Банк тизими ликвидлилигига оид назарий ёндашув.

Халқаро банк амалиётида банк тизими ликвидлилигини тaъминлaш миллий иқтисoдиётни ривoжлaнтиришнинг муҳим омили ҳисoблaнaди. Тижорат банклари ликвидлилигининг пасайиши, иқтисодиёт субъектлари ўртасида тўловларнинг вақтида ўтмаслигига сабаб бўлиб, бу ҳолат иқтисодий циклга салбий таъсир этади. Ҳозирда бутун дунёда давом этаётган пандемия ҳолатида бутун жаҳон глобал иқтисодий инқироз таъсирида қолмоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг қон томири бўлмиш банк тизими бу глобал инқирознинг қаттиқ таъсирга тушиб қолса, билингки ўз-ўзидан бошқа секторларда фаолият янаям аянчли бўлади.

Бундай ҳолатда банк тизими ликвидлилигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистонда банкларнинг активлари билан пассивлари муддати, ҳажми ва фоизининг номутаносиблиги, банкларда узоқ муддатли ресурслар камлиги, депозит мультипликаторининг яхши ишламаётганлиги каби омиллар банк тизими ликвидлилигини таъминлашга салбий таъсир этиши мумкин.

Банк иши амалиётидан маълумки, тижорат банклари учун энг муҳим капитал уларга бўлган ишончдир. Бунга улар мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши билан эришади. Тарихдан маълумки, тижорат банкларининг молиявий ҳолати ёмонлашиб, уларда ликвидлилик муаммоси вужудга келса, бу бутун мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун жаҳоннинг ҳамма давлатларида ҳамиша тижорат банкларининг ликвидлилигини таъминлаш муҳим масала бўлган.

Ликвидлилик умумлашган кўрсаткич бўлиб, банк фаолияти ишончлилигини кўрсатади. Агар банклар мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида ва ҳеч қандай йўқотишларсиз бажара олса, ушбу банк ликвидли ҳисобланади.

Банкда ликвидлилилик рискини ошиши тўлов қобилиятини сусайтириб, уларга бўлган ишончни камайтиради. Шунинг учун ҳам банклар ликвидлиликка алоҳида аҳамият бериши ва у бўйича рискни доимий равишда бошқариб бориши керак бўлади. Банклар ўзларига бўлган ишончни йўқотмаслик учун ўз даромадидан кечиб бўлса ҳам ликвидлиликни сақлаб туришга мажбурдир.

Банк тизими ликвидлигини бошқариш масалалари.

Тижорат банклари ликвидлилигини таъминлаш учун уни самарали бошқариш зарур. Тижорат банклари ликвидлилик ҳолатини бошқаришда иккита йўналишни ажратишимиз мумкин:

биринчиси, захираларни доимий назорат қилиш сиёсати. Яъни, банкда даромад келтирмайдиган активларни ошишига йўл қўймаслик керак;

иккинчиси, захираларни бир хил даражада сақлаб туришни қўллаб-қувватлаш сиёсати, яъни марказий банкдаги мажбурий захира сиёсати, банкларнинг жалб қилинган депозитлардан депонентланадиган маблағлар орқали қўллаб-қувватлаш.

Тижорат банклари ликвид маблағларга бўлган талабни режалаштиришда пул маблағларини бошқариш, яъни мижозларнинг талабини қондириш мақсадида мажбурий захираларни бир маромда сақлаши лозимдир. Шуларни инобатга олган ҳолда банк кассасидаги пуллар кун давомида, яъни тушум ва чиқимларни амалга ошириш натижасида ўзгариб боради.

Банк амалиётидан маълумки, ликвидлиликнинг етарли даражасини таъминланмаслиги банк фаолиятидаги жиддий камчиликларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатнинг юзага келиши одатда банкдаги депозитларнинг йўқотилишига, бу эса пул маблағларининг камайишига ва банк активларидаги ликвид қимматли қоғозларнинг сотилишига сабаб бўлади. Банк ликвидлилигини бошқа банклардан олинган кредитлар ҳисобига ҳам қондириш мумкин. Аммо, бошқа банклар юқори фоиз ставкада кредитлар тақдим этади, бу эса, банк оладиган даромаднинг камайишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон банк тизими ликвидлилигин таъминлаш чоралари.

Республикамизда тижорат банкларининг ликвидлилигига нисбатан салбий таъсирни юмшатиш имконини берадиган шарт-шароитлар мавжуд. Бу борадаги асосий шарт-шароитлар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

Биринчидан, банкларнинг ликвидлилигига ижобий таъсир этадиган ҳолат бу, банкларда муддати тугаган омонатлар муддатини узайтирилганлигидир. Яъни банклар ҳозирда тўлаб бериши керак бўлган мажбуриятлар қисқа муддатли даврда банк ихтиёрида қоладиган бўлди. Шу муддатли оралиқда тижорат банкларининг ликвидлилиги пасаймайди, балки аксинча, ошади.

Иккинчидан, Марказий банк 2020 йил 1 апрелдан бошлаб тижорат банкларининг Марказий банкка депозитга ўтказадиган мажбурий захира миқдорига нисбатан ўртачалаш коэффициентини ошириш бўйича қарор қабул қилди.

Яъни, банкларнинг ликвидлигини қўллаб-қувватлаш ва тўлов тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида мажбурий захиралар миқдорига нисбатан амалдаги 0,25 ўртачалаш коэффициенти 0,35 коэффициентига 2020 йил 1 июлдан бошлаб 0,35 дан 0,75 гача, 2021 йил 1 августдан бошлаб эса мажбурий резервлар бўйича ўртачалаш коэффициенти 0,75 дан 0,8 гача оширилди.

Бунда тижорат банкларининг Марказий банкка ўтказилиши лозим бўлган мажбурий захиралари миқдорининг 80 фоизини банкларнинг вакиллик ҳисобварағида қолдиришга рухсат этилади. Бу ўз навбатида, тижорат банкларининг ликвидлилигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Фикримизча, Марказий банк келгусида банк тизимидаги ликвидлиликнинг жорий ҳолати таҳлилидан келиб чиқиб, ўртачалаш коэффициентини босқичма-босқич ошириб бориши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунингдек, Марказий банк тижорат банклари томонидан хорижий валютада жалб қилинган депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативи 14 фоиздан 18 фоизгача оширишни режа қилган. Ўз навбатида, хорижий валютадаги депозитлар бўйича мажбурий резервлар нормативларига киритилаётган мазкур ўзгартириш депозитларнинг долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилади.

Учинчидан, Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий инструменти бўлган қайта молиялаш сиёсатидан оқилона фойдаланиши ва тижорат банкларининг вакиллик ҳисобрақамларини тўғридан-тўғри офердрафт кредитлаш усули асосида, қайта молиялаш кредитларини тақдим этиши лозим.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг активлари ва депозитлари ўртасидаги оптимал нисбат шакллантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки статистик маълумотларига кўра, 2021 йил 1 июль ҳолатига республикамиз тижорат банклари активлари миқдори 396,1 триллион сўмдан ошади. Бу банкларнинг жами жалб қилинган депозитлари ва олган кредитлари ҳажмидан 1,2 баробар кўп демакдир[1].

[1] https://cbu.uz/oz/statistics/bankstats/541716/ (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки)

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг капитал базасининг етарли эканлиги.

Мамлакатимиз тижорат банклари капиталининг етарлилик даражаси 2021 йил 1 июль ҳолатига регулятив капиталнинг етарлилиги 17,7 фоизни биринчи даражали капиталнинг етарлилиги эса 15,4 фоизни ташкил этмоқда[1].

Маълумки, Халқаро ҳисоб-китоблар банкининг маълумотларига кўра, тижорат банкида регулятив капиталнинг етарлилик коэффициенти амалда 13%дан паст бўлса, у ҳолда, ушбу банкнинг баланси ноликвид ҳисобланади.

Олтинчидан, 2021 йилдан бошлаб кўплаб давлатларда иқтисодий фаолликнинг тикланиши ҳисобига нефт ва молиявий активлар нархининг ўсиши ҳамда аксарият давлатларда инфляцион жараёнларнинг тезлашиши фонида жаҳон бозорида олтин нархи 1 троя унция учун 1 800 доллар атрофида шаклланди.

[1] https://cbu.uz/oz/statistics/bankstats/541733/ (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки)

Олтин нархининг ошиши, ўз навбатида, Марказий банкнинг қимматбаҳо металл ишлаб чиқарувчиларга тўловларининг ҳам ошишига сабаб бўлди. Хусусан, 2021 йилнинг I ярим йиллигида Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчиларга жами 30,7 трлн. сўмлик тўловлар амалга оширилди.

Марказий банк томонидан қимматбаҳо металларни харид қилиш ҳисобига шаклланган мазкур қўшимча ликвидлилик ички валюта бозорига интервенциялар орқали стерилизация қилиб борилмоқда.

Банк тизими ликвидлилигини таъминлаш бўйича изоҳлар ва таклифлар.

Пандемия шароитида тижорат банкларининг ликвидлилигини қуйидаги таклиф ва тавсиялар асосида ошириш тавсия этилади:

  1. Мамлакатимиз тижорат банкларининг қимматли қоғозларга қилган инвестицияларининг банк активлари ҳажмидаги салмоғини ошириш ва инвестиция портфелини диверсификациялаш орқали Марказий банкнинг очиқ бозор операцияларини Ўзбекистон банк тизими ликвидлилигини тартибга солишдаги ролини ошириш лозим.

Бунинг учун, биринчидан, юқори ликвидли қимматли қоғозлар ҳисобланган ҳукумат ва Марказий банкнинг облигацияларининг эмиссия ҳажмини ҳамда иккинчидан, Марказий банкнинг очиқ бозор операциялари объектлари сонини ошириш лозим.

2021 йилнинг дастлабки 6 ойлиги даврида давлат қимматли қоғозларининг бирламчи бозорида ҳам фаолликнинг сезиларли ошиши кузатилди, Молия вазирлиги ва Марказий банк томонидан облигацияларнинг муомалага чиқарилиши бўйича чораклик график олдиндан эълон қилинди ва тижорат банклари учун ликвидликни бошқаришда қўшимча қулайлик яратди.

Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг умумий ликвидликка таъсири илгари чиқарилган облигацияларнинг сўндирилиши ҳисобига ликвидликни оширишга хизмат қилди.

Бундан ташқари, мазкур даврда Марказий банк қисқа муддатли пул-кредит сиёсати операциялари ҳажмини ошириш орқали банк тизими ликвидлигини ҳамда пул бозоридаги фоиз ставкаларини тартибга солиш инструментларидан фойдаланди.

Республикамиз тижорат банклари капиталининг ўсиш суръатини ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатидан орқада қолишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари умумий капиталининг ўсиш суръатига нисбатан бир йиллик меъёрий кўрсаткич белгиланиши лозим. Ушбу кўрсаткич мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик истиқболли ўсиш суръатидан келиб чиқиб ўрнатилиши лозим. Масалан, 2020 йилда ЯИМнинг ўсиши 5,1% қилиб белгиланган[1]. Демак, Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари регулятив капиталининг ўсиш суръатига нисбатан ўрнатиладиган кўрсаткичнинг йиллик даражаси 5,1 фоиздан паст бўлмаслиги лозим.

Агар мамлакат тижорат банклари умумий капиталининг ўсиш суръати ЯИМнинг реал ўсиш суръатидан паст бўлса, бу ҳолат, пировард натижада, мамлакат банк тизимининг тўлов қобилияти пасайишига олиб келади. Маълумки, мамлакат банк тизими тўловга қобил бўлиши учун тижорат банклари умумий капиталининг ЯИМдаги салмоғи 6 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.

[1] https://www.mf.uz/media/file/state-budget/2021/fuk_uchun/Budjet_21_uz.pdf

Бунинг учун эса, тижорат банклари умумий капиталининг ўсиш суръати ЯИМнинг ўсиш суръатига тенг бўлиши ёки ундан юқори бўлиши лозим.

  1. Пандемия тижорат банкларининг ликвидлилигига жиддий салбий таъсир кўрсатади, бундай ҳолатларда тараққий этган мамлакатларда тижорат банкларининг ликвидлилигини таъминлаш мақсадида асосан банкларнинг капиталлашиш даражасини ошириш, уларга марказлашган кредитлар бериш усулларидан фойдаланилади. Ҳозирда республикамиз тижорат банкларининг ликвидлилигини таъминлаш мақсадида тижорат банкларига субординар кредитлар бериш амалиётини кенг жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Бахриддин Бердияров, иқтисодиёт фанлари доктори Тошкент давлат иқтисодиёт университети

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *