Ҳар бир авлод глобал ўзгаришлар даврида яшаш айнан унинг чекига тушган, деб ҳисобласа, ажабмас. Бу – табиий, чунки одам бевосита ўзига тегишли воқеа-ҳодисаларни юрагига яқинроқ қабул қилади.

Аммо 2020 йил инсоният тарихида ҳеч муболағасиз алоҳида ўрин тутадиган йил бўлди. Коронавирус пандемияси дунёимизни бутунлай ўзгартирди ва одатий ашёларга ўзгача назар ташлашга мажбур қилди. Шу билан бирга, ҳозиргача ўхшаши кузатилмаган ҳодиса кўплаб янги ҳодисаларни юзага келтирди, башариятнинг ўзгарувчан вазиятга тез ва самарали муносабат билдира олиш қобилиятини, ҳаёт давомида янги воқеликларга мослаша олиш маҳоратини синовдан ўтказди.

Пандемия инсон фаолиятининг амалда барча тармоқлари ва соҳаларига дахл қилди. Уларнинг энг муҳими – кенг маънодаги таълим соҳаси бўлди.

Инсон умри давомида илм олади. Аввало, оилада у юриш ва сўзлашни ўрганади, кейин болалар боғчасида тарбиячилар уни қошиқни тўғри ушлашга ва ўзи каби болалар билан дўстлашишга ўргатадилар, кейин мактаб, олий таълим, армия… Ҳар бир босқичда ота-она, ўқитувчилар ва устозлар энг муҳим мақсадга – билимга чанқоқликни сингдиришга интиладилар. Ёзувчи Евгений Богат: “Фикр юритувчи инсон учун энг катта фожиа – бу билимга иштиёқнинг сўнишидир”, – деб бежиз айтмаган.

Кўз олдимизда янги таълим тизими шаклланмоқда: унда таълим онлайн ва оффлайн бўлиши, етти маҳалла оша ўқишга қатнаш зарур бўлмаслиги, нафақат ўз юртидаги, балки бутун дунёдаги энг яхши таълим муассасаларида билим олиш мумкинлиги намоён бўлмоқда. Бу тизим бизда ҳали ўз кучини кўрсатмади, лекин илк қадамлар ташланди, пандемия эса, бу жараённи максимал даражада тезлаштиришни талаб қилмоқда.

Қадрли ўқувчи! Қўлингизда билимларни оммалаштиришни бош мақсад деб билган, бинобарин,  кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган янги журналнинг иккинчи сонини тутиб турибсиз. Материалларимизнинг мавзуи кенг ва турфа хил – энг сўнгги илм-фан ва техника ютуқлари, ўз иши усталаридан профессионал сирлар, ҳайратга солувчи рақамлар ва фактлар – бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз учун янгилик, фойдали билим ва кўникмаларни қамраб олади.

Чунончи, бу сонда сиз Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Васильевна Шин билан интервьюни ўқийсиз, унда эришилган ютуқлар ва мамлакатимиз мактабгача таълим тизими ривожида ҳозирча кузатилаётган муаммолар ҳақида сўз боради. Маълумки, бу соҳа умумий таълим-тарбия тизимининг бирламчи бўғини саналади, демак айнан мана шу босқичда билим олиш учун зарур асосий маҳорат ва кўникмалар шаклланади ҳамда мустаҳкамланади.

Ушбу сонда пандемия янги таълим тизими юзага келишининг ўзига хос катализатори бўлганлигини, нега ОТМларда ўқиш қимматлашаётганлигини, рақамли фотоаппаратлар сири нимада эканлиги ва бошқа кўплаб мавзуларни ёритувчи мақолалар билан танишасиз.

Журналимиз сизга ёқади ва уни ўз дўстларингизга, танишларингиз ва ҳамкасбларингизга тавсия этасиз, деб умид қиламиз. Шунингдек, фикр-мулоҳазаларингиз ёзилган мактублар йўллаб, кейинги мақолаларимиз мавзуларини белгилаб беришингизга ҳам умид боғлаймиз. Бундай қайта алоқа нашримизни билимларга интилиши асло сўнмайдиганлар учун янада қизиқарлироқ ва фойдалироқ қилишга ёрдам беради!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *