“Авваллари дизайн таъм учун қỹшиладиган зиравор саналарди; энди эса у рецепт бошида турувчи унга айланди”,- Жон Маеда (RISD собиқ президенти, АҚШ)

 

Инсоният борки, дизайн унинг ҳаётининг узвий қисми бўлиб келган. Фан ва дизайн иттифоқи асрлар давомида функционал ва эстетик маҳсулотлар яратиб келган. 1990- йиллар охирларидан бошлаб ижод ва креатив иқтисодиёт тўғрисидаги ғоялар таълим ва иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан катта аҳамият касб этмоқда (Bill, 2012). Коко Шанель, Кристиан Диор, Кристобаль Баленсиага мода соҳасида расман таълим олмаганлар, чунки мода чекланган миқдорда яратилар ва 21 асрга қадар ялпи ишлаб чиқаришда қўлланилмасди.

21 аср мақсади эса бозорнинг кўпроқ улуши учун жозибадор маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлмоқда. Саноат инқилобидан кейин модага айланган либос иқтисодиётнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий жиҳатларига сезиларли таъсир кўрсатди. Либос – бу маданиятлар ва ҳаёт тарзининг сояси, миллий ўз туристик тармоғига таклиф этувчи экспонатдир. Ҳунармандчилик тармоғи ҳам маданий жиҳатларни турли артефактларда акс эттириб, аҳоли ва туристлар учун товарлар ассортиментини кенгайтиради. Индустриализация ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларга кўчиб ўтганидан кейин, мода индустрияси бу мамлакатлар учун иқтисодиёт ўсишидаги муҳим рағбатга айланди. Яқин ўтмишда Бангладешда кузатилган тараққиёт бундай ривожланишнинг яққол мисоли бўлади (Bala et al., 2020).

Ўзбекистоннинг бой мероси ва унинг пахта ва ипак савдоси билан тарихий боғлиқлиги бу тармоқ ривожи учун улкан имкониятлар очади. Бироқ, Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин пахта ишлаб чиқариш-сотиш занжирида жиддий узилишлар кузатилди. Академик адабиёт (Theodoridis et al., 2014; McGuire & Laaser, 2018) кўрсатишича, Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлиги кейинги уч ўн йилликда камайиб борган (Руденко и др., 2008; Руденко и др., 2009; Джанибеков и др., 2010; Келлер, 2015; Свинкельс и др., 2016). Кейинчалик мамлакат импортни кенгайтирди, чунки тармоқлар пахта нархини ошира олмади ёки якуний маҳсулот кутилган сифат ва талабга эга бўлмади.

Вазиятни умумий олиб қарасак, тикувчилик ва тўқимачилик тармоқларидаги тараққиёт кучли дизайнерлик таълим тизимисиз жадаллаша олмайди. Мода – бу меҳнатталаб тармоқ ва компанияларнинг узлуксиз ишлашлари учун кўникмалар ривожланишининг турли даражалари талаб қилинади. Мода индустрияси ва тўқимачиликнинг инсон ресурси фабрика ишчилари (қуйи, ўрта ва юқори малакали), касаначилар (каштачилар, безакчилар) ва маълумотга эга ишчилар (дизайнерлар, мерчендайзерлар, ишлаб чиқариш менежерлари)дан иборат бўлиб, улар маҳсулотнинг якуний нархига таъсир кўрсатадилар. Ҳозирда Ўзбекистонда барча даражаларда малакали кадрлар ресурси танқис. Ишлаб чиқариш тармоғидан бошлабоқ, мамлакат энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири бўлса-да, кийим-кечак экспорти ва ички маҳаллий брендлар етарлича ривожланмаганлигини кўрамиз. Бунинг асосий сабаби тикув фабрикалари ишлаб чиқариш жараёнини енгиллатиш учун маълумотли техникларга эга эмаслигидир. 1950- йилларда Ҳиндистон ҳукумати қайта ишлаш саноатида кўникмаларни ривожлантиришга кўмаклишиш мақсадида  саноат ўқув юртларини (Industrial Training Institutes (ITI)) ташкил этди. Бу экспорт салоҳиятининг тез ўсишига сабаб бўлди ва мамлакатни дунёдаги энг кучли ишлаб чиқарувчилардан бирига айлантирди. Бундай ўқув юртлари, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда мажуд бўлмаган ҳунармандлар малакаси даражасини оширишга ҳам хизмат қилади. Тикув тармоғидаги унумдорлик – бу узлуксиз жараён, у мунтазам реинжиниринг ва жараёнлар мониторинги билан таъминланади. Шу сабабли, саноат машинасозлиги мамлакатдаги муҳандислик ўқув муассасалари томонидан эътибор талаб қилувчи соҳалардан бири саналади.

 

 

Модадаги товарларга келсак, маҳсулотларни ишлаб чиқиш истеъмол бозорини ушлаб туришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон компаниялари асосан трикотаж (футболкалар, ички кийим ва ҳ.к.) ишлаб чиқаради. Полиэстер аралашмаси ёки ип-газлама каби сифатли матолар ишлаб чиқариш-сотиш занжирида мавжуд эмас. Натижада аёллар ёки эркаклар кийим-кечакларини ишлаб чиқарувчи компаниялар матони Туркиядан, Ҳиндистон ёки Бангладешдан импорт қиладилар. Қиймат ҳосил қилиш занжирида маҳсулотни ривожлантириш жуда суст, чунки уни дизайнерлар қўллаб-қувватламайдилар. Тошкент тўқимачилик институти ва MDIS – бу соҳадаги ягона мактаблар, улардаги тўқимачилик ва мода бўйича дастурлар мамлакатда мавжуд ҳозирги талабни қондириш учун етарли эмас. Ҳайратланарлиси, Ўзбекистоннинг аксарият фуқаролари Хитойдан импорт қилинадиган либос киядилар ва мамлакат импортда салмоқли маблағлар улушини йўқотади. Муваффақиятли дизайнга эга товарлар ички ва экспорт тушумини оширади ва тикув тармоғини мустаҳкамлайди. Қиймат ҳосил қилиш занжирининг якунида модадаги маҳсулот маркетинги ва брендинги вазифаси туради. Мода соҳасида маркетинг бўлими раҳбарияти кучли маркетинг стратегияларини ишлаб чиқишдан то кучли брендларни ривожлантиришгача муҳим роль ўйнайди.

Модадаги маҳсулот, бошқалар билан қиёслаганда, ўзгача атрибутларга эга ва шу сабабли бу соҳадаги таълим муваффақият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ривожланган мамлакатлар бу тармоқ учун таълим қимматини биринчи бўлиб англадилар. АҚШ ва Буюк Британияда кўп йиллик тажрибага эга энг яхши мода ва тўқимачилик мактаблари ишлайди. Бугунги кунда энг машҳур дизайнерлик уйлари ва брендлар бизга ривожланган мамлакатлардан келмоқда. Дизайн бўйича таълим дастурлари – бу саноат, академик ҳамжамият ва ёрдам олувчилар ўртасидаги табиий алоқадир. Улар етказиб бериш занжири тизимига янги технологияларни жорий этишга, янги технологиялар, маданиятлар ва ахлоқий масалалардан фойдаланган ҳолда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга ёрдам беради, истеъмол талаби моделини ўрганади ва ички ҳамда ташқи савдодаги тараққиётни кузатади. Яқиндагина (2020 йилда) Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети мода ва ҳаёт услуби маркетинги бўйича раҳбарлар учун дастур ва бакалаврларни тайёрлаш дастурини жорий этди. Бу талабаларга, тадбиркорларга ва тармоқ раҳбарларига глобал нуқтаи назардан мода ва тўқимачилик соҳасидаги илғор тажрибани ўрганишда ёрдам беради. Бироқ, амалиёт кўрсатишича, ўзбек тикув бизнесида онлайн-сотувлар мутлақо мавжуд эмас. Бу бозорнинг жиддий нуқсони, у манфаатдор томонларнинг зудлик билан эътибор беришларини талаб қилади.

Имий адабиётда (Хурана и Рябчиков, 2016; Хурана и Рябчиков, 2017; Хурана и Рябчиков, 2018) ривожланаётган иқтисодиётлар учун дизайнерлик таълими муҳимлиги ҳақида фикр билдирилади. Тўғри ташкил этилган тармоқ туфайли эришилган тараққиётни инкор қилиб бўлмайди ва Осиё ҳамда Африка мамлакатлари мисоллари тегишли таълимсиз бу каби ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётга эришиб бўлмаслигини кўрсатади. Ўзбекистон – бой меросга ва маданиятга эга, улар мода ва тўқимачилик тармоғи ривожи учун ўта мустаҳкам база бўлади. Ишчи кучи ва логистика нархлари ортгани сари, ишлаб чиқариш ривожланаётган ўлкалар томон яна ҳам кучлироқ силжимоқда. Ўзбекистон кўплаб пахта етказиб беради, у нарх ҳосил қилиш занжирининг ўта муҳим қисми саналади. Бу – мамлакатнинг кучли томонларини ишга солиб, улардан иқтисодий фойда кўришнинг айни вақтидир. Ва ниҳоят, дизайнни ўқитишга қаратилган университетлар ва малака ошириш марказларини тузиш орқали таълим тизимига инвестициялар киритиш мамлакат ёшларининг ривожланишига хизмат қилади.

Каран Хурана, Старший преподаватель Вестминстерского университета, PhD по менеджменту

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *