» эканингизга ишонтиришга уриниб кўринг.
Агар ота-она ёки ўқитувчи болага шунчаки қоидаларни санаб ўтиш билан кифояланиб қолмай, таҳдидлар юзага келишининг эҳтимолий сценарийсини намойиш этса яна ҳам тўғрироқ бўларди, чунки болалар амалий намойишни осонроқ эслаб қоладилар. Масалан, «поп-ап», яъни қалқиб чиқувчи реклама хабарлари нималиги ва бола ҳаволани босса нималар рўй беришини амалда кўрсатиш мумкин. Ёки бегона одам тармоқ орқали контакт ўрнатишга уринса ёки бирор ахборотни тақдим этишни сўрайдиган бўлса, қандай йўл тутиш кераклигини намойиш этиш керак. Жиноятчи болага ёки бошқа одамларга қандай зарар етказиши мумкинлигини фарзандингизга тушунтиринг ва доимо таъкидланг: агар бола барча таҳдидлар ҳақида ўз вақтида хабар берадиган бўлса, унга нисбатан ҳеч қандай салбий оқибатлар келиб чиқмайди.
Шунингдек, назорат қилиб боришингиз ҳақида болани олдиндан огоҳлантириб қўйинг, бу сизнинг ишончингиз қай даражада эканлигини кўрсатиши баробарида, болага номақбул манбаларни қизиққанидан очишга йўл қўймайди. Агар боланинг тармоқдаги фаолияти ҳақида тез-тез қизиқиб турсангиз, нималарни афзал билишини, қайси сайтлардан фойдаланиши, қандай саволларга қизиқиши ҳақида сўраб-суриштириб турсангиз, ёрдамингизни таклиф қилсангиз, фойдадан холи бўлмайди.
Агар хавфсизлик масалалари ҳал қилинган бўлса, кейинги масала юзага чиқади – интернет-ресурслари билан ишлаш қанчалик самарали? Бу борада ўқувчига ҳам ёрдам керак бўлади.
Биринчидан, болани таҳлил қилишга ва ишончли ахборот манбаларини саралаб олишга ўргатиш керак бўлади. Интернет бир-бирига зид ва ишончсиз ахборотга тўлиб ётибди, кўпчилик уларни жиддий қабул қилиши ҳам бор гап. Агар сиз ўқувчига у ўзини қизиқтирадиган мавзу бўйича ахборотни топа оладиган, синалган ресурсларни олдиндан кўрсатсангиз, яхшироқ бўлади.
Иккинчидан кўплаб ота-оналар ва ўқитувчиларда ахборотни қайта ишлаш масаласи ташвиш уйғотади – Интернетдан фойдаланиш шунчаки тайёр реферат ва курс ишларини кўчириб босишдан иборат бўлиб қолмайдими? Айтиш керакки, бу, кўп жиҳатдан, ўқувчи олдига қандай вазифа қўйилганига боғлиқ. Агар топшириқ мавзуни шунчаки конспект қилиб олишдан иборат бўлса, ҳар қандай ҳолатда ўқувчи қаердандир кўчириб ёзади ва у китобдан кўчирилганми ё Интернетданми – буниси энди аҳамиятга эга бўлмайди. Таълимнинг янги услублари ўзлаштирилган ахборотни амалда қўллай олиш малакаси ва кўникмаси шаклланишига асосланади. Замонавий таълим ислоҳотларни талаб қилади, «қўлда» конспект ёзишлар ёки топшириқларни «ёдладинг-айтиб бердинг-унутдинг» қабилида бажариш энди стандартларга жавоб келмайди, зеро кейинчалик, ОТМга киришда ёки ишга жойлашишда мутлақо бошқа кўникмалар ва ахборотни ўзлаштириш услублари талаб қилинади. Бу йўналишда ҳам биз яна ислоҳотлар ва дарс беришнинг янги услублари жорий этилиши зарур эканлигига йўлиқамиз.
Интернет ўқув жараёнининг самарали қисми бўлиши мумкин, чунки унда улкан ҳажмда ахборот мавжуд, у китоблардан ва таълимий ресурслардан нисбатан арзон фойдаланишни таъминлаши мумкин, у ўқувчининг шахсий қатнашувини талаб қилмайди ва унга ўз таҳсилини мустақил режалаштириш имконини беради.
Албатта, ҳозирча интернет-ресурслар анъанавий таълимга қўшимча сифатидагина кўрилмоқда, аммо, яқин келажакда, онлайн-таълим анча кенгроқ тарқалади ва, балки, одатий тус олади. Шундай экан, ахборот ресурсларини ўзлаштириш жараёнига ҳозирданоқ киришиш мақсадга мувофиқдир.
Аллабердиева У., ҳуқуқшунос, бизнес-тренер