Пандемия бизнеснинг чидамлилигини синаётган бизнинг мураккаб давримизда корхоналар барча ресурсларини яшаб қолишга қаратганлар.
Қанчалик ақлга зид кўринмасин, яшаб қолиш учун бизнес бир вақтнинг ўзида янги ечимлар излаши ва қатъий қоидаларга риоя этиши лозим. Шу маънода, хатарларни баҳолашга, текширувга ўрганган ва комплаенс дастурга эга корхоналар инқирозий ҳолатларга яхшироқ тайёрланган бўлиб чиқадилар. Қолаверса, мураккаб вазият фонида, комплаенсхатарлар ва улар билан боғлиқ салбий сценарийлар биринчи планга чиқиши мумкин, зеро улар корхонани буткул йўқ қилиб юбориши мумкин.
Агар ички назорат муҳитига эътибор жам қилинса, корхонага янги шароитларга мослашиш учун оптимал мавқени белгилашга ёрдам берувчи бир нечта содда қоидаларни ишлаб чиқиш мумкин. Албатта, барча хатарлар ва барча эҳтимолий сценарийларни ҳисобга олган ҳолда, ички назоратни барча қийинчиликларнинг давоси деб айта олмаймиз. Ўзбекистон воқелигида, кўпгина корхоналарда ички назорат умуман алоҳида тоифага ажратилмаган, лекин мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ходимлар ва раҳбариятнинг ички назорат бўйича содда тавсияларга риоя этиши ҳам салбий сценарийларни четлаб ўтиш имконини беради.
1-ТАВСИЯ:
Хатарларни жадал баҳоланг ва муносабат билдиринг
Шу ерда дарҳол эътироз уйғонади – агар рўй бераётган ҳодисаларнинг тўлиқ манзарасини тасаввур қилолмасак, вазиятга таъсир кўрсата олмасак, хатарларни қандай баҳолай оламиз? Табиийки, ҳозир қарийб барча хатарлар қийин бошқарилувчи хатарлар тоифасига киради, лекин бу уларни таҳлил қилмаса бўлаверади, дегани эмас. Қарорларингиз бир нарсага боғлиқ: ўсиб бораётган хатарларни қабул қиласизми ё уларни четлаб ўтишга аҳд қиласизми? Масалан, ишлашда давом этасизми ёки фаолиятингизни вақтинча тўхтатасизми? Агар эҳтимолий оқибатларни тўғри баҳоласангиз, мазкур давр учун қандай қарор оптимал эканлигини аниқлаш осонроқ бўлади.
Бироқ, шуни ҳам эътиборга олингки, фақат хатарларни қисқа муддатли даврдаги долзарб маълумотларга асосланган ҳолда баҳолашгина фойдалидир. Ўзгаришлар динамикасини кузатиш ва сусткашлик ҳар қандай қарорингизни ижро чоғигача эскиришига олиб келишини ёдда тутиш муҳим.
2-ТАВСИЯ:
Устуворликларни тўғри қўйинг
Мураккаб даврлар оғир қарорларни талаб қилади. Албатта, ҳар қандай тадбиркор учун пандемия ўз ҳаётини барбод қилаётганлигини кузатиш жуда машаққат. Баъзида вазият фожиали даражада оғир бўладики, чўкаётган бизнесни сақлаб қолиш учун, раҳбарларни ёки ходимларни ахлоққа зид ёки ноқонуний ҳаракатларга ундайди.
Ўз бизнесингизни қонунга зид йўллар билан қувватлаш жозибасидан сизни бунинг оқибатларини ўйлаш сақлаб қолади. Давлат эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун кўп маблағ ва саъйҳаракатларни сафарбар қилди ва у ўрнатган қатъий назорат доирасида ҳеч қандай оқловлар қонунбузарлар учун оғир оқибатларни юмшата олмайди. Ва агар яқин истиқболда сизнинг ҳаракатларингиз ижобий самара берса ҳам, узоқ муддатли истиқболда улар фойдадан кўра кўпроқ муаммолар келтиради, ҳатто бизнесингизни ҳалокатга элтиши мумкин.
Шу сабабли, қонунчиликнинг барча талабларини бажаришни ўз устуворлигингиз деб билинг.
Устуворликларни белгилашда ходимларингиз билан ўзаро ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди. Баъзида ортиқча иштиёқ ходимларни, раҳбариятдан яширинча, ахлоққа зид ёки, ҳатто, ноқонуний ҳаракатларни содир этишга ундайди. Ўз мавқеингизни ходимларгача етказинг ва улар ҳам шубҳали ташаббусдан тийилишини талаб қилинг.
Ўз устуворликларингизни ходимларингизга ҳам ёйинг ва уларнинг саъйҳаракатларини назоратга олинг.
Бунда сизга навбатдаги тавсия ёрдам беради.
3-ТАВСИЯ:
Қоидаларга риоя қилишни ўз бизнесингиз ахлоқига айлантиринг
Кўплаб компаниялар эпидемияга қарши кураш чораларини ўз ходимлари учун ахлоқ нормаларига айлантирдилар. Бу ижобий самара беради, чунки ахлоқ нормалари ходимлар учун муҳим жиҳатлар
– уларнинг шахсий хавфсизлиги ва саломатлиги, оилаларининг хавфсизлиги, компаниядаги мақомларини ҳам ўз ичига олади. Агар ходимлар раҳбарият томонидан ўз саъйҳаракатларининг ижобий баҳоланишини кўрсалар, раҳбарларнинг ўзлари талабларга риоя этишда намуна бўлсалар, хизматчилар қоидалар риоясига янада масъулият билан киришадилар. Қоидалар қоғозда қолиб кетмаслиги учун, одамларга бу қоидаларнинг нега зарурлигини тушунтириш, асосий урғуни уларнинг ўз саломатликлари ва хавфсиз иш ўринларига бериш, мижозлар/давлат хизматлари/етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорликнинг тушунарли алгоритмларини жорий этиш керак бўлади. Бу қийин иш ва катта масъулият, аммо ҳозирги ҳолатнинг мураккаблигида ўзига хос имкониятлар ҳам яширин – сиз ходимлар ва мижозлар учун хавфсиз ахлоқ меъёрларини касб этган компания обрўсига эга бўласиз.
4-ТАВСИЯ:
Ўзаро ҳамкорликнинг доимий мониторингини юритинг
Эпидемия бошланиши билан мониторинг энг муҳим, асосий ҳамкорликларга қаратилган бўлиши керак. Бу, биринчи навбатда, сизнинг давлат идоралари билан ҳамкорлигингиздир. Коронавирус билан боғлиқ вазият бошлангандан буён, Ўзбекистонда ушбу вазиятни тартибга солиш билан боғлиқ 80 дан зиёд нормативҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мониторинг қонунчиликдаги ўзгаришларни аниқлашгагина эмас, балки корхоналарингиз доирасидаги барча талабларнинг бажарилишини назорат қилишга ҳам қаратилиши керак.
Бошқа муҳим ҳамкорликлар – сизнинг мажбуриятларингиз ва контрактлар. Табиийки, юридик хизматингиз форсмажор ҳолатлар юзага келиши бўйича ўз тавсияларини беради. Аммо, ёдда тутингки, бирор шартномавий муносабатларни узишга ёки форсмажорни қўллашга шунчаки қарор қилишнинг ўзи етарли эмас. Мажбуриятлар билан у ёки бу тарзда боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни ҳужжатларда қайд этиш ўта муҳим. Бу шериклар билан можароларни четлаб ўтишда ёрдам берибгина қолмай, бизнесжараёнларни янги шароитларга мослаштиришга ҳам хизмат қилади.
Назоратни талаб қилувчи яна бир мураккаб ҳамкорлик – бу ходимларингиз билан ўзаро алоқалардир. Карантин даврида кадрлар комплаенси сезиларли даражада мураккаблашди. Чунки кўплаб ходимлар энди камроқ иш ҳақи олишларига ёки бошқа фаолият билан шуғулланишларига тўғри келади. Корхона учун салбий оқибатларни четлаб ўтиш учун, ходимлар билан барча алоқаларда максимал даражада шаффоф бўлиш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик керак.
5-ТАВСИЯ:
Вазиятни умумий баҳолашда кибер хатарларни ҳисобга олинг
Онлайнплатформалар бизнес учун очиқ қолган ягона плафторма бўлиб қолгани боис, улар билан боғлиқ бўлган киберхатарларга эътибор қаратинг. Улар кўпсонли бўлиши мумкин, ҳатто бу ерда бир олам, корхонага сезиларли зарар келтиришга қодир турфа хил хатарлар бордек кўриниши мумкин. Вазият танловга имкон қолдирмаяпти, баъзида корхоналар ишончсиз етказиб берувчиларга таянишга ёки синалмаган ITплатформани танлашга мажбур бўляптилар. Хатарларни камайтириш учун хизматлар етказиб берувчиларга нисбатан ўз талабларингизни белгилаб олинг ва ахборотни қайта ишлаш, сақлаш, узатиш ва ундан фойдаланишга оид барча асосий жараёнлар хавфсизлигини таъминлашга интилинг.
6-ТАВСИЯ:
Хайрия борасидаги илтимослар ва ўзингизнинг ижтимоий лойиҳалардаги иштирокингизни синчиклаб текширинг
Албатта, ҳар қандай бизнес учун корпоратив ижтимоий масъулият (CSR) лойиҳалари муҳим, кўплаб компаниялар учун улар ўз корпоратив маданиятларининг бир қисми саналади. Аммо, бу йўналишда ишлаганда, корхонага катта зарар келтириш салоҳиятига эга обрў ва коррупция хатарларини ёдда тутиш керак бўлади. Шунингдек, унутмаслик керакки, ижтимоий лойиҳалар ҳар доим жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб келади ва, ёрдам кўрсатишга уриниб, сиз ўзингиз учун нохуш оммавий вазиятга аралашиб қолишингиз мумкин. Хайрия ва ёрдам кўрсатиш коронавирусга доира вазиятдан пул қилиб олишга интилаётган қаллобларнинг қопқони бўлиши мумкин, шу сабабли барча ижтимоий ўзаро ҳамкорликларингизда максимал шаффофлик ва батафсилликка риоя этиш керак. Умуман олганда эса, пандемия даврида юзага келадиган вазият лар мудом ўзгариб туришини ва ҳар куни бизни қарашларимиз ва қарорларимизни ўзгартиришга мажбур қилувчи янгича ҳолатлар юзага келишини ёдда тутиш лозим. Ўзгаришларга эътиборли бўлинг, бу мураккаб давр нафақат синовлар, балки янги имкониятларга ҳам бой бўлсин.
Умида Аллабердиева