2020 йил мамлакатимизда «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинган. Бу ҳол мамлакатимизнинг инсон капиталини, технологиялар ривожини ва ресурслардан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга асосланган инновацион иқтисодий ўсиш йўлидан бораётганлигининг долзарб эканини яна бир бор таъкидлади. Чунончи, 2020 йилда, пандемия таъсирига қарамай, Ўзбекистон тўплаган салоҳияти ва ривожланиш траекториясини сақлаб қола олди. Халқаро ташкилотлар мамлакатимизнинг 2021 йилдаги иқтисодиёт ривожланиши истиқболлари тўғрисида ижобий прогноз бермоқдалар.
Яқин бир неча йилда илм-фан ва технологияларга инвестициялар давлатлар рақобатбардошлигида ҳал қилувчи роль ўйнайди, зеро воқелик шундан далолат қилмоқда – юксак технологик ва инсоний салоҳиятга эга мамлакатлар ташқи зарбаларни муваффақиятли енгиб ўта олади.
Мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳасида ҳам шундай ўсишга эришилди. ОТМлар сони ва олий таълим қамрови ортди, олимларимиз ва кашфиётчиларимизнинг илмий фаолияти сезиларли суръатларда кенгайди, кундан кунга янги стартаплар пайдо бўлиб, инновацион ғоялар амалга оширилмоқда.
«QVANT» журналининг бу сонида биз инсоният инновацион тараққиёти тарихига 20- асрдан бошлаб назар солишга ва энг салмоқли илмий ихтироларни ёритишга, мамлакатимиздаги илмий фаолиятни шарҳлаб, олимларимиз ҳақида сизга сўзлаб беришга қарор қилдик.
2021 йилда ҳам биз ўз илмий ва инновацион ютуқларимизни мустаҳкамлабгина қолмай, энг илғор ва рақобатбардош ривожланаётган мамлакатлар сафидан жой олиш сари инновацион тараққиёт йўлидан боришимизга умид қиламиз.
