“The Truman Show” фильмидан кадрлар, реж. Питер Уир
Нима? Қаерда? Қачон? Қандай? Нега?
Бу саволлар миллиардлаб инсонларнинг хаёлидан ўтади-ю, миллионларгина уларга жавоб топади. Улар ўз олдиларига аниқ мақсад қўядилар, янги вазифаларни белгилайдилар, изланадилар, таҳлил қиладилар ва излаганларига эришадилар. Шунчаки жавоб эмас, балки ҳаётимизнинг янги даври, жамият ва давлат ривожи сари ҳали инсон қадам босмаган йўл топадилар. Изланишни хоҳлаймизми ё, ҳеч бўлмаса, бизда нима, қандай рўй беришини билиш истаги борми? Атрофимиздаги олам, инсонлар ва жамият ривожи йўлида рўй бераётган жараёнлар ҳақида нималарни билишимиз мумкин? Ақл имконияти ҳақида нималарни биламиз ва нималарга интилмоқдамиз? Агар бу саволлар сизни қизиқтираётган бўлса, демак сиз QVANT илмий-оммабоп амалий журналнинг асосий ўқувчиси, танқидчиси ва, эҳтимол, нашрнинг ажабтовур тадқиқотлари муаллифидирсиз.
QVANT саҳифаларини варақлар экан, ҳар бир ўқувчи илмфан ва амалиётнинг турли-туман соҳаларидаги олимлар қарашлари ва изланишлари ўзи учун таниш ва тушунарли эканлигини кўради. Зеро, баён услуби ва тилнинг равонлиги ўқувчи қалб эшикларини очувчи калит бўлади. QVANTни ўқир экансиз, кўп қизиқарли маълумотларга эга бўласиз, жумладан, ўз ҳаётини илм-фанга бағишлаган инсонлар, илм-фан тарихи, борлиқдаги ғаройиботлар ва ажабтовур жойлар, илмий кашфиётлар, технологиялар ва инновациялар, жамият, бизнес ва давлат ҳаётидаги тадқиқотлар тўғрисида хабар топасиз. QVANT уммонига шўнғир экансиз, мамлакатимиз ҳайратланарли илмий салоҳиятга, буюк ақллар хазинасига, олтинга тенг ғояларга ва иқтидорлар ганжинасига эга эканлигига амин бўласиз.
Ўзбекистонда QVANT илмий-оммабоп амалий журналини яратиш учун ғоя, ақл, заковат ва, энг муҳими, илм-фан ривожига ўзини бағишлаш ҳамда олимлар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш истаги бирлашди. QVANT жамоаси – бу сизу-биз, эҳтимол мураккаб, аммо жамиятимиз учун ўта муҳим ишнинг уддасидан чиқиш учун бирлашган, шуни истаган ва рўёбга чиқаришга бел боғлаган барча инсонлардир.
Дуёга машҳур «The Economist», «Popular Mechanics», «National Geographic» ва «MIT TechnologyReview» нашрлар тажрибасидан фойдаланиб, «ERGO RESEARCH AND ADVISORY» компанияси илмий-оммабоп журнал ривожланишининг ноёб концепциясини ишлаб чиқди ва Ўзбекистонда илм-фанни оммавийлаштириш учун турфа соҳалар ҳамда фаолият йўналишларига оид долзарб мақолалар ва материалларни расмий qvant.uz сайтида ўзбек ва рус тилларида ёритиб боради.
QVANT ўзи нима, деган савол туғилдими? Бу – «question», «version», «analytics», «news», «technologies» сўзларининг бош ҳарфларидан ясалган аббревиатурадир. Унинг «quant» сўзи билан оҳангдошлиги журналнинг моҳияти ва мазмунини очиб беради, илм билан боғлайди ва барчамизга болалигимиздан таниш бўлган «Фан ва турмуш» журналининг замонавий акс садоси ўлароқ намоён бўлади.
Кўплаб инсонлар ва ташкилотларнинг илмий ва амалий фаолияти маҳсуллари журналда ёритиш учун муносиб ва долзарб мавзулардаги мақолалар жамиятимизнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшади, юртдошларимизда муҳим ижтимоий ва илмий масалаларни тушунишнинг ўсишига хизмат қилади, мамлакатимизнинг жамиятни ҳар томонлама ривожлантиришга интилаётган давлат сифатида обрўсини оширади. Шу ўринда юртимиздаги илмий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга давлат томонидан берилаётган эътиборни қайд этиб ўтиш зарур. Бинобарин, QVANT халқаро ҳамжамият, хорижий мамлакатлар ютуқларини оммавийлаштиришгина эмас, балки Ўзбекистоннинг илмий, ижтимоий ва бизнес-ривожланишда эришган муваффақиятларини ҳам ёритишни ўз вазифаси деб билади.
QVANT журнали ривожланиб боради. У мамлакатимиз Президенти Ш. М. Мирзиёев томонидан «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинган 2020 йилнинг руҳиятига ҳамоҳанг иш юритади. Ташаббусимизни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги, вазир И. Ю. Абдураҳмонов ва вазир ўринбосари А. С. Назаров шахсида, маърифат ва илм-фанни ривожлантириш ғоясининг муносиб рўёби ўлароқ қўллаб-қувватлади. Журнал муаллифлари, обуначилари ва ҳамфикрлари орасида давлат идоралари, бизнес вакиллари, ОТМлар, шунингдек илм-фан ва янги технологияларнинг ҳаракатга келтирувчи кучига қизиқувчи ва уни тушунувчи фуқаролар мавжуд.
Биз олимлар ва таҳлилчиларни ўз тадқиқотлари ва мақолаларини чоп этишга, ўқувчиларимизни эса, реал фантастика оламига ошно бўлишга ва QVANTда содда ҳамда қизиқарли қилиб баён этилган энг ғаройиб ва мураккаб мавзуларнинг мағзини чақишга таклиф этамиз.
QVANT стартаплар ва тадбиркорларга ўз ғоялари ҳақида QVANT журналида эълон қилиш, тажрибали бизнес вакилларига эса, инвестициялар учун янги лойиҳаларни топиш имконини беради.
Жамоамиз жасур, ижодкор ва ўткир ақл соҳиблари бўлмиш муаллифлар, журналистлар, олимлар ҳамда бизнесменларни кутиб қолади. QVANT сиз ҳақингизда, ғояларингиз ва илмий изланишларингиз ҳақида ҳикоя қилади.
QVANT – бу ақлли ва илғор бўлиш ажойиб, даромадли ва жамият учун фойдали эканлигининг исботидир.
Qvant таҳририяти тахлил гуруҳи